4 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов билан БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги Доимий вакили этиб тайинланган А.Фудзии ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг стратегик истиқболларини муҳокама қилиш ва яқин келажакда қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш имконини берди. А.Саидов мазкур лавозимга тайинлангани муносабати билан А.Фудзиини самимий табриклади.
Мулоқот аввалида Миллий марказ фаолияти, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини изчил бажариш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳамда БМТнинг Тараққиёт дастури билан самарали ҳамкорлиги ҳақида меҳмонга қисқача маълумот берилди. Жумладан, халқаро ташкилотлар, жумладан БМТТД билан мустаҳкам ва ўзаро манфаатли шериклик алоқалари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг илғор нормаларини жорий этишга, мамлакатнинг институтционал салоҳиятини оширишга ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Ўз навбатида, БМТнинг Тараққиёт дастури Доимий вакили Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи тобора ошиб бораётганини таъкидлаб, А.Саидовни БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолигига сайлангани билан табриклади. Ушбу тайинлов Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларининг эътирофи эканлигини ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича глобал стандартлар тизимини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этди.
Бундан ташқари, БМТнинг Тараққиёт дастури Доимий вакили Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорлик муносабатларининг ҳозирги даражасини юқори баҳолаб, Миллий марказнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ривожлантиришга қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Жумладан, "Миллий марказнинг саъй-ҳаракатлари миллий қонунчилик ва халқаро стандартларда мустаҳкамланган тамойилларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашда ҳаётий муҳим аҳамиятга эга", деб қайд этди А.Фудзии.
Суҳбат давомида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аҳамиятига эътибор қаратилди. Ҳужжат нафақат ҳуқуқ ва мажбуриятлар рўйхатини кенгайтирганлиги, балки қонунийлик, ижтимоий ва экологик ҳимоя соҳасида, шунингдек, шахс ҳуқуқлари, айниқса, жиноий одил судлов соҳасидаги давлат мажбуриятларини мустаҳкамлагани эътироф этилди. БМТ вакилининг сўзларига кўра, "Конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг бошқарув тизимини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқий шаффофликни оширишга бўлган интилишида муҳим қадам ҳисобланади".
Учрашув якунида томонлар келгусидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун салоҳиятни ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга аҳд қилдилар. Хусусан, 2025-2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олган ўзаро англашув меморандумини тузиш ҳамда қўшма лойиҳани ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Лойиҳа доирасида томонлар, жумладан:
- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги нашрларни "Инсон ҳуқуқлари уйи" ахборот-ресурс марказига тақдим этиш;
- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим доирасида тадбирлар ўтказиш;
- Бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича ииллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда кўмаклашиш каби амалий тадбирларни бажаришга келишиб олдилар.
Учрашув дўстона муҳитда ва амалий мулоқот руҳида ўтди. Ҳар икки томон Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш соҳасидаги умумий мақсадларга эришиш учун яқин ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.11.2024
- Кўришлар: 1205
- Чоп этиш