Акмал Саидов “Медиаҳуқуқ – 2024” халқаро илмий-амалий конференциясида онлайн иштирок этди

12 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов Россия Миллий тадқиқот университети “Иқтисодиёт олий мактаби” томонидан ташкил этилган “Медиаҳуқуқ – 2024” мавзуидаги XXXIII халқаро илмий-амалий конференцияда онлайн тарзда иштирок этди.

Тадбирда Россия Федерецияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ва  Давлат Думаси аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари олимлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда бир қатор мамлакатларнинг жамоат ва сиёсий арбоблари иштирок этди.

Конференция давомида А.Саидов “Сунъий интеллект ва рақамли парламентнинг келажаги: ҳозирги кун муаммоларини глобал тартибга солишда парламентарийларнинг роли” мавзусида нутқ сўзлади.

Таъкидланганидек, парламент амалиётида сунъий интеллектдан фойдаланиш қонун лойиҳаларини янада самарали бошқариш, мажлис транскрипциясини автоматлаштириш, қонун лойиҳасига оид турли материалларни тез таржима қилиш каби ижобий жиҳатларга эга. Шу билан бирга сунъий интеллект фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини кузатиш ва парламент фаолиятига оид тизимларнинг киберхавфсизлигини таъминлашга катта техник кўмак бўлиб хизмат қилади.

Илмий-амалий конференцияда, шунингдек, глобаллашув ва технологик ривожланиш даврида алгоритмларнинг шаффофлигини таъминлаш, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, камситиш ва маълумотларни суиистеъмол қилишнинг олдини олиш, демократик институтларга нисбатан жамоатчлик ишончини сақлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланишда миллий парламентлар ўртасидаги глобал ахлоқий-ҳуқуқий муносабатларни ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.

Янада тинч ва барқарор келажак учун фан, технология ва инновациялардан фойдаланиш тўғрисидаги Женева декларацияси, “Сунъий интеллектнинг демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига таъсири тўғрисида”ги резолюция ҳамда Парламентлараро Иттифоқнинг Фан ва технологиялар этикаси тўғрисидаги хартиясида белгиланган нормалар ушбу йўналишдаги парламентлараро алоқаларнинг кун тартибини тартибга солувчи муҳим ҳужжатлар эканлигига эътибор қаратилди.

Сунъий интеллект каби юқори технологияларнинг ривожланиб бораётганлигининг ижобий томонлари кўп. Шу билан бир қаторда, улардан парламент фаолияти, хусусан, қонун ижодкорлиги соҳасида масъулият билан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Бунинг учун, энг муҳими, аҳоли ва сайловчиларнинг парламентга бўлган ишончи ва парламент фаолияти шаффоф тарзда йўлга қўйилганлигини таъминлаш мақсадида, авваламбор, сунъий интеллектдан фойдаланиш этика ва кўникмаларини шакллантириш, дискриминациянинг олдини олиш, алгоритмларнинг тенглик тамойилларига риоя қилиши ва ижтимоий тенгсизлик кучайишига олиб келмаслиги каби долзарб масалаларни юридик жиҳатдан тартибга солиш лозимлиги қайд этилди.

Тадбир якунида томонлар сунъий интеллектдан фойдаланишда парламентарийларнинг масъулиятини оширишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашиб боришга келишиб олдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech