Китобхонлик ва маърифат байрами

14 февраль – Халқаро китоб улашиш куни

 

Бугун мамлакатимизда улуғ аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги, дунё миқёсида эса Халқаро китоб улашиш куни кенг нишонланди. Шу муносабат билан маҳлламиздаги 307-мактабда ўқувчи-ёшлар ва устоз-муаллимларга имконимиз доирасида китоблар улашдик. Ўз навбатида, навқирон йигит-қизлар бизга Алишер Навоий ва Мирзо Бобур боболаримизнинг ижод намуналаридан ўқиб бердилар.

Халқаро китоб улашиш куни (International Book Giving Day) – китоб ўқишни, китоблар совға қилишни ва шу аснода ўзгаларга ҳам эзгулик соғинишни ва маърифат улашишни яхши кўрадиган барча инсонларни ўзаро бирлаштирадиган халқаро сана.  Бинобарин, бу муҳим кунни байрам қиладиганлар кўлами изчил ортиб бормоқда.

Халқаро китоб улашиш куни муносабати билан инсонлар дўсту яқинлари, қариндошу бегоналарга китоблар туҳфа этади. Одатда, бундай ноёб совғалардан кутубхоналар, болалар уйлари, мактаблар ва бошқа таълим муассасалари ҳам бебаҳра қолмайди.

Ушбу китобхонлик ва маърифат байрами жорий йилда ўн учинчи бор нишонланди. Янги сана бўлгани учун унинг келиб чиқиш тарихи анча навқирон. БМТ таъсис этган йирик халқаро саналар ёки давлатлар тасдиқлаган миллий байрамлар, диний айёмлар ва турли касб кунларидан фарқли равишда Халқаро китоб улашиш кунини байрам қилиш ташаббуси 2012 йилда оддийгина бир инсон – америкалик фуқаро Эмми Бродмур томонидан илгари сурилган.

АҚШда болалар китоблари бўйича сайтга асос солган Э.Бродмур уч нафар фарзанднинг онаси бўлиб, бир куни болалари ундан: “Нима учун дунёда инсонлар бир-бирига китоб ҳадя этадиган алоҳида байрам мавжуд эмас?”, деб сўраб қолишади. Шу ўринли савол замиридаги уйғоқ ғоя, ўз навбатида, ёрқин ташаббусга айланади ва ниҳоят амалиётга кўчади.

Эмми хоним ўзига яхши таниш блогерлар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, ҳамкасб ва ҳамкорлари билан кенгашиб, 2012 йил 14 февралдан эътиборан “Халқаро китоб улашиш куни”ни нишонлашга киришади. Шунинг учун дунёнинг турли мамлакатларида китобсевар инсонлар, ноширлар, китоб дўконлари эгалари, хайрия фондлари ва ижтимоий ташкилотлар қўллаб-қувватлаётган мазкур санада аввало болажонларга китоблар ҳадя этилиши хайрли анъанага айланган.

Ушбу маърифат байрамининг улуғ шоҳ ва шоир аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кунга тўғри келганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, Мирзо Бобурнинг биргина “Бобурнома” китобиёқ жаҳон маърифат аҳлининг неча-неча авлодлари учун муҳташам ва ноёб туҳфадир.

Ўзбек тилида: “Қат-қат қатлама – ақлинг бўлса, ҳатлама” деган пурҳикмат мақол-топишмоқ кўп қўлланилади. Бу ўринда “қатлама” ноннинг бир тури бўлиб, айни тимсол ёрдамида китоб нонга тенглаштирилган. Яъни, халқимиз азиз меҳмонига дастурхон тузаганидек, қадрли инсонларини китоб билан сийлашни ҳам асло унутмайди.

Юртдошларимиз туғилган кун ва бошқа байрамларда бир-бирларига турфа китоблар ҳадя қилади. Ҳатто келинлар сарполарида ҳам китобларга тобора кенг жой берилмоқда. Олиму ижодкорларимиз мухлисларига доим янги асарларини тақдим этиб бораяпти.

Бу борада биз хабардор бўлган иккита эътирофли далил: Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли навоийшунос олима Суйима Ғаниева умри якунида бой шахсий кутубхонасини Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона тасарруфига ўтказган бўлса, зиёлилар доирасида “сўнгги жадид” мақомида эътироф этилган филология фанлари доктори, профессор Бегали Қосимов уйидаги барча китобларини ўзи бутун умр ишлаган Ўзбекистон Миллий университетига туҳфа этган.

Бундай хайрли амаллар тимсолида маърифатпарвар халқимизнинг инжа фазилатлари янада яққол намоён бўлмоқда. Ва бу савобли ишлар ҳар биримизга чексиз фахру ифтихор бағишлайди.  

Кейинги йилларда китоблар ҳадя этиш билан боғлиқ ушбу эзгу таомиллар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таҳсинга сазовор. Эндиликда вазирлик ва муассасалар, ташкилот ва корхоналар юртимиздаги кутубхоналар, таълим даргоҳлари ҳамда маҳаллаларга турфа номдаги кўплаб китобларни мунтазам етказиб бермоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳам бундай маърифатпарварлик ташаббусини изчил давом эттирган ҳолда, юртимиздаги ахборот-кутубхона марказлари, мактаблар ҳамда бир қатор олий таълим муассасалари кутубхоналарига инсон ҳуқуқларига оид адабиётни беғараз асосда мунтазам тақдим этиб келмоқда. Айниқса, 2024 йилда Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари уйи расман иш бошлагани бу борадаги эзгу ишларни тизимли тарзда амалга ошириш имконини яратди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги саккиз йилда қабул қилинган устувор стратегик дастурлар доирасида, жумладан, беқиёс кўламдаги маърифий тадбирлар амалга оширилди, китобхон ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларимиз учун зарур адабиётларни нашр этиш ва кенг миқёсда тарқатиш йўлга қўйилди. Бунга биргина мисол сифатида ҳаётимизнинг барча соҳаларига изчил татбиқ этилаётган “Ўзбекистон–2030” стратегиясини келтириш кифоя. 

Мухтасар айтганда, бугунги кунда жадид боболаримиз ҳақида кўп гапирмоқдамиз. Аслида, улар ҳам осмондан тушмаган, балки худди шундай оддий ва ҳаётий йўлдан борганлар – дарсликлар ёзганлар, мактаблар очганлар, ёшларнинг хорижда таҳсил олишини уюштирганлар, газета-журнал чоп этганлар, кутубхона очганлар, китоб улашганлар, аҳолини китоб ўқишга – маърифатпарварликка рағбатлантирганлар.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech