Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидовнинг "Парламент йўллари: Парламентлараро Иттифоқдаги овоз йилномалари, 2020-2023 йиллар" номли китоби XXI асрда парламент дипломатияси ролининг ўсиши жараёнларини ўрганиш ва ҳужжатлаштиришга қўшилган муҳим ҳиссадир.
Китоб расман нашр этилди ва Тошкентда илк бор ўтказилаётган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси доирасида кенг тарқатилмоқда. Ушбу нуфузли анжуманнинг мамлакатимиз пойтахтида ташкил этилгани, бир томондан, Парламентлараро Иттифоқ тарихида янги босқич бошланганидан, иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг халқаро парламент ҳамжамиятидаги ўрни тобора ортиб бораётганидан ёрқин далолатдир.
Китоб 2020 йилдан 2023 йилгача бўлган даврни қамраб олган бўлиб, унда глобал ўзгаришлар даврида миллий парламентлар дуч келаётган муаммолар ва имкониятлар ҳақида биринчи шахс тилидан ҳикоя қилинади. Муаллифнинг COVID-19 пандемияси оқибатларидан тортиб, глобал тинчлик, демократик янгиланишлар, иқлим ўзгаришига қарши кураш чоралари, гендер тенглик, ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича мунозараларнинг қайта бошланиши хусусидаги мулоҳазалари унинг парламент ҳамкорлиги халқаро кун тартибини қай тарзда шакллантириш ва унинг ўзгаришларига қандай жавоб бериш мумкинлигини чуқур англашини кўрсатади.
Академик А.Саидов кўп йиллик тажрибага эга парламент аъзоси, ҳуқуқ, қиёсий ҳуқуқшунослик ва инсон ҳуқуқлари бўйича эксперт, шунингдек, Парламентлараро Иттифоқнинг собиқ вице-президентидир. Шу маънода, ушбу китобдаги тафсилотлар ва илгари сурилган ғоялар ўзига хос даражада ноёблиги билан алоҳида диққатни тортиши табиий.
Бу китоб шунчаки хотиранома ёки эсдаликлар тўплами эмас. Аксинча, муаллиф уни ўз китобхонларига, хусусан, Парламентлараро Иттифоқнинг глобал миссияси негизидаги институционал механизмлар ва сиёсий тафаккурни тушунишга интилаётган парламент аъзолари, олимлар, дипломатлар ва тараққиёт бўйича мутахассислар учун стратегик қўлланма мақомида ёзган.
Китобга мавзулар боғлиқлиги ва солномавий изчиллик нуқтаи назаридан тартиб берилган. Бу, ўз навбатида, китобхонга Парламентлараро Иттифоқ вақт ўтиши билан қай тахлит ривожлангани ва бугунги кунда қандай мавқега эгалигини англаш имконини яратади.
Китобнинг биринчи қисми Парламентлараро Иттифоқнинг институционал асослари ва ривожланишига бағишланган. Тинчлик тарафдорлари Фредерик Пасси ва Уильям Рэндал Кремер томонидан 1889 йилда асос солинган Парламентлараро Иттифоқ парламент воситалари орқали тинчлик мулоқотини ривожлантириш платформаси сифатида яратилганди. Вақт ўтиши билан ташкилот мураккаб халқаро муаммоларни ҳал қилиш учун миллий парламентларни бирлаштирган глобал институтга айланди.
Муаллиф айни шу ривожланишнинг асосий тарихий бурилиш нуқталарини чуқур таҳлил этган. Жумладан, инсон ҳуқуқлари, барқарор ривожланиш ва тинчликпарварликни таъминлашни ўз ичига олган Парламентлараро Иттифоқ ваколатларининг кенгайиши жараёнлари талқинига алоҳида эътибор қаратган.
Иккинчи қисмда муаллифнинг Парламентлараро Иттифоқдаги раҳбарлик лавозимида ўз вазифаларини бажариш асносида орттирган шахсий тажрибаси билан танишиш мумкин. А.Саидовнинг Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитасининг аъзоси ва вице-президенти лавозимида ишлаган йиллари глобал миқёсдаги муҳим ўзгаришлар даврига тўғри келди.
А.Саидов, айниқса, COVID-19 пандемияси авж олган пайтда рақамли трансформация ва масофавий мулоқот орқали парламент функцияларининг давом этишини таъминлаш учун Парламентлараро Иттифоқнинг жавоб чораларини шакллантиришга ҳисса қўшди. Шунингдек, у фискал барқарорлик, экологик қонунчилик ва парламент институтларида шаффофликни ошириш бўйича ислоҳотлар каби долзарб масалалар устида фаол иш олиб борди.
Эътиборлиси, китобда муаллифнинг инсон ҳуқуқлари, демократия ва можароларнинг олдини олиш бўйича ижроия сессиялари, доимий қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва юқори даражадаги форумлардаги фаол иштироки батафсил ёритилган. Ушбу бўлимларда Парламентлараро Иттифоқнинг ҳам ички бошқаруви, ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа глобал ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасидаги фаол ташқи фаолияти очиб берилгани жуда муҳим.
Китобда Ўзбекистоннинг Парламентлараро Иттифоқ доирасидаги ютуқлари ва стратегик устувор йўналишлариг алоҳида эътибор билан ғоятда салмоқли тарзда талқин этилган. Ўзбекистон 2017 йилда Парламентлараро Иттифоққа аъзолиги қайта тикланганидан кейин парламентлараро ҳамкорликнинг фаол иштирокчисига айланди. А.Саидовнинг Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитасига сайлангани, унинг иштирокида кўплаб халқаро анжуманлар ўтказилгани, Парламентлараро Иттифоқнинг зарур нашрлари ўзбек тилига таржима қилингани каби муҳим воқеалар унда муносиб аксини топган.
Ўзбекистоннинг БМТ Бош Ассамблеясининг "Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини ошириш" резолюциясини тақдим этиш ташаббуси китобдаги ниҳоятда таъсирчан ва қамровдор мазмунда битилган энг муҳим воқеалардан биридир. БМТга аъзо 80 га яқин давлат томонидан қўллаб-қувватланган ушбу резолюцияда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишни интеграциялаш ва мониторинг қилишда миллий парламентларнинг асосий роли эътироф этилди.
Тўғри, бу ютуғимиз нафақат китобда тасвирланган, балки Парламентлараро Иттифоқнинг расмий веб-сайтида ҳам ҳужжатлаштирилган. Айни чоғда, муаллиф қонунчилик амалиётини барқарор ривожланиш соҳасидаги глобал мажбуриятларга мувофиқлаштириш борасида Ўзбекистон ўзининг етакчи мавқеини нечоғлик мустаҳкамлаганини ишончли алфозда очиб бергани таҳсинга сазовор.
Китобда гендер тенгликни таъминлаш, ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича парламент ташаббуслари, хусусан, тарихий воқеа – Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл спикерларининг Тошкентда бўлиб ўтган 14-саммитига катта эътибор қаратилган. Ушбу тадбирда бутун дунё парламентлари раҳбарлари тўпланиб, барқарор, инклюзив ва ҳаётий келажакни барпо этишда парламентларнинг ролини муҳокама қилгандилар.
Китобда парламентларнинг тинчликни мустаҳкамлашдаги роли ҳам чуқур очиб берилган. Дунёда кескинлик ва қутблашув кучайиб бораётган бир шароитда Парламентлараро Иттифоқнинг Манама ва Луанда декларациялари каби ташаббуслари мулоқот учун муҳим платформа ҳисобланади. А.Саидовнинг айни ташаббусларни ишлаб чиқиш ва илгари суришдаги иштироки парламент овозининг тинчлик ўрнатиш жараёнларидаги куч-шижоатини ўзида яққол намоён этади.
Китобнинг бошидан-охиригача институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш муҳимлиги доимий равишда таъкидланади. Ўзбекистон парламенти назорат, ҳисобдорлик ва жамоатчиликни жалб қилишнинг янги механизмларини жорий этди. Бу янгиланишларнинг аксарияти Парламентлараро Иттифоқ орқали тарқатилган илғор тажрибалар таъсирида амалга оширилган бўлиб, айни ислоҳотлар глобал иштирок миллий давлат бошқаруви тизимини қандай такомиллаштириши мумкинлигини намоён этди.
Китоб мундарижаси мутолаа учун ўта қулай ва мақбул тарзда тузилган бўлиб, бундай қулайлик ўқувчини ҳам эмин-эркин, ҳам теран тафаккур билан ўқиб-ўрганишга ундайди. Ҳар бир боб назарий кириш қисм билан бошланиб, хулосавий мулоҳазалар билан якунланади. Тадбирлар акс этган фотосурат, инфографика, декларация ва нутқлардан парчалар каби визуал материаллар ҳисобига китоб ҳатто парламент иши билан яхши таниш бўлмаганлар учун ҳам тушунарли ва қизиқарли манба сифатидаги қадри янада ортади.
Китобнинг якуний қисмида қабул қилинган қарорлар матни илова этилган ва парламент тадбирларининг оммавий ахборот воситаларида нечоғлик ёритилиши очиб берилган. Шунингдек,Ўзбекистоннинг Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорлиги доирасидаги фаолияти солномаси келтирилган.
Хулоса қилиб айтганда, "Парламент йўллари" асарида муаллиф шунчаки фактларни қайд этиш билан кифояланиб қолмаган, балки парламентлараро алоқалар истиқболлари, етакчилик мавқеи ва ўзаро ҳамкорлик самараларини чуқур талқин қилган. Шу маънода, китоб тақдимоти Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси доирасидаги тарғибот кўлами билан чекланмаганлигини ҳам қайд этиш лозим бўлади.
Бу ўринда китоб тақдимоти юзасидан Интернетда рақамли ахборот-маърифат кампанияси давом этаётгани ҳақида сўз бормоқда. Китоб мазмун-мундарижаси билан боғлиқ мақола ва лавҳалар Парламентлараро Иттифоқ ва Ўзбекистон Парламентининг веб-сайтларида жойлаштирилган. Зеро, китобдан нафақат юқори мартабали шахслар, балки ёш мутахассислар, талабалар, халқаро ҳаётга қизиқувчи кенг жамоатчилик вакиллари ҳам фойдалана олишини таъминлаш масаласи худди шундай ёндашувни тақозо этади.
Шундай қилиб, "Парламент йўллари" муаллифнинг шунчаки эсдаликлар битиги эмас. Аксинча, у ўзаро мулоқот, ҳурмат-эҳтиром, демократия ва барқарор ривожланиш тамойилларига садоқат руҳи билан йўғрилган ҳамкорликка чорлайдиган самимий ва салмоқли асардир.
- Қўшилди: 04.04.2025
- Кўришлар: 462
- Чоп этиш