Термиз шаҳрида 21-22 апрель кунлари "Истанбул протоколига мувофиқ қийноқ ва шафқатсиз муомалани суд-тиббий ҳужжатлаштириш" мавзусида тренинг бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Ўқув машғулотида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг тиббиёт мутахассислари ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг суд-тиббий экспертлари иштирок этди.
Тадбирда асосий эътибор мутахассисларнинг Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва шафқатсиз муомалани самарали ҳужжатлаштириш бўйича халқаро стандартлар ҳақидаги билимларини оширишга қаратилди.
Тренинг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг лойиҳалар бўйича катта маслаҳатчиси Э.Юрковски, қамоқхоналар ислоҳоти ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи, IPPF халқаро пенитенциар жамғармасининг МДҲ мамлакатлари бўйича вакили А.Шамбилов (Испания), Истанбул протоколи бўйича халқаро эксперт, Истанбул протоколини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси, суд тиббиёти профессори, Тбилиси давлат тиббиёт университети суд тиббиёти кафедраси мудири Р.Бериашвили (Грузия), шунингдек, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Сурхондарё вилояти филиаллари раҳбарлари, вилоят пенитенциар муассасалари вакиллари сўзга чиқди.
А.Саидов таъкидлаганидек, 2020-2024 йилларда ЕХҲТ кўмагида қийноқ ҳолатларини самарали текшириш ва ҳужжатлаштириш бўйича ўндан ортиқ ўқув тадбири ўтказилган. Ўз навбатида, ушбу тренинг БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси 40 йиллигини нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастурининг бир қисми ҳисобланади.
Янги Ўзбекистон жазони ижро этиш тизимини инсонпарварлаштириш ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш соҳасида сезиларли ютуқларга эришмоқда, маҳбуслар билан муомала қилиш соҳасидаги халқаро стандартларни фаол жорий этмоқда. Мамлакатда қамоқда сақлаш шароитларини яхшилаш ва маҳбусларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бир қатор муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинган.
А.Саидов қайд этганидек, шафқатсиз муомала ва қийноқлардан холи бўлиш халқаро ҳужжатларда ҳам, миллий қонунчиликда ҳам мустаҳкамланган асосий ҳуқуқдир. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар қандай ҳолатда ва истисносиз тарзда қийноққа солиш ва шафқатсиз муомалада бўлиш қатъиян тақиқланган.
Ўқув машғулотлари давомида иштирокчилар Истанбул протоколи қоидалари билан батафсил танишдилар. Қийноқларнинг олдини олишга оид асосий халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунчиликни ўргандилар.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қонунчилигининг ўзига хос хусусиятлари таҳлил қилиниб, қийноқларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар халқаро ва миллий миқёсда қийноқларнинг олдини олишга қаратилган турли механизмлар ҳақида зарур маълумотларга эга бўлдилар.
Қийноқларга дучор бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, қийноқларни ҳужжатлаштириш ва олдини олиш жараёнида тиббиёт ходимларининг роли масалаларига алоҳида эътибор берилди.
Иштирокчилар, шунингдек, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва қийноқларнинг олдини олиш масалалари бўйича келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Кейинги шундай ўқув машғулоти 24-25 апрель кунлари Фарғона шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»
- Қўшилди: 22.04.2025
- Кўришлар: 159
- Чоп этиш