11 февраль – Илм-фан соҳасидаги
хотин-қизлар халқаро куни
“Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу фикрлари Янги Ўзбекистон тараққиётида хотин-қизларимиз алоҳида ўрин тутишини яққол англатиб турибди. Бинобарин, мамлакатимизда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси изчил амалга оширилмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Бу борада қўлга киритаётган ютуқларимиз БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётгани натижасида оилага, аёл зотига бўлган муносабат тобора юксалиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳаётимизнинг маъно-мазмунига, асосий мақсадига айланган. Айни соҳадаги ишлар, хусусан:
- аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;
- аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини мукаммаллаштириш;
- аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш;
- ҳуқуқни қўллаш амалиётида аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий нормалар асосида ўқитиш каби муҳим йўналишларда олиб борилмоқда.
Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш алоҳида эътибор марказида турибди. Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди. Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки баравар ортди.
Натижада Ўзбекистон 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплади. Яъни, мамлакатимиз бу борада 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 51 поғонага кўтарилиб, 52-ўринни эгаллади. Ушбу индекс 158 та мамлакатни қамраб олиб, гендер тенгликка эришиш йўлида муваффақият ва камчиликларни аниқлаш имконини беради.
Айниқса, мамлакатимизда хотин-қизларни:
- IT va STEM соҳаларига фаол жалб этиш;
- қизлар учун рақамли кўникмалар бўйича таълим дастурларининг ишга туширилиши;
- аёллар ҳуқуқларини ҳимоялаш ва гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар;
- бошқарув, таълим, IT, меҳнат, тадбиркорлик ва зўравонликнинг олдини олиш соҳаларидаги ижобий натижалар Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда. Бу қамровдор жараёнларда аёл раҳбарларнинг янги авлодини шакллантиришда таълимга бирламчи омил сифатида қаралиб, хотин-қизларга таълим, илм-фан билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси маълумотларига қараганда, биргина ўтган 2024 йилнинг ўзида тегишли дастур асосида 889 минг 567 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлашга кўмаклашилган. Бунда 284 минг 41 нафар хотин-қиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилган. Хусусан, 154 минг 972 нафари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга, 129 минг 69 нафари тадбиркорлик кўникмалари ва молиявий саводхонлик бўйича малака оширган.
Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан “Оила ўқув платформа”си – https://oilamalaka.uz сайти ишга туширилгани ҳам диққатга лойиқ. Эҳтиёжманд оилалардаги тавсиянома олиш учун мурожаат қилган 36 минг 853 нафар талабгор хотин-қиздан 18 минг 481 нафарига тавсияномалар берилган ва шундан 1 минг 801 нафари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган.
Беш йил меҳнат стажига эга, олий маълумоти йўқ 4 минг 587 нафар хотин-қизга тавсиянома берилиб, улардан 398 нафари давлат олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган. Муҳтож ёлғиз аёллар ва боқувчисини йўқотган оғир вазиятдаги 2 минг нафар талаба хотин-қизларнинг контракт тўлови маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда.
Имконият ва имтиёзлар натижасида олий таълимдаги талабалар орасида хотин-қизларнинг улуши 52,2 фоизга етди. Ўтган йили 50 минг нафар хотин-қиз ахборот технологиялари бўйича ўқитилди.
Шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофоти йўналишлари қаторига ахборот технологиялари йўналиши киритилди. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича 400 дан ортиқ Гендер маслаҳат кенгашлари идора ва ташкилотлар тизимида ташкил этилди.
Илм-фан соҳасида хотин-қизлар иштиокини янада кенгайтиришга қаратилган бундай оқилона ёндашув Янги Ўзбекистоннинг миллий ва халқаро мажбуриятларини, хусусан, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар режаси, Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган вазифаларни бажаришига ҳар томонлама кўмаклашишга хизмат қилади. Зеро, халқаро ҳамжамият хотин-қизларга – илм-фан, илм-фанга эса хотин-қизлар кераклигини муттасил таъкидлаб келмоқда.
Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги резолюциясига мувофиқ, 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни деб эълон қилинган. Ушбу халқаро сана бутун дунёда аёллар ва қизларнинг илм-фан билан тўлақонли шуғулланишларига тенг имкониятлар яратиш, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш учун таъсис этилган.
Шу муносабат билан 2024 йил 9 февраль куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш айни санага бағишланган баёнотида аёллар ва қизларнинг илм-фан йўлида юксалишларига тизимли ғов-тўсиқлар ва турли жоҳилликлар ҳалигача халал бераётганига эътиборни қаратди. Унинг таъкидлашича, “Бу ҳолат дунёмизни буюк истеъдодлардан маҳрум этмоқда”.
Ўз навбатида, ЮНЕСКО Бош директори Одрэ қайд этишича, “билимлар ва истеъдодларнинг барча манбаларидан бирдек фойдалана олсак, ўшандагина илм-фаннинг салоҳиятини тўла намоён этишга ва янги давр олдимизга қўйган муҳим мақсадларга эришишга том маънода мушарраф бўламиз”.
Ҳақиқатан ҳам, илм-фан соҳасида гендер тенглик бутун инсониятнинг фаровон келажагини барпо этиш учун ниҳоятда зарур. Афсуски, бугунги кунда хотин-қизлар жаҳон илмий ҳамжамиятининг атиги учдан бир қисминигина ташкил этмоқда. Бундай салбий натижа, жумладан, хотин-қизларга илм-фан билан шуғулланиш учун ниҳоятда чекланган имкониятлар берилаётгани, уларнинг илмий тадқиқотларини нашр эттиришга жуда оз молиявий маблағлар ажратилаётгани ва етакчи университетларнинг раҳбарлик лавозимларида ишлаётган аёлларнинг сони эркакларга нисбатан анча кам эканлиги каби ташвишли омиллар билан боғлиқ.
Ҳозирги вақтда илм-фаннинг сунъий интеллект билан боғлиқ энг илғор соҳаларида ишлаётган мутахассисларнинг бештасидан фақат биттаси аёлдир. Яъни, ушбу соҳадаги хотин-қизлар улуши бор-йўғи 22 фоиздан иборат.
Жаҳонда тўртинчи саноат инқилобининг муваффақиятини таъминлаб берадиган аксарият технология соҳаларида муайян билим ва кўникмага эга мутахассислар тақчиллиги кузатилаётгани сир эмас. Шунга қарамай, хотин-қизлар олий ўқув юртларининг муҳандислик ихтисослиги бўйича битирувчилари орасида атиги 28 фоизни ташкил этса, компьютер ва информатика фанлари йўналишида бу кўрсаткич 40 фоизга зўрға етмоқда.
Илмий изланишлар олиб бораётган хотин-қизлар, одатда, истиқболи беқарор ва ойлик маоши юқори бўлмаган лавозимларда ишламоқда. Уларнинг тадқиқотлари машҳур журналлар саҳифаларида етарли даражада ёритилмаяпти ва меҳнатлари мансаб пиллапояларидан кўтарилишида инобатга олинмаяпти.
Дунёнинг айрим минтақаларида хотин-қизларнинг таълим олиши ўта чекланганлиги ёки бутунлай тақиқланганлиги ҳолатларидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. БМТ Бош котиби таъбири билан айтганда, “Бундай ҳолат жамиятнинг ўз оёғига ўзи болта уриши, қолаверса, инсон ҳуқуқларига ноинсофларча хилоф иш тутишидан бошқа нарса эмас”.
