“Бу эътибор замирида сизнинг соғлиғингиз, яқинларингизнинг дарду ташвишлари бор. Кўнглингиз очилиб, ҳаётга умид уйғонганини кўриб, хурсанд бўлдим. Бундай ғамхўрликни янада кенгайтириб борамиз. Сизлардан фақат сабр-тоқат, ишонч ва ҳаракат зарур”.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу самимий ва меҳрга тўла сўзларни куни кеча Андижон шаҳридаги “Имкониятлар олами” ҳудудий ижтимоий хизматлар марказида яратилган шароитлар билан танишиш асносида, мазкур бўлимда парваришланаётган фуқаролар билан суҳбати чоғида айтди. Бу ерда ногиронлиги бор болалар, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга қатнов асосида ижтимоий хизматлар кўрсатилади.
Бундай муассаса давлатимиз раҳбари жорий йил 27 февралда қабул қилган “Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ижроси доирасида илк бор Андижонда ишга тушди.
ЎзА хабарида қайд этилишича, қарийб 5 гектар майдонга эга муассасада маъмурият, фаоллар зали, инклюзив таълим ва касбга ўргатиш бинолари, болалар майдончаси, спорт мажмуаси ва сузиш ҳавзаси мавжуд. Ижтимоий ва тиббий реабилитация хизмати, касбга йўналтириш, хорижий тилларни ўқитиш хизматлари ҳамда камбағал оилалар болалари учун қўшимча таълим хизматлари йўлга қўйилган.
Марказнинг эрта аралашув хизмати бўлими чақалоқликдан уч ёшгача бўлган болажонларни парваришлашга ихтисослашган. Шу вақтгача бундай ёшдаги болалар фақатгина ота-онаси қарамоғида бўлган. Махсус боғчаларга эса фақатгина 3 ёшдан кейин қабул қилинган. Эндиликда ҳомиладорлик вақтида ногиронлик хавфи аниқланса, оналарга шу бинода хизмат кўрсатилади. Бу уларнинг фарзандларига бўлган эътиборини мустаҳкамлашда кўмаклашади. Шунингдек, улар учун психологик маслаҳатлар берилади.
Марказдаги қўшимча таълим хизматига мўлжалланган бинода ногиронлиги бор болаларнинг мактабдан ташқари дарс қилишлари, илм олишлари, интернетдан фойдаланишлари учун имкониятлар яратилган. Бундан ташқари, камбағаллик реестридаги оилалар фарзандлари ҳам келиб, инглиз, рус, корейс ва бошқа тилларни ўрганиши мумкин.
Марказда кундузги парвариш хизмати ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда ногиронлиги бўлган инсонлар жисмоний ва ақлий машғулотлар билан шуғуллантирилади. Уларга ижтимоий ходимлар қараб туриши натижасида оиласидагиларнинг "қўли бўшаб", ишлаши мумкин бўлади.
Ижтимоий хизматлар марказида спорт мажмуаси ҳам бор. Унда ногиронлиги бор болалар учун мўлжалланган бадантарбия хонаси, сув ҳавзаси ташкил этилган. Эътиборли жиҳати, машғулот қурилмалари АҚШ ва бошқа хорижий давлатлардан келтирилган бўлиб, адаптив спортга мўлжалланган. Сув ҳавзаси ҳам болаларнинг ёшига монанд алоҳида қулайликларга эга.
Марказда 60 нафардан зиёд ходим фаолият юритади. Ижтимоий ҳимояга муҳтожларни аниқлаш ҳамда бу ерга йўналтириш «Инсон» марказлари томонидан амалга оширилади.
Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ахборот хизмати қайд этишича, сўнгги йилларда аҳоли учун ажратилган ижтимоий ёрдам кўлами 5 баробар оширилган. Натижада 2 миллиондан ортиқ оила ушбу ижтимоий ҳимоя дастурлари билан қамраб олинган.
Агентлик маълумотларига қараганда, 2025 йил биринчи чораги якунига кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар сони 1 млн 31 минг 609 нафарни ёки аҳолининг 2,7 фоизини ташкил этади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг 465 минг 645 нафари ёки 45 фоизи аёллар, 565 минг 964 нафари ёки 55 фоиз эркаклар бўлиб, уларнинг 173 минг 285 нафари 18 ёшгача бўлган болалар ҳисобланади.
Эътибор беринг: сўнгги йилларда юртимизда инклюзивлик принципларига асосланган, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини кенг кўламли ҳимоя қилиш тизими шакллантирилди. Яъни, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришларини таъминлаш учун мутлақо янги тизим яратилди. Бу, ўз навбатида, жамиятимиз ва давлатимизнинг ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан муносабати, масъулияти янги даражага кўтарилганидан яққол далолатдир.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланиш, сайлаш ва сайланиш, референдумда иштирок этиш, шунингдек, таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилди. Ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг уларга монеликсиз кириши учун мослаштириш асосларини белгиловчи нормалар белгиланди.
Айниқса, мамлакатимизда кейинги беш йил давомида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилиниб, уни амалга ошириш бўйича 2023–2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва тиббий ёрдамлар кўлами кенгаймоқда. Шунингдек, инклюзив таълим, қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш йўналишларида ҳам тизимли ишлар бажарилмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ижросини мониторинг қилиш тизимли ва узлуксиз жараёндир. Унинг мақсади ногиронлиги бўлган шахсларнинг ушбу Конвенцияда белгиланган ҳуқуқ ва кафолатларига риоя этилишини баҳолаш ҳамда таъминлашдан иборат.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режасининг “Йўл харитаси” бажарилиши юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мунтазам мониторинг олиб бормоқда. Мониторинг натижаларига кўра, айни вақтда Миллий ҳаракатлар режасидаги жами 43 та бандда белгиланган вазифалардан 35 та банд бўйича ишлар бажарилган бўлиб, айни ҳужжатнинг ижроси 81 фоизни ташкил этмоқда.
Миллий ҳаракатлар режасининг тегишли бандларини амалга ошириш жараёни мониторинги асосида Миллий марказ томонидан, авваламбор, бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди ва ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Шунингдек, “Ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш ҳолати” юзасидан жойларда ўтказилган мониторинг якунлари бўйича аниқланган камчиликларга доир маълумот ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар Олий Мажлис палаталари ва бошқа манфаатдор давлат органларига тақдим этиб борилмоқда.
Миллий марказ томонидан давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари тақдим этган маълумотлар асосида тайёрланган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи даврий маърузаси 2024 йилда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясида кўриб чиқилди. Шунингдек, Даврий маъруза Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг нотаси орқали БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасига тақдим этилди.
Ўзгалар парваришига муҳтож фуқароларга қандай қўшимча тўлов ва имтиёзлар берилади?
Бу ҳақда фикр юритганда, биринчи навбатда, Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 27 декабрда қабул қилинган қарорига мувофиқ, "Инсон" маркази томонидан "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими орқали ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри юритилиши йўлга қўйилганини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.
Мазкур қарорга асосан, 2024 йил 1 майдан бошлаб ушбу реестрга киритилган фуқароларга ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида — 648 минг сўм миқдорида моддий ёрдам тайинланади. Ушбу маблағ уй-жой коммунал хизматлари учун компенсация, озиқ-овқат маҳсулотлари, ва шахсий гигиена воситалари харажатларини қоплаш учун берилади.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, имконияти чекланган болаларни соғломлаштириш, ногиронлиги бўлган катта ёшдаги инсонларни ўзига мос ҳунар ва машғулотларга жалб этиш жуда муҳим. Бинобарин, бу йўлда қўйилаётган барча эзгу қадамлар янги таҳрирдаги Конституциямиз, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси асосида инсонни қадрлаш кўламини кенгайтириш, ушбу соҳадаги хизматларни эҳтиёжмандларга яқинлаштириш – инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада кенг таъминлаш мақсадига қаратилгандир.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 17.04.2025
- Кўришлар: 252
- Чоп этиш