11 декабрь – Халқаро тоғлар куни
1992 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга бағишланган халқаро конференцияда Халқаро тоғлар куни таъсис этилган. 2002 йил БМТ томонидан “Тоғлар йили” деб номланиб, ўша йилнинг 20 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 57-сессиясида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ 11 декабрь “Халқаро тоғлар куни” деб эълон қилинган.
Халқаро тоғлар кунини ўтказишдан мақсад дунё ҳамжамиятини тоғлардаги табиий захиралардан оқилона фойдаланиш, бу ҳудудлардаги биохилма-хилликни асраш, тоғли минтақалар аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилашдан иборат. Ҳар йили ушбу сана турли мавзуларга бағишланади.
Маълумотларга кўра, сайёрамизда қуруқликнинг 27 фоизидан кўпроғини тоғлар ташкил этади. Дунё аҳолисининг 15 фоизи тоғли минтақаларда истиқомат қилади. Бугун тоғли ҳудудларда яшаётган ҳар учинчи одам озиқ-овқат хавфсизлигдан азият чекмоқда.
Тоғлар Ер юзининг тўртдан бир қисмига яқинини ташкил этади. Тоғлар бир неча минг йиллар давомида инсоният учун бошпана вазифасини ҳам ўтаган. Одамлар тоғлардаги ғорларда яшаб, ваҳший ҳайвонлар, совуқ ҳаво ва бошқа хатарлардан сақланишган.
Тоғлар ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ноёб турлари учун қўриқхона, ернинг барча асосий дарёлари учун сув манбаидир. Тоғлар булутларнинг шаклланишига, шамолларнинг тўсилишига ўз ҳиссасини қўшади.
Дунё аҳолиси тахминан ярмининг фаровонлиги тоғ тизмалари таркибидаги сув, озиқ-овқат ва энергия манбаларига боғлиқ. Аммо уларнинг барчаси иқлим ўзгариши, ерларнинг бузилиши, ҳаддан ташқари эксплуатация ва табиий офатлар туфайли хавф остида қолмоқда. Тоғларни муҳофаза қилишни таъминламай туриб, биз барқарор иқтисодий ривожланишга эриша олмаймиз.
Иқлим ўзгариши тоғларнинг ҳолатига энг ёмон таъсир қилади. Тоғларда яшовчилар энг кўп очлик ва қашшоқликдан азият чекмоқда. Ҳароратнинг кўтарилиши натижасида музликларнинг эриши водийларда офатларга таҳдид солмоқда.
Шунингдек, деҳқончиликнинг барқарор бўлмаган амалиёти, тоғлардан табиий бойликларни қазиб олиш, дарахтларни кесиш ва браконерлик тоғ биологик хилма-хиллигига катта зарар етказмоқда. Бундан ташқари, ердан фойдаланиш ва ер қопламининг ўзгариши ҳамда табиий офатлар биохилма-хилликнинг йўқолишини тезлаштиради ва атрофни тоғли жамоалар учун мўрт ва беқарор қилади.
Экотизимнинг таназзулга учраши, тирикчиликнинг йўқолиши ва тоғларга кўчиб ўтиши маданий урф-одатлар ва авлодлар давомида биохилма-хилликни қўллаб-қувватлаб келган қадимги анъаналардан воз кечишга олиб келиши мумкин. Шу маънода, тоғ биологик хилма-хиллигини барқарор бошқариш тобора кўпроқ глобал устувор вазифа сифатида эътироф этилмоқда.
Тоғлар – табиатнинг энг нодир гўзалликларидан бири. Олимлар яқин-яқингача тоғларнинг вазифаси нима эканини билишмас эди. Илм-фан ривожланиб, тараққий этганидан сўнг тоғларнинг бир қанча вазифалари борлигини кашф этдилар.
Тоғлар ўзининг шакли ва ер остига чуқур кириб боргани сабабли ер қатламлари сурилиб кетишининг олдини олиб, қозиқ сифатида уларни ушлаб туради. Ернинг устки плиталари кесишган жойда тоғлар мавжуд бўлиб, икки плита бирлаштирилиб, устига тоғлар ҳуддики мих каби қоқиб қўйилган. Улар ернинг барқарориги ва силкиниб кетмаслигини таъминлайди.
Тоғлар сувнинг тоза, пок ҳолда сақланишига ҳам катта ҳисса қўшади. Улар ўз устида катта миқдордаги чучук сув захирасини қор ва муз кўринишида сақлайди. Маълумки, дунёдаги барча уммонлар ва денгизларнинг сувлари шўр бўлиб, тўғридан-тўғри ичишга яроқсиздир. Инсоният фақат дарё сувларини ичади.
Тоғлар ўзидаги сув захираси ва ўзига хос ландшафти туфайли ер юзидаги ўсимлик дунёсининг мувозанатини бир маромда сақлашга ҳисса қўшади.
Тоғлар ўзига хос шакли туфайли водийларни вужудга келтирган. Маълумки, водийлар дарёлар оқадиган жойларда пайдо бўлади. Тоғлар эса дарёларнинг пайдо бўлишига, тоғ ён бағирларига, пастликларга қараб оқишига сабаб бўлади.
Агар тоғлар бўлмаганда, текис йўлларнинг вужудга келишига имкон бўлмасди. Юз миллионлаб йиллар давомида Ер юзи рельефи шаклланиши тарихини ўқиган киши тоғлар, даралар, йўллар пайдо бўлишига сабаб бўлган тектоник силжишлар ҳамда плиталар тўқнашуви нақадар аҳамиятга эга эканини англаб етади. Ана шундай ҳодисалар натижасида тоғлар орасида текис йўллар, даралар юзага келиб, одамлар ўша йўллардан минг йиллардан бери қийинчиликсиз юриб ўтадилар.
Тоғлар хилма-хил рангда бўлиб, баъзилари қизил-қўнғир, баъзилари қора, айримлари эса оқ рангда бўлади. Улар атрофнинг гўзаллигига гўзаллик қўшади. Улар ўз кўриниши билан Буюк Яратувчининг қудратидан далолат беради.
Аллоҳ таоло тоғларни Ернинг барқарорлиги, унда ҳаётнинг тинч, гўзал давом этиши, ўсимликларнинг мувозанати, ичимлик сувининг пок ҳолда сақланиши, инсоният ва барча жонзотлар қулай шароитларда яшаши учун яратиб қўйган.
Инсон тоғлар ҳақида тафаккур қилар экан, оламнинг моҳиятини англай бошлайди гўё...
Лазизбек Холиқулов,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
бош мутахассиси
- Қўшилди: 11.12.2024
- Кўришлар: 357
- Чоп этиш