Жаҳон банк тизими ва глобаллашув даври муаммолари

4 декабрь — Халқаро банк куни

Бугун нишонланаётган Халқаро банк куни ҳар йили барча мамлакатларда тизимнинг муҳим аҳамиятини таъкидлашда муҳим омил вазифасини ўтайди. Молия ва банк тизими ҳар қандай жамият учун тараққиёт, тадбиркорлик муҳитини шакллантириш, инвестиция жалб қилиш ва ижтимоий фаровонликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу маънода Халқаро банк куни жаҳон банк тизимида юзага чиқаётган муаммоларни очиқ айтиш имконини беради. Қолаверса, ушбу соҳанинг иқтисодий тараққиёт учун афзаллигини атрофлича тарғиб этади.

1929 йил асос солинган мазкур санани халқаро миқёсда нишонлашдан банкларнинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни, молия хизматининг аҳамияти ва бундай институтлардан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш ва тушунтириш мақсади ҳам кўзланади. Яъни, банклар нафақат савдо амалиётини амалга ошириш, балки инвестиция жалб қилиш, иқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш, тадбиркорликни рағбатлантириш, ижтимоий барқарорликни сақлаш сингари муҳим вазифаларни ҳам бажаради.

Халқаро банк куни банк ва молия муассасалари ҳамкорлиги ва инновациянинг аҳамиятини янада кенг очиб беришга ёрдам беради. Зеро, банклар молия соҳасидаги муаммоларга ечим топиш, рақобатни кучайтириш орқали ривожланишга кўмаклашиш учун янги усул, технологияларни жорий қилишда алоҳида фаоллик кўрсатади.

Глобал банк тизими барқарор хусусиятга эга бўлса-да, айрим муаммоларга дуч келаётгани ҳам бор гап. Баъзи шундай масалалар муайян давлатлар тараққиётига жиддий салбий таъсир этмоқда.

Масалан, молиявий инклюзия пастлиги оқибатида ҳар йили миллиардлаб одам молиявий хизматга кириш имкониятидан маҳрум. Бу ҳолат айниқса ривожланаётган давлатларда кенг тарқалган. Зотан, аксар аҳоли банк ҳисоб рақамидан фойдаланмайди, маблағини омонатга қўйиш ёки кредит олиш имконига эга эмас. Айни молиявий муаммо иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилади.

Дунёдаги кўплаб банклар ўртасидаги рақобат номақбул ва заиф. Аксарият молия тузилмалари инновация жорий қилишда сусткашликка йўл қўйиши самарадорликка таъсир кўрсатади. Бинобарин, технология жадал ривожланаётган бугунги даврда рақамли хизмат, молиявий технология компаниялари анъанавий тизимга муқобил, яъни рақобатчи сифатида майдонга чиқмоқда.

Тизимда хавфсизликка доир ва маъмурий муаммолар ҳам мавжуд. Хусусан, кибер хуруж ва ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам банклар учун жиддий муаммога афланяпти. Негаки, молиявий хизмат рақамлашуви туфайли хавфсизликка нисбатан талаб ортади. Банклар зиммасига молиявий амалиёт хавфсизлигини таъминлаш, махфийликни сақлаш борасида улкан масъулият тушаётгани бежиз эмас.

Айрим банклар мислсиз сарф билан ишлаши хизматлар нархини оширади. Транзакция харажати ва комиссия миқдори кўп ҳолларда иқтисодий ривожланишни чеклайди. Айни муаммо, айниқса, банк хизматидан фойдаланиш нархи баланд бўлган ривожланаётган давлатларга сезиларли салбий таъсир кўрсатади.

Ривожланаётган давлатларда банк тизими икки асосий вазифани бажаради: иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва молиявий инклюзияни рағбатлантириш. Бу жараёнда банклар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва одамларни молиявий хизматларга жалб этишни таъминлаш учун муҳим механизмга айланади.

Банклар ривожланаётган давлатларда инвестиция киритиш ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиялаштиришда ҳал қилувчи ўрин эгаллайди. Шу орқали янги иш ўринлари очилади, иқтисодий ўсиш рағбатлантирилади.

Ривожланаётган давлатларда банклар кичик ва ўрта бизнесни молиялаштирувчи, аҳолини омонат ва кредит орқали тизимга олиб кирувчи асосий манба ҳисобланади. Молиявий инклюзия кўлами кенгайиши эса инсонларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Ҳамид Равшанов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech