14 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари уйида шу мавзуга бағишланган давра суҳбати бўлди. Унда Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг ички ишлар органлари бошлиғи ўринбосари лавозимларига тайинлаш учун малака ошириш бўйича тингловчилари иштирок этди.
Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов очар экан, замонавий ислоҳотлар жараёнида ички ишлар органлари фаолиятида инсон ҳуқуқларига оид халқаро норма ва стандартларни кенг жорий этиш масаласи долзарблигини қайд этди. Жумладан, ички ишлар органлари фаолиятини энг илғор халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиётида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Академик А.Саидов фикрича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, хусусан, раҳбар кадрларни тайёрлаш доирасида инсон ҳуқуқларига оид халқаро норма ва стандартларни ўрганиш бўйича мунтазам машғулотлар, малака ошириш курслари ташкил этилиши лозим. Чунки ходимларнинг мазкур соҳада чуқур тушунчага эга бўлиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида инсон қадр-қимматини жойига қўйиш борасидаги айрим камчиликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда миллий қонунчиликни халқаро ҳуқуқ нормалари билан уйғунлаштириш жараёни изчил давом этмоқда. Келгусида ҳам Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Қийноққа қарши курашиш конвенцияси каби халқаро ҳужжатлардан келиб чиқиб турли соҳалар бўйича норматив-ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш режалаштирилган.
Ички ишлар органлари фаолиятида жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликни кучайтириш жуда муҳим. Чунки бу омиллар инсон ҳуқуқлари бузилиши сабабларини ўз вақтида аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда ҳуқуқ-тартибот органларига бўлган ишончни мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади.
Тадбир давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, профессор Мирзатилла Тиллабоев инсон ҳуқуқлари соҳасига доир халқаро шартномалар, миллий ҳуқуқий нормалар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятидаги янгиликлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этди.
Жумладан, 1948 йил 10 декабра қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида илк бор бутун инсоният учун умумий бўлган ҳуқуқлар ва эркинликлар ўз ифодасини топган. Декларация талаблари асосида ички ишлар органлари жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда барча фуқароларга бир хилда ёндашиши, уларни ирқи, жинси, тили ёки эътиқодига қараб камситмаслиги шарт.
Ўзбекистон Президентининг 2020 йилда қабул қилинган Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва муҳофаза қилиш соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун муҳим дастур бўлиб хизмат қилди. Шу асосда инсон ҳуқуқларига доир бир қатор қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, ҳуқуқий база замон талабларига мослаштирилди.
Давлат органларида инсон ҳуқуқлари бўлимларини мустаҳкамлаш, ички ишлар органларида ҳуқуқий маслаҳат ва мониторинг тизимларини яхшилаш чоралари кўрилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув семинарлари, ҳуқуқий билимларни ошириш курслари ташкил этилди, оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб борилди.
Натижада ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида инсон ҳуқуқлари бузилишларининг олдини олиш мониторинги ва ҳуқуқни сақлаш соҳасида жамоатчилик назорати кучайтирилди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш бўйича бир қатор ютуқлар қўлга киритилди.
БМТнинг Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо турларига қарши конвенциясини ратификация қилар экан, Ўзбекистон муайян кафолатларни берган. Ҳеч қандай ҳолатда, ҳатто фавқулодда шароитларда ҳам қийноқ қўллаш мумкин эмаслиги; қийноққа йўл қўйилганлиги тўғрисидаги ҳар қандай даъво тезкор, холис ва амалий текширувдан ўтиши кераклиги; шунингдек, қийноққа қўл урган шахслар жавобгарликка тортилиши ва жабрланувчилар реабилитация қилиниши шартлиги шундай кафолатлар сирасига киради.
Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари зиммасига ходимларнинг касбий фаолиятида халқаро нормаларга тўлиқ амал қилинишини таъминлаш вазифаси юклатилган. Соҳа ходимлари малакасини ошириш учун Ўзбекистон қўшилган тегишли конвенциялар талаблари асосида ўқув курсларини доимий ташкил этиш мақасадга мувофиқдир.
Тадбирда 2025–2030 йилларга мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш бўйича устувор вазифалар ҳақида ҳам батафсил фикр юритилди.
Ўз навбатида, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррири ўринбосари Азизбек Рамазонов айни даврий нашр фаолияти, унинг мақсад ва вазифалари, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-назарий мақолаларни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этишдаги аҳамияти ҳақида ахборот берди.
Давра суҳбати якунида қатнашчилар Инсон ҳуқуқлари уйи фаолияти билан танишдилар. Миллий марказнинг Ахборот-ресурс мультимедиа бўлими бошлиғи Ҳамидулло Мўминов ушбу масканда яратилган шароитлар, электрон китоблар, аудио ва видео манбалар орқали инсон ҳуқуқларига оид маълумотларни олиш имкониятлари ҳақида зарур маълумотларни тақдим этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.02.2025
- Кўришлар: 941
- Чоп этиш