“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонининг 2024 йилги совриндорларига мукофотлар тантанали равишда топширилди

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълум қилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан жорий йилнинг 20 ноябридан – 20 декабригача – “Инсон ҳуқуқлари ойлиги” деб эълон қилинганди.

Ушбу ташаббус доирасидаги қамровдор маърифий-ҳуқуқий ва халқаро тадбирларнинг барчаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциси 45 йиллиги, Қийноқларга қарши конвенцияси 40 йиллиги ҳамда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 35 йиллигига бағишланди.

Хусусан, миллий ва халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ходимлари ва Ўзбекистон жазони ижро этиш тизими тиббиёт ходимлари учун Истанбул протоколига мувофиқ ишлаб чиқилган қийноқларни ва бошқа шафқатсиз муносабатларни суд-тиббий ҳужжатлаштириш тартиби” мавзусида тренинг ўтказилди.

18-22 ноябрь кунлари мамлакатимизга ташриф буюрган Халқаро судья ва БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси собиқ раиси Рената Винтер билан бир қатор учрашувлар ташкил этилди. Бу ўринда Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адвокатлар палатаси, Адлия вазирлиги, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари билан ўтказилган икки томонлама учрашувлар ҳақида сўз бормоқда.

Рената Винтернинг юртимизга ташрифи давомида, шунингдек, “Қонун билан зиддиятда бўлган болалар учун озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил чоралари ва жавобгарликдан озод қилиш” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди. Уни ўтказишда Болалар омбудсмани ва ЮНИСЕФ яқиндан ҳамкорлик қилди.

“Инсон ҳуқуқлари ойлиги” доирасида Миллий марказ томонидан “Мажбурий кўчириш: жадал урбанизация шароитида инсон ҳуқуқларини қандай кафолатлаш мумкин?”, деган мавзуда жамоатчилик маслаҳатлашуви ўтказилди. Тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўз навбатида, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашнинг долзарб масалалари: жорий ҳолат ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

28-29 ноябрь кунлари “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Ушбу ўқув курсида Тошкент шаҳар прокуратурасидан 10 нафар, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан 50 нафар ходим ҳамда Тошкент шаҳар судининг 5 нафар судьяси тингловчи сифатида иштирок этди.

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий технологиялар орқали реабилитация қилиш воситалари билан таъминлаш” мавзусида амалий семинар ўтказилди. Тадбир доирасида ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация-техник воситалар билан таъминлашга бағишланган амалий кўргазма ташкил этилди.

5 декабрь куни БМТ Универсал даврий ҳисоботи доирасида Ўзбекистон Республикасининг Тўртинчи миллий ҳисоботи кўриб чиқилиши юзасидан олинган тавсияларни бажариш бўйича миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш бўйича жамоатчилик маслаҳатлашуви ўтказилди. Тадбирни ўтказишда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси яқиндан ҳамкорлик қилди.

“Инсон ҳуқуқлари ойлиги”нинг энг муҳим тадбирларидан бири – Миллий марказда “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг расмий очилишидир. Ушбу тантанали тадбир Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Айни вақтда “Инсон ҳуқуқлари уйи”да бир қатор тақдирлаш ва тақдимот тадбирлари ўтказилмоқда. Миллий марказ ташаббуси билан нашр этилган «Эзгулик тақвими» номли китоб ҳамда Женева конвенцияларининг лотин имлосидаги ўзбек алифбосида чоп этилган илк тўплами тақдимотлари шулар жумласидандир.

Иккита анъанавий танлов –“Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” танлови ҳамда “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” танлови ғолибларини тақдирлаш тадбирлари ҳам айнан “Инсон ҳуқуқлари уйи”да бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонининг 2024 йилги совриндорларига мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Шу ўринда 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан жойлардаги турли таълим муассасаларида давра суҳбатлари, маҳорат сабоқлари ва уммиллий дарсларни ташкил этишда Миллий марказ вакиллари фаоллик кўрсатганини қайд этиш лозим.

Эътиборли жиҳати, “Инсон ҳуқуқлари ойлиги” билан уйғун равишда Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 17 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси бўйича алоҳида Дастур доирасида кўплаб маърифий-ҳуқуқий тадбирлар  ташкил этилди. Ушбу тадбирларнинг барчаси “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – эркин ва фаровон ҳаёт гарови” мавзуси негизида ўтказилди.

Расмий хабарлар

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech