14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур
таваллуд топган кун
«Фарғона... кичик вилоятдир. Дон-дуни кўп, меваси фаровон. Қовун ва узуми яхши бўлади. Қовун пишиғи пайтида полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас. Андижоннинг ношвотисидан яхшироқ ношвоти бўлмайди.
Яна Марғинондир... ноз-неъматга бой. Анори ва ўриги жуда яхши бўлади. Бир хил анори бор, «донакалон» – йирик донали дейдилар. Чучукликда ўрик таъмидан анча ширин. Самнон анорларидан устун қўйса бўлади».
Ушбу парча муҳташам «Бобурнома» асарининг ҳозирги тилимизга қилинган табдилидан келтирилди. Ўзбек мумтоз адабиётининг ёрқин сиймоларидан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг айни фикрлари, бир томондан, у зотнинг табиатни нақадар теран ўрганганидан далолат берса, иккинчи томондан, мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб эълон қилинган жорий йил мақсад-вазифалари билан улуғ шоҳ ва шоир аждодимизнинг асарларида акс этган экологик маърифат ва атроф-муҳитга меҳр-оқибат мавзуларидаги ўзаро ҳамоҳанглик янада долзарб аҳамият касб этади.
Бу ҳақда фикр юритганда, «Бобурнома» (ёки «Воқеоти Бобурий», «Вақоеъ»...) асари Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон, Эрон халқларининг XV аср охири – XVI асрнинг биринчи ярмидаги тарихини ўзида акс эттирганлигини таъкидлаш лозим. Ушбу муҳташам асар неча асрлардан буён нодир тарихий ва адабий мерос сифатида дунё олимларини ҳайратда қолдириб келаётгани бежиз эмас.
Чунки «Бобурнома» жуда кўп долзарб иқтисодий, ижтимоий масалалар, Фарғона вилояти, Андижон шаҳри, Марказий Осиё минтақасининг бошқа йирик шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз, Ўш, Урганч, Ўратепа, Термиз, шунингдек, Қобул, Ғазна ва улар ихтиёридаги кўпдан-кўп туманлар, вилоятлар, Шимолий Ҳиндистон сингари юртларнинг ўзаро сиёсий-иқтисодий ва савдо муносабатлари, жўғрофий мавқеи, иқлими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, халқлари, уларнинг яшаш шароитлари, муҳим тарихий иншоотлари – ҳиндлар ва мусулмонлар ибодатхоналари, тўй ва маросимлари ҳақида ниҳоятда нодир маълумотларни ўзига қамраб олган шоҳ асардир.
Заҳириддин Бобурнинг тарихий, илмий, адабий меросини ўрганиш ҳамда оммалаштиришда нафақат Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон, балки бутун дунё олимлари ва адибларининг самарали илмий-ижодий фаолияти диққатга сазовордир. Бу борадаги изчил саъй-ҳаракатлар туфайли биргина «Бобурнома» асари жаҳоннинг турли мамлакатларида кўплаб тилларга таржима қилинди ва чоп этилди. Муҳими, бу нашрларга салмоқли сўзбошилар ёзилди, мазмундор изоҳлар ва иловалар ҳавола қилинди, бир сўз билан айтганда, кенг китобхонлар оммасининг маънавий мулкига айлантирилди.
Улуғ аждодимиз “Бобурнома”да ўзи яшаган, умр кечирган барча шаҳарлар, қишлоқларнинг табиатини, ўсимликларини, ҳайвонларини, дарё-кўлларини, ҳатто ёққан қору ёмғирларини ҳам тўлиқ тасвирлаб берганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Бинобарин, экологик тарбия “Бобурнома”нинг бошдан охиригача ёзиб борилган, турли минтақалардаги йил фасллари, дарахтлар тури, мевалар таъми, йириклиги, ҳатто ёмғирнинг қанча миқдорда ёғиши ҳам ипидан-игнасигача таърифлангани таҳсинга лойиқ.
“Бобурнома”даги шу каби тасвирлар мисолида аждодларимизнинг табиатга меҳри, сувларни асраб-авайлаб, улардан одамларнинг эҳтиёжларини қондириш, гуллар ва боғларни суғориш, юртни обод қилиш учун фойдаланганлари, табиат неъматларини кўз қорачуғидек асраб-авайлаб, покиза сақлашга интилганларига яна бир бор яққол амин бўламиз.
Саркарда ва нозиктаъб шоир ўз халқининг ана шу қутлуғ анъаналарини Ҳинд диёрига ҳам уруғлар яхши самара берди. Шу маънода, хулоса ўрнида Ҳиндистоннинг атоқли давлат, сиёсий ва жамоат арбоби Жавоҳирлаъл Нерунинг улуғ бобокалонимизга оид қуйидаги эътирофини келтирамиз: «Бобур – дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмдорининг ҳақиқий намунасидир. У мард ва тадбиркор одам бўлган. Бобур ўта маданиятли ва жозибали инсонлар орасида энг етук инсонлардан бири эди. Бобур санъат ва, айниқса, адабиётни севарди».
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 14.02.2025
- Кўришлар: 817
- Чоп этиш