Ўзбекистоннинг ижтимоий-маънавий ривожланишида маҳалла институтининг ўзига хос ўрни бор. У қадимдан халқимизнинг турмуш тарзига сингиб кетган ва ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган. Маҳалла – нафақат яшаш ҳудуди, балки ўзининг ўзига хос маънавий ва ижтимоий моҳияти билан жамиятнинг барқарорлиги, уйғунлиги ва тараққиёти учун зарур тизим ҳисобланади.
Маҳалла, хусусан, жамиятдаги маънавий қадриятларнинг сақланиб қолишида ва унинг муҳим ижтимоий, маънавий аҳамиятини кучайтиришда катта роль ўйнайди. Ҳар бир ҳудудда, айниқса, қишлоқ жойларида маҳалла ўзининг қадимий анъаналари, урф-одатлари билан жамиятни шакллантиришда катта ўрин тутади.
Бугунги кунда маҳалла болалар тарбиясида ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Маҳалла фақат жисмоний тарбияни эмас, балки маънавий, ижтимоий ва ахлоқий тарбияни ҳам таъминлайди.
Маҳалланинг болалар тарбиясидаги роли нафақат анъаналарга таянган ҳолда, балки жамиятдаги янгиланишларга ҳам мос равишда амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг янгича сиёсати ва ислоҳотлари, айниқса, маҳалла тизимининг ривожланиши ва ёш авлодни тарбиялашда ўзининг алоҳида ўрнини кўрсатди.
Маҳалла – тарбия маскани ҳамдир. Маҳаллада улғаяётган ҳар бир боланинг ахлоқ-одоби учун бутун маҳалла аҳли масъул ҳисобланади. Шунинг учун ҳам «Бир болага етти маҳалла ота-она» каби нақллар бежиз пайдо бўлмаган. Маҳалланинг ҳар бир ёш тақдирига жавобгарлиги, уларни назорат ва тарбия қилиши баркамол инсонни вояга етказишнинг негизидир.
Шу билан бирга, маҳалла институтининг ривожланиши ёшлар ва болаларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда, миллий қадриятларни, ахлоқий меъёрларни сақлашда ва янги замон талабларига мослашишда муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистондаги кенг қамровли ислоҳотлар орқали маҳалла тизими ўзининг аҳамиятини янада ошириб, жамиятни ижтимоий барқарорликка эришишида муносиб ҳисса қўшишда давом этмоқда. Зеро, Ўзбекистоннинг баркамол ва етук ёш авлодини тарбиялаш, юртимизнинг ривожланишига ҳисса қўшиш, жамиятдаги барча қатламлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан ҳисобланади.
Шу маънода, 2022 йил 19 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани бежиз эмас. Мазкур қарор асосида ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмлари жорий этилди.
Яъни, ёшлар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш мақсадида ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Ҳозирги кунда маҳаллаларда ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар ёшларнинг тарбиясида муҳим роль ўйнамоқда.
Ўзбекистон бола ҳуқуқларини янада такомиллаштириш мақсадида ўзининг халқаро мажбуриятларига, жумладан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ қабул қилинган мажбуриятларга содиқ бўлиб келмоқда. Мазкур сиёсатни такомиллаштиришда БМТ конвенциявий органлари, ЮНИСЕФ ва халқаро экспертларнинг тавсияларига катта эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитанинг 2022 йил бўлиб ўтган 91-сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидалари бажарилиши юзасидан Бешинчи даврий ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари юзасидан таклиф ва тавсияларида болаларни тарбиялашнинг ижобий, зўравонликсиз ва иштирокчи шаклларини, оилада, маҳаллада ва мактабда интизом ва муносабатни ўзгартиришга кўмаклашиш, шу жумладан, хабардорликни ошириш лозимлиги таъкидланган.
Мазкур тавсияларни амалиётга татбиқ қилиш мақсадида мамлакатда болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.
Биринчидан, 2023 йил 11 апрель куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилингани алоҳида аҳамият касб этганини қайд этиш айни муддаодир.
Қонунда оилавий ва маиший зўравонлик учун, таъқиб қилиш, шаҳвоний шилқимлик, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарлик кўз тутилган. Айни чоғда, аёлларни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш, турмуш қуришга мажбурлаш ёки тўсқинлик қилиш учун ярашиш институтини қўлламаслик ҳам белгиланган.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 2024 йил 14 ноябрь куни “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонун билан болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига берилган таърифлар сони учтадан (жисмоний, жинсий, психологик) олтитагача (ғамхўрлик қилмаслик, эксплуатация, буллинг) кенгайтирилди.
Қонун билан ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг жавобгарлиги оширилди. Хусусан, улар болаларнинг ҳаётини асраш, уларга ғамхўрлик қилиш, меҳр-муҳаббат кўрсатиш ва соғлиққа зарар етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилишлари ҳамда тарбия усуллари дағал, шафқатсиз бўлмаслиги, инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага йўл қўймаслиги белгиланди.
Иккинчидан, аҳолининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги хабардорлигини ошириш тадбирлари изчил амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурида аҳолининг бола ҳуқуқлари бўйича хабардорлигини ошириш тадбирлари белгиланди. Шунингдек, таълим муассасаларида «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» ўқув курслари жорий этилди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида фуқароларнинг бола ҳуқуқларидан хабардорлигини ошириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 2023 йил 1-10 декабрь кунлари “Инсон ҳуқуқлари” ўн кунлиги тадбирлари ўтказилиб, мамлакатдаги умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кунга бағишланган умуммиллий дарс ўтказилди.
Бундан ташқари, 2024 йил апрель ойида БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 35 йиллигини нишонлашга бағишланган тадбирлар дастури қабул қилинди. Унинг доирасида бола хуқуқларини таъминлаш тўғрисида аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган тарғибот, маънавий-маърифий, ўқув, илмий ва оммабоп тадбирлар ташкил қилинмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, маҳалла – ёш авлодни баркамол тарбиялашда муҳим роль ўйнайдиган ижтимоий маскан. У миллий қадриятларни асраш, ёшларни маънавий ва жисмоний ривожлантиришда асосий институт сифатида ўз аҳамиятини йўқотмайди.
Халқаро экспертлар фикрига кўра, маҳалла институтининг такомиллашуви ва унинг замонавий ёндашувларга мослашиши, унинг ёшларни тарбиялашда янада самарали воситага айланишини таъминлайди. Маҳалла тизими, ўзининг янги ёндашувлари билан, нафақат халқимиз, балки бутун дунё бўйлаб ёшларни ривожлантиришга ва жамиятнинг барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшиши тайин.
Ҳусниддин Холмаматов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги
таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бош мутахассиси
- Қўшилди: 18.12.2024
- Кўришлар: 205
- Чоп этиш