Ўзбекистон конституцияси” дарслик-хрестоматиясида мустақиллигимиз тарихининг узвий қисми бўлган конституциявий ислоҳотлар ғоясининг туғилиши, ривожланиши, амалга оширилиши ва натижалари ҳақида атрофлича сўз боради. Янги таҳрирдаги конституциямизнинг ишлаб чиқилиши, кенг муҳокамалардан ўтказилиши ҳамда қабул қилиниши жараёни ҳақида архив, илмий материаллар ва оммавий ахборот воситалари маълумотлари асосида ёзилган мазкур асар муаллифнинг 2017 йили нашрдан чиққан “Ўзбекистон конституцияси тарихи” китобининг мантиқий давомидир.
Биринчи китобда 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Бош қонунимизнинг яратилиш тарихи, бу муҳим ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти чуқур талқин этилган, таҳлиллар асосида эътиборли жиҳатлари очиб берилган.
Таҳлилларга кўра, халқаро экспертлар Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлашда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини якдиллик билан эътироф этмоқда.
Шунингдек, унда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган вазифалар, Президентимиз таъкидлаганидек, сўнгги етти йилда қабул қилинган 3 та комплекс тараққиёт стратегиямиз ҳамда қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топди.
Шу маънода, китобда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси ва раҳбарлигида ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш асосида конституциявий ислоҳот ғоясининг туғилиши, ривожланиши, амалга оширилиши ва натижалари ҳақида атрофлича сўз юритилади.
Дарслик кириш, биринчи қисм — янги Ўзбекистон Конституцияси: яратилиши, мазмуни, мақсадлари, иккинчи қисм — хрестоматия ва янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси: методологик ғоялар, расмий ҳужжатлар, таҳлилий материаллардан шакллантирилгани ҳам эътиборга лойиқ.
Китобнинг кириш қисмида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фундаментал асарлари — “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” ҳамда “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асарларининг нашр этилиши, Ўзбекистоннинг бугунги қиёфаси, мамлакатимизнинг жаҳон тараққиётида тутган ўрни ва мавқеи, муҳим халқаро ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаол иштироки, долзарб масалалар бўйича илгари сураётган кўплаб ташаббусларининг мазмун-моҳияти очиб берилган.
Шунингдек, бугун дунёда 500 дан ортиқ амалдаги конституция мавжудлиги, шундан 200 га яқини мустақил давлатлар, 300 дан ортиғи федерациялар субъектларига тегишли экани баён қилинган.
Муаллифнинг энг муҳим сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий масалаларни ўзига қамраб олган бу қадар йирик ҳажмдаги аналитик материаллар ва маълумотларни қисқа вақтда тўплагани, умумлаштиргани, ҳар бирини юракдан ўтказиб чуқур таҳлил қилгани, содда ва оддий тилдан фойдаланган ҳолда ўқувчиларга етказгани ҳам диққатга сазовор, Зеро, бу саъй-ҳаракатлар жуда катта ғайрат-шижоат, билим ва тажриба, кенг миқёсдаги тафаккур ва интеллектуал салоҳиятни талаб этади.
Китоб билан батафсил танишар эканмиз, олдимизга қўйган юксак вазифалар, яъни замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига қаратилган узоқ ва давомли мақсадларга эришиш, уларни амалга ошириш йўллари бугунги ва эртанги кун нуқтаи назаридан теран таҳлил қилинган. Яқин келажакдаги устувор, дастурий йўналишлар аниқ ва равшан баён этилган.
Асарда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси лойиҳасига фаол муносабат билдирган дунё экспертларидан 143 нафарининг фикри келтирилган.
Ушбу фикр-мулоҳазалар Ўзбекистонда конституциявий ислоҳот давом этган икки ярим йилда миллий, хорижий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилди.
Китобда Конституция муттасил ҳаракатдаги муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат экани, яъни у ҳаёт жўшқинлиги ва ўзгаришларни ўзида яққол акс эттиргани, ҳозир конституциявий ватанпарварликни шакллантириш устувор вазифага айлангани ишончли манбалар асосида ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.
Шунингдек, дарслик-хрестоматия чоп этилишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқимиз босиб ўтган тараққиёт йўлини теран таҳлил қилиб, яқин ва олис келажакда олдимизда турган вазифаларни ҳам стратегик, ҳам тактик жиҳатдан атрофлича асослаб берилган “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китоби дастуруламал бўлганини айтиш зарур. Чунки ушбу китобда Конституцияни ўрганишни мактабгача таълим ташкилотларидан бошлаб, барча даражадаги таълим муассасаларида давом эттириш, аҳолининг турли қатламлари ва айниқса, давлат хизматчиларини ушбу жараёнга тўлиқ жалб этиш лозимлиги таъкидланган.
Бу борада давлат хизматига ишга қабул қилишда Конституция асослари бўйича имтиҳон ўтказиш тизимини татбиқ этиш яхши самара бериши шубҳасиз. Конституция ва қонунлар устунлигини таъминлашда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Китобнинг иккинчи қисмида эса янги таҳрирдаги Конституциямизнинг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва амалиётга татбиқ этилиши билан боғлиқ методологик ғоялар, расмий ҳужжатлар, таҳлилий материаллар ўз аксини топган. Хусусан, биринчидан, Президентимизнинг Конституция тўғрисидаги фикрлари, иккинчидан, конституциявий ислоҳотларга тааллуқли материаллар, учинчидан, конституциявий ислоҳотларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилишига оид инфографика, чизма ва жадваллар тақдим этилган.
Китоб билан батафсил танишар эканмиз, биз ўз олдимизга қўйган юксак вазифалар, яъни замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, иқтисодиётимиз барқарор ўсишини таъминлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига қаратилган узоқ ва давомли мақсадларимиз, уларни амалга ошириш йўллари бугунги ва эртанги кун нуқтаи назаридан теран таҳлил қилингани ҳамда яқин келажакдаги устувор, дастурий йўналишлар аниқ ва равшан белгилаб берилганига гувоҳ бўламиз.
Муаллиф томонидан баён қилинган, яқин тарихимиз ҳақидаги бевосита ўзи гувоҳ бўлган, Конституциявий комиссия таркибидаги фаолияти давомида юрагидан ўтказган ҳаяжонли воқеалар, аниқ фактларга асосланган ҳаққоний фикрлар китобнинг қимматини янада оширади. Бу китоб билан танишган ҳар бир инсон муаллифнинг Ўзбекистон тақдири ва келажагининг энг муҳим масалаларини мукаммал ўрганганини, муаммоларнинг ечимига донишмандлик ва жасорат билан ёндашганини кўриши мумкин.
Китобдан ўрин олган барча фикр-мулоҳазаларни ўзаро узвий боғлаб турадиган асосий жиҳат муаллифнинг фидойилиги, ватанимиз мустақиллигига тўлиқ ишонч, халқ фаровонлиги, ёруғ келажаги учун ҳар қандай синовларга тайёр туриши, улуғ мақсадларга эришишни ўз ҳаётининг мазмуни деб билишидир.
Муроджон ТУРҒУНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ
институти директори, юридик фанлар доктори, профессор
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2025 йил 11 февраль кунги 29 (1355)-сони
- Қўшилди: 12.02.2025
- Кўришлар: 655
- Чоп этиш