16 июль – Сунъий интеллект эътироф этилган кун
Ушбу санани ҳар йили дунё бўйлаб нишонлашдан мақсад – сунъий интеллект технологиясининг тарихи ва ютуқларини эътироф этишдан иборат. Шу баҳонада унинг жорий ва истиқболдаги шаклларидан инсон ҳаётида фойдаланиш борасидаги билимларни ошириш имконияти ҳам туғилади.
Кейинги ўн йилликда сунъий интеллект билан боғлиқ технологиялар шиддатли ривожланиб, тобора мураккаблашиб ва энг мушкул масалаларга ҳам қулай ва осон ечим топадиган даражада мукаммаллашиб бормоқда. Бугунги кунда сунъий интеллект ҳаётимизнинг, айниқса, саноат, юк ташиш, молия, таълим, соғлиқни сақлаш каби турли соҳаларида тобора кенг қўлланилмоқда.
Сунъий интеллект ядро соҳасига тааллуқли илм-фан, технология ва ва амалиётни ривожлантиришда ҳам худди шундай қулайликлар туғдириши мумкин. Сунъий интеллект имкониятларидан ядро соҳасида фойдаланиш, ўз навбатида, иқлим ўзгаришидан токи озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашгача бўлган ҳозирги даврнинг энг долзарб глобал муаммолари ечимига улкан ҳисса қўшиши тайин.
Шу маънода, “БМТ янгиликлари” сайтида 2024 йил 9 июль куни эълон қилинган “Ядровий технология, илм-фан ва техника соҳаларининг амалиётда қўлланишини тезлаштириш учун сунъий интеллектдан фойдаланиш” мавзусидаги ахборот муҳим аҳамият касб этади. МАГАТЭнинг ушбу ахборотида ядро технологияларидан бугун ва келажакда тинчлик мақсадларида фойдаланишда сунъий интеллект қўл келадиган бир нечта соҳалар ҳақида сўз юритилган.
Биринчи соҳа – инсон саломатлиги. Сунъий интеллект турли касалликларни даволашда ёрдам бериши мумкин. Ундан аллақачон саратон хасталигини аниқлаш ва даволаш мақсадида фойдаланилмоқда. Саратон хасталигини даволашда сунъий интеллект технологияларини қўллашга оид янги тажриба дунёнинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, Хитой, Россия, Буюк Британия, АҚШ ва Францияда изчил ўрганилмоқда. Яқинда МАГАТЭ бу соҳадаги мувофиқлаштирилган тадқиқотлар лойиҳасини ишга туширди.
Иккинчи соҳа – озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги. Сунъий интеллектдан ядро технологиялари билан уйғун ҳолда фойдаланиш озиқ-овқат тизимидаги барқарорликни оширишга хизмат қилиши мумкин. Бунда иқлим ўзгаришининг нобоп таъсирларига қарши туриш, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмагани билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш мумкин бўлади. Соҳа экспертлари сунъий интеллектни асосан ҳосилдорликни оширишга оид маълумотларни тайёрлаш ва таҳлил қилиш, тупроқнинг намлигини баҳолаш, суғориш тизимларини яхшилаш, озиқ-овқат билан боғлиқ кўзбўямачиликларни аниқлаш ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, радиоактив чиқиндилар билан зарарланган ер майдонларини соғломлаштириш каби йўналишларда қўлламоқдалар.
Учинчи соҳа – сув захиралари ва атроф-муҳит. Сунъий интеллект технологиялари гидрологик жараённинг турли босқичларида сув оқими йўналишларини, айни жараёнда иқлим ўзгариши таъсирида юзага келадиган ҳолатларни аниқлаш ва назорат қилиш имконини беради. Бу борадаги кенг кўламли маълумотларнинг сунъий интеллект кўмагида самарали ва амалий таҳлил қилиниши, ўз навбатида, олимларга иқлим ўзгариши ва унинг бутун дунё миқёсида сув ҳавзаларидан фойдаланишга кўрсатадиган таъсирига оид жараёнларни янада аниқ билиб олиш учун қўл келмоқда.
