Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан долзарб ва муҳим аҳамиятга эга юридик китоб – “БМТнинг жиноятчиликка қарши курашиш ва одил судловга оид халқаро шартномалари тўплами” нашр этилди.
Ўзбек тилида нашрдан чиққан ушбу тўплам “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 96-мақсади доирасида белгиланган 14-вазифа ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси қўшилган асосий халқаро ҳужжатларни давлат тилига таржима қилиш орқали фуқароларнинг улардан хабардорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур тўплам Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”нинг 6-бандида белгиланган “инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя этиш масалаларига бағишланган амалий қўлланма, шарҳ ва услубий адабиётларни тайёрлаш ва нашр этиш” вазифаси ижросини таъминлашга ҳам ҳисса қўшади.
Китобнинг масъул муҳаррири – академик Акмал Саидов. Тузувчилар – юридик фанлар доктори, профессор Мирзатилло Тиллабаев, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг Таҳририят-нашриёт бўлими бошлиғи Марианна Пальнова ҳамда ушбу бўлим етакчи мутахассиси Лобар Рузикулова. Саҳифалаш ишларини “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали масъул котиби Азамат Жуманиязов амалга оширган.
Тўпламдан БМТнинг жиноятчиликка қарши курашиш ва одил судловга оид жами 13 та халқаро шартномаси ўрин олган. Булар:
- Геноцид жиноятининг олдини олиш ва унинг учун жазолаш тўғрисидаги конвенция;
- Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танафурушликдан фойдаланилишига қарши курашиш тўғрисидаги конвенция ва Якунловчи баённома;
- Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги конвенция;
- Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияни тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш ҳақидаги баённома;
- Коррупцияга қарши конвенция;
- Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Маҳбуслар билан муомала қилиш бўйича минимал стандарт қоидалари (Мандела қоидалари);
- Маҳбуслар ёки ҳибсга олинган шахсларни қийноқ ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи турларидан ҳимоя қилишда соғлиқни сақлаш ходимларининг, айниқса, шифокорларнинг ролига тааллуқли тиббиёт этикаси принциплари;
- Суд органлари мустақиллигининг асосий принциплари;
- Юристларнинг ролига оид асосий принциплар;
- Суд таъқибини амалга оширувчи шахсларнинг ролига тааллуқли раҳбарий принциплар;
- Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг куч ва ўқотар қурол ишлатишининг асосий принциплари;
- Судялар ахлоқининг Бангалор принциплари;
- Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг ахлоқ кодекси.
Ушбу халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда адолат устуворлигини таъминлашга қаратилгани билан, айниқса, аҳамиятли. Уларда акс этган халқаро принципларнинг аксарияти миллий қонунчилигимизга қабул қилинган.
Тўплам давлат органлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, таълим муассасаларининг профессор ва ўқитувчилари, тадқиқотчилар, талабалар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш масалалари билан қизиқувчилар учун мўлжалланган.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 18.11.2024
- Кўришлар: 628
- Чоп этиш