ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ КОНСТИТУЦИЯ ВА МАТБУОТ ЭРКИНЛИГИ КАФОЛАТЛАРИ

3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни

 

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йилда 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни деб эълон қилингани бежиз эмас. Чунки 1991 йил 3 май куни Намибияда Мустақил ва плюралистик Африка матбуотини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Виндхук декларацияси[1] қабул қилинган бўлиб, мазкур Декларацияда баён этилган матбуот эркинлигини таъминлашга доир талаблар шу халқаро сананинг таъсис этилишига туртки бўлган.

Бундан кўзланган асосий мақсад – ахборот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, дунёнинг барча минтақаларида ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, журналистлар эркинлиги ва мустақиллигига тажовузларнинг олдини олиш, касбий бурчини бажараётганда ҳалок бўлган журналистларни ёд этиш, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Матбуот эркинлиги – демократия ва адолатнинг тамал тошидир. Аммо, ҳозирги кунда бутун дунёда матбуот эркинлиги турли тажовузларга дучор бўлмоқда. Ёлғон ахборот (дезинформация) ва нафрат тили таъсирида далиллар ва уйдирмалар, илм-фан ва фитна (конспирология) назариялари ўртасидаги чегаралар йўқолиб бормоқда.

Шунингдек, журналистлар пўписа, таъқиб ва зўравонликларга учрамоқда. Хусусан, 2022 йилда оммавий ахборот воситаларининг камида 67 нафар ходими ўлдирилган бўлиб, бу рақам 2021 йилдагига нисбатан 50 фоиз кўпдир. Бундан ташқари, журналистларнинг тўртдан уч қисми онлайн-зўравонликка дуч келган бўлса, яна тўртдан бир қисми жисмоний таҳдидларни бошидан ўтказган.

ЮНЕСКО томонидан дунёнинг ўнлаб мамлакатларида журналистларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича тренинглар ўтказилмоқда. Бу борада бир қанча халқаро ташкилотлар, жумладан, Халқаро прокурорлар ассоциацияси билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. ЮНЕСКО Бош директори Одрэ Азуле матбуот эркинлиги ва ОАВ хавфсизлиги масалалари билан фақатгина медиаташкилотлар ва шу соҳага ихтисослашган ННТ эмас, балки бутун жамият шуғулланиши лозим, деб ҳисоблайди.

Ўз навбатида, “The New York Times” газетаси ношири Артур Сульцбергер агар сўз эркинлиги ва ишончли ахборот эркинлиги мавжуд бўлмаса, демократия қоидалари ва жамоатчилик ишончи емирилишда давом этишига эътиборни қаратди. Унинг фикрича, 1990-йилларда – совуқ уруш барҳам топган ва янги демократик давлатлар пайдо бўлган, ахборот ва алоқа соҳасидаги технологиялар жадал ривожлана бошлаган некбинлик даврида медиа-ландшафт сезиларли ўзгаришларга юз тутганди.

Бироқ ана шу кўтаринкилик даври узоқ давом этмади. Журналистларга дунёнинг турли ҳудудларида яшаётган одамлар билан қулай боғланиш имкониятини берган илғор технологиялар, бир томондан, тезкор ахборот олишни таъминлаган бўлса, бошқа томондан, минглаб газеталарнинг ёпилишига олиб келди. Анъанавий матбуот ўрнида пайдо бўлган рақамли ОАВ эса юзага келган бўшлиқни ҳозирча тўлдира олгани йўқ. Айниқса, воқеалар жойидан репортажлар тайёрлаш ва журналист суриштируви ўтказиш каби ижодий жараёнларда оқсоқлик яққол кузатилмоқда.

Интернет туфайли бугунги кунда ахборот экотизими ёлғон хабарлар, юзаки тарғибот, асоссиз танқид ва шов-шувли “кликбейт”лар (яъни, эҳтиросга таянган ва асосан даромад олиш мақсадини кўзлайдиган сарлавҳалар) кўчкиси остида қолди. Оқибатда журналистиканинг ўзига нисбатан ишончни таъминлайдиган ҳаққоний овози тобора эшитилмай қолмоқда, аксинча, жамоатчиликнинг журналистларга ишончсизлиги садолари борган сари кучаймоқда[2].