Тўртинчи соҳа – ядровий илм-фан ва термоядровий синтез тадқиқотлари. Сунъий интеллект ядровий илм-фан соҳасида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Ундан айни соҳада назарий моделлаштириш ва синовлар ўтказиш орқали технологик инновацияларни илгари суриш ва амалий тадқиқотларни жадаллаштириш, жумладан, ядро ва атомга алоқадор маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишда фойдаланилмоқда.
Термоядровий синтез тадқиқотлари соҳасида сунъий интеллект қўлланилаётгани, айниқса, улкан фойда бермоқда. Сунъий интеллект ўта кўламдор ва ниҳоятда мураккаб вазифаларни ҳам ҳал этишга қодирлиги туфайли ушбу қалтис йўналишда моделлаштириш ва имитация йўли билан синовлар ўтказиш эвазига янгидан-янги илмий кашфиётларни қўлга киритиш имкониятлари ортмоқда.
Бешинчи соҳа – ядро энергияси. Сунъий интеллектнинг татбиқ этилиши ҳисобига ядро энергияси йўналишида ҳам сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Ядровий ускуналарнинг рақамли моделлари билан сунъий интеллект тизимларининг ўзаро бирлаштирилиши, бир томондан, ядровий соҳадаги мураккаб тартиб-таомилларни мақбуллаштириш имконини берса, иккинчи томондан, ядровий реакторлар ишининг самарадорлиги ошиши ва хавфсизлиги яхшиланишига хизмат қилади.
Бундай мақбуллаштириш, ўз навбатида, ядровий ускуналардан фойдаланиш натижадорлигини оширган ҳолда, уларга техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар миқдорини камайтиради. Бундан ташқари, сунъий интеллект электр станцияларининг ишлаш жараёнларини назорат қилишда уларда юз берадиган носозликларни олдиндан аниқлаш ва таҳлил этиш борасида бемисл салоҳиятга эга.
Олтинчи соҳа – ядровий хавфсизлик ва радиациядан ҳимояланиш. Ядро технологияларидан тинчлик мақсадларида тобора кўпроқ мамлакатлар фойдаланмоқда. Улар томонидан ядро энергетикасини ривожлантириш дастурлари амалиётга изчил татбиқ этилаётганини ҳисобга олиб, МАГАТЭ инсонлар ва атроф-муҳитни зарарли даражадаги эҳтимолий нурланишдан ҳимоя қилиш устида мунтазам ишламоқда.
Сунъий интеллектнинг ядровий хавфсизликни таъминлаш ва радиациядан ҳимояланиш борасида фойдали томонлари кўп. Масалан, радиациявий назорат тизимлари маълумотларини таҳлил этишда ундан фойдаланилганда, шубҳасиз, ядровий ва бошқа хил радиоактив моддаларни аниқлаш ҳамда таснифлаш ишида улкан самарадорликка эришиш мумкин.
Еттинчи соҳа – ядровий кафолатлар. Кафолат – текшириш натижалари билан боғлиқ техник чора, дегани. Ядро энергиясидан фақат тинчлик мақсадларида фойдаланувчи мамлакатлар бу борадаги ҳуқуқий мажбуриятларини қандай бажараётганлиги ҳақидаги ишончли далиллар МАГАТЭ томонидан кафолатлар мисолида тақдим этилади. Айни вақтда сунъий интеллект ушбу кафолатлар билан шуғулланадиган МАГАТЭ нозирлари ва таҳлилчиларига тегишли маълумотларни ўрганиш борасида яқиндан ёрдам бермоқда.
Сунъий интеллектнинг шу каби фойдали хусусиятлари ҳақида фикр юритиш асносида, 2023 йил 18 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик кенгашида “Сунъий интеллектнинг глобал хавфсизликка қанчалик таъсири бор?” деган масала муҳокама қилинганини ҳам эслатиш мақсадга мувофиқдир.
