БМТнинг “Аёл маҳбуслар билан муомалада бўлиш бўйича қоидалар ва ҳуқуқбузар аёллар учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган чоралар” (Бангкок қоидалари) деб номланган халқаро-ҳуқуқий ҳужжати 2010 йилда қабул қилинган.
Ушбу қоидалар жиноий одил судловга гендер жиҳатидан нозик ёндашувни ва маҳкума аёлларнинг ўзига хос эҳтиёжлари ва ҳуқуқлари ҳисобга олинишини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистондаги ёпиқ муассасалар ва қамоқхоналарда қийноқлар, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазоларнинг олдини олишда гендерга асосланган ёндашувлардан фойдаланиш бўйича ўтказилган ўқув-тренингида шу ҳақда сўз борди.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги мувофиқлаштирувчиси эълон қилган “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда иштирокчилар Бангкок қоидаларининг асосий талабларини чуқур ўрганиб, ушбу қоидаларни амалда самарали қўллаш бўйича кўникма ва билимларини оширди.
Шу билан бирга, маҳкума аёллар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш бўйича илғор тажриба ва усуллар муҳокама қилинди. Умуман олганда, уч кунлик ўқув машғулотлари давомида тингловчиларнинг қамоқхоналардаги хотин-қизлар ҳуқуқлари ва эҳтиёжлари борасидаги хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Тингловчилар Бангкок қоидалари асосида ўз назарий билимларини оширди. Айни вақтда вояга етмаганлар ва аёлларни қамоқда сақлаш бўйича халқаро тажрибага оид амалий кўникмаларни эгаллади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим жиҳатлари ҳақида мухтасар маълумот берди. Хусусан, юртимиз ҳаётининг барча соҳаларига тааллуқли қамровдор янгиланишлар нафақат қийноқ ҳолатларига бутунлай барҳам бериш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигига, балки ўзининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларига қатъий содиқ бўлган Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга ҳам хизмат қилиши таъкидланди.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши ҳамда ушбу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича яратилган қонунчилик, институционал, таълим ва мониторинг асослари, инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши устидан ўрнатилган назорат тизимининг моҳияти ҳамда аҳамиятига тўхталиб ўтилди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро ва минтақавий механизмларини ишлаб чиқишга қаратилган ислоҳотларнинг тизимлилиги ва изчиллиги, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан ҳамкорлик борасида маълумот берилди.
Машғулотлар давомида иштирокчилар озодликдан маҳрум қилиш жойларида саломатлик ва гигиенага бўлган ҳуқуқларни таъминлаш, қамоқхона ходимларининг гендерга хос ёндашувларни тарғиб қилишдаги ўрни, шунингдек, алоҳида тоифадаги аёллар ва қизларни ўрганиш, жазони ўтаган хотин-қизларни реабилитация қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ҳамкорлигида ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси кўмагида ташкил этилган тадбир якунида тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 31.07.2024
- Кўришлар: 1440
- Чоп этиш