Оммавий ахборот воситалари эркинлиги, мустақиллиги ва плюрализм демократик жамиятнинг ўзак тамойили бўлса-да, дунёнинг кўплаб мамлакатларида матбуот эркинлиги тўлақонли таъминланмаётир. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррелнинг қайд этишича, журналистлар, ОАВ ходимлари ҳамда жамоатчиликка ишончли, мустақил ахборот бераётган, инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ва зулм-зўравонликни фош этиб, иқтидор эгаларини ҳисобга тутаётган барча инсонлар янада кўпроқ таҳқир, таҳдид, ҳужумларга, жумладан, дезинформация воситасидаги ҳамлаларга нишон бўлмоқда.

Бундан ташқари, 2023 йилги маълумотларга кўра, 73 фоиз аёл журналистлар касбий фаолияти давомида интернет орқали таҳдид, нафрат ва номақбул муносабатни бошдан кечирган. Қамоққа олинган журналист аёллар сони мисли кўрилмаган даражага чиқди.

Шу маънода, кейинги даврда Ўзбекистонда Жаҳон матбуоти эркинлиги куни байрами бу соҳада амалга оширилган ишларнинг ўзига хос сарҳисоб палласига айлангани жуда муҳим. Бунда айни шу халқаро санага асос бўлган Виндхук декларацияси қоидаларига таянилаётгани табиийдир.

Виндхук декларациясининг 1-бандида қайд этилишича, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ мустақил, плюралистик ва эркин матбуотни таъсис этиш, қўллаб-қувватлаш ва кучайтириш миллат демократиясини ва иқтисодий тараққиётини ривожлантириш ҳамда рағбатлантиришда алоҳида аҳамият касб этади”.

Бизнинг бу борадаги ёндашувимиз ҳам айнан шундай. Яъни, сўз ва матбуот эркинлиги – Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишидир. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби[3].

Виндхук декларациясининг 2-бандига кўра: “Мустақил матбуот, деганда биз давлатдан, сиёсий ва иқтисодий назоратдан, газеталар, журналлар ва даврий нашрлар ишлаб чиқариш ва тарқатиш учун зарур материаллар ҳамда инфратузилмалар устидан назорат ўрнатилишидан мустақил бўлган матбуотни тушунамиз”.

Виндхук декларациясининг 4-бандида “мустақил ҳамда плюралистик матбуот пайдо бўлиши учун тегишли муҳит” яратиш билан боғлиқ ўзгаришлар эътироф этилган. Декларациянинг 5-бандида қайд этилишича, “Демократияга ва ахборот ҳамда фикрни ифодалаш эркинлигига дунё миқёсида интилиш инсоният орзу-ниятларининг ижобати йўлида муҳим улуш ҳисобланади”.

Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Виндхук декларациясида тилга олинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида тўла ўз аксини топганини таъкидлаш лозим. Кейинги даврда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилди.

Хусусан, халқимиз 2023 йил 30 апрель куни референдумда овоз берган янги таҳрирдаги Конституцияда учта йўналишда: биринчидан,  ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини кенгайтириш; иккинчидан, оммавий ахборот воситалари эркинлигини янада мустаҳкамлаш; учинчидан, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом тақдим этилиши тимсолида сўз эркинлиги ҳар томонлама кафолатланди.

Эндиликда янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддасига мувофиқ:

“Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни  чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек  давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор  этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади”.

Эътибор беринг: янги нормалар билан ҳар бир шахснинг Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқи эътироф этилди. Мазкур ҳуқуқнинг таъминланиши учун бевосита давлатнинг ўзи шарт-шароитлар яратиши аниқ белгиланди.

Бинобарин, Интернет нафақат алоқа воситаси, балки виртуал муҳитга ҳам айланиб бораётган, кўплаб тушунча ва хизматлар “реал” заминдан жадал тарзда “виртуал” ҳаётга кўчаётган бугунги давр айни шундай илғор ёндашувни тақозо этмоқда. Ҳозирги кунда Интернетни тақиқлаш ва чеклаш нафақат нотўғри, балки мантиқсиз ҳам эканини исботлаб ўтиришга ҳожат қолмади.

Нега деганда, бугун одамлар ишини, ўқишини, ҳоббиларини, турли товар ва хизматлар логистикасини, қолаверса, давлат хизматларини ҳам Интернетга кўчиряпти. Бу, ўз навбатида, Конституция ва қонунларни замонга ҳамнафас тарзда ўзгартиришни талаб қилмоқда.

Интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи инсоннинг сўз эркинлиги ҳуқуқи доирасига киради. Ушбу ҳуқуқ, давлат чегараларидан қатъи назар, турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўзида қамрайди.