Ўшанда БМТ Бош котиби Хавфсизлик кенгашининг сунъий интеллектни ривожлантиришга бағишланган мажлисида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамиятни ушбу «ноодатий технология» ривожи устидан назорат ўрнатиш бўйича шошилинч чоралар кўришга чақирганди. Антониу Гутерриш сунъий интеллект ривожи билан боғлиқ ҳозирги ҳолат ҳали бошланиши экани, бунинг оқибатлари қандай бўлиши ҳақида тайинли бир хулосага келиш мушкуллигидан огоҳлантирганди.
Сунъий интеллект технологияларининг барча шакл ва турлари мутлақо беқиёс даражалардаги ўта тезкорликда ва жуда кенг кўламларда тарқалмоқда, деганди БМТ Бош котиби. А.Гутерришнинг фикрича, сунъий интеллект технологиялари ривожини матбаа ускунасининг татбиқ этилишига қиёслаш тўғри эмас. Чунки матбаа ускуналарининг маҳсули бўлмиш китоблар бутун Европа бўйлаб кенг тарқалиши учун эллик йилдан ортиқ вақт керак бўлган. Сунъий интеллект чатботи – ChatGPT эса атиги икки ой ичида 100 миллион нафар фойдаланувчига эга бўлди.
Маълумотларга қараганда, ChatGPT (Chat generative pre-trained transformer) – АҚШнинг «OpenAI» компанияси томонидан яратилган сунъий интеллект чатботидир. Мазкур компаниянинг асосий вазифаси инсон мияси бажара оладиган ҳамма нарсани қилувчи сунъий интеллектни яратишдан иборат. Ўз навбатида, ChatGPTнинг муҳим хусусияти шуки, унда хотира мавжуд. Бу орқали у суҳбатнинг тафсилотларини эслаб қолади, ўрганади ва аввалги маълумотларга таяниб мулоқотни давом эттиради.
ChatGPT турли саволларга жавоб қайтариши, дастурчилар учун код ёзишга ёрдамлашиши, талабалар учун курс ишларини ёзиб бериши мумкин. Мазкур бот ҳаттоки шеър ва иншолар ҳам ёза олади. Шу боис кенг жамоатчиликда ушбу технология копирайтерлар, журналистлар, мактаб ўқитувчилари ва бошқа соҳа вакилларини ишсиз қолдириши мумкин деган қўрқув пайдо бўлган. Айниқса, ChatGPTнинг иншолар “ёзиш” қобилиятидан ўқитувчилар кўпроқ ташвишга тушмоқда. Мисол учун, АҚШда талабалар аллақачон бот томонидан “ёзилган” иншоларни ўз ижод маҳсули сифатида тақдим қилишни бошлаган.
Лекин сунъий интеллектнинг энг катта муаммоларидан бири ҳам айнан шу – том маънодаги ижодкорлик иқтидорининг мавжуд эмаслиги бўлиб қолмоқда. Содда қилиб айтганда, ChatGPT чатботи ҳозирча янги ғояларни тақдим қила олмайди.
ChatGPT чатботи 2022 йил 30 ноябрда ишга туширилган ва 1 миллион фойдаланувчига эга бўлиши учун атиги беш кун етарли бўлган. Таққослаш учун: Netflix шунча фойдаланувчини – 3,5 йилда, Facebook – 10 ойда, Spotify –5 ойда, Instagram – 2,5 ойда йиға олган. 2023 йил январига келиб ChatGPT фойдаланувчилари 100 миллиондан ошган[1].
Ўз вақтида ChatGPT лойиҳасига Илон Маск сармоя киритган бўлиб, айни вақтда унинг асосий сармоядори Microsoft компанияси ҳисобланади. Bloomberg маълумотларига кўра, ушбу компания ChatGPT чатботи учун яна 10 млрд доллар сармоя киритишни мўлжалламоқда. Молиявий тармоқ экспертларининг баҳолашича, 2030 йилга бориб жаҳон иқтисодиётида сунъий интеллект ривожи учун тикиладиган маблағлар миқдори 10-15 триллион АҚШ долларигача етиши мумкин.
