Ҳозирги даврда бутун дунёда иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатлари яққол сезилмоқда. Буни олдиндан кўра билиб, мамлакатимизда экологик тоза иқтисодиётга ўтилаётгани, шунингдек, “Яшил макон” дастури доирасида дарахтлар экилиб, боғлар яратилаётгани, сувдан тежаб-тергаб фойдаланилаётгани жуда муҳим. Янада муҳими, 2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт” йили деб эълон қилингани бу борадаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини тубдан оширишга қаратилган.
14 февраль куни Тошкент шаҳар, Яшнобод туманидаги 307-мактабда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ўтказилган адабий-маърифий учрашувда шу ҳақда сўз борди. Тадбир халқимиз маънавий дунёсининг юксалишига улкан ҳисса қўшган икки буюк шахс – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд саналари муносабати билан ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир ва таржимон Ғулом Мирзо даставвал яқинда давлатимиз раҳбарининг Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида тўхталди. Ҳужжатда ўз аксини топган бир қатор экологик ташаббусларни халқимиз кенг қўллаб-қувватлагани ва халқаро жамоатчилик эътироф этаётгани бежиз эмаслиги таъкидланди.
Экологик таҳдидлар, бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради. Иқлим инқирози ва табиат офатларидан ҳар бир инсон азият чекмоқда.
Айниқса, бутун дунёда иқлим ўзгариши учун энг кам жавобгар инсонлар – болалар энг кўп жабр кўрмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асраб-авайлаш ишларига мунтазам эътибор қаратилаётгани жуда муҳим.
Ўз навбатида, улуғ аждодларимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодида атроф-муҳитга эътибор, табиатга ғамхўрлик, экологик маърифат масалалари қанчалик катта ўрин тутгани тўғрисида атрофлича фикр юритилди. Мактаб ўқувчилари ҳар икки мумтоз шоирнинг ижодидан намуналарни турли тилларда ёд айтдилар.
Тадбир якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази номидан мактаб кутубхонасига бир туркум ҳуқуқий-маърифий адабиётлар топширилди.
Шунингдек, адабий учрашувда фаоллик кўрсатган ўқувчи-ёшларга ҳам китоблар тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.02.2025
- Кўришлар: 901
- Чоп этиш