Ўзбекистон Миллий университети Франция томони билан бир қанча битимлар имзолади

Ўзбекистон Миллий университети ва Пуатье университети билан ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича Пуатье университетида илм ва таълим соҳасида талабалар академик мобиллик, профессор-ўқитувчилар ва докторантлар стажировка ва малака оширишга юбориш йўлга қўйилади

10 март куни Париж шаҳрида “Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон-Франция кўприги” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Франция Республикаси Олий таълим, тадқиқотлар ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбир таълим ва илм-фан соҳасидаги мустаҳкам икки томонлама алоқаларимиз ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам эканлигини тасдиқлайди.

Ўзбекистон ва Франция олий таълим муассасаларининг ҳамкорлик алоқалари тўғрисида гапиришдан олдин икки халқ ўртасидаги азалий дўстлик ва маданий алоқаларига тўхталиб ўтмоқчиман.

Маълумки, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва ўрни кундан-кунга ошиб бораётган бир пайтда, мамлакатимизнинг Европа давлатлари, хусусан Франция билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, икки мамлакат халқлари ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳадаги алоқалар бугун ёки кеча бошланган эмас, балки узоқ тарихга эга.

Хусусан, ўрта асрларда Амир Темур 1402 йилда Усмонийлар султони устидан ғалаба қозонгач, Амир Темурни ушбу ғалаба билан Франция қироли Карл VI (1380-1422 йй.) табриклаб, унга махсус мактублар юборганлар. Ушбу тарихий воқеалардан гувоҳ бўламизки, халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари қарийб олти асрдан буён давом этиб келмоқда. Айниқса, бу хусусида 2016 йилда таниқли француз олими Люсьен Керен ва ўзбекистонлик олим Акмал Саидов ҳаммуаллифликда ёзган “Амир Темур ва Франция” асарида жуда катта тарихий маълумотлар келтирилган.

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дипломатик муносабатлар маълумки, 1992 йил 1 мартда ўрнатилган бўлиб, 1992 йил июндан бошлаб Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, 1995 йил март ойидан бошлаб эса Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси фаолият олиб бормоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, Франция — Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат ташрифини амалга оширган биринчи Европа мамлакатидир. Икки мамлакат ўртасида кўплаб соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ушбу мақолада асосан икки мамлакат олий таълим тизимидаги ҳамкорлигимизга тўхталиб ўтмоқчиман.

Республикамиз бир неча олий таълим муассаларида, жумладан Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Андижон давлат университети, Бухоро давлат университети, Қарши давлат университети, Самарқанд чет тиллари институти, Термиз давлат университети, Фарғона давлат университети, Урганч давлат университети каби бир қатор университет талабалари француз тилини ҳам асосий ҳам иккинчи тил сифатида ўрганмоқда. Бугунги кунда республикамиз университетларида 15 000 дан ортиқ ёшлар француз тилини ўрганмоқдалар.

Республикамиздаги аксарият олий таълим муассассаси Франция университетлари билан фаол алоқаларни йўлга қўйганлар. Айниқса, Ўзбекистон Миллий университети Сорбон Нувел Париж 3, Тур университети, Серж Понтуаз университеи, Университет Тулуз 3, Париж Сорбон Норд университети, Пуатье университетилари каби ўндан ортиқ Франциянинг илғор университетлари билан яқиндан алоқа ўрнатиб талабалар ва профессорлар алмашинув дастурларида иштирок этмоқдалар, Erasmus+ грантларида ҳамкорлик қилмоқдалар.

Олий таълимдаги ҳамкорликлар асосан талабалар алмашинуви, професорларни ўқув жараёнига жалб қилиш, қўшма таълим дастурлари очиш, ҳаммуаллифликда дарсликлар ёзиш, халқаро грантларда биргаликда иштирок этиш каби йўналишларда олиб борилмоқда.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан таълим ва маданий ҳамкорликлар жуда яхши йўлга қўйилган. Айниқса, охирги йилларда Тошкентдаги Франция элчихонаси ва Француз Альянсида Франкофония байрами кенг нишонланиб келмоқда, шунингдек талабалар Европа тиллари куни тадбирларида фаол иштирок этадмоқдалар, элчихона томонидан француз тили ўқитувчилари учун ёзги мактаблар мунтазам ташкил қилиб борилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимиз пойтахтида “Alliance Française de Tachkent” француз тил ва маданият маркази самарали фаолият олиб бормоқда.

Ўзбекистон Миллий университети етакчи француз университетлари билан фаол ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб келмоқда. Бунга ёрқин мисол сифатида CNRS (Франция Миллий тадқиқотлар маркази) ва Пуатье университети билан ҳамкорлигимизни келтириш мумкин. Айниқса ЎзМУ Пуатье университети билан академик мобиллик дастурлари ва инклюзив таълим ташаббусларини амалга ошириш бўйича стратегик ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Жорий йилнинг февралида университетимиз профессорлари Erasmus+ Staff Week дастури доирасида Пуатье университетида маърузалар ўқидилар, бу эса академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Таъкидлаш жоизки охирги уч йил ичида 20 нафардан ортиқ талабалар Erasmus+ дастури бўйича Тур, Пуатье ва Сорбонна IV каби етакчи университетларда академик мобиллик бўйича бир семестр давомида ўқишга юборилди, шунингдек 25 нафар ўқитувчилар Франция университетларида стажировка ўтаб қайтишди. Сорбонна IV университети билан ERASMUS-EDU-2022-CBHE-STRAND-2 – “INMACOM” лойиҳаси амалга оширилиб келинмоқда.

Бундан ташқари, Пуатье, Бордо-Монтань, Тур, Гавр, Лион II ва Ренн университетлари билан ҳамкорлик алоқаларимиз қўшма таълим ташаббусларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Ушбу йўналишда муҳим лойиҳалардан бири бўлажак Ўзбекистон-Франция университети доирасида биоинформатика ва математика йўналишида мутахассислар тайёрлашга оид келишувдир. Шунингдек, Пуатье университети проректори ва Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакилларининг яқинда амалга оширган ташрифлари икки томонлама ҳамкорликнинг юқори даражада эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Маданий ҳамкорлик алоқаларимиз мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади. Француз тили ва маданияти анъанавий равишда Ўзбекистонда катта қизиқишга эга бўлиб, университетларимиз француз тилини чуқур ўрганиш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган дастурларни фаол жорий этмоқда. 2024 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Миллий университетида Франция элчихонасининг қўллаб-қувватлаши билан бутун республика бўйлаб француз тили ўқитувчилари учун малака ошириш курслари ўтказилди. Франциялик етакчи профессорларнинг қатнашиши замонавий ўқитиш методикаларини қўллашни жорий этиш имконини берди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида фаолият юритаётган «Ўзбекистон-Франция» дўстлик жамияти маданий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим рол ўйнамоқда. Жамият француз адабиёти ва санъатини оммалаштиришга қаратилган турли тадбирларни ташкил қилмоқда. Тошкентдаги Франция альянси билан ҳамкорликда танловлар, викториналар ва тематик кечалар ўтказилиб, маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонда француз тилини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Яқинда Франкофония халқаро куни муносабати билан ташкил этилган «Францияга саёҳат» тадбири француз тилини ўрганаётган талабалар ва ўқитувчиларни бир жойга жамлади, бу эса икки давлат ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг юксак даражада эканлигидан далолат беради.

Бугун биз сунъий интеллект, барқарор ривожланиш, энергетика ва таълимни рақамлаштириш каби замонавий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият борлигини кўряпмиз. Шу муносабат билан, келгуси ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор таклифларни билдирмоқчиман:

  • Ўзбекистон-Франция университети таркибида француз-ўзбек илмий таржима марказини яратиш: Французча илмий ва адабий асарларини ўзбек тилига ҳамда ўзбек илмий ва адабий асарларини француз тилига мунтазам таржима қилиб борилишини қўллаб-қувватлаш. Академик нашрлар алмашинуви учун ягона база яратиш.
  • Ўзбекистон-Франция университети доирасида илғор рақамли технологиялар бўлимини ташкил этиш: Ушбу бўлинмада сунъий интеллект, маълумотлар таҳлили, рақамли иқтисодиёт ва бошқа замонавий инновация соҳаларида француз-ўзбек олимлари томонидан тадқиқотлар олиб борилади.
  • Француз тилидаги таълим дастурларини кенгайтириш: Биотехнология, тиббиёт физикаси, кимё, сунъий интеллект ва муҳандислик йўналишларида қўшма бакалавр ва магистр дастурларини жорий этиш, бу эса талабаларнинг икки давлат ўртасидаги академик мобиллигини кучайтиради.

Ушбу конференция доирасида Ўзбекистон Миллий университети Франция томони билан бир қанча битимлар имзолади:

  • Ўзбекистон-Франция консорциум университетлари доирасида Ўзбекистон Миллий университети ва Пуатье университети билан ҳамкорлик тўғрисидаги битим. Бунда Пуатье университетида илм ва таълим соҳасида талабалар академик мобиллик, профессор-ўқитувчилар ва докторантлар стажировка ва малака оширишга юбориш йўлга қўйилади (2025-2026, 2026-2027 ўқув йилларида).
  • Ўзбекистон миллий университети билан Париж XIII Шимолий Сорбонна университети ўртасида академик мобиллик тўғрисидаги битим. Бунда Париж XIII Шимолий Сорбонна университетининг профессор-ўқитувчилар билан биргаликда ишлаш, малака оширишга юбориш (10 нафар профессор-ўқитувчи), шунингдек лингвистика, ижтимоий фанлар, этнология, ҳуқуқ, иқтисод, математика, физика йўналишлари бўйича бакалавр ва магистр йўналишида қўшма талим дастурларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди.
  • ЎзМУ ва ASIE халқаро бирдамлик ва таълим ассоциацияси ўртасида академик мобиллик тўғрисидаги битим. Мазкур битим доирасида “Objectifs du Développement Durable (ODD) — Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)” доирасида халқаро ёшлар лойиҳаси амалга оширилади. Унда ЎзМУ ASIE халқаро ассосиацияси фонди орқали ҳар йили 10 нафар талаба ва 1 нафар ўқитувчини Францияга жўнатади. Шунингдек, 10 нафар француз талабалари ва 2 нафар француз мутахассислари ЎзМУда бўлиб ўтадиган “Халқаро ёшлар ёзги мактабига” иштирок этиши режалаштирилган.

 

Ш.Тошматов

Ўзбекистон Миллий университети

ўқув ишлари бўйича проректор

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech