БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистоннинг яна бир ташаббусини қўллаб-қувватлади

БМТ Бош Ассамблеяси "Ўрмонлардан барқарор фойдаланиш тамойилларига мувофиқ ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўн йиллиги" резолюциясини қабул қилди. Ўзбекистон ва Конго ташаббуси билан тасдиқланган ушбу резолюцияга мувофиқ, “2027-2036 йиллар – Ўрмонлаштириш  ва ўрмонларни қайта тиклаш ўн йиллиги”, деб эълон қилинди.

Бош Ассамблея, 80 та давлат ҳаммуаллифлик қилган мазкур ҳужжатга асосан, 2027-2036 йилларни – Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш ўн йиллиги”, деб белгилашга қарор қилди. Аъзо давлатлар БМТнинг Атроф-муҳит дастури (ЮНЕП), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда БМТнинг Ўрмонлар форуми котибиятига мазкур ўн йилликни ўтказишда кўмаклашишни таклиф этди.

БМТ янгиликлари сайтида қайд этилганидек, Ўзбекистон дарахт экиш ва кўкаламзорлаштириш масалаларини миллий, минтақавий ва глобал миқёсда фаол илгари суриб келмоқда. Жумладан, 2024 йил август ойида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси "Экологик муаммоларнинг самарали ечими сифатида деградацияга учраган ерларда, шунингдек, қурғоқчил ҳудудларда ўрмонлардан барқарор фойдаланишни, жумладан ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклашни рағбатлантириш" резолюциясини қабул қилганди.

Ўзбекистон ҳар йили Наврўз байрами арафасида кўчат экиш учун "Марказий Осиё яшил белбоғи" минтақавий акциясини ўтказишни таклиф этди. Бундан мақсад кўкаламзорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштиришдир.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда беш йил ичида бир миллиард туп дарахт экишни кўзда тутувчи кенг кўламли "Яшил макон" умуммиллий дастури амалга оширилмоқда. Бу мақсадлар учун 2025 йилда қўшимча 7,7 миллион доллар ажратилади.

Ўзбекистонда Орол денгизининг қуриган тубида экологик офат оқибатларини юмшатиш доирасида икки миллион гектар майдонда ўрмонзор барпо этилди. Экилган дарахтлар қум бўронларини тўхтатишга, экотизимни яхшилашга ва маҳаллий аҳоли учун даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда.

Аслида ҳам, халқаро ҳамжамият медиа минбаридан янграган бу эътирофлар бежиз эмас. Президентимиз  қайд этганидек, бугун нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қилаётир. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эррозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда. 

Бундай хатарларга жавобан Ўзбекистонда уч йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланган ва қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга ҳам киришилган. Тошкентда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилгани айни йўналишдаги муҳим натижалардандир. 

Янада эътиборлиси, қисқа вақт ичида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори бўлди. Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиёт драйверларидан бирига айланмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, албатта, 2025 йил 4 апрель куни юртимизда Самарқанд халқаро иқлим форуми муваффақиятли ўтказилганини таъкидлаш лозим. Ўзбекистон Президенти ушбу Форумдаги нутқида алоҳида уқтирганидек, “атроф-муҳитни асраб-авайлашда масъулият барчамизнинг зиммамизда”.

 Президентимиз Ўзбекистон Париж битими доирасида буғ газлари чиқаришни 35 фоизга камайтириш бўйича олган мажбуриятини муддатидан олдин бажариш учун барча саъй-ҳаракатларини ишга солишини қайд этди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари бу борада молиялаштириш, технологиялар ва компетенцияларни сафабар қилиш мақсадида Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқининг “Сув – Энергия – Иқлим ўзгариши” деб номланган ташаббусининг котибиятини ташкил қилишни таклиф қилди.

Янада муҳими, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури бу борада кўламдор ислоҳотларни 2025 йилда самарали амалга оширишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Давлат дастури доирасида 21 та ҳужжат тасдиқланган бўлиб, жумладан:

  • 2025 йилда атроф-муҳитни асраш йўналишида вазирликлар ва идоралар томонидан биринчи навбатда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар режаси;

  • 2025 йилда атроф-муҳитни асраш бўйича халқаро ҳамкорлик йўналишида чора-тадбирларни амалга ошириш режаси;

  • Ўзбекистон Республикасида “Яшил туризм” дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари режаси;

  • 2025 йилда ҳудудларда қайта тикланувчи энергия манбалари қувватларини жорий этиш режаси;

  • 2025 йилда баҳор-куз мавсумларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллаларда дарахтларни экиш бўйича режа;

  • 2025 йилда баҳор мавсумида маҳаллаларда хонадонлар ва ички кўчаларга гул ҳамда қаламчаларни экиш бўйича режа шулар сирасига киради.

Айни вақтда ушбу қамровли Дастурни изчиллик билан амалга оширишга киришилган. Жамиятимиз ва давлатимиз эътибори ана шу устувор мақсад-вазифаларни ўз вақтида ҳамда тўла бажаришга қаратилмоқда.

Хулоса ўрнида Ўзбекистон Президентининг мана бу сўзларини келтирамиз: “Биз Ерни аждодларимиздан мерос сифатида эмас, балки фарзандларимиздан қарзга олганмиз”, деган машҳур ҳикматли иборани эслатиб ўтишни истар эдим. Бугунги кунда бизнинг вазифамиз – келажак авлодлар барқарор, хавфсиз ва фаровон дунёда яшаши учун барча чора-тадбирларни кўришдан иборат”.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech