(Президент Ш.М.Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобида баён этилган давлатимиз минтақавий сиёсати талқини)
Ватанимиз дунёга, дунё эса юртимизга кенг очилмоқда. Минтақамиз ва бутун жаҳонда дўстларимиз, ҳамкорларимиз кўпаймоқда. Ўзбекистон ҳозирги кунда аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланади. Юртимиз шиддатли демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда.
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан амалий қадамлар қўйилди. Мустақил юртимизнинг ҳар бир қутлуғ одимида ва бунёдкор халқимизнинг ҳар қайси ютуғида Истиқлолнинг буюк қудрати ёрқин намоён бўлмоқда. Шунинг учун, Президентимиз эътироф этганидек, бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас!
Миллат Сардори халқимизни яна бир ҳақиқатни унутмасликка чорламоқда. Яъни: бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турибди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур.
Шу нуқтаи назардан, даставвал, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2024 йилда нашрдан чиққан “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон”[1] номли навбатдаги салмоқли сиёсий асарининг қуйидаги асосий хусусиятларини санаб ўтиш ўринли:
биринчи хусусияти: Ўзбекистоннинг умумбашарий муаммоларни бартараф этиш ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган глобал ташаббусларига эътибор қаратилган;
иккинчи хусусияти: мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари алоҳида таъкидланган;
учинчи хусусияти: Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ҳамда миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамияти чуқур мушоҳада қилинган;
тўртинчи хусусияти: ривожланиш стратегияларимизнинг мақсади, асосий тамойиллари, фалсафаси ва мазмун-моҳияти кенг очиб берилган;
бешинчи хусусияти: ҳозирги замонда Янги Ўзбекистонни тараққий эттиришнинг жорий ҳолатига холис баҳо берилган ҳолда, миллий тараққиётимиз истиқболлари ҳақида атрофлича фикр юритилган.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасига оид 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилди ва уларни ратификация қилди. Сўнгги 7 йилда қабул қилинган учта комплекс тараққиёт стратегияси ҳамда турли соҳаларни ривожлантиришга оид 60 дан зиёд стратегия, концепция ва дастурларга инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, унинг ривожланиши ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш, ижтимоий тенглик каби тамойиллар, ғоялар тўлиқ сингдирилди[2].
Ўзбекистон Президенти “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”[3], деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Конституциямизда давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар қатъий белгилаб берилгани бу фикрнинг яққол исботидир.
Конституциямиз Муқаддимасида халқимиз “халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиб”[4], Конституцияни қабул қилганлиги алоҳида эътироф этилгани бежиз эмас. Зеро, 2023 йил 30 апрель куни мамлакатимиз Асосий қонунининг янги таҳрирдаги ушбу матнига “ягона Ўзбекистон халқи” бевосита умумхалқ референдумида – тўғридан-тўғри овоз берган.
Ўзбекистон Конституциясида қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ўзаро ҳамкорлик, қўллаб-қувватлаш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик тамойиллари асосида мустаҳкамлаш белгиланганлиги халқаро, минтақавий ва хорижий экспертлар томонидан ижобий баҳоланмоқда. Хусусан, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси собиқ раиси, Австриянинг Европа тадқиқотлари ва хавфсизлик сиёсати институти вице-президенти Кристин Муттонен таъкидлаганидек, “Минтақадаги оғир сиёсий вазият, давлатлар ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви, иқлим ўзгариши инқирози ҳамда иқтисодий муаммолар хавф солаётган бир вақтда Ўзбекистонда кенг кўламли ўзгаришларни рўёбга чиқариш ва халқ фаровонлиги йўлида конституциявий ислоҳотларни самарали олиб боришга бугунги кунда фақат саноқли давлатлар қодир эканлигини таъкидлаш жоиздир” [5].
Қозоғистонлик эксперт – “АРГО” фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциациясининг минтақавий ривожланиш бўйича маслаҳатчиси Кайша Аатаханованинг фикрича, “Бу, айниқса, Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатаётганимиз билан аҳамиятлидир. Ўзбекистон бугунги нотинч даврда минтақавий хавфсизликни таъминлашда етакчи бўла олади”[6].
Қирғизистонлик сиёсатшунос Марс Сариев ҳам конституциявий ислоҳот орқали Ўзбекистон бутун Марказий Осиё тараққиётининг локомотиви бўлган давлатнинг янги моделини намойиш этаётганини эътироф этган. Шу муносабат билан “Биз, қўшни қардош республикалар Ўзбекистоннинг давлат бошқарувини модернизация қилиш бўйича инновацион тажрибасини пухта ўрганмоқдамиз. Бу – Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланиши ва гуллаб-яшнаши учун шароит яратади” [7], деб таъкидлайди у.
Янги Ўзбекистоннинг Асосий қонунида мамлакатимизнинг ички ва ташқи, жумладан минтақавий сиёсати аниқ ва қатъий белгилаб қўйилган. Конституциянинг 17-моддасига биноан, “Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади”[8].
Ўз навбатида, Бош қомусимизнинг 18-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади”[9].
Шу мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асосга таяниб, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттирмоқда. Бинобарин, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам мамлакатимиз дунёнинг барча мамлакатлари билан манфаатли ҳамкорлик қилишга ва БМТ ҳамда унинг институтлари билан амалий мулоқотга ҳамиша тайёрлиги таъкидланган.
Янги Ўзбекистон — ўз халқаро мажбуриятларига содиқ давлат, ишончли ташқи иқтисодий шерикдир. Ўзгариб бораётган Ўзбекистон бизнес ва сармоядорлар учун иқтисодий очиқлиги ва жозибадорлиги билан тавсифланади, устувор вектори Марказий Осиё бўлган давлатнинг самарали ташқи сиёсати унинг қўшнилар билан алоқаларни йўлга қўйишига, Афғонистон билан ўзаро алоқаларни кучайтиришга, минтақа ва жаҳон давлатлари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашига ёрдам беради.
Турли халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг мавқеи яхшиланмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг прагматик ташқи сиёсий ташаббуслари бутун дунёда эътироф этилмоқда. Дунёдаги ҳеч бир мамлакатда сўнгги йилларда Ўзбекистондаги каби кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмаган. Тошкентнинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли Марказий Осиё давлатлари илк бор долзарб минтақавий масалаларни очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади.
Ўзбекистон жаҳон минбарларидан илгари сурган халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга, бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга қаратилгани учун халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Бу фикрларни Ўзбекистон Президенти илгари сурган минтақавий ташаббуслар асосида кейинги йилларда БМТ Бош Ассамблеясининг бир қатор резолюциялари қабул қилингани яққол исботлаб турибди.
Булардан биринчиси – БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 22 июндаги ялпи мажлисида қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси;
иккинчиси – давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ғоя асосида 2018 йил 12 декабрда Бош Ассамблеянинг ялпи сессиясида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси;
учинчиси – 2018 йил 27 ноябрда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасига асос солинишига хизмат қилган резолюция;
тўртинчиси – Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ва 2019 йил 19 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида қабул қилинган “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” махсус резолюцияси;
бешинчиси – 2021 йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти таклифига биноан қабул қилинган “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги резолюция;
олтинчиси – 2022 йил 11 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясида «Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» номли резолюциядир.
БМТнинг 75 йиллик бутун тарихи давомида муайян бир шахснинг ташаббуси билан шунча резолюция қабул қилиниши тажрибаси кузатилмаган. Президент Ш.М.Мирзиёев минтақамизнинг жадал ривожланиш истиқболлари ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини стратегик жиҳатдан теран кўра билгани туфайли Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги тарихий-цивилизациявий алоқаларни тиклаш ташаббусини илгари сурди.
Бу ташаббус – Ўзбекистон кейинги 5-6 йил давомида изчиллик билан илгари сураётган ва жаҳон ҳамжамияти кенг қўллаб-қувватлаётган, янада муҳими, амалиётга теран татбиқ этилаётган халқаро ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасидаги ташаббусларининг узвий давомидир.
Бу ташаббус – Марказий ва Жанубий Осиё, умуман, Евроосиё минтақасини барқарор, иқтисодий ривожланган фаровон ҳудудга айлантиришга қаратилган тарихий ва маърифий, илмий ва амалий, изчил ва мантиқий, истиқболли ва самарали, содда қилиб айтганда, ҳар томонлама мағзи тўқ дастуриламал ҳисобланади.
БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» номли резолюцияси, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон Президентининг минтақалараро узвий боғлиқлик концепциясини амалга ошириш йўлида қўйилган оламшумул қадамдир. Бу залворли қадам, албатта, халқаро ҳамжамият Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган улкан бирдамлик ғоясига узоқни кўра билиш ва тўғри прогноз қилиш қобилиятининг ҳосиласи сифатида юксак баҳо берганини англатади.
Глобал кўламда тинчлик ва барқарорликка таҳдидлар янада кескинлашган ҳозирги таҳликали даврда мамлакатимиз БМТни замонавий талаблар асосида ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда. Янги ташаббуслар ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистон томонидан БМТ билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” изчил амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг янги китобида ҳозирги замонда халқаро майдонда ҳукм сураётган мураккаб, таҳликали жараёнлар, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган ўзгаришлар, дунёнинг ва мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши йўлидаги хавф-хатарлар, таҳдидлар атрофлича таҳлил этилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Муаллиф ушбу асарини ёзишига қадар ҳам “Ҳозирги замон” тушунчаси борасида ниҳоятда теран мушоҳада юритиб келгани бунда катта аҳамият касб этади.
Президент Ш.М.Мирзиёевнинг таърифи ва талқинларига кўра, ҳозирги замонда:
биринчидан, кўз ўнгимизда дунёнинг бутунлай янги, беқарор, хавотирли геосиёсий ва геоиқтисодий архитектураси шаклланмоқда;
иккинчидан, турли мамлакатлар ўртасида низо ва адоватлар, қарама-қаршилик, ишончсизлик муҳити кучаймоқда ҳамда жамиятлар ичида маънавий таназзул илдиз отмоқда;
учинчидан, нотинч ва таҳликали замонда азалий қадриятларни, одамийлик қиёфасини сақлаб қолиш тобора мушкул бўлиб бормоқда;
тўртинчидан, янги вайронкор можаролар пайдо бўлмоқда, глобал ва минтақавий хавфсизликка таҳдидлар кучаймоқда;
бешинчидан, ташвишли жиҳати шундаки, бу хавф-хатарлар давлатлар ўртасида ўзаро ишонч камаяётган, қарама-қаршилик ва зиддиятлар ортиши натижасида геосиёсий кескинлик ортаётган вазиятда кечмоқда;
олтинчидан, халқаро ҳуқуқ нормалари ва принциплари тез-тез бузилмоқда;
еттинчидан, инқироз ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича жаҳон ҳамжамиятида мавжуд бўлган халқаро-ҳуқуқий воситалар, афсуски, ўзининг самарадорлигини борган сари йўқотмоқда;
саккизинчидан, дунё ишонч, адолат ва ҳамжиҳатлик қайта тикланишига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезмоқда;
тўққизинчидан, глобал сиёсий ва иқтисодий “парчаланишлар”, урушлар ва можаролар халқаро муносабатлар тизими асоси ва ҳал қилувчи тамойилларининг емирилишига олиб келмоқда;
