Тошкент шаҳрида “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасидаги глобал чақириқлар ва таҳдидлар: замонавий стратeгиялар ва ечимлар” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан ташкил этилган тадбирда фан ва таълим соҳасидаги 150 дан ортиқ миллий ва хорижий экспертлар, етакчи олимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасининг тажрибали ходимлари, тадқиқотчилар иштирок этди.
Тадбирда таълим жараёнига инновацион ёндашувларни кенг жорий қилишга эътибор қаратилди. Бу борада ягона платформа яратиш, замонавий чақириқларни инобатга олган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва тергов фаолияти соҳасида кадрлар тайёрлаш борасида тажриба алмашиш зарурлиги қайд этилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва тергов фаолиятига оид қонунчилик базасини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ.
Коррупция, жиноий маблағларни қонунийлаштириш, терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда янги чақириқ ва тенденцияларни инобатга олиш муҳимлиги иштирокчилар диққат-марказида бўлди. Тергов фаолиятида рақамли криминалистиканинг аҳамияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида фан ва таълим, сунъий интеллектни қўллаш, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш устидан прокурор назорати самарадорлигини ошириш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари С.Ортиқова, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори А.Саидов, Олий суд раиси ўринбосари О.Исмоилов, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори С.Маҳл, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори раҳбари А.Карттунен, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ж.Хеник, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Е.Коленко ва бошқалар ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини самарали ташкил этишда фан ва таълимнинг аҳамиятига тўхталди.
Халқаро конференция доирасида "Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида фан ва таълим, сунъий интеллектни қўллашнинг долзарб масалалари", "Тергов фаолиятини ташкил этишга янгича ёндашувлар: рақамли криминалистиканинг роли", "Коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш: замонавий муаммолар ва тенденциялар", шунингдек, “Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш устидан прокурор назорати самарадорлигини ошириш масалалари” мавзуларида параллел сессиялар ўтказилди.
Ўтказилган сессиялар натижаларига кўра, конференциянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий ва таълим салоҳиятини ошириш, масъул органлар фаолиятида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, коррупцияга қарши стандартларни имплементация қилиш, терроризмни молиялаштириш ва жиноий активларни тиклаш, идоралараро ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган амалий тавсиялар қабул қилинди.
Халқаро илмий-амалий конференция материаллари тўплам шаклида чоп этилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 22.11.2024
- Кўришлар: 212
- Чоп этиш