Ўзбекистон Конституциясига кўра, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд қарорисиз чеклаб қўйиш мумкин эмас. Шу мақсадда жиноят судига қадар бўлган даврда фуқароларни қамоққа олиш, тинтув қилиш ёки сўзлашувларини эшитиш каби ҳаракатларга санкция бериш ваколати – алоҳида ташкил қилинган тергов судяларига берилди. Ушбу мақолада тергов судялари билан боғлиқ Жиноят процессуал кодексига киритилган ўзгартиришлар ҳақида сўз боради.
2024 йилдаги президент фармони билан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида фуқароларнинг эркинликларини чеклаш билан боғлиқ процессуал қарорларга санкция бериш ваколатини алоҳида ташкил қилинадиган тергов судяларига ўтказиш вазифаси қўйилган эди. 2025 йил 29 январдан кучга кирган қонун билан тергов судялари эндиликда жиноят процессида ўз вазифаларини тўлақонли бажаришига йўл очилди.
Хусусан, 2025 йил 29 январдан кучга кирган қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Фуқаролик процессуал кодексларига, шунингдек, «Прокуратура тўғрисида» ва «Судлар тўғрисида»ги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
«Прокуратура тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш:
Қонуннинг 28-моддаси 1-қисми 12-хатбошисида назарда тутилган прокурор ваколатлари кўпаймоқда. Хусусан, прокурорга «…тинтув ўтказиш ҳақида, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш тўғрисида, мол-мулкни хатлаш ҳақида судга илтимоснома киритиш ёки илтимосномага розилик бериш», каби ваколат берилди.
Энг катта ўзгаришлар ЖПКда
Хусусан, Жиноят процессуал кодексининг 29-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган суднинг ваколатлари ҳам юқорида назарда тутилган прокурор ваколатларидек кенгайтирилмоқда.
Шунингдек, кодекс янги 31-1-модда билан тўлдирилиб, тергов судясининг ваколатлари белгиланмоқда.
«Тергов судяси якка ўзи иш тутиб, ушбу кодексда назарда тутилган тартибда судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга оширади. Тергов судясининг ваколатлари жумласига:
- қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш;
- қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш;
- ушлаб туриш муддатини 48 соатгача узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш;
- паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш;
- лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш;
- айбланувчи шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқиш;
- айбланувчининг тиббий муассасада бўлиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш;
- мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқиш;
- почта-телеграф жўнатмаларини хатлаши тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш;
- прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчиларнинг кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаши тўғрисидаги илтимосномаларини кўриб чиқиш;
- тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш;
- телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш тўғрисида илтимосномаларни кўриб чиқиш;
- мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш киради.
Шунингдек, Жиноят процессуал кодекси 158-1, 158-2 ва 158-3-моддалар билан тўлдирилмоқда. Ушбу моддаларда тинтув ўтказиш билан боғлиқ илтимоснома қўзғатиш, уларни кўриб чиқиш ва ажрим чиқариш назарда тутилган.
Ушбу қоидаларга кўра, тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома терговчи ёки суриштирувчи томонидан дастлаб прокурорга юборилади. Шундан сўнг прокурор тинтув ўтказишга рози бўлса, зарур материаллар билан ишни тергов судясига юборади. Тергов судяси ишни 8 соатдан кечиктирмай, ёпиқ мажлисда кўриб чиқади. Агар тергов судяси тинтув ўтказишни рад қилса, тинтув ўтказишни тақозо қиладиган янги ҳолатлар юзага келсагина тинтув ўтказиш учун яна илтимоснома киритиш мумкин бўлади.
Лекин шу билан бирга қонунчиликка кўра, кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда тинтув терговчининг ёки суриштирувчининг қарорига асосан суднинг розилигисиз ўтказилиши мумкин, бироқ кейинчалик суд прокурор ўтказилган тинтув ҳақида 24 соат ичида хабардор қилиниши керак. Тергов судяси тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорнинг қонунийлигини текширади, агар ўтказилган тинтув қонунга хилоф деб топилса, тинтув ўтказиш чоғида олинган барча далиллар – номақбул деб топилади. Шу билан бирга, ўзига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган шахс тергов судясининг қарори устидан ўша суд орқали 24 соат ичида апелляция шикояти бериши мумкин.
2025 йил 29 январгача амалда бўлган қонунчиликка кўра, етарли даражада асосларга эга бўлса суриштирувчи ёки терговчи телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали сўзлашувларни эшитиши ёки ахборотларни олиши мумкин эди.
Мазкур қонун билан ЖПКнинг 169-170-моддалари тўлдирилди ҳамда янги 169-1 ва 169-2-моддалар қўшилди. Унга кўра, жиноят иши доирасида сўзлашувларни эшитиш ҳақида дастлаб терговчи ёки суриштирувчи илтимосномани прокурорга юборади. Шундан сўнг прокурор бу ҳаракатларга рози бўлса, зарур материаллар билан ишни тергов судясига юборади. Тергов судяси ишни 8 соатдан кечиктирмай кўриб чиқади. Сўзлашувларни тинглашга доир нормаларда ажрим ва бошқа процессуал ҳаракатлар, номақбул далил деб топиш – юқоридаги тинтув билан боғлиқ ҳаракатлар билан деярли бир хил тусга эга.
Сўзлашувларни эшитиш билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат, тергов органи жабрланувчи ёки гувоҳларга босим бўлиши ёки уларнинг ўз аризасига кўра, уларнинг ҳам сўзлашувларини эшитиб бориши мумкин. Умуман олганда, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш 6 ойдан ортиқ давом этиши мумкин эмас.
Шу билан бирга ЖПКга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, жиноят тергови давомида – қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш (муддатини узайтириш), паспортнинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, мол-мулкни хатлашга доир илтимосномалар тергов судялари томонидан ҳал қилинади. Кечиктириб бўлмайдиган айрим зарур ҳолларда терговчилар суднинг розилигисиз процессуал ҳаракатларни амалга ошира олади, лекин бунда 24 соат ичида прокурор ва суд хабардор қилинади. Тергов судяси ушбу ҳаракатлар қонунийлигини 48 соат ичида текширади, агар терговчи ёки суриштирувчининг ушбу ҳаракатлари қонунга зид бўлса, улар қўлга киритган далиллар номақбул, деб топилади.
Шунингдек, ЖПКнинг 382-моддасидаги прокурорнинг ўз ваколатлари доирасида терговчининг тинтув, сўзлашувларни эшитиш каби ҳаракатларига розилик бериши ёки судга илтимоснома киритиши ҳақида алоҳида банд киритилмоқда.
Бундан ташқари, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддаси қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилмоқда: «Ушбу моддада назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судяси томондан кўриб чиқилади».
Шунингдек, қонун билан Фуқаролик процессуал кодекси ҳамда «судлар тўғрисида»ги қонунларга ҳам айрим жузъий ўзгартиришлар киритилган.
Қонун ташаббускорларининг фикрича, ушбу ўзгаришлар тергов жараёнида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиради. Қонун 2025 йил 29 январдан кучга кирди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола (pdf) орқали танишиб чиқишингиз мумкин.
Kun.uz
- Қўшилди: 31.01.2025
- Кўришлар: 212
- Чоп этиш