ўнинчидан, қарама-қаршилик ва протекционизм[10] жаҳон иқтисодиёти парчаланиши ва етказиб бериш занжирлари узилишига сабаб бўлмоқда;
ўн биринчидан, мамлакатларнинг савдо, молия, сармоя, технология ва инновациялар трансфери соҳаларидаги самарали ҳамкорлигида тўсқинлик қиладиган янги ажратувчи чегаралар вужудга келмоқда;
ўн иккинчидан, дунёда давом этаётган турли можаролар, гуманитар, эпидемиологик ва иқлим инқирозлари БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ҳамда камбағалликнинг барча кўринишларини қисқартириш борасидаги саъй-ҳаракатларга жиддий таҳдид солмоқда;
ўн учинчидан, глобал иқлим ўзгариши оқибатида сайёрамизда кескин экологик вазият юзага келиб, барча қитъаларда ва мамлакатларда ичимлик суви тақчиллиги, атроф-муҳит ифлосланиши, тупроқ емирилиши, кучли чанг ва қум бўронлари, биохилма-хилликнинг йўқолиши, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигининг пасайиши каби муаммолар авжига чиқмоқда;
ўн тўртинчидан, жаҳон иқтисодиётида беқарорлик кучайиб, энергетика, озиқ-овқат соҳалари ва экологик тизимда инқирозлар ўткир тус олмоқда;
ўн бешинчидан, шу билан бирга, бутун жаҳон иқтисодиёти рақамлаштириш жараёнига ўтмоқда, “яшил” технологиялар ва инновацион тараққиёт ҳар қандай соҳа ва бизнес ривожи учун устувор аҳамият касб этмоқда.
Президентимизнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобидаги дастлабки қисм – “Инсоният танлаган барқарор ривожланиш йўли”[11] деб номлангани эътиборлидир. Унда БМТнинг Мингйиллик ривожланиш декларациясида, кейинчалик “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш кун тартиби” номли ҳужжатда белгилаб қўйилган инсониятнинг ХХI асрдаги тараққиётига доир устувор мезонлар ҳамда глобал аҳамиятга эга эзгу мақсадлар ҳақида фикр юритилган.
Президент Ш.М.Мирзиёев асосли эътироф этганидек, “барқарор ривожланиш йўли – башарият учун ягона тўғри йўл”[12]. Китобда барқарор ривожланиш йўлидаги 10 та хавф-хатар ва таҳдид батафсил таҳлил назаридан ўтказилган бўлиб, Ўзбекистон Президентининг ушбу таҳдидларга берган аниқ ва лўнда тавсифларига мухтасар тўхталиш ўринлидир.
Биринчидан. Тобора авж олаётган дунёда геосиёсий ва геоиқтисодий қарама-қаршиликлар кескинлашмоқда, халқаро муносабатлар тизимида юзага келаётган можаро ва зиддиятларни куч ишлатиш орқали ҳал этишга бўлган интилишлар кучаймоқда.
Иккинчидан. Она сайёрамизда иқлим ўзгариши ва экологик вазиятнинг кескинлашуви биохилма-хилликнинг қисқариши, атроф-муҳит ифлосланиши ва табиий ресурсларнинг камайиши билан боғлиқ. Очиғи, бугун экологик хатарлар кун сайин ўзининг “ҳалокатли нуқтаси”га яқинлашмоқда.
Учинчидан. Инсоният бошига кутилмаганда ёпирилиб, миллионлаб кишиларнинг ҳаётига зомин бўлган COVID-19 коронавирус пандемияси дунё соғлиқни сақлаш тизими ва инфратузилмаларининг бундай офатларга, юқумли касалликларнинг янги турларига қарши курашишга тайёр эмаслигини яққол намойиш этди.
Тўртинчидан. Глобал иқтисодиётда тизимли узилишлар вужудга келиши, савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар пайдо бўлиши, товарлар ва хизматлар айланишининг издан чиқиши, энергетик хавфсизликка бўлган таҳдидларнинг ошиши тобора яққол намоён бўлмоқда.
Бешинчидан. Озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдидлар ҳалокатли тус олиши оқибатида кўплаб минтақаларда ижтимоий ларзалар ва беқарорлик ҳолатлари содир бўлмоқда.
Олтинчидан. Тўртинчи саноат инқилобига жадал суръатларда ўтилиши, рақамли технологиялар, жумладан, “буюмлар интернети”, робототехника, катта маълумотлар таҳлили ва киберфизик тизимларнинг ҳаётда кенг қўлланилиши, сунъий интеллектнинг ривожланиши ва инсоният ҳаётининг барча жабҳаларига жадал кириб келиши жараёнида ҳам қатор янги таҳдидлар вужудга келмоқда.
Еттинчидан. Шиддат билан ўзгараётган дунёда ҳар қандай давлат ва жамиятни ич-ичидан емирадиган коррупция балоси Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган режаларни рўёбга чиқаришда жиддий тўсиқ бўлиб турибди.
Саккизинчидан. Дунёнинг турли минтақаларида ўзаро шафқатсиз рақобат, миллатлараро зиддиятлар, диний тоқатсизлик, айирмачилик, сепаратизм, миллатчилик, радикализм, экстремизм ва терроризм каби қатор таҳдидлар тобора кучайиб, инсониятнинг тинч-тотув ҳаёт кечиришига, барқарор ривожланишига жиддий хавф туғдирмоқда.
Тўққизинчидан. Халқаро хавфсизлик ва минтақамизнинг барқарор ривожланиши Афғонистондаги жараёнлар билан бевосита боғлиқ.
Ўнинчидан. Инсонларнинг эркин ҳаракатланиши, хавфсиз туризм ва иқтисодиётнинг замонавий соҳалари ривожига халақит берувчи доимий тусга эга бўлган хатар ва таҳдидлар ҳам ортиб бормоқда[13].
Ўзбекистонда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қамровдор саъй-ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу йўлдаги барча интилишларимиз БМТнинг ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган “Ҳеч кимни унутмаслик ва ортда қолдирмаслик” асосий тамойилига мувофиқдир.
Бу ҳақда сўз борганда, Президент Ш.М. Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли китобида ХХ асрнинг иккинчи ярмида “совуқ уруш”ни бошидан кечирган инсоният айни кезда глобал иқлим ўзгариши, экологик инқирозлар ва бошқа кўплаб ижтимоий-сиёсий муаммоларнинг жабрини тортишга мажбур бўлаётгани ҳақидаги асосли фикрларига эътибор қаратиш ўринлидир. Чунки, худди шунинг учун ҳам, ХХI асрда умумий тараққиёт йўлини аниқлаб олиш, барча халқларнинг манфаатларига бирдай хизмат қиладиган мақсадларни белгилаш ва унга интилишга кучли эҳтиёж пайдо бўлди.
Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, дунё мамлакатлари, уларнинг парламентлари ва фуқаролик жамияти институтлари, бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги узоқ давом этган “глобал маслаҳатлашувлар” натижасида барқарор ривожланиш йўли – башарият учун ягона тўғри йўл, деган умумий хулосага келиниб, унинг устувор мезонлари белгилаб олинди”[14].
Бугунги мураккаб даврда – қуролли низолар кўлами мисли кўрилмаган даражада кенгайиб, халқаро тинчлик ва барқарорликка таҳдид тобора кучайиб бораётган қалтис шароитда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг роли ҳамда масъулияти янада ортмоқда. Бинобарин, Ўзбекистон Президенти комил ишонч билан таъкидлаганидек, “замонавий таҳдидларни фақатгина мулоқот воситасида, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилиш, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрларига қатъий амал қилиш орқали енгиб ўтиш ҳамда айнан шу йўл билан дунё ҳамжамиятининг демократик тараққиёт йўлидан оғишмай қадам ташлашига эришиш мумкин”[15].
Шу жиҳатдан, Ўзбекистон “Кун тартиби-2030”да белгиланган барча мажбуриятларга тўла ва қатъий амал қилиб келмоқда. Президент Ш.М.Мирзиёев айни мавзуда сўз юритар экан, авваламбор, “барқарор ривожланиш тамойиллари, барқарор ривожланиш ҳуқуқи ва БРМларнинг янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида акс эттирилиши халқаро ҳамжамият, хусусан, БМТ томонидан юксак баҳоланди”[16], деб таъкидлайди.
“Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобининг алоҳида бир фасли “Янги Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати”[17] деб номланган. Асар муаллифи минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва низоларнинг олдини олишга хизмат қиладиган бир қатор муҳим мезонларни қайд этгани диққатга сазовор.
Биринчи мезон: Марказий Осиё халқларини минг йиллик қардошлик ва яхши қўшничилик, қуда-андачилик ришталари боғлаб туради. Халқларимиз ҳамиша бир-бирига елкадош ва ҳамжиҳат бўлиб яшаб келган. Президент Ш.М.Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Бизни ягона тарих, ягона дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради”[1].
Иккинчи мезон: бутун минтақамиз аҳли Марказий Осиё аталмиш умумий уйимизни ҳар хил бало-қазолардан асраш, фарзандларимизни турли низо ва қарама-қаршиликлардан ҳимоя қилиш, минтақамизда тинчлик ва фаровонлик бардавом бўлиши учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этиши зарур. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Бунда минтақавий интеграцион жараёнлар қўшнилар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кучайтиришга асосланиши, ҳар биримиз қўшнимизнинг ютуғини – ўзимизнинг ҳам ютуғимиз, унинг тинч ва фаровон ҳаётини – бутун минтақамизда тинчлик ва барқарорликни сақлашнинг гарови, деб билишимиз лозим” [2].
Учинчи мезон: Евроосиё кенгликларининг нақ “юраги”да жойлашган, табиий ресурсларга жуда бой, инсоният цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшган ноёб маданият ва тараққиёт салоҳиятига эга Марказий Осиё минтақасида айни пайтда турли давлатлар ва куч марказларининг манфаатлари кесишмоқда. Шундоқ ҳам айрим беқарорлик ва қарама-қаршилик ўчоқларига туташ бўлган ушбу минтақа яқин ва узоқ хорижда рўй бераётган можароларнинг ҳам салбий таъсирини ўзида ҳис этмоқда. Бундай мураккаб шароитда Президент Ш.М.Мирзиёев қатъият билан уқтирганидек, “Марказий Осиёдаги қўшни давлатларнинг минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришдан бошқа йўли йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”[3].
Тўртинчи мезон: бугун бизни умумий саъй-ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага, ўзаро ишонч ва дўстлик, яхши қўшничилик ва манфаатли ҳамкорлик маконига айлантиришдек ягона мақсад бирлаштирмоқда. Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, “амалий ҳамкорликка астойдил интилиш, Марказий Осиёнинг келажаги учун масъулиятни чуқур ҳис этиш – минтақамизнинг барқарор тараққиёти, фаровонлиги ва хавфсизлиги учун мустаҳкам кафолат ва пойдевор вазифасини ўтайди”[4].
Бешинчи мезон: бугун Марказий Осиё мамлакатлари айнан яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига таянган ҳолда савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда, хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ўз салоҳиятини янада кенгроқ намоён қилиши мумкин. Чунки, Президент Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бизнинг нафақат тарихимиз, балки келажагимиз, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам муштаракдир”[5].
Олтинчи мезон: ўтган йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда ушбу учрашувлар минтақада ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги мутлақо янги сиёсий муҳитни мустаҳкамлаш, муҳим ҳаётий масалаларни ҳал қилиш ва кўп қиррали ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги мазмун билан тўлдириш борасида самарали платформага айланди.
Еттинчи мезон: минтақамизда ўзаро савдо ва инвестицияларнинг ўсишига хизмат қилаётган қулай муҳит шакллантирилди. Сўнгги йилларда минтақа мамлакатларининг умумий ички маҳсулоти 40 фоиз кўпайди. Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо ҳажмининг барқарор ўсиши кузатилмоқда.
Саккизинчи мезон: минтақамиз давлатлари ўртасидаги маданий алоқаларнинг фаолллашиши натижасида халқларимиз янада яқинлашмоқда. Минтақа доирасидаги сиёсий мулоқотлар ва парламентлараро алмашувлар доимий тус олмоқда. Ўзбекистон Президенти эътироф этганидек, “Энг муҳими, барча ижобий ўзгаришларни қўшни давлатлардаги биродар халқлар теран ҳис этмоқда. Марказий Осиёда барқарорлик ва бирдамлик мустаҳкамланмоқда”[6].
Тўққизинчи мезон: халқаро сиёсий луғатда минтақавий тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи ўзига хос моделни акс эттирадиган “Марказий Осиё руҳи” атамаси пайдо бўлди. Бугун биз глобал ва минтақавий сиёсат кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар бўйича ягона позицияда туриб ҳаракат қилмоқдамиз. Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, “Мамлакатларимиз 2017 йилдан буён Марказий Осиёда тараққиёт ва шерикликнинг муҳим масалалари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 10 дан зиёд резолюцияси қабул қилинишига эришди”[7].
Ўнинчи мезон: қисқа даврда дунёда минтақамизга нисбатан ишонч ва ҳамкорликка интилиш кучайди. “Марказий Осиё +” форматида 10 дан ортиқ ҳамкорлик мулоқоти йўлга қўйилгани буни тасдиқлайди.
Шундай қилиб, кейинги йилларда Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган туб ўзгаришлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг катта ютуғидир. Президентимиз эътироф этганидек, “Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш бундан буён ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор мақсади бўлиб қолаверади”[8].
Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз раҳбари минтақамизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун келгусида алоҳида эътибор қаратиладиган қуйидаги йўналишларга тўхталган.
Биринчи йўналиш: “Марказий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз”[9].
Иккинчи йўналиш: “Саноат кооперацияси, инновациялар ва рақамли технологияларни ривожлантириш орқали мустаҳкам қўшимча қиймат занжирларини яратиш бўйича ишларни жадаллаштириш чораларини кўрамиз”[10].
Учинчи йўналиш: “Транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш асосий вазифаларимиз сирасига киради”[11].
Тўртинчи йўналиш: “афсуски, минтақада энергетика инфратузилмаларини ривожлантириш суръатлари саноатлаштириш ва урбанизация жараёнлари ҳамда демографик ўсишдан орқада қолмоқда. Бу эса, мамлакатларимизнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиш йўлидаги жиддий тўсиқдир.
Шу боис биз тегишли вазирликлар ва миллий компанияларимизнинг геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли конларни ўзлаштириш, энергия ресурсларини сақлаш ва етказиб бериш бўйича мавжуд инфратузилмаларни кенгайтириш ва замонавий инфратузилмаларни яратиш соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш тарафдоримиз”[12].
Бешинчи йўналиш: бугун дунё аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш билан боғлиқ муаммолар тобора чуқурлашиб бормоқда. Жаҳоннинг муайян бир минтақаларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиши ва уларнинг тақчиллиги кузатилмоқда. Ўзбекистон Президенти уқтирганидек, “Бу соҳада саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида минтақавий Шериклик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Зеро, мамлакатларимиз минтақанинг ички бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш баробарида, хорижга ҳам экспорт қилиш имкониятига эга”[13].
Олтинчи йўналиш: “иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш, минтақадаги экологик муаммоларни бартараф этиш, айниқса, Орол денгизининг ҳалокатли оқибатларини юмшатиш каби муҳим ҳаётий масалалар бугун минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлашнинг энг муҳим омили ҳисобланади”[14].
