18 апрель куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида учрашув бўлиб ўтди. Ушбу мулоқот “Академик ва ёшлар” мавзусида ташкил этилди.
Учрашувда Академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари, ҳарбий хизматчилар, малака ошириш курси тингловчилари, Миллий марказ вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Мулоқот давомида асосан Янги Ўзбекистон ёшларини ватанпарварлик ва она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, бу борада устозлар ҳаёт мактабининг ўрни ҳамда аҳамияти ҳақида сўз борди.
Тадбирни Академия бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор, полковник Музаффар Мамасиддиқов очар экан, устоз Акмал Саидовнинг давлат ва жамоат арбоби, таниқли олим, ҳам назарий ҳам амалий бой тажрибага эга миллий ҳуқуқшунос мутахассис ва халқаро даражадаги нуфузли эксперт, кўплаб етакчи илмий ҳайъатларнинг аъзоси эканлиги хусусида мухтасар маълумот берди.
Академик А.Саидов ташаббуси ва раҳбарлигида 30 га яқин нуфузли халқаро илмий-амалий конференция ва анжуманлар ташкил этилган. Олим 200 дан ортиқ монография, 100 га яқин дарслик, 600 дан зиёд илмий мақола ва 1 минг 100 та атрофидаги публицистик мақола муаллифидир. Бир қатор китоблари хорижий тилларга таржима қилиниб, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Австрия, Хитой, Япония, Россия, Украина, Польша, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Қатар, Ўмон ва бошқа мамлакатларда нашр этилган.
Мулоқот асносида академик А.Саидов уқтирганидек, бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатлари қатори мамлакатимизда ҳам таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантиришга биринчи галдаги вазифа сифатида қаралмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.
Билимли одам эътиқодли бўлади. Маънавият вакцинасини ҳар бир миллатнинг ўзи яратади. Давлатимиз раҳбари уқтирганидек, ҳозирги кунда иқтисодий камбағалликни тугатиш чораларини кўряпмиз, лекин маънавий қашшоқликка барҳам бериш борасидаги натижаларимиз билан ҳали мақтана олмаймиз.
Шу маънода, таниқли ҳуқуқшунос олим ёшларга мурожаат қилиб, илмий изланишлар йўлида учрайдиган қийинчиликларни енгиш билан боғлиқ ечим ва сабоқлар ҳақида батафсил сўз юритди. Илм йўли сабр, қатъият ва тинимсиз изланишни талаб қилишини қайд этди. Ҳақиқий ютуққа эришиш учун инсон ўз олдига аниқ мақсад қўйиши ва шу мақсад сари астойдил интилиши лозимлиги, фақат машаққатли меҳнат ва теран тадқиқотгина чинакам муваффақиятлар калити эканлигини алоҳида таъкидлади.
Учрашув якунида академик А.Саидов томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг Ахборот-ресурс марказига 100 дан ортиқ китоб беғараз асосда тақдим этилди.
Ўз навбатида, ҳуқуқшунос олимга Фавқулодда вазиятлар вазири ва Академия бошлиғининг эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.
Академик А.Саидов Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг “Фахрий меҳмонлар китоби”га эсдалик дастхати ёзиб қолдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.04.2025
- Кўришлар: 233
- Чоп этиш