А.Гутерришнинг сўзларига қараганда, ҳозир дунёдаги ҳукуматлар, йирик компания ва ташкилотларнинг деярли барчаси сунъий интеллектни ривожлантириш соҳасидаги стратегиялар бўйича иш олиб бормоқда, аммо ҳеч ким, ҳатто сунъий интеллектни ишлаб чиққанларнинг ўзлари ҳам бу ақл бовар қилмас технология ютуғи охир-оқибатда нималарга олиб келиши эҳтимоли ҳақида аниқ тушунчага эга эмас. Шунинг учун мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, сунъий интеллект ривожининг “туб мазмун-моҳияти ва қамровини имкон қадар чуқур англаган ҳолда” иш тутган маъқул.
Сунъий интеллект истиқболи номаълумлигидан бу қадар хавотирланишнинг сабаби нимада? Сабаби оддий – сунъий интеллектга асосланган машиналар инсонларга зиён-заҳмат етказиши мумкин. А.Гутерриш таъбири билан айтганда, сунъий интеллектнинг кўп фойдаси тегиши аён, лекин машиналарнинг инсонларга ва бир-бирига ҳам улкан кўламларда зарар етказишга қодирлигидан кўз юмиб бўлмайди.
Террорчилик, жиноятчилик, киберҳужумлар – мабодо сунъий интеллектдан айни шу ёвуз мақсадлар йўлида фойдаланилса, бу глобал хавфсизлик учун ўта жиддий оқибатларга олиб келади, деб огоҳликка чорлади БМТ Бош котиби. Сунъий интеллектнинг носоз тизимлари – «ташвишларга сабаб бўлаётган яна бир йирик муаммодир».
Сунъий интеллект эзгуликка ҳам, ёмонликка ҳам хизмат қилишга қодир бўлган жуда улкан салоҳиятга эга. Ихтирочиларнинг ўзлари ҳам олдинда инсоният сунъий интеллект билан боғлиқ янада йирик, ҳалокатли ва кутилмаган таҳдидларга дучор бўлиши мумкин, деб бонг урмоқда. А.Гутерриш айтганидек, «Агар биз ана шу таҳдидларни бартараф этиш чораларини кўрмас эканмиз, ҳозирги ва келгуси авлодлар олдида ўз бурчимизни адо этмаган бўламиз».
Албатта, вазиятни назоратга олиш осон кечмайди, чунки бунга халал берадиган бир қанча омиллар мавжуд. Жумладан:
- сунъий интеллектнинг айрим моделлари аллақачон кенг жамоатчилик тасарруфида;
- уларнинг тарқалиши кўламини кузатиб бориш имконсиз;
- қолаверса, сунъий интеллект соҳасида хусусий сектор етакчи ўринда турибди.
Шунга қарамай, бу соҳани бошқариш учун мустаҳкам таянч нуқталарига эгамиз. Бунда, масалан, БМТнинг Одатий қуролларнинг аниқ турлари тўғрисидаги конвенцияси доирасида қабул қилинган «Ўт очиш қуролларининг мустақил тизимларига оид раҳбарий принциплар» ёки ЮНЕСКО 2021 йилда қабул қилган «Сунъий интеллект этикаси бўйича тавсиялар» каби халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида иш олиб борса бўлади.
Шунингдек, БМТ ҳузурида айни шу «ноодатий технология»ни бошқариш бўйича саъй-ҳаракатларни жамоа бўлиб қўллаб-қувватлашга қаратилган янги орган – Сунъий интеллект бўйича олий даражадаги маслаҳат кенгаши тузилди. Маслаҳат кенгаши ишида кўплаб манфаатдор томонлар иштирок этмоқда.
Шу ўринда ChatGPT сунъий интеллект ботининг фойдали ва зарарли жиҳатларини билиб қўйганимиз зиён қилмайди. Аввало, ижобий жиҳатларига тўхталамиз.
