ЎЗГАЛАРГА ҚУВОНЧ ВА МЕҲР УЛАШИНГ!
Зеро, бу саховатингиз албатта ўзингизга ҳам қайтади
29 октябрь – Халқаро ғамхўрлик ва
қўллаб-қувватлаш куни
“Баъзида инсон ҳаётини ўзгартириш учун бир дона меҳрибонлик ва ғамхўрлик етарлидир”.
Жеки Чан
Одамзод насли ер юзидаги барча мавжудотлар орасида энг улуғи, яъни ҳазрати инсондир. Бу улуғлик ва буюклик фақат уни асраб-авайлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш билангина мукаммал бўлиши мумкин.
Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги, давлат ҳам, жамият ҳам, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши Конституциямизда аниқ белгилаб қўйилган.
Қуръони каримнинг “Раҳмон” сурасида “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир” ояти зикр этилгани бежиз эмас. Муҳтожларга меҳр-мурувват, кексаларга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
Бугун дунё миқёсида 29 октябрь – Халқаро ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлаш куни инсонпарварлик ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш мақсадида нишонланмоқда. Маълумки, ушбу халқаро сана 2023 йил 24 июлда БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида резолюция билан таъсис этилган. Резолюциянинг асосий мақсадлари:
- ижтимоий адолатни таъминлаш ва мустаҳкамлаш;
- ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва имкониятларини тенглаштириш;
- одамларнинг эҳтиёжлари, хусусан, моддий, эмоционал ва психологик ёрдамга муҳтож бўлганларини аниқлаш ва уларга ёрдам беришга доир механизмларни ривожлантириш;
- жамиятда ғамхўрлик ва ёрдам кўрсатишни рағбатлантириш;
- инсонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш;
- ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари, фаровонлиги ва қадр-қиммати ҳар қандай шароитда ҳимоя қилинишига эришиш;
- жамиятнинг барча аъзоларининг ўзаро ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлашдан иборат.
Давлат ва жамиятнинг барча аъзолари ижтимоий масъулиятни қабул қилиши ва уни амалга ошириш учун биргаликда ҳаракат қилишлари керак. Халқаро ғамхўрлик куни доирасида жамоатчилик ва давлат ташкилотлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда турли тадбирлар, семинарлар, конференциялар ўтказилиши тақозо этилади.
Ижтимоий адолат, ғамхўрлик ва инсонпарварлик тамойиллари ёшларга ўргатиладиган бундай тадбирлар таълим дастурларини ривожлантириш каби вазифаларни ўзида акс эттирган бўлиши мақсадга мувофиқдир. Уларнинг мазмун-мундарижаси жамиятдаги ижтимоий адолат ва инсон қадрини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга, эҳтиёжмандларга ёрдам беришга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши лозим.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июнда қабул қилинган “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда мазкур соҳани ҳар томонлама ривожлантириш учун хуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани айни муддаодир.
Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ва туман (шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди. Янги тизимнинг мақсади аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини мувофиқлаштириб боришдир.
Ижтимоий ҳимоянинг янги тизими инсон қадрини таъминлашга хизмат қилади. Бинобарин, давлатимиз раҳбари ушбу тизимни тубдан ислоҳ қилиш, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилиги ва натижадорлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлагани бежиз эмас. Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Бу соҳада умумий ишлаб бўлмайди. Ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида, профессионал ёндашиш лозим. Ижтимоий хизмат тўғри йўлга қўйилса, эҳтиёжманд фуқаролар жамиятда ўз ўрнини топади”.
Халқаро ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлаш куни – хайрли ишлар қилиш, инсонларга ёрдам бериш, жамиятдаги ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш учун ҳаракат қилиш кунидир. Ҳар биримизнинг кўрсатган ғамхўрлигимиз, жамиятдаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда муҳим роль ўйнайди.
Келинг, бу кунни фақат нишонлаш эмас, балки ундан унумли фойдаланишни, инсонларга ёрдам беришни ўзимиз учун вазифа қилиб олайлик. Ушбу кунни нишонлаш, бизнинг ҳамма учун кўплаб имкониятлар яратишимиз, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, ва ғамхўрлик асосида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашимизга хизмат қилсин.
Инчунун, “Яхши сўзлар қисқа ва енгил бўлиши мумкин, аммо уларнинг акс садоси ҳақиқатан ҳам чексиздир”, деганди Тереза она.
Малика ТАЛИПОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази етакчи мутахассиси
"Маърифат" газетаси 2024 йил 30 октябрь №44(9525)
- Қўшилди: 29.10.2024
- Кўришлар: 612
- Чоп этиш