Сайлов – демократик давлатнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб, фуқаролар овози ёрдамида давлат ҳокимияти вакиллик органлари таркибини шакллантириш воситасидир. Сайловлар халқ иродасини ифода этиб, давлат бошқарувида бевосита ёки сайланган вакиллар орқали иштирокни таъминлайди.
Сайлов ҳуқуқига оид халқаро стандарт, принцип ва андозалар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қатор универсал халқаро шартномаларида белгиланган. Хусусан, 1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблея томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 21-моддасида ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эгалиги ҳамда халқ иродаси ҳокимият асоси экани кўрсатилган. Бу ирода даврий бўлиши, сохталаштирилмаслиги, ялпи ва тенг ҳуқуқ асосида, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда аксини топиши лозимлиги фундаментал нормалар тарзида мустаҳкамланган.
БМТ томонидан қабул қилинган яна бир ҳужжат, яъни Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 25-моддасига мувофиқ, ҳар бир фуқаро камситишсиз ҳамда асоссиз чекловсиз бевосита ва эркин сайланган вакиллар орқали давлат ишини бошқаришда қатнашиш, эркин хоҳиш-иродани таъминловчи чинакам даврий сайловларда овоз бериш ва сайланиш ҳуқуқига эгалиги кафолатланган.
Бундан ташқари сайлов ҳуқуқига оид тамойиллар 1965 йил 21 декабрда қабул қилинган Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг 5-моддаси ҳамда 1963 йил 20 ноябрда қабул қилинган шу ҳақдаги БМТ декларацияси 6-моддасига ҳам киритилган.
Мамлакатимиз давлат раҳбари бошчилигида ортга қайтмас демократик ислоҳотлар, самарали ташаббуслар даврини бошдан кечирмоқда. Бу жараёнда сайловга оид умумэътироф этилган халқаро стандартга тўла мос миллий сайлов тизимини шакллантириш ва бунинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш, сайлов қонунчилигига халқимизнинг миллий қадриятларини мужассамлаштирган ва шу билан бирга умуминсоний принципларга хос хоҳиш-иродасини янада кенгроқ сингдириш билан боғлиқ кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Бу борада алоҳида эътирофга сазовор ислоҳотлардан бири 2019 йил 25 июнь куни Президент томонидан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси имзоланишидир. Мазкур ҳужжат фуқаролар сайлов ҳуқуқи кафолати, Президент, Олий Мажлис, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов, Марказий сайлов комиссияси билан боғлиқ тарқоқ ҳолдаги қонунлар ҳамда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга оид қатор низом ва йўриқномаларни ягона ҳужжатга бирлаштириш орқали яратилди.
Қайд этиш жоиз, Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлашда Франция, Бельгия, Бразилия, Беларусь, Озарбайжон каби 50 дан ортиқ илғор хорижий давлат тажрибаси ўрганилиб, халқаро ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганлик бўйича Венеция комиссияси тегишли хулосаси олинди. Шунингдек, жараёнда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тавсияларидан фойдаланилди. Ижтимоий хавфи жиддий бўлмаган, енгилроқ жиноят содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишига рухсат берилди. Қуйи палатанинг барча депутатлари бевосита фуқаролар томонидан сайланиши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари сайловда кузатувчи сифатида иштирок этиши, сайловчи бир ёки бир неча сиёсий партияни ёхуд президентликка номзодни қўллаб-қувватловчи имзо қўйишга ҳақли экани мустаҳкамлаб қўйилди.
2023 йил 30 апрелда ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда улкан воқеа – Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасини маъқуллаш учун умумхалқ референдуми ўтказилди. Шу куни сайловчиларнинг 90,2 фоизи Қонуннинг 1-моддасига илова қилинган Конституциянинг Янги таҳририни ёқлаб овоз берди. Натижада Асосий қонундаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар эса 275 тадан 434 тага етди. Умуман, Конституция 65 фоиз янгиланди.
Янги конституциянинг 7-моддасида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи экани, 36-моддасида эса фуқаролар жамият ва давлат ишини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги каби демократик руҳдаги меъёрлар акс этди.
Ҳужжатда демократик сайлов тамойили Конституциявий асосда қатъий мустаҳкамланди, қатор моддаларда фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи кафолатланди.
Бош қомусимизнинг алоҳида ХХII боби айнан сайлов тизими, фуқароларнинг сайловга оид асосий ҳуқуқлари кафолатига бағишланган. Масалан, 128-моддада ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши, ўн саккиз ёшга тўлган фуқаро сайлаш ҳуқуқига эгалиги, сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри ҳуқуқ асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши белгиланди. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз, деб топилган фуқаролар, оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлик учун суд ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суд қарори асосида маҳрум этилиши мумкинлиги кўрсатилди.
129-моддага биноан, сайловни ташкил этиш ва ўтказишга оид асосий тамойиллар фаолиятида мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатга таянувчи Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилиши, комиссия фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларигагина амал қилиб иш кўриши лозимлиги шарт қилинди.
Конституциявий ислоҳот натижасида юртимизда яна бир янги институт тузиш имкони яратилди. Энди сайлов ҳуқуқига эга юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаро ўз таклифини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиши мумкин. Бу – бевосита қонун ижодкори сифатида фуқаролар шахсан ташаббус илгари суриши мумкин, дегани.
Жорий йил 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов бўлиб ўтди. Ўзбекистон тарихида илк бор қуйи палатага сайлов аралаш, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилди. Янги тартибга кўра, 150 депутатнинг 75 нафари бир мандатли, қолган ярми ягона округ бўйича сиёсий партияларга берилган овозга мутаносиб равишда муайян партия томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида сайланиши белгиланди.
Рўйхатга киритилган 15 миллиондан зиёд фуқаро ёки 74,72 фоиз фуқаро иштирок этган сайловда хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун овоз бериш имкони яратилди. 40 мамлакатда ташкил этилган 57 сайлов участкасида жами 140 388 нафар ватандошимиз ўз танловини билдирди.
Мамлакатимиздаги парламент сайлови халқаро жамоатчилик ва экспертлар томонидан илиқ қарши олинди. Мазкур йирик сиёсий тадбирни 65 минг зиёд маҳаллий, 850 дан ортиқ хорижий ва халқаро кузатувчи кузатиб, 1 000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий ОАВ вакили кенг ёритиб борди.
Кузатувчилар сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида, эркин ва демократик, соғлом рақобат ва сиёсий кураш муҳитида, очиқлик ва шаффофлик руҳида ўтганини эътироф этдилар.
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида иштирок этаркан, янги сайланган ва мандатга киришаётган депутатларга қарата шундай деди:
–Сиз жойлардаги одамларнинг вакили, халқнинг овозисиз. Буюк халқимиз билдирган ишончга муносиб бўлишингиз керак. Ҳар бир масалага ёндашувда, қонунлар ишлаб чиқишда узоқ-яқин туманлардаги инсонларни кўз олдингизга келтириб, фақат бугунни эмас, келажак авлодларни ҳам ўйлаб иш тутсангиз, элимиз сиздан рози бўлади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, халқнинг хоҳиш-иродасини тўла ифода этган ҳамда Конституция билан кафолатланган Ўзбекистон миллий сайлов тизими ва шу асосда ўтказилган сайлов мамлакатимизда собитқадамлик билан амалга оширилаётган дадил демократик ислоҳотлар амалда рўёбга чиқаётгани, юксак самара бераётганининг ёрқин далилидир.
Холмуҳаммад Абдурасулов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази етакчи мутахассиси
ЎзА
- Қўшилди: 03.12.2024
- Кўришлар: 389
- Чоп этиш