Айтишларича, ChatGPT каби чатботларнинг ривожланиши меҳнат бозорига кутилмаган таъсир қилиши ҳам мумкин. Масалан, агар сунъий интеллект турли хил касб эгаларининг маҳсулдорлигини оширса ва харажатларни камайтирса бозорда нархлар пасаяди.
Аммо, сунъий интеллектнинг зарарли деб тасниф этилаётган жиҳатлари бирмунча кўпроқ экан.
Биринчидан, чатботлар интернетда жойлаштирилган катта ҳажмдаги маълумотларни ўзлаштириб, янги кўникмаларни ўрганиш асносида ҳақиқий фактлар ва ёлғонларни аралаштириб юбориши мумкин.
Иккинчидан, сунъий интеллект боти нотўғри фикр ва ҳақоратли сўзлардан фойдаланишга тез ўрганади. Хусусан, 2016 йилда Microsoft томонидан ишлаб чиқилган Таy чатботи бир зумда сўкинишни ва ирқчи сўзлардан фойдаланишни ўрганиб олган.
Учинчидан, сунъий интеллект ботлари билим даражаси бўйича, барибир, инсон онг-тафаккурига тенглаша олмаяпти. Масалан, ChatGPTнинг билими 2021 йилгача бўлган маълумотлар билан чекланган.
Тўртинчидан, сунъий интеллект меҳнат бозорида инсон ўрнини тўғридан-тўғри алмаштириши ҳисобига яқин келажакда кўпчилик ишчи-хизматчиларнинг ишсиз қолиши хавфи борлиги тахмин қилинмоқда.
Бешинчидан, мукаммал сунъий интеллект тарихий қолипни бузиши эҳтимоли мавжуд. Яъни, оддий одам қиладиган деярли ҳар қандай вазифани бажара оладиган технология инсониятни номаълум иқтисодий ҳудудга олиб келади, дейди экспертлар.
Табиийки, бу каби муаммоларни жойида ва изчиллик билан бартараф этиш чоралари ҳам кўрилмоқда. Айтайлик, ҳақоратли контент пайдо бўлишининг олдини олиш учун ChatGPTга муайян модерация тизимлари ўрнатилган. Ушбу бот қонунни қандай бузиш ҳақида матнлар яратишга тўсқинлик қилувчи фильтрларга ҳам эга.
Шунга қарамай, ChatGPT чатботи, аввало, ўз шахсий фикрига эга эмас, яъни ҳеч қандай масала бўйича шахсий фикр билдирмайди. Қолаверса, унинг ирқи ёки жинси йўқ. Бундан ташқари, мазкур сунъий интеллект маҳсули динга эътиқод қилмайди. Айнан шу камчиликлари туфайли инсоният сунъий интеллект ривожидан ташвиш ва хавотирга тушаётган бўлса, ажаб эмас.
Хулоса ўрнида академик Акмал Саидовнинг сунъий интеллект истиқболига тааллуқли мана бу фикрларини келтирамиз:
“Сунъий интеллект ҳеч қачон табиий интеллектни енгиб ўтмайди ва ундан устун бўла олмайди. Чунки сунъий интеллектнинг ўзи ҳам инсон табиий идрокининг маҳсулидир. Сунъий интеллект ҳаётимиздаги аксарият юмушларни бажаришда инсон ўрнини эгаллаши ҳақида сўз борганда, айниқса, суд ҳукмини сунъий интеллект томонидан чиқарилишига йўл қўйиш керак эмас, деб ҳисоблайман. Зеро, инсон тақдирига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган шу каби нозик соҳаларга машиналашган ёндашув зиён етказмай қолмайди”.
Ғулом МИРЗО
[1] Қаранг: https://daryo.uz/k/2023/02/08/google-qotili-butun-dunyo-gapirayotgan-chatgpt-ozi-nima.
- Қўшилди: 16.07.2024
- Кўришлар: 1436
- Чоп этиш