Мустақиллик йиллари мамлакатимизда маҳалла институтини ривожлантириш йўлида ҳаётбахш ислоҳотлар изчил ва тадрижий асосда амалга оширилмоқда. Истиқлол шарофати билан давлатчилигимиз тарихида биринчи марта “маҳалла” тушунчаси Асосий қонунимизга киритилди, мазкур тизимнинг жамият бошқарувидаги ўрни ва конституциявий мақоми қатъий белгилаб қўйилди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари асосида кейинги саккиз йилда маҳалла институтининг конституциявий-ҳуқуқий мақоми тубдан мустаҳкамланди. Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” номли биринчи фундаментал асарида, жумладан, конституциявий ислоҳотни амалга ошириш заруратининг туб сабаблари очиб берилган.
Конституциявий ислоҳот объектив заруратининг асосий сабабларидан бирига кўра, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти ва ролини ошириш керак. Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳаётининг энг долзарб ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий масалалари ечимида маҳалла институтининг ўрни беқиёс. Айни пайтда ушбу ноёб тузилма ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати изчил кучайтирилиши, кўплаб бошқарув функцияларининг аксарияти халқнинг ўзига, фуқаролик жамияти институтларига берилишида фаол иштирок этмоқда, деб таъкидланган Президентимизнинг китобида.
Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли навбатдаги салмоқли сиёсий асари нашрдан чиқди. Китобнинг “Маҳалла – Ватан ичра мўъжаз ватан” деган алоҳида фаслида қайд этилганидек, “жамият ва давлатнинг тараққиётини “инсон – хонадон – маҳалла – туман – вилоят – республика” принципига асосланган барқарор ривожланиш орқали таъминлаш мумкин”.
Давлатимиз раҳбарининг конституциявий ислоҳот бошидаёқ билдирган бир қатор таклифлари эркин ва адолатли фуқаролик жамияти ривожланиши билан боғлиқ масалаларни ўзида қамради. Бунда халқимиз учун жамият, аввало, маҳалладан бошланади, деган ибратли ақидага катта эътибор қаратилди.
Президентимиз янги таҳрирдаги Конституцияда: биринчидан, маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифаларини аниқ белгилаб қўйиш; иккинчидан, маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиш бўйича ваколатлари алоҳида белгиланишини таклиф этди. Ўз навбатида, Ўзбекистон халқи Конституцияга киритиш таклиф этилган шу каби янги норма ва қоидаларни онгу тафаккури, қалбидан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатини билдирди.
Маҳалла деганда, дунёда камдан-кам учрайдиган, инсонни жамият билан уйғун ва бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган, халқ билан давлат ўртасида ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб ижтимоий тузилмани тушунамиз. Демак, маҳаллани давлат органи эмас, балки фуқаролик жамияти институти сифатида эътироф этиш лозим.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 69-моддасида давлатимиз раҳбарининг айни шундай ёндашуви қуйидаги нормада ўз аксини топди: “Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади”.
Яъни, бир томондан, Асосий қонунимизга “фуқаролик жамияти институтлари” ибораси киритилди. Иккинчи томондан, маҳаллалар ва оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институтлари қаторида қайд этилди.
Фуқаролик жамияти институтларининг мақоми конституциявий даражага кўтарилиши, Президентимиз таъбири билан айтганда, бутун давлат бошқарув тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга – “Янги шахс”, “Янги фуқаролик жамияти”, “Янги демократик бошқарув тизими” даражасига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Академик Акмал Саидовнинг эътироф этишича, Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиши ва улар фаолияти кафолатларининг белгиланиши жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.
Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон – дунёвий давлат, деб белгиланди. Дунёвий давлат – диний ташкилотлар давлатдан ажратилган, давлат бошқаруви диний қоидалар билан эмас, Конституция ва қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинадиган давлат ҳисобланади.
Дунёвий давлат виждон ва дин эркинлигининг мавжудлиги, давлатнинг жамият ҳаётида фуқаролар томонидан эътиқод қилинаётган динларга тенг ва бирдек бетараф муносабатда бўлиши ҳамда ҳеч қайси диннинг давлат дини сифатида ўрнатилмаслиги билан тавсифланади. Фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилиниши маҳалла ҳаётида, айниқса, яққол намоён бўлади.
Конституциявий ислоҳот натижасида барча масалалар ечими чинакам халқ овози бўлган маҳалла даражасига туширилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги белгилаб қўйилди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда мазкур кафолатнинг белгиланиши:
· маҳаллаларга ўз ҳудудини мустақил бошқариш;
· аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб давлат билан шериклик асосида муаммоларни ҳал этиб бориш;
· ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш;
· самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
· аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун муҳим имкониятларни тақдим этади.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда маҳаллаларга аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал қилиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколатларини бериш, бунинг учун ташкилий ва молиявий имкониятлар яратиш белгиланди. Буларнинг барчаси, давлат ҳокимиятида ҳисобдорлик, шаффофлик, самарали қарор қабул қилиш ва унинг натижадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Энг асосийси, давлатимиз раҳбарининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” ғояси асосида жорий йил 2-5 октябрь кунлари Самарқандда “Аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусидаги Биринчи халқаро конференция ўтказилди. Ушбу халқаро анжуманда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалаларда маҳалланинг иштироки, “маҳалла еттилиги” фаолияти атрофлича таҳлил қилинди.
Конференция якунлари бўйича БМТнинг юртимиздаги ваколатхонаси ва бошқа ҳамкор халқаро ташкилотлар томонидан якуний Декларация имзоланганди. Яқинда БМТ Бош қароргоҳида мазкур Декларация 194 давлат вакиллари томонидан расмий ҳужжат сифатида қабул қилинди.
БМТнинг олтита расмий тилда эълон қилинган ҳужжатда Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маҳалла институтининг жамиятдаги мавқеини юксалтиришга катта аҳамият берилаётганлиги таъкидланган. Маҳалла тизимининг ролини кучайтириш ва ваколатларини кенгайтириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилган.
Декларацияда конференция хулосалари сифатида халқаро ташвиқотни кучайтириш ва жаҳон ҳамжамиятини Ўзбекистонда мавжуд ўзини ўзи бошқаришнинг ўзига хос “маҳалла” тизими билан таништириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек:
· халқаро ўзини ўзи бошқариш ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
· маҳалла тизими ходимлари фаолиятини давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлаш;
· фуқаролар ўртасида тинчлик, миллатлараро дўстлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналар билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда бугунги тез ўзгарувчан ва хавфли дунёда ЮНИCЕФ маҳаллани Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга оширишнинг кучли платформаси сифатида кўриши баён қилинган.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маҳаллаларни фуқаролик жамиятининг муҳим элементи сифатида эътироф этиши ва уларни тенглик асосидаги дастурлар орқали қўллаб-қувватлаши билдирилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда яшайдиган ҳар бир инсоннинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилишга кўмаклашиш ғояси Янги Ўзбекистон учун энг устувор аҳамият касб этади. Шунинг учун жойларда хонадонбай, маҳаллабай ишлаш, маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” ва уларда яшовчи аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими изчил кучайтирилмоқда.
Шундай қилиб, халқимиз учун маҳалла Ватаннинг азиз парчаси, доимо ардоқлаб-эъзозланадиган гўша ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Маҳалла биз барпо этаётган янги жамият – инсон қадри улуғланадиган, ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган, қонун устуворлиги мустаҳкам қарор топадиган очиқ ва адолатли фуқаролик жамиятининг асосидир”.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 03.12.2024
- Кўришлар: 477
- Чоп этиш