Еттинчи йўналиш: “минтақамиз бўйлаб амалга ошириладиган туристик саёҳатлар халқларимизни янада яқинлаштиришда муҳим омил ҳисобланади”[15].
Саккизинчи йўналиш: “аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакиллари бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи айниқса долзарб аҳамиятга эга”[16].
Тўққизинчи йўналиш: “минтақавий хавфсизлик энг аввало, бизнинг шериклигимиз қай даражада самарали йўлга қўйилганига боғлиқ”[17].
Ўзбекистон Президенти бу ҳақда атрофлича тўхталар экан, бир қатор амалий таклифларни илгари суради. Жумладан:
биринчи таклиф – Марказий Осиёда умумий таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича жамоавий қарорлар ишлаб чиқиш учун биз доимий равишда ўзаро фикр алмашиб туришимиз лозим;
иккинчи таклиф – айниқса, экстремизм ва терроризм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафик каби анъанавий таҳдидларга қарши курашда амалий ҳамкорликни бундан буён ҳам кучайтириб боришимиз зарур;
учинчи таклиф – сўнгги йилларда интернет жаҳон ахборот тармоғида тобора ортиб бораётган ноқонуний фаолият билан боғлиқ янги хавф-хатарларга ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз талаб этилади;
тўртинчи таклиф – Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик кенгашлари котиблари томонидан мувофиқлаштириладиган маслаҳат йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш лозим;
бешинчи таклиф – Марказий Осиё мамлакатлари чегараларини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича Давлатлараро дастурни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ;
олтинчи таклиф – хавфсизликка нисбатан анъанавий ва янги хавф-хатарларга қарши курашиш борасидаги сценарийларни амалда қўллаш бўйича қўшма ҳарбий-ўқув машқларини давом эттириш ҳам муҳимдир;
еттинчи таклиф – фавқулодда вазиятларни прогноз қилиш, уларнинг олдини олиш, барвақт огоҳлантириш ва уларга биргаликда қарши туриш борасида минтақавий тизимни шакллантиришни ҳам ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда[18].
Мухтасар айтганда, кейинги даврда сайёрамиз миқёсидаги беқарорлик шу даражага етдики, ҳатто бир-бирини яқин-яқинларгача дўсту ҳамкор ҳисоблаб келган давлатлар ўртасидаги ишончга ҳам путур етмоқда. Эртага дунёдаги бу нотинчлик кўлами қаергача кенгайишини, афсуски, ҳеч ким билмайди.
Ўзбекистон Президенти дунёдаги ва минтақамиздаги вазиятга ғоят синчковлик билан аниқ ва холис баҳо берар экан, замонавий таҳдидларни бартараф этиш учун икки томонлама ва кўп томонлама, минтақавий ва глобал даражалардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлагани жуда муҳим. Давлатимиз раҳбари ҳақли қайд этганидек, “Бундай мураккаб шароитда ҳеч бир мамлакат якка ҳолда барча замонавий хавф-хатарларни четлаб ўтиб, уларнинг сабаб-оқибатларини бартараф этишга қодир эмаслиги айни ҳақиқатдир”[19].
Акмал САИДОВ,
академик
[1] Ўша манба. – Б. 459.
[2] Ўша манба. – Б. 460.
[3] Ўша жойда.
[4] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – Б. 461.
[5] Ўша жойда.
[6] Ўша манба. – Б. 464.
[7] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – Б. 464.
[8] Ўша манба. – Б. 465.
[9] Ўша жойда.
[10] Ўша манба. – Б. 466.
[11] Ўша манба. – Б. 468.
[12] Ўша манба. – Б. 471.
[13] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – Б. 473.
[14] Ўша жойда.
[15] Ўша манба. – Б. 476.
[16] Ўша манба. – Б. 478.
[17] Ўша манба. – Б. 479.
[18] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – Б. 479-481.
[19] Ўша манба. – Б. 6.
- Қўшилди: 18.12.2024
- Кўришлар: 246
- Чоп этиш