18 июль – инсон ҳуқуқлари, қадр-қиммати, тенглик ва адолат учун курашган атоқли сиёсатчи Нельсон Мандела халқаро куни. Бу сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2009 йилнинг ноябрида Жанубий Африка раҳбарининг тинчлик ва озодлик учун қўшган ҳиссасини эътироф этиш мақсадида таъсис этилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабаев билан ушбу халқаро сананинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.
– Нельсон Мандела апартеидга қарши курашиш ва қамоқхонадаги инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун катта ҳисса қўшган, – деди профессор М.Тиллабаев. – Нельсон Мандела халқаро куни – атоқли сиёсатчининг ҳаётий қадриятлари ва унинг низоларни ҳал қилиш, ирқий муносабатлар, инсон ҳуқуқларини тарғиб этиш ва ҳимоя қилиш, ярашув, гендер тенглик, болалар ва аҳолининг заиф қатламлари ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, қашшоқликка қарши кураш ва ижтимоий адолатни қарор топтириш ҳамда бошқа шу каби муҳим соҳаларда инсоният олдидаги содиқ хизматларининг ўзига хос эътирофидир.
Унинг демократия учун халқаро курашга қўшган ҳиссаси ва бутун дунёда тинчлик ўрнатиш борасидаги кўмаги беқиёс. У инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, сиёсий маҳбус, халқаро кўламдаги тинчликпарвар сиёсатчи ва озод Жанубий Африканинг демократик йўл билан сайланган биринчи Президенти сифатида ўз ҳаётини тўлалигича тинчлик ва инсонпарварлик ишига бағишлаган.
Мандела таъкидлаганидек, «Тинчлик – нафақат урушларнинг йўқлиги; тинчлик – ирқи, тана ранги, эътиқоди, дини, жинси, синфи, табақаси ёки бошқа ижтимоий ҳолати ёки мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсон обод ва озод яшайдиган фаровон муҳитнинг яратилишидир. Диний мансублик, этник келиб чиқиш, турли тилларда сўзлашиш, ўзаро фарқли ижтимоий амалиёт ва маданий анъаналар инсоният цивилизациясини ранг-баранглик билан бойитадиган муҳим неъматлардир».
– Бугунги кунда Нельсон Мандела халқаро кунини нишонлашда айнан қандай тамойилларга таянилмоқда?
– Жорий йилда Нельсон Мандела халқаро куни «Қашшоқлик ва тенгсизликни ҳал қилиш – ўз қўлимизда» деган мавзу доирасида нишонланмоқда. Бу, албатта, бежиз эмас.
БМТ Бош котиби А.Гутерришнинг мурожаатномасида қайд этилганидек, «Биз яшаётган дунёда тенгсизлик ва тарқоқлик ҳукм сурмоқда. Ҳамма жойда очлик ва камбағалликка дуч келаяпмиз… Аммо биз биргаликда инсонлар орасидаги тенгсизликка барҳам бера оламиз. Биз ирқчиликка қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, иқлим ўзгаришига қарши туриш ва бутун инсоният учун муносиб дунё яратишга қодирмиз».
Нельсон Мандела ўзининг 67 йиллик умрини адолат учун курашга сафарбар этган. Шу муносабат билан Нельсон Мандела жамғармаси ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда, БМТ Бош котиби барчамизни Нельсон Мандела халқаро кунида 67 дақиқа вақтини – жамият манфаатлари учун фойдали фаолиятга бағишлашга чақирди.
– «Нельсон Мандела қоидалари»нинг тарихи ва маъно-моҳияти ҳақида қандай маълумотлар тақдим эта оласиз?
– БМТ Бош Ассамблеясининг 70/175-резолюцияси билан ҳар йили 18 июлда нишонланадиган Нельсон Мандела халқаро куни тадбирлари қамровини янада кенгайтириш кўзда тутилди. Бунда, озодликдан маҳрум қилишнинг инсонпарвар шароитларини тарғиб этиш, маҳкумлар жамиятнинг ажралмас қисми эканлиги ҳақида хабардорликни ошириш ва қамоқхона муассасалари ходимлари меҳнати алоҳида аҳамиятга эга ижтимоий хизмат сифатида муносиб қадрланишини эътироф этишга қаратилган ишларни кучайтиришга қарор қилинди.
Бош Ассамблея резолюцияси асосида «Маҳбуслар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари»нинг қайта кўриб чиқилган матни қабул қилинди. Шунингдек, Экспертлар кенгашининг ушбу Қоидаларни марҳум Жанубий Африка президенти хотираси шарафига «Нельсон Мандела қоидалари» деб номлаш ҳақидаги тавсияси маъқулланди.
БМТнинг «Маҳбуслар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари», яъни «Нельсон Мандела қоидалари» қамоқхона ходимлари учун маҳбуслар билан муносабатда бўлишнинг универсал ва эътироф этилган энг кам андозалари ҳисобланади. Муҳими, «Нельсон Мандела қоидалари» катта аҳамиятга эга бўлиб, бутун дунёдаги БМТга аъзо давлатларда қамоқхона қонунчилиги, сиёсати ва амалиёти тизимини ривожлантиришга ўз таъсирини ўтказиб келмоқда.
