Инсон қадри учун, инсон бахти учун

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 май куни халқимизга йўллаган байрам табригида юртдошларимизни қутлуғ айём – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 80 йиллиги билан чин қалбдан муборакбод этар экан, ушбу қувончли кунларда халқимиз мўътабар кексаларимиз, уруш ва меҳнат фахрийларини зиёрат қилиб, уларнинг дуосини олаётганини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “биз бугунги тинч, озод ва эркин ҳаёт учун ўзининг азиз жонини ҳам аямасдан курашган бундай фидойи инсонларнинг олдида доимо қарздормиз. Улар бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг меҳрини, эътиборини ҳис қилиб яшайдилар”.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати вакиллари ҳам байрам куни юртимизнинг ёши улуғ зиёлилари – Собир ота Қурбонов ва Носир ота Тоировни зиёрат қилиб, нуронийларимизнинг дуоларини олдилар. Жонли суҳбатда бир гуруҳ журналист ҳамкасбларимиз бизга ҳамроҳ бўлишди.

Айни вақтда 91 ёшни қаршилаган Собир Шералиевич Қурбонов 1934 йили Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни 1953 йилда олтин медаль билан тугатиб, 1958 йилгача Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган. Кейин илмий иш билан шуғулланиб, тарих фанлари номзоди даражасига, доцент унвонига сазовор бўлган Собир ота узоқ йиллар юртимизнинг турли олий таълим масканлари талабаларига тарих фанидан дарс ўтган.

Собир Қурбонов мафкуравий соҳада ҳам, хусусан, воиз (лектор), воизлар гуруҳи раҳбари ва республика сиёсий маориф уйи раҳбари бўлиб ишлаган. Йигирма йил давомида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг марказий бўғинида мафкуравий ишлар билан шуғулланган.

Пенсияда бўлишига қарамай, Собир ота 2018-2020 йиллари “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раисига маслаҳатчи бўлиб ишлади. Айни вақтда кексалик гаштини суриб, китоблар мутолаа қилиш ва хотиралар битишдек фароғатли юмушлар билан машғул.

Ўз навбатида, Носир Абдулҳақович Тоировнинг кўп йиллик меҳнат фаолияти мафкура соҳаси ҳамда матбаа-нашриёт тизими билан чамбарчас боғлиқ. Бугунги кунда 81 ёшни қаршилаган Носир ота Тошкент вилоятининг Зангиота туманида туғилган, меҳнат фаолиятини 1961 йили “Фан” нашриётида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. Узоқ йиллар Тошкент вилоятидаги мактабларда ўқитувчи ва директор ўринбосари, ёшлар ташкилотида йўриқчи ва бўлим мудири ўринбосари, вилоят ва туман даражасидаги ташкилотларда турли масъул лавозимларда ишлаган.

Носир отанинг ҳам айнан партиявий ишларда суяги қотганини алоҳида қайд этиш ўринлидир. У киши 1996-2001 йилларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг катта референти, сектор мудири, бўлим мудири ўринбосари, бўлим мудири, шунингдек, 2001-2004 йилларда ушбу сиёсий партиянинг Тошкент вилоят кенгаши иккинчи котиби, 2004-2008 йилларда эса партия Марказий Кенгашининг матбуот котиби, сектор мудири бўлиб хизмат қилган.

Ҳар икки зиёли оқсоқолнинг ҳалол меҳнатлари давлатимиз ва жамиятимиз томонидан эътироф этилган. Собир Шералиевич ҳам, Носир Абдулҳақович ҳам I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланганлар. Уларнинг номи Ўзбекистон Халқ демократик партияси «Эҳтиром китоби»га киритилган.

Қаҳрамонларимиз кейинги йилларда бир нечта китоблар ёзиб, нашр эттирдилар. Хусусан, Носир Тоировнинг 2012 йилда “Ўзимизнинг Абдулҳай ака” хотиралар тўплами ва 2018 йилда “Журналистикага садоқат” номли китоби чоп этилди.

Собир Қурбоновнинг эса яқинда “Янги китоб” нашриёти томонидан “Унутилмас: эсдаликлар, воқеалар, фактлар, одамлар” китоби нашрдан чиқди. Саккиз бобдан иборат ушбу китобда муаллифнинг аждод-авлодлари, ота-бобоси, қавм-қариндошлари ҳақида алоҳида сўз юритилган. Собир Шералиевич таъбири билан айтганда, ушбу китоб унинг шунчаки умргузаронлик билан вақт ўтказмагани, бутун ҳаёти давомида халқимизга, юртимизга наф келтиришга интилган сермазмун йилларининг ўзига хос сарҳисобидир.

Нуронийларимизга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида нашр этилган янги китобларни тақдим этар эканмиз, ўз-ўзидан суҳбатимиз ижоду мутолаа мавзусига уланиб кетди. Даставвал, Собир ота эсдаликлар китобини битишга туртки бўлган туйғуларини шундай изҳор этдилар:

“Донишманд шоир Абдулқодир Бедилнинг “Илм — инсоният гавҳаридир” деган фикрини яхши тушуниб етган раҳматли отам ҳаётдан кўз юмаётганларида, ёнларида ўтирган онамга мени кўрсатиб: “Муҳаббат, ўғлимни ўқит...”, деб васият қилган эканлар. Онам менга ҳамиша отамнинг шу сўзларини эслатиб турардилар. Падари бузрукворимнинг бу васияти менинг ҳаётимда ҳақиқий маёқ бўлди. Болалигимнинг энг ширин хотиралари ҳовлимизга туташ кутубхонада кечган. Шу тариқа бошқалар қатори мен ҳам она заминдан, миллий маънавият, маданият ва умуминсоний қадриятлардан озиқландим, буюк бобокалонларимизнинг панду насиҳатлари, пурҳикмат ўгитларини дилимга жо қилиб яшадим. Бинобарин, эсдалик китобим саҳифаларига умрим йўлларининг ана шу асл мазмун-моҳиятини сингдиришга ҳаракат қилдим”.

Носир ота ҳам китобларни — ўзининг ишончли ёрдамчилари, мустаҳкам маънавий таянчи, деб билади. Яъни, “Мен ҳаётимни китобсиз тасаввур эта олмайман. Ҳатто, фан-техника ва интернет асрида ҳам илм, маънавият ва маданиятнинг китобсиз бўлиши мумкин эмас”, дейдилар устоз.

Шу маънода, иккала нуроний устознинг якдил фикрича, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган изчил, тизимли ва қамровдор ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида китобнинг ролини ошириш, китоб ишлаб чиқариш ва уни тарқатишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, китобсеварлик маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор берилаётгани беҳад диққатга сазовор. Негаки, китобсеварлик уруғларини болалар қалбида боғча ёшидан сепиш энг яхши самара беради. Оила, боғча, мактаб ва университетда ўғил-қизларимизни тақдирлаганда, энг азиз совға китоб бўлмоғи даркор. Муҳтарам нуронийларимизнинг ўзлари ҳам дўсту яқинларга китоб совға қилиш одатини ҳалигача тарк этганлари йўқ.

Мулоқотимиз мавзуси, ўз-ўзидан, матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид масалаларга уланади. Шу ўринда Собир ота 1984-1987 йилларда Ўзбекистон Матбуот қўмитаси раиси ва Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раҳбари лавозимларида хизмат қилган бўлса, 1987-1989 йилларда Ўзбекистон радио ва телевидениесида шарҳловчи бўлиб ишлаганлигини эслатиш айни муддаодир.

Қолаверса, мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритгач, Ўзбекистон Халқ демократик партиясини ташкил этиш бўйича бошланган қизғин ишлар доирасида Собир Шералиевич янги партия дастури, Уставини яратиш ишларига жалб қилинди ва партиянинг биринчи Қурултойини тайёрлашда фаол иштирок этди. Устознинг бевосита иштирокида собиқ “Совет Ўзбекистони” газетаси “Ўзбекистон овози” газетаси номини олиб, янги ташкил этилган “Голос Узбекистана” газетаси ва “Мулоқот” журнали ҳам шу партиянинг даврий нашрига айланди.

Носир Абдулҳақович эса 25 йил давомида – 1996-2021 йилларда жамоатчилик асосида “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталари таҳририятида таржимонлик қилган. У киши 1958 йилдан бери моҳир ижодкор сифатида туман, вилоят ва республика матбуотида ўз материаллари билан фаол иштирок этиб келмоқда. Носир отанинг Шароф Рашидов, Оқил Салимов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳамид Сулаймонов каби атоқли давлат ва жамоат арбоблари, машҳур адиб ва олимлар ҳақида ёзган мақолалари “Қибрай садоси”, “Тошкент ҳақиқати”, “Ташкентская правда”, “Ўзбекистон овози”, “Голос Узбекистана”, “Халқ сўзи”, “Народное слово” каби газеталар ва бир қанча журналларда чоп этилган.

Шу нуқтаи назардан, устозларимизнинг оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолияти билан боғлиқ кўп йиллик ибратли тажрибаларга асосланган фикр-мулоҳазалари бизни жуда қизиқтиргани тайин. Ёши улуғларимизнинг тўқ мағизли айрим фикрларини бу борадаги “маҳорат дарси”нинг “қаймоғи” сифатида тақдим этамиз.

Биринчидан, ахборот соҳасини эркинлаштириш ва ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида жамиятимиз ва давлатимиз учун доимо устувор вазифа бўлиб келмоқда.

Иккинчидан, янги таҳрирдаги Конституциямизда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритишини таъминлаш бўйича муҳим қоида ва тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилди.

Учинчидан, соҳага доир ҳуқуқий асослар такомиллаштириб борилмоқда, хусусан, Ахборот кодекси лойиҳаси тайёрланмоқда.

Тўртинчидан, сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига эришиш йўлида кенг имкониятлар очилаётгани туфайли сўнгги 8 йилда Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари сони 1 минг 514 тадан – 2 минг 349 тага ошди.

Бешинчидан, кейинги йилларда юртимиз медиа воситалари вакилларининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки янада кучайиб, ўрни ва нуфузи изчил юксалмоқда.

Олтинчидан, жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни ривожлантириш, давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларимизнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ва ҳал қилиш борасида журналистларнинг ўрни ва таъсири тобора ортаётгани диққатга лойиқ.

Еттинчидан, журналистлар қатъий позицияси, ҳаққоний сўзи билан ҳаётимиздаги ўткир муаммоларни ҳал этиш, ислоҳотларимизнинг самарасини ошириш, юртдошларимизнинг фикрини, дунёқарашини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Шу билан бирга, устозларимиз соҳадаги баъзи муаммоларга ҳам тўхталдилар. Яъни:

  • матбуот иши, журналистлар фаолияти мудофаа, хавфсизлик соҳалари каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бораётган Янги Ўзбекистон шароитида жасур ва довюрак, Ватанни чин дилдан севадиган, ўз касбига содиқ ва фидойи журналистлар сафи янада кўпайиб бориши тақозо этилмоқда;

  • ахборот майдонида баҳсли тортишувлар юзага келаётган нозик вазиятларда мавжуд муаммолар фақат Конституция ва қонунларимиз негизида ҳал этилиши шарт, деган ҳаққоний талаб кучаймоқда;

  • ёлғон ва асоссиз маълумотларни тарқатиш орқали одамларни алдаш, тўғри йўлдан чалғитиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани, ўз навбатида, аҳолининг медиа саводхонлигини оширишни ўта муҳим вазифа қилиб қўймоқда;

  • ахборот майдонини сифатли ва рақобатдош миллий контент билан тўлдириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди;

  • фақат негатив – салбий ва тушкун мавзуларга ўралашиб қолмасдан, ёруғ мавзуларни, ибратли масалаларни, одамлар бир-бирига ўқинг деб тавсия қиладиган яхшиликларни ҳам кўпроқ ёритиш лозим.

Масалан, менинг ўзимга келсак, аввало, жонажон Ватанимиз – Ўзбекистоннинг мустақиллигини кўрганимдан, эндиликда эса Янги Ўзбекистон кўз ўнгимда барпо бўлаётганидан беҳад ғурурланаман, дейди Собир ота. Бугунги кунда ҳаётим, ярим асрдан ортиқ меҳнат фаолиятим ҳақида ўйласам, мен бекор яшамадим, дейишга ҳақлиман. Оллоҳ берган буюк неъмат — умрдан имконият борича фойдаланиб, ҳалол меҳнат билан топган ризқ-рўз, обрў-эътибор учун Яратганга чексиз шукроналар айтаман.

Табиийки, суҳбатимиз 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида бўлиб ўтгани учун Ватанни ҳимоя қилган, тинчлик учун жонини фидо этган жасоратли инсонлар хотирасини ёдга олдик ва ҳозирда орамизда барҳаёт бўлган матонатли меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган эҳтиромнинг файзи бўлакча эканини якдил эътироф этдик. Собир отанинг ҳам, Носир отанинг ҳам бир неча қариндошлари урушга кетиб, жанггоҳларда қаҳрамонларча ҳалок бўлганларини эслашдик.

– Бугун биз тинч ва фаровон ҳаётда яшаяпмиз. Бу, аввало, қон кечиб, юртни ҳимоя қилган фидойиларнинг ҳиссаси эканини унутмаслигимиз лозим, – деди Носир ота хайрлашаётиб. 

Собир ота эса қўлларини дуога очди:

– Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, тинчлигимизга кўз тегмасин, халқимизнинг бахтига “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” ғояси рўёби йўлида астойдил хизмат қилаётган Президентимиз соғ-омон бўлсинлар!

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech