(Бир сўзнинг янглиш изоҳлари ҳақида мулоҳазалар)
«Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «зинхона» сўзи иккита маъно бериши қайд этилган. Биринчи маъноси «зиндон» эканлиги таъкидланган.
Иккинчи, яъни кўчма маъносига кўра, «зинхона – фаҳш, гуноҳ ишлар билан шуғулланадиган жой», деб изоҳланган. Луғатнинг 2020 йилдаги янги нашрида ҳам айни изоҳлар ўзгартирилмаган.
Луғатшуносларимиз билан оддий аҳолининг ушбу сўз мазмунига нисбатан қарашлари ўртасида катта тафовут бор. Фикримизнинг тасдиғи учун халқимизнинг пешқадам вакиллари, адиб-у журналистлар фаолиятидан мисоллар келтирамиз.
Ёзувчи Эшқобил Валининг интернет саҳифаларида ўқиганимиз «Қадр» ҳикоясида «зинхона» сўзи мана бундай зикр этилган:
«Меҳмонлар кетишаётганда қоронғу тушиб улгурган эди; зинхона ёнида меҳмонларга манзират қиламан деб ўчоққа олов ёққунча кечиккан момонинг келини соғаётган сигир сутининг челакка «тиз-тиз» тўкилиши эшитиларди».
Журналист ва шоир Воҳид Луқмоннинг 2017 йили матбуотда эълон қилинган «Бу даргоҳдан ҳеч ким норизо бўлиб кетмайди» мақоласида шундай жумла бор:
«Йўл устига оғилхонаю зинхона қуриб, ўн бир йилдан бери тўққиз хонадонни йўлсиз қолдириб келаётган қўшнининг дастидан азият чекаётганлар арз-додини етказган Нурлиқуёш қўрғонилик Мамажон ака Пўлатовнинг Халқ қабулхонасини алқаб айтган сўзларини тинглаган кишининг хаёлига «шаҳар бедарвоза бўлган экан-да тоза», деган фикр келади».
Эътибор қилган бўлсангиз, ҳар икки муаллиф «зинхона» дер экан, айнан зиндонни ёки «фаҳш, гуноҳ ишлар билан шуғулланадиган жой»ни мутлақо назарда тутмаган.
Бу борадаги чалкашликнинг ечими битта – у ҳам бўлса, тегишли сўз ўзагига теран назар солишдир. Шу маънода, луғавий мазмунига кўра, зин – эгар, зинхона – эгарлар сақланадиган жой, дегани.
Манбаларда қайд этилишича, қишлоқ жойларда яшаган аждодларимизнинг ҳовли-жойлари ички (ичкари) ва ташқи (ташқари) қисмлардан иборат бўлган. Ташқи ҳовли – асосан эркаклар учун мўлжалланган бўлиб, у ерда меҳмонхона, зинхона, сайисхона ва от-улов учун айвонлар жойлашган. Ички ҳовли оила аъзолари истиқомат қиладиган хоналардан ташкил топган. Бу ерда ошхона, омборхона, ўтинхона, оғилхона, ҳовлининг бир четида эса кул ва чиқинди тўкиладиган хандақ бўлган.
Зинхонада от-улов эгарлари ҳам сақланган. Ота-боболаримизнинг хўжаликларида бир-иккита эмас, балки анча кўп эгарлар бўлган. Нега деганда, ўзига тўқ хонадонда қўшга қўшиладиган, арава тортадиган, улоқ чопадиган, сайрга ва тўй-томошага миниб чиқиладиган уловлар бўлиб, шуларнинг ҳар қайсиси учун алоҳида эгар-жабдуқ ясалган ёки харид қилинган. Шунча керакли мулкни эҳтиётлаб сақлаш мақсадида ҳовли ҳудудида алоҳида эгар жойи – зинхона бунёд этилган.
Юртимиз манзиллари азалдан Буюк ипак йўли бўйида жойлашганини ҳам унутмайлик. Гап шундаки, улов, эгар ва эгархона, яъни зинхоналар ушбу тарихий савдо йўлида ўзига хос ўрин тутган. Юртимизнинг қадимий савдо йўлида қад ростлаган гавжум манзилгоҳларда тўхтаган карвон аҳли учун эгар таъмирлатиш ёки янги эгар харид қилиш имконияти доим муҳайё бўлган. Шунинг учун Шош (Тошкент), Уструшона (Жиззах), Мароқанда (Самарқанд), Насаф (Қарши), Кеш (Шаҳрисабз) каби кўплаб тарихий шаҳарларимизда Эгарчи, Тақачи, Кўнчи, Чармгар деб номланган маҳаллалар бўлган.
Шаҳарларга етиб келган катта карвонлар сафидан бир неча уловдан иборат кичик карвонлар ажралиб чиқиб, яқин шаҳарча ва қишлоқ-овулларга бўлиниб кетган митти карвонлар олис йўлдан кейин ё олдин дам олиш ҳамда қароқчилар ҳужумидан сақланиш мақсадида қишлоқлардаги мўъжаз карвонсаройларда тунаб қолган.
Шу мақсадда ҳудудларда асосан меҳмонхона, зинхона ва сайