20-21 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик еттинчи ялпи мажлисида, жумладан, “Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенциясини (Женева, 1981 йил 22 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунга қадар Конвенция 75 та давлат, шу жумладан, МДҲга аъзо давлатлар орасида Россия, Беларусь, Украина, Тожикистон Қозоғистон ва Озарбайжон томонидан ратификация қилинган.
Конвенцияда меҳнат фаолияти жараёнида ва ишлаб чиқариш муҳитида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш, шу жумладан, иш жойида ёки иш вақтида ишчи ва ходимларнинг соғлиғига зарар етиши билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисалар ёхуд хавфларнинг олдини олишга қаратилган талабларни янада кучайтириш назарда тутилган.
Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, миллий меҳнат қонунчилигининг халқаро меҳнат стандартларига жавоб беришини ҳисобга олган ҳолда мазкур Конвенцияни ратификация қилиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.
Таъкидланганидек, Конвенциянинг ратификация қилиниши келгусида соҳадаги миллий қонунчиликни ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳужжатларида белгиланган меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига оид меъёрларни такомиллаштиришга, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнидаги бахтсиз ҳодисалар, касбий касалликлар, иш вақтида юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олишга қаратилган халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати хабарига кўра, Сенатнинг эллик еттинчи ялпи мажлисида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 19 та масала, шу жумладан, 16 та қонун кўриб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.09.2024
- Кўришлар: 796
- Чоп этиш