Шу маънода, хотин-қизларнинг барча илмий ва инновацион кашфиётларда тенгма-тенг иштирокини таъминлаш орқалигина сайёрамизда илм-фан бутун инсониятга хизмат қилишига эришиш мумкин. Бу ўринда, албатта, хотин-қизларни иқлим ўзгаришидан токи соғлиқни сақлаш ва сунъий интеллект соҳаларигача бўлган жамики илмий жараёнларга фаол жалб этиш ҳақида сўз бормоқда. Зеро, хотин-қизларнинг илм-фан билан шуғулланишга ҳақ ва ҳуқуқлари бор.
Бинобарин, илм-фан соҳасида хотин-қизлар қанчалик кўп бўлса, бундан илм-фан шунчалик кўп ютади. Нега деганда, аслида ҳам, аёллар ва қизлар илмий тадқиқот фаолиятига хилма-хиллик олиб киради, илм-фан асосий касби бўлган фидойилар сафини кенгайтиради ва илмий-техникавий соҳани янгича қарашлар ҳисобига бойитади.
Шу маънода, БМТ хотин-қизларнинг илм-фанга бўлган ҳуқуқини қатъий туриб ҳимоя қилишга, бу йўлдаги ҳар қандай қотиб қолган ёндашувлар, эскича қарашлар ва турли ғов-тўсиқларга барҳам беришга чорлаб келаётгани жуда муҳим. А.Гутерриш таъкидлдаганидек, “Биз барчамиз синфхоналар, лабораториялар ва кабинетларни хотин-қизлар орасидан етишиб чиққан олималар билан тўлдириш эвазига – дунёмизда мавжуд бўлган, лекин шу пайтгача фойдаланилмай келаётган беқиёс истеъдодларга қанот бағишлаш учун ўз муносиб улушимизни қўшган бўламиз”.
ХХI асрда яшаётганимизга қарамай, ҳатто ҳозирги кунда ҳам илм-фан билан боғлиқ соҳаларда хотин-қизларнинг четда қолаётгани очиқ-ойдин кузатилмоқда. Дунё жамиятларининг қон-қонига сингиб кетган бундай гендер нотенглик иллатлари, айниқса, иқтидорли ва юксак салоҳиятли қизлар кўпинча ўзларини илм-фан соҳаларидан четга олишларига тўғри келаётгани мисолида сезилиб қолмоқда.
Бинобарин, хотин-қизларнинг илм-фаннинг барча соҳаларида ўз муносиб ўрни бор. Улар илмий тараққиёт жараёнларида фаол иштирок этиш ҳуқуқига эга. Буни аёллар ва қизлар чуқур англаб етишлари керак.
Аммо, ҳозирча жаҳонда, айниқса, саноати ривожланган мамлакатлардаги илм-фан соҳасида эркакларнинг сон жиҳатдан устунлиги одатий ҳол ҳисобланади. Яна бир муаммо шуки, хотин-қизлар замонавий технологияларга тааллуқли соҳаларда ишласа-да, мансаб пиллапояларидан кўтарилиб боришда жиддий тўсиқларга дуч келмоқда. Масалан, кимдир ҳомиладор бўлгани учун таътилга чиқиб кетса, яна кимдир раҳбариятнинг нохолис муомала-муносабатидан азият чекади.
Кейинги йилларда корпоратив дунёда хотин-қизларга нисбатан муносабат бир қадар ўзгараётгани кузатилмоқда. Бинобарин, ишчи кучини диверсификация қилиш – даромадни оширишнинг қулай йўли эканини аксарият компаниялар етакчилари тушуниб етмоқда. Бироқ хотин-қизларнинг илм-фан соҳасида жадал суръатларда илгарилаши йўлида ҳали-бери тўсиқлар бисёр. Шундай ғовлардан бири – зарур даражада таълим олиш имкониятининг чекланганлигидир.
ЮНЕСКО экспертларининг фикрича, хотин-қизлар рақамли иқтисодиётнинг узвий бир қисмига айланишлари даркор. Токи, Тўртинчи индустриал инқилобда гендер тенгсизлик каби номақбул анъанага ўрин қолмасин.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 11.02.2025
- Кўришлар: 914
- Чоп этиш