Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятини бошлаганидан буён ўтган қисқа давр ичида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси, бир қатор кодекс ва қонунлар, миллий стратегия ва давлат дастурларини қабул қилиш ташаббусларини илгари сурди. Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини тиклашга қаратилган кўплаб фармон, қарор ва фармойишларни имзолади.
Бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига изчиллик билан жорий этилаётган ана шу кўламдор, муҳим ва долзарб ҳуқуқий асосларни яратишнинг туб сиёсий-назарий моҳияти Ўзбекистон Президентининг китоблари, дастурий маъруза ва нутқларида батафсил баён этилган. Шундай фундаментал асарлардан бири – “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китоби 2022 йилда чоп этилган бўлса, 2024 йилда “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон”[1] номли навбатдаги салмоқли сиёсий асар нашрдан чиқди.
Бош ғоя – инсон қадрини улуғлаш
Муаллифнинг кўп йиллик ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий қарашлари, воқеликка янгича ва теран ёндашувларининг маҳсули бўлган ушбу китоб қуйидаги сўзлар билан бошланади:
“Тарих синовларидан ўтган ҳақиқат шуки, ўзини ўзгартиришга қодир бўлган, вақтни – имкониятга, имкониятни ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ – буюк халқдир.
Бундай халқ, ҳеч шубҳасиз, ҳаётни ҳам, ижтимоий муҳитни ҳам ўзгартира олади, кўзлаган мурод-мақсадларига албатта эришади.
Мен ана шундай улуғ эътиқод билан яшаётган халққа раҳбар бўлиб, одамларни ҳаётдан рози қилиш, уларнинг қалбидаги эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлида хизмат қилишни ўзим учун улкан шараф ва масъулият деб биламан”[2].
Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёев серқирра ва натижадор фаолиятининг маъно-мазмунига айланган, кейинги саккиз йил давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг марказида турган давлатимиз мустақиллигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, инсон қадрини улуғлаш каби эзгу тушунчалар мазкур китобнинг бош ғояси, асосий лейтмотивини ташкил этади.
Янги Ўзбекистоннинг бугунги қиёфаси, мамлакатимизнинг жаҳон тараққиётида тутган ўрни ва мавқеи, муҳим халқаро ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаол иштироки, долзарб масалалар бўйича илгари сураётган кўплаб ташаббусларининг мазмун-моҳияти ушбу кенг қамровли, фундаментал асарда чуқур таҳлил ва далиллар, аниқ фикр-мулоҳазалар асосида теран ёритиб берилган. Муаллиф таъбири билан айтганда, “Эртанги кун тарихини бугун ёзишимиз шарт. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар, пухта ўйланган истиқболли режалар, янги марра ва ғалабалар керак бўлади”[3].
“Ҳозирги замон” тушунчаси: таъриф ва талқинлар
Ўзбекистон Президентининг янги китобида аввало ҳозирги замонда халқаро майдонда ҳукм сураётган мураккаб, таҳликали жараёнлар, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган ўзгаришлар, дунёнинг ва мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши йўлидаги хавф-хатарлар, таҳдидлар атрофлича таҳлил этилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Муаллиф ушбу асарини ёзишига қадар ҳам “Ҳозирги замон” тушунчаси борасида ниҳоятда теран мушоҳада юритиб келгани бунда катта аҳамият касб этади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таърифи ва талқинларига кўра, ҳозирги замонда:
биринчидан, кўз ўнгимизда дунёнинг бутунлай янги, беқарор, хавотирли геосиёсий ва геоиқтисодий архитектураси шаклланмоқда;
иккинчидан, турли мамлакатлар ўртасида низо ва адоватлар, қарама-қаршилик, ишончсизлик муҳити кучаймоқда ҳамда жамиятлар ичида маънавий таназзул илдиз отмоқда;
