Гендер асосида зўравонлик бутун дунёда учрайди, шу сабабли ҳар йили 25 ноябрда ушбу муаммога қарши кураш куни халқаро даражада нишонланади.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида 2024 йил 26 ноябрь куни "Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлашнинг долзарб масалалари: жорий ҳолат ва истиқболдаги вазифалар" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади. Конференция Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва "Оила ва гендер" илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилган. Ушбу тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида"ги Конвенцияси (CЕДAW) қабул қилинганлигининг 45 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказилмоқда.
– Мақсад – мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш, бу борада кенг жамоатчилик вакиллари, мутахассислар, халқаро ташкилотлар вакиллари фикрини ўрганиш, давлат томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида барчани бирлаштиришдан иборат. Эътироф этиш керакки, давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли «Инсон қадри учун» тамойили асосида зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Қонунларимиз такомиллаштирилди, жазо чоралари қатъийлаштирилди, ушбу иллатга қарши ишлайдиган аниқ тизим – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолияти йўлга қўйилди. Қисқа муддатда амалга оширилган ишлар ва бугунги натижаларимиз – бу борада қилиниши зарур бўлган ҳақиқий фаолиятга дастлабки қадамдир.
Ушбу тадбир давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова сўзга чиқиб, Ўзбекистонда аёлларнинг етакчиликдаги ўрни ва қарор қабул қилишдаги иштирокини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ва ташаббуслар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол иштирокини таъминлаш ҳамда уларга тенг имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларидан бири гендер тенгликка эришиш, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтириш учун зарур шароитларни яратиш аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Инсонни дунёга келтирувчи ҳамда вояга етказувчи мунис ва мўътабар аёл ҳуқуқи, унинг ҳуқуқий маданияти, манфаатлари ва ҳурматини алоҳида таъкидлаб, юртбошимиз шундай деган эди: ”Аёлларни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули деб эъзозласак, демакки оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз”. Шу боис аёлларнинг оиладаги, давлат ва жамият қурилишидаги ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бугунги куннинг ўта долзарб масаласидир дея таъкидлаб ўтди.
Ҳозирги давр, барча соҳадаги каби оила масаласини, хусусан эр билан хотин, ота-она ва болалар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, фарзандлар тарбияси сингари масалаларни тўғри ва ижобий ҳал этишни кўндаланг қилиб қуймоқда. Зеро бу борада оила муҳитини яратувчи, миллатни тарбияловчи аёл роли бугун биринчи ўринга чиқди.
Иштирокчилар гендер зўравонликка қарши миллий тажрибанинг асосий сабоқлари, болаларни ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликдаги сўнгги ютуқлар ва аёллар ҳамда болаларга нисбатан зўравонликка қарши комплекс ёндашув муҳимлигини муҳокама қилишди.
Юртимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳар доим ҳам давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилган.
Барчамиз ёдда тутишимиз зарур. Барча хотин-қизлар давлат ҳимоясида. Ҳеч ким уларни таҳқирлашга, ҳуқуқларини поймол этишга ва эркинлигини чеклашга ҳақли эмас!
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
- Қўшилди: 26.11.2024
- Кўришлар: 659
- Чоп этиш