– «Нельсон Мандела қоидалари» матни ўзгартирилмайдиган ҳужжат ҳисобланадими?
– Йўқ, албатта. Гап шундаки, 1955 йилдан эътиборан халқаро ҳуқуқ ва қамоқхона соҳасига алоқадор илм-фанда қўлга киритилаётган ютуқларни ҳисобга олган ҳолда, БМТ Бош Ассамблеяси 2011 йилда очиқ таркибга эга бўлган Ҳукуматлараро экспертлар гуруҳини тузиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу гуруҳнинг вазифаси «Маҳбуслар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари», яъни «Нельсон Мандела қоидалари»ни қайта кўриб чиқиш ва унга тузатишлар киритишдан иборат.
Маълумки, «Нельсон Мандела қоидалари» 122 қоидани ўз ичига олади. Бу қоидалар 1955 йилги Минимал қоидалар билан солиштирилса, 2015 йилда унинг қарийб 35 фоизи янгилангани ва ушбу ўзгаришлар, биринчи навбатда, жиноят-ижроия фаолиятининг энг долзарб жиҳатларига қаратилгани яққол кўринади.
Хусусан, ўтган даврда «Нельсон Мандела қоидалари»га: маҳкумларнинг инсоний қадр-қимматини ҳурмат қилиш; тиббий хизматлар ва соғлиқни сақлаш; интизомий чоралар ва жазолар; ҳибс давридаги ўлим, қийноқлар ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат ё жазо бериш ҳолатларини текшириш; озодликдан маҳрум этилганларнинг энг заиф қатламлари алоҳида эҳтиёжларини ҳимоя қилиш ва қондириш; маҳкумларнинг юридик вакилликдан фойдаланиш имконияти; шикоятлар ва мустақил текширувлар; муассаса ходимларини ўқитиш каби йўналишлар бўйича муайян ўзгартиришлар киритилган.
Аслида, «Нельсон Мандела қоидалари» мажбурий юридик кучга эга эмас, балки маслаҳат мазмунига эгадир. Шундай бўлишига қарамай, ушбу ҳужжат жиноий жазони ўтаётган шахсларга нисбатан муомала стандартларини тартибга солувчи барча бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар учун ўзига хос андаза бўлиб хизмат қилади.
Ўтган йиллар давомида «Маҳбуслар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари» давр синовидан ҳайратланарли тарзда муваффақиятли ўтиб келмоқда. Бунинг сабаби шундаки, «Нельсон Мандела қоидалари» содда ва тушунарли шаклда тузилган бўлиб, улар ўзида мужассам этган тамойиллар ҳалигача долзарблиги ҳамда ҳаётийлигини йўқотмаган.
– Ўзбекистоннинг қийноқлар масаласига ёндашуви «Нельсон Мандела қоидалари»га қанчалик мос келади?
– Мамлакатимизда қийноқлар ва зўравонликнинг бошқа турлари конституциявий даражада тақиқланган. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 26-моддасида қийноқлар, зўравонлик ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турлари тақиқланди. Давлат бу йўналишда инсон ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашнинг институционал-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштирмоқда, жумладан, «Нельсон Мандела қоидалари» миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётга жорий қилинди.
Аслида қийноқлар глобал муаммо бўлиб, унга барҳам бериш ҳам глобал мақсадга айланиши керак. Бу мақсадга фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқалигина эришиш мумкин. Айни соҳада халқаро ҳамкорлар, хусусан, БМТ, ЕХҲТ, минтақавий ташкилотлар, миллий ҳамкорлар ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик катта аҳамиятга эга.
Мамлакатимиз қийноқлар қўлланишини очиқ ва қатъий равишда қоралайди. Ўзбекистон Президенти ўз маъруза ва нутқларида, жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2021 йил 22 февралдаги 46-сессиясида сўзлаган нутқида ва парламентга тақдим этган Мурожаатномаларида қийноқларга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслигини ҳамда қийноқлар учун жавобгарлик муқаррарлигини қайта-қайта таъкидлаб келмоқда.
Юртимизда қийноқлар ва зўравонликнинг бошқа ҳар қандай турлари Конституция ва қонунларимиз даражасида тақиқланган. Давлат бу йўналишда инсон ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашнинг институционал-ҳуқуқий механизмларидан самарали фойдаланмоқда. Буни «Нельсон Мандела қоидалари» миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этилгани ҳам яққол тасдиқлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон БМТ Бош котибининг «Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват» ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Янги таҳрирдаги Конституция ва Тараққиёт стратегияси ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда инсон ҳуқуқлари масаласи муҳим ўрин тутади. Айни ислоҳотлар БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига мос келади ҳамда «Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик» тамойилини таъминлашга қаратилган.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.
- Қўшилди: 18.07.2024
- Кўришлар: 1475
- Чоп этиш