учинчидан, нотинч ва таҳликали замонда азалий қадриятларни, одамийлик қиёфасини сақлаб қолиш тобора мушкул бўлиб бормоқда;
тўртинчидан, янги вайронкор можаролар пайдо бўлмоқда, глобал ва минтақавий хавфсизликка таҳдидлар кучаймоқда;
бешинчидан, ташвишли жиҳати шундаки, бу хавф-хатарлар давлатлар ўртасида ўзаро ишонч камаяётган, қарама-қаршилик ва зиддиятлар ортиши натижасида геосиёсий кескинлик ортаётган вазиятда кечмоқда;
олтинчидан, халқаро ҳуқуқ нормалари ва принциплари тез-тез бузилмоқда;
еттинчидан, инқироз ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича жаҳон ҳамжамиятида мавжуд бўлган халқаро-ҳуқуқий воситалар, афсуски, ўзининг самарадорлигини борган сари йўқотмоқда;
саккизинчидан, дунё ишонч, адолат ва ҳамжиҳатлик қайта тикланишига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезмоқда;
тўққизинчидан, глобал сиёсий ва иқтисодий “парчаланишлар”, урушлар ва можаролар халқаро муносабатлар тизими асоси ва ҳал қилувчи тамойилларининг емирилишига олиб келмоқда;
ўнинчидан, қарама-қаршилик ва протекционизм[4] жаҳон иқтисодиёти парчаланиши ва етказиб бериш занжирлари узилишига сабаб бўлмоқда;
ўн биринчидан, мамлакатларнинг савдо, молия, сармоя, технология ва инновациялар трансфери соҳаларидаги самарали ҳамкорлигида тўсқинлик қиладиган янги ажратувчи чегаралар вужудга келмоқда;
ўн иккинчидан, дунёда давом этаётган турли можаролар, гуманитар, эпидемиологик ва иқлим инқирозлари БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ҳамда камбағалликнинг барча кўринишларини қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатларга жиддий таҳдид солмоқда;
ўн учинчидан, глобал иқлим ўзгариши оқибатида сайёрамизда кескин экологик вазият юзага келиб, барча қитъаларда ва мамлакатларда ичимлик суви тақчиллиги, атроф-муҳит ифлосланиши, тупроқ емирилиши, кучли чанг ва қум бўронлари, биохилма-хилликнинг йўқолиши, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигининг пасайиши каби муаммолар авжига чиқмоқда;
ўн тўртинчидан, жаҳон иқтисодиётида беқарорлик кучайиб, энергетика, озиқ-овқат соҳалари ва экологик тизимда инқирозлар ўткир тус олмоқда;
ўн бешинчидан, шу билан бирга, бутун жаҳон иқтисодиёти рақамлаштириш жараёнига ўтмоқда, “яшил” технологиялар ва инновацион тараққиёт ҳар қандай соҳа ва бизнес ривожи учун устувор аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбари дунёдаги ва минтақамиздаги вазиятга шу каби аниқ ва холис баҳолар берар экан, замонавий таҳдидларни бартараф этиш учун икки томонлама ва кўп томонлама, минтақавий ва глобал даражалардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлаши бежиз эмас. Чунки, китобда ҳақли қайд этилганидек, “Бундай мураккаб шароитда ҳеч бир мамлакат якка ҳолда барча замонавий хавф-хатарларни четлаб ўтиб, уларнинг сабаб-оқибатларини бартараф этишга қодир эмаслиги айни ҳақиқатдир”[5].
Янги китобнинг асосий хусусиятлари
Ватанимиз дунёга, дунё эса юртимизга кенг очилмоқда. Минтақамиз ва бутун жаҳонда дўстларимиз, ҳамкорларимиз кўпаймоқда. Ўзбекистон ҳозирги кунда аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланади. Юртимиз шиддатли демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан амалий қадамлар қўйилди. Мустақил Ватанимизнинг ҳар бир қутлуғ одимида ва бунёдкор халқимизнинг ҳар қайси ютуғида Истиқлолнинг буюк қудрати ёрқин намоён бўлмоқда. Шунинг учун, Президентимиз эътироф этганидек, бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас!
Миллат Сардори халқимизни яна бир ҳақиқатни унутмаслика чорламоқда. Яъни: бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турибди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур.
Шу нуқтаи назардан, “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобининг қуйидаги асосий хусусиятларини санаб ўтиш ўринли, деб ҳисоблаймиз:
биринчи хусусияти: Ўзбекистоннинг умумбашарий муаммоларни бартараф этиш ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган глобал ташаббусларига эътибор қаратилган;
иккинчи хусусияти: мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари алоҳида таъкидланган;
учинчи хусусияти: Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ҳамда миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамияти чуқур мушоҳада қилинган;
тўртинчи хусусияти: ривожланиш стратегияларимизнинг мақсади, асосий тамойиллари, фалсафаси ва мазмун-моҳияти кенг очиб берилган;
бешинчи хусусияти: ҳозирги замонда Янги Ўзбекистонни тараққий эттиришнинг жорий ҳолатига холис баҳо берилган ҳолда, миллий тараққиётимиз истиқболлари ҳақида атрофлича фикр юритилган.
Барқарор ривожланиш йўли – башарият учун ягона тўғри йўл
Президентимизнинг янги китоби Кириш, Хотима ва 6 та қисмдан ташкил топган. Ҳар қайси қисм тегишли мавзуларни ўзида қамраган бўлиб, жами фасллар сони 46 тадан иборат. Ана шу ҳар бир қисм ва фасл бўйича алоҳида-алоҳида мақолалар ёзиш мумкин ва бу ниятимизни келажакда амалга оширамиз, иншооллоҳ. Ушбу мақолада эса мухтасар умумий мулоҳазалар билан чекланамиз.
Китобнинг биринчи қисми – “Инсоният танлаган барқарор ривожланиш йўли” деб номланган. Унда БМТнинг Мингйиллик ривожланиш декларациясида, кейинчалик “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш кун тартиби” номли ҳужжатда белгилаб қўйилган инсониятнинг ХХI асрдаги тараққиётига доир устувор мезонлар ҳамда глобал аҳамиятга эга эзгу мақсадлар ҳақида фикр юритилган. Муаллиф асосли эътироф этганидек, “барқарор ривожланиш йўли – башарият учун ягона тўғри йўл”[6].
Шу жиҳатдан, Ўзбекистон “Кун тартиби-2030”да белгиланган барча мажбуриятларга тўла ва қатъий амал қилиб келмоқда. Муаллиф айни мавзуда сўз юритар экан, авваламбор, барқарор ривожланиш тамойиллари, барқарор ривожланиш ҳуқуқи ва Барқарор ривожланиш мақсадларининг янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида акс эттирилиши халқаро ҳамжамият, хусусан, БМТ томонидан юксак баҳоланганлигига эътиборни қаратади.
Китобда, шунингдек, барқарор ривожланиш йўлидаги 10 та хавф-хатар ва таҳдид батафсил таҳлил назаридан ўтказилгани диққатга лойиқ[7]. Ўзбекистон Президенти комил ишонч билан таъкидлаганидек, “замонавий таҳдидларни фақатгина мулоқот воситасида, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилиш, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрларига қатъий амал қилиш орқали енгиб ўтиш ҳамда айнан шу йўл билан дунё ҳамжамиятининг демократик тараққиёт йўлидан оғишмай қадам ташлашига эришиш мумкин”[8].
Энг муҳими, халқимиз бугунги давр таҳдидларига қарамасдан, бундан буён ҳам юртимизда осойишталик ва барқарорликни асраб-авайлаш, инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожини таъминлаш, самарали фаолият кўрсатадиган бозор механизмларига асосланган, юқори турмуш даражасига эга бўлган кучли демократик ҳуқуқий давлатни, янги адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган бунёдкорона саъй-ҳаракатларини қатъий давом эттирмоқда. Бинобарин, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш – яқин ва олис тарихимиз, бетакрор ва ноёб маданий бойликларимизни янада чуқур ўрганиб, уларга таяниб, мустақил миллий тараққиёт йўлимизни янги босқичда давом эттириш демакдир”[9].
Шундай эзгу мақсадларни кўзлайдиган ислоҳотларимизнинг фалсафа ва асосий тамойиллари қандай бўлиши керак? Китоб муаллифи айни шу савол хусусида атрофлича тўхталиб, жумладан шундай ёзади: “Янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун халқимизнинг орзу-интилишлари ҳамда кенг қамровли ислоҳотларимизнинг моҳияти ва фалсафасини акс эттирувчи янги ғоялар ва янгича дунёқараш ҳам талаб этилади. Бу дунёқараш, авваламбор, “барқарор ривожланиш фалсафаси” асосида шаклланиши лозим, деб ўйлайман”[10].
Шуни ҳам айтиш жоизки, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва бошқа соҳалардаги ўзгаришлар билан мутаносиб равишда амалга оширилган тақдирдагина самарали бўлишини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шу боис, муаллиф таъкидлаганидек, “биз демократик тараққиёт йўлимизни ислоҳотларнинг давр талабларига мос суръати, изчиллиги ва ортга қайтмаслигини таъминлаш ва уни барқарор ривожланиш тамойиллари асосида қатъий давом эттириш йўлини танладик”[11].
Ш.М.Мирзиёев кейинги даврда нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилаётган энг долзарб масалалардан бири – инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик тамойилига алоҳида тўхталгани айни муддаодир. Зеро, сўнгги 50 йил ичида биргина БМТ доирасида ушбу йўналишда 120 дан ортиқ халқаро ҳужжат қабул қилинганининг ўзиёқ ушбу тамойилнинг нечоғлик улкан аҳамиятга эгалигини яққол кўрсатиб турибди.
Бу ҳақда фикр юритганда, янги таҳрирдаги Конституциямизда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар сони 3,5 баробар оширилгани ва унда 40 дан зиёд янги конституциявий ҳуқуқлар муҳрлаб қўйилганлигини таъкидлаш ўринлидир. Китоб муаллифи таъбири билан айтганда, “ушбу Конституцияни Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонуни” деб аташимиз учун барча асосларимиз бор”[12].
Юртимиз “Давлат – инсон учун”, “Аввал инсон, кейин жамият ва давлат” деган янги ғояларни ҳаётга татбиқ этиш орқали халқчил ва халқпарвар давлат қуриш мақсади сари дадил одимламоқда. Шу боис, китобнинг айни мавзудаги фаслида қайд этилганидек, “фақатгина халққа хизмат қилувчи адолатли ва замонавий давлат барпо этиш ғоясини Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий тамойилларидан бири сифатида белгилаб олдик”[13].
Ўз навбатида, аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларининг иштирокисиз, кенг жамоатчилик муҳокамаларисиз адолатли қонун ва қарорлар қабул қилиш мумкинми, деган савол туғилиши ҳам табиий. Муаллиф бу ўринда “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган ғояга эътиборни қаратиб, жумладан, “янги таҳрирдаги Конституциянинг чинакам ташаббускори ва муаллифи халқимиздир”[14], деб ёзади.
Китобда яна бир миллий ва умуминсоний тамойил кенг муҳокама майдонига қўйилган. Бу ҳам бўлса, демократия, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига содиқлик масаласидир.
Бундан ташқари, мамлакатимиз тараққиётининг ўзига хос қонуниятлари ва дунёда бу борада тўпланган тажрибаларни назарда тутган ҳолда, Янги Ўзбекистонда барпо этилаётган ижтимоий давлатда эътибор қаратиладиган устувор масалалар атрофлича санаб ўтилган. Энг асосийси, муаллиф фикрича, “ижтимоий давлат” ва “инсон қадри” тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир”[15].
Янги Ўзбекистоннинг дунё миқёсида рақобатбардош бўлишига эришиш, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш тизимларини жадал ривожлантириш орқали жамиятда инсон капиталини юксалтириш мумкин. Китобда инсон капиталини ривожлантириш истиқболлари кенг таҳлил қилинган.
Бу таҳлилларнинг хулосаси қандай? Ш.М.Мирзиёев ёзганидек, “бугунги шиддатли даврнинг ўзи биздан мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш бўйича янги-янги имкониятларни излаб топиш ва ишга солишни талаб этмоқда”[16].
Китобнинг “Янги Ўзбекистон: Барқарор иқтисодий тараққиёт”, “Сайёрамиз ва Янги Ўзбекистон: экологик таҳдидлар қаршисида”, “Халқ хизматидаги давлат – эл-юрт учун улуғ саодат”, “Янги Ўзбекистон – хавфсиз ва тинчликсевар давлат” номли қисмларида ҳам мамлакатимизнинг айни соҳалардаги тараққиёт суръатлари, жаҳон майдонида ортиб бораётган обрў-эътибори ва нуфузи, олис ва яқин истиқболга мўлжалланган мақсад ва вазифалари қандай мустаҳкам пойдеворга асосланиши, Янги Ўзбекистоннинг оламшумул ютуқлари қайси омиллар ҳисобидан таъминланаётгани ҳар томонлама чуқур таҳлил қилинган.
Китобнинг энг таҳсинга сазовор жиҳати шуки, Янги Ўзбекистондаги кўпқиррали сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ислоҳотларнинг, мамлакатимиз ва жаҳон ҳамжамияти ўртасидаги муносабатларнинг бирон-бир йўналиши муаллиф эътиборидан четда қолмаган. Президентимиз камтарлик билан қайд этганидек, “Биз сиз билан биргаликда башариятнинг ажралмас қисми ҳисобланган, бутун дунёда Янги Ўзбекистон, дея эътироф этилаётган жонажон Ватанимизнинг тарихан ниҳоятда қисқа, мазмунан бир неча ўн йилликларга татигулик мураккаб ва шарафли йўлига яна бир бор назар ташладик”[17].
Ушбу китобни БМТ томонидан яқинда ўтказиладиган “Келажак саммити” олдидан Ўзбекистон Президентининг кенг жамоатчиликка тақдим этган мулоҳазалари дейиш мумкин. Унда “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиладими?”, деган долзарб савол атрофида кенг ва ўткир мушоҳада юритилгани жуда муҳим.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” парадигмасининг моҳияти ва аҳамияти ғоя – норма – натижа занжири талқинида очиб берилган. Президентимиз ўз китобида Янги Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсатига кенг тўхталганлари ҳам алоҳида диққатни тортади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги замоннинг шиддатли ва зиддиятли тараққиёт тамойилларини мураккаб ва таҳликали давр нуқтаи назаридан тушуниш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, келажакка катта ишонч билан қараб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларида онгли ва бунёдкор фуқаро сифатида муносиб иштирок этишда, янги ватанпарвар авлодни тарбиялашда ушбу асарнинг аҳамияти беқиёсдир. Муҳими, муаллиф чорлаганидек, “Янги Ўзбекистон барчамизники эканини, унинг орзудан – ҳақиқатга, имкониятдан – воқеликка айланиши бизга боғлиқ эканини асло унутмайлик”[18].
Акмал САИДОВ,
академик
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2024 йил 19 сентябрь кунги 191 (1252)-сони
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг кутубхонаси
[1] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – 560 б.
[2] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – Б. 3.
[3] Ўша манба. – Б. 7.
[4] Протекционизм – давлатларнинг импортни чеклаш ва миллий ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган ташқи иқтисодий сиёсати.
[5] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – Б. 6.
[6] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – Б. 9.
[7] Ўша манба. – Б. 17-33.
[8] Ўша манба. – Б. 31.
[9] https://president.uz/uz/lists/view/4547
[10] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – Б. 36-37.
[11] Ўша манба. – Б. 39.
[12] Ўша манба. – Б. 46.
[13] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – Б. 50.
[14] Ўша манба. – Б. 54.
[15] Ўша манба. – Б. 62.
[16] Ўша манба. – Б. 72.
[17] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – Б. 552.
[18] Ўша манба. – Б. 554.
- Қўшилди: 19.09.2024
- Кўришлар: 896
- Чоп этиш