Шундай экан, ахборотни, жумладан Интернет орқали излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини истифода этувчи инсонлар зиммасига ҳуқуқлар билан бир қаторда мажбурият ва масъулият ҳам юкланиб, қонунга мувофиқ равишда айрим чекловлар ўрнатилиши табиий ҳолдир. Шу маънода, 33-модданинг охирги бандидаги нормалар барчамизни ижтимоий масъулиятни англашга, оқни қорадан, ҳақиқатни уйдирмадан, далилни бўҳтондан ажратишга даъват этади.

Ҳақиқатан ҳам, биз яшаётган ХХI асрда инсоннинг фикр ва сўз эркинлиги, ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш сингари ҳуқуқлари қандай амалга оширилиши унинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари, хусусан, Интернетдан қанчалик эркин фойдаланишига бевосита боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, бугунги “рақамлаштириш” замонида демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли очиқ жамият барпо этаётган аксарият давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам ўз Конституциясида фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига оид янги нормаларни  мустаҳкамлагани, бир томондан, фуқароларимизнинг бу борадаги ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга ошишига хизмат қилса, иккинчи томондан, ҳар бир инсоннинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 69-моддаси биринчи қисмида фуқаролик жамияти институтларининг тушунчаси ва тизими қуйидаги норма билан очиб берилган:

“Фуқаролик  жамияти  институтлари,  шу  жумладан  жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини  ўзи  бошқариш  органлари,  оммавий  ахборот  воситалари  фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади”.

Бошқача айтганда, оммавий ахборот воситаларига фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида конституциявий мақом берилди. Шу орқали сўз эркинлиги конституциявий асосда яна бир бор кафолатланмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамиятини қонунчилик негизида кучайтиришга изчил эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Чунки, Президентимиз қайд этганидек, оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши зарур.

Энг муҳими, эндиликда Конституцияда оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институти мақомида эътироф этилди. Бу илғор конституциявий-ҳуқуқий асос, бир тарафдан, жамоатчилик назоратининг янада ҳаққоний, холис ва адолатли ташкил этилишига муносиб ҳисса қўшса, бошқа тарафдан, жамоатчилик назорати асносида аниқланадиган қонунбузарликлар ва камчиликларга тааллуқли маълумотларнинг асоссиз равишда панада олиб қолиниши ёки хаспўшланишига йўл қўймайди, яъни ошкорлик том маънода таъминланади.

Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилгани ва улар фаолияти кафолатларининг белгилангани жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди. Бу том маънода жуда муҳим янгиликлардандир.

Шу тариқа янги таҳрирдаги Конституцияда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўлиши учун кенг имконият ва кучли ҳимоя тақдим этилди. Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қатъий кафолатланди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.

Конституциянинг “Оммавий ахборот воситалари” деб номланган ХV бобидаги иккита моддада оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги давлат томонидан кафолатланган. Хусусан, 81-моддага кўра:

 “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ  иш олиб борадилар.

Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг  эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш  ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

Оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган  ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгардир”.

Айни шу конституциявий нормалардан кўзланган мақсад оммавий ахборот воситалари учун энг қулай шарт-шароитлар яратишга, давлат ва жамият ўртасида амалий мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган конституциявий асосларни шакллантиришдир. Шунга ўхшаш нормалар Словакия, Испания, Жанубий Корея каби бир қатор мамлакатларнинг Конституцияларида мавжуд.

Ўз навбатида, янгиланаётган Конституциянинг 82-моддасида ушбу нормалар мустаҳкамланган:

“Цензурага йўл қўйилмайди.

Оммавий  ахборот  воситаларининг  фаолиятига  тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”.

Цензуранинг тақиқланишига оид норма Конституцияда олдин ҳам бор эди. Айни чоғда, кейинги норма муҳим янгилик бўлиб,  оммавий  ахборот  воситаларининг самарали фаолият юритиши учун таъсирчан ҳуқуқий асос вазифасини ўташи тайин.

Матбуотда бу борада ўз муносабатларини билдирган бир қатор ҳамкасбларимиз таъбири билан айтганда, бу нормалар оммавий  ахборот  воситалари ва журналистларнинг эмин-эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлайди ҳамда жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитининг ривожланишига шароит яратади.

 

Ғулом МИРЗО

[1] Қаранг: Мустақил ва плюралистик Африка матбуотини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Виндхук декларацияси // А.Саидов, Ғ.Мирзо. Сўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро-ҳуқуқий асослар. – Т.: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, 2021. – 114 бет.

[2] Свобода прессы – основа демократии, напоминают в ООН во Всемирный день свободы печати// https://news.un.org/ru/story/2023/05/1440572

[3] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси / 29.12.2020 // https://president.uz/uz/lists/view/4057

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech