Янги Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида изчил давом этаётган кенг кўламли, қамровдор ва шиддатли ислоҳотлар натижаларини мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Конституциявий комиссия раиси – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Бу йил мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами "Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!" деган бош ғоя асосида кенг нишонланади, – дейди А.Саидов. – Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 17 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши билан тасдиқланган Дастур доирасида бу борада тизимли ташкилий-амалий, маънавий-маданий, маърифий-ҳуқуқий тадбирлар бошлаб юборилди.
Ўзбекистон Президентининг “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”, деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Конституциямизда давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар қатъий белгилаб берилгани бу фикрнинг яққол исботидир.
– Янги Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот қандай ҳаётий мезонлар ҳосиласи ҳисобланади?
– Бу ҳақда фикр юритганда, даставвал, Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда қабул қилинган учта комплекс тараққиёт стратегиясини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки:
биринчиси, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормалари янада такомиллаштирилди;
иккинчиси, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” асосида изчил конституциявий ислоҳот амалга оширилди;
учинчиси, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ҳаётга татбиқ этишда янгиланган Асосий қонунимизнинг тўғридан-тўғри ижросини таъминлашга қаратилган таъсирчан чоралар кўрилмоқда.
Конституциямиз мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маданий ҳаётнинг барча соҳаларида изчил ва босқичма-босқич, узвий ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам юридик манбаи ҳамда асосий ҳуқуқий кафолатидир. Ҳуқуқий давлатчилик сари интилган ҳар қандай демократик жамиятда Конституция устувор аҳамият касб этади.
Бинобарин, Конституция инсониятнинг ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ва ташкил этиш борасида кашф этган энг муҳим ютуқларидан биридир. Конституция ўз-ўзича, яъни алоҳида, жамиятдан ажралган ҳолда мавжуд бўлиши мумкин эмас.
Конституцияни қотиб қолган қоидалар йиғиндиси, деб ҳам бўлмайди. Конституция – динамик, яъни доимий ҳаракатдаги, ўсиш ва ривожланиш жараёнидаги ҳужжатдир. У ҳаёт жўшқинлиги ва ўзгаришларини ўзида акс эттиради. Шу маънода, хусусан, Ҳаракатлар стратегияси Янги Ўзбекистоннинг янги конституциявий қиёфасига асос бўлиб хизмат қилди.
– Конституциявий ислоҳотнинг асосий ташаббускори ва бош ғоявий илҳомлантирувчиси ким?
– Маълумки, 2021 йилги Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида барча номзодларнинг электорат вакиллари билан учрашувлари чоғида ҳаётий талабдан келиб чиққан ва мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган муҳим таклиф илгари сурилди. Бу – конституциявий ислоҳотни амалга ошириш.
Ўз навбатида, 2021 йил 6 ноябрдаги Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида сўзлаган нутқида конституциявий ислоҳотнинг назарий асоси сифатида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси белгилаб берилди. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида ҳам конституциявий ислоҳотга алоҳида бир фасл бағишланган.
Эътибор беринг: Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилда нашрдан чиққан “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобидаги алоҳида бир фасл айнан “Конституциявий ислоҳотлар – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги объектив зарурат”, деб номланган. Унда сайловолди учрашувлари пайтида халқ билан мулоқот жараёнида ўртага ташланган муҳим таклиф ва ташаббуслар, бугунги тараққиётимиз ва истиқбол режаларига оид хулосалар ўз аксини топган.
Шу маънода, Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳисобланади. Конституциявий ислоҳотнинг асосий ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламидир.
Замонга мос ҳаракат ва ўзгаришларни талаб этаётган бугунги шиддатли давр мезонларига жавоб берадиган мукаммал Конституцияга эга бўлиш – миллий давлатчилик анъаналаримизга, халқимиз манфаатларига муносиб ишдир. Дунё мамлакатларининг ривожланиш амалиёти ҳам конституциявий қонунчилик изчил ва муттасил такомиллашиб бориши зарурлигини кўрсатади.
Ҳуқуқий давлатда Конституция билан жамият ривожи ўртасида узилиш бўлмаслиги керак. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси талабига кўра, миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда “инсон – жамият – давлат” тамойилини мустаҳкамлаш лозим.
Шу нуқтаи назардан, Конституциявий ислоҳот – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тақозосига айланди. Бинобарин, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясини жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштириш – мамлакатимиздаги шиддатли ва изчил ислоҳотлар талаби сифатида майдонга чиқди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасидаги кенг кўламли вазифалар, хусусан, адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар бу борада зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи конституциявий маконни янада такомиллаштириш эҳтиёжини кун тартибига қўйди.
– Конституциявий комиссиянинг ташкил этилиши ва фаолияти конституциявий ислоҳот жараёнида қандай аҳамият касб этди?
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2022 йил 20 май куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди. Комиссияга аҳолининг барча қатламларидан Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни олиш борасида вазифалар қўйилди.
Комиссия таркибига депутатлар, сенаторлар, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан вакиллар, фуқаролик жамияти институтлари, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва мутахассислар киритилди. Конституциявий комиссия ўз фаолиятида «жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган ғояга таянди.
Ўзбекистон Президенти томонидан Конституциявий комиссия фаолиятининг учта босқичи аниқ белгилаб берилди. Шу асосда Конституциявий комиссия:
биринчидан, Конституцияни ўзгартириш бўйича таклифларни қабул қилиш, жамлаш ва таҳлил қилишни ташкиллаштириш;
иккинчидан, Конституциявий комиссия томонидан ишлаб чиқилган янгиланган Конституция лойиҳасини кенг жамоатчилик иштирокида кўриб чиқиш ва умумхалқ муҳокамасини ўтказиш;
учинчидан, умумхалқ муҳокамаси натижасида маромига етказилган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиш босқичлари доирасида изчил фаолият олиб борди.
Давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўхталар экан, жумладан, шундай деди: “конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади”.
– Ўзбекистон Президентининг Конституцияни янгилаш бўйича илгари сурган таклифлари ва ташаббуслари нечоғлик рўёбга чиқди?
– Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан 2022 йил 20 июнда бўлиб ўтган учрашуви тафсилотларига мухтасар тўхталиш лозим.
Давлат раҳбари худди шу учрашувда инсон қадрини конституциявий мустаҳкамлашнинг тўққизта асосий йўналиши бўйича Конституцияга киритиладиган аниқ таклифларини жамоатчилик эътиборига ҳавола этди. Шу муҳим таклиф ва ташаббусларнинг барчаси янги таҳрирдаги Конституциямизда ўз аксини топди.
Хусусан, Ўзбекистон Президенти инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим, деган ташаббус билан чиқди. Натижада эндиликда инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифасига айланди.
– Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамалари қандай кечди?
– Бунда, биринчи навбатда, мамлакатимиз сиёсий партияларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституция лойиҳаси атрофлича муҳокама қилингани муҳим аҳамиятга эга бўлганлигини қайд этиш ўринли. Айни жараёнда фуқароларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари, айниқса ёшлар бефарқ бўлмасдан, ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фаол қатнашди.
Ўтказилган социологик тадқиқот респондентларнинг 88 фоизи Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан қандай таклифлар билдирилганидан хабардор эканлигини кўрсатди.
Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Лойиҳа муҳокамаларида фуқароларнинг фаоллиги кучайгани, таклифлар сони тобора ошаётгани туфайли умумхалқ муҳокамаси муддати бир неча бор узайтирилди.
Умумхалқ муҳокамаси даврида вазирлик, идора ва ташкилотларда, республика бўйича барча туман ва шаҳарларда, шунингдек, Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар, сиёсий партиялар, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида 20 мингга яқин тадбир ташкил этилди. Конституциямизга киритилаётган ўзгаришлар ҳамда олиб борилаётган ишларни аҳолининг кенг қатламига етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали кўплаб материаллар чиқарилди.
Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича учта халқаро жамоатчилик эшитуви ўтказилди. Булардан бири – Конституцияларда хотин-қизлар ҳуқуқи тўғрисидаги қоидаларнинг акс этиши; яна бири – Конституцияларда бола ҳуқуқларининг кафолатланиши ва кейингиси – Конституцияларда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг мустаҳкамланиши билан боғлиқ мавзуларга бағишланди.
Халқаро жамоатчилик эшитувларида Ўзбекистонда яратилган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий шарт-шароитлар хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болаларнинг фундаментал ҳуқуқларини самарали муҳофаза қилишга имкон бериши таъкидланди. Конституциявий ислоҳот давомида бу борадаги ибратли хорижий ва халқаро тажрибаларни ўрганиш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талаблари асосида лойиҳага берилган таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш ишлари давом эттирилди. Меҳнат жамоалари, олийгоҳлар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам яна қарийб 10 мингта қўшимча таклиф келиб тушди. Айни пайтда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 193 давлат тажрибаси ўрганилди.
Шу тариқа Ўзбекистон Республикаси Конституциясини янгилаш бўйича жами 222 минг 715 та таклиф олинди. Умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан нафақат фуқароларнинг якка тартибдаги, балки кўплаб жамоавий таклифлари ҳам Конституциявий комиссияга келиб тушди.
Буларнинг ҳаммаси янги таҳрирдаги Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош Қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради.
Конституция лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси 7 турдаги назарий ва амалий, илмий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Айниқса, илмий муассаса ва таълим ташкилотлари янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси юзасидан таклифлар киритиш борасида алоҳида пешқадамлик кўрсатди. Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот жараёнида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тегишли тузилмалари, айниқса, фаол ҳамкорлик қилди.
Халқаро ҳамжамият намояндалари Ўзбекистон конституциявий ислоҳотнинг ўзига хос моделини яратиш учун бетакрор тажриба тўплаганини эътироф этдилар. Асосийси, мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳот юқори баҳоланиб, бу борада Ўзбекистоннинг тутган йўли тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Конституциямиз лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб то уни қабул қилгунча бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол ва муносиб иштирок этдилар. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, “инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз”.
– Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси бўйича референдум қандай ташкил этилди?
– Даставвал, 2023 йил 9-10 март кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдумни ўтказиш санаси – 2023 йил 30 апрель деб белгиланди.
Депутатлар томонидан ушбу қарор юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди хулосасини олиш тўғрисидаги масала ҳам қўллаб-қувватланди. Бинобарин, 2023 йил 13 март куни мазкур қарорнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги иш юзасидан Конституциявий суд қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Конституциявий қонун лойиҳаси 2023 йил 14 март куни Олий Мажлис Сенатида кўриб чиқилди. Муҳокамалар натижасида сенаторлар томонидан референдум 2023 йил 30 апрель кунига тайинланди. Шу асосда мамлакатимизда тарихий референдум ўтказилди.
Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига кўра, референдумда овоз берувчиларнинг 84,51 фоизи иштирок этгани инобатга олиниб, 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳақиқий, деб топилди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун референдумда умумхалқ овози билан қабул қилинган, деб ҳисобланди.
Мазкур қарор расмий эълон қилинган куннинг ўзида унинг ижросини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилди.
– Ўтган даврда янги таҳрирдаги Конституция ижроси бўйича қандай амалий ишлар қилинди?
– Кейинги 16 ой давомида Янги Ўзбекистон Конституцияси доирасида мамлакатимизда Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитга мос ҳолда йўлга қўйиш борасида изчил ҳамда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Чунки Конституция ва қонун устунлиги барқарор тараққиётнинг асосий мезони ҳисобланади.
Бу ҳақда сўз борганда, биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли навбатдаги китобини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўзбекистон Президентининг дастурий маъруза ва нутқлари ҳамда фармон ва қарорлари, миллий тараққиёт стратегиялари ва давлат дастурларида ҳам янги таҳрирдаги Конституция нормаларини мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига изчиллик билан жорий этишнинг туб сиёсий-назарий моҳияти, ташкилий-амалий механизмлари чуқур очиб берилган.
Халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан янгиланган Конституциямизда ўз аксини топган ҳаётий тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантириш зарур. Бинобарин, Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, “Биз кейинги вақтларда “Қонун – муқаддас, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтириш шарт!” деган эзгу тамойилни жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдорлар учун ҳаётий қоидага айлантириш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқдамиз”.
Ўзбекистон Президентининг дастурий маъруза ва нутқлари ҳамда фармон ва қарорлари, миллий тараққиёт стратегиялари ва давлат дастурларида Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига изчиллик билан жорий этишнинг туб сиёсий-назарий моҳияти, ташкилий-амалий механизмлари чуқур очиб берилган.
Шу ўринда 2023 йил 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинганини таъкидлаш мақсадга мувофиқ. Унда белгиланганидек, янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади.
Фармон асосида ўнлаб қонун ва қонуности ҳужжатлари янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияга мувофиқлаштирилди. Ушбу Фармон билан “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.
Шунингдек, 2023 йил 7 ноябрда Президентимизнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон билан давлат раҳбарининг 10 та фармони ва 4 та қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга ошириш, маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2024 йил 2 февралда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни ҳам қабул қилди. Фармон билан 4 та ҳужжат:
биринчиси, “Жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилиши таклиф этилаётган ваколатлар рўйхати”;
иккинчиси, “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тизимлаштириш таклиф этилаётган ваколат ва функциялари”;
учинчиси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини «Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким» тамойили асосида ташкил этиш юзасидан қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси”;
тўртинчиси, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар” тасдиқланди.
– Бу борада қабул қилинган қонунларда қандай нормалар белгиланган?
– Ўзбекистон Президенти 2024 йил 19 февралда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун билан тегишли қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган мутлақ ваколатларини ҳамда парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилишини, қонунчилик таклифларини илгари суриш тартиби ва қонунларни қабул қилишнинг янги тартиби амалдаги қонунчиликда белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Шунингдек, 2024 йил 17 октябрда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳокимларнинг ҳамда халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
– Бу борада давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органлари ҳамда суд тизими томонидан қандай ишлар бажарилмоқда?
– Айни йўналишда миллий парламент палаталари томонидан ҳам тегишли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан 2023 йил 15 майда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича «йўл харитаси» қабул қилиниб, 10 мингга яқин тарғибот тадбири ўтказилди ҳамда бепул онлайн курс яратилди.
Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2023 йил 3 октябрда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Қарор билан ҳукумат қарорлари билан тасдиқланган муайян низом ва регламентларнинг айрим бандларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми 2023 йил 23 июнда “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Унда Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини инобатга олиб, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва зарур ҳолларда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги юзасидан муҳим тушунтиришлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 2023 йил 5 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорини эълон қилди.
– Конституциявий нормалар жамиятимиз ва давлатимиз, таъбир жоиз бўлса, мамлакатимизда яшайдиган ҳар қайси инсон ҳаётида амал қилаётганини кўрсатиб берадиган ёрқин бир мисол келтириш мумкинми?
– Мамлакатимизда кейинги даврда бўлиб ўтган иккита сайловни олиб кўрайлик. Авваламбор, 2023 йили бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жамиятимизнинг сиёсий етуклигини, Янги Ўзбекистонни қуриш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор баралла намоён этди.
Яқинда, 2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар – бу борада навбатдаги муҳим қадамдир. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг замонавий конституциявий нормалари ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида миллий сайлов қонунчилиги тубдан такомиллаштирилгани ушбу сайлов жараёнларининг янада очиқ ва ошкора ўтишини таъминлади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар қандай қонун аввало уни билиш ва ҳурмат қилиш, унга сўзсиз риоя этиш орқали том маънода қонунийлик ҳамда амалийлик касб этади. Конституциянинг нормаларини ҳам айнан ана шу онгли итоаткорлик ҳаракатга келтиради.
Бу, авваламбор, мансабдор шахсларнинг ҳам, фуқароларнинг ҳам Конституцияни билишларини қатъий талаб этади. Юксак ҳуқуқий маданиятсиз Конституциянинг бой салоҳиятини тўлиқ амалга ошириш мумкин эмас. Аммо, Конституцияни билишнинг ўзи билан ҳам кифояланиб бўлмайди.
Шу маънода, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш билан боғлиқ хайрли анъана Асосий қонунимизда белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида фуқароларни жипслаштиришга хизмат қилишини таъкидлаш ўринлидир. Бу борада давлат раҳбарининг Конституция кунини нишонлашга оид фармойишларни тасдиқлаш амалиёти алоҳида аҳамият касб этади.
Ғулом Мирзо суҳбатлашди
«Ishonch» газетасининг 2024 йил 14 ноябрь кунги 143 (5051)-сони
- Қўшилди: 15.11.2024
- Кўришлар: 503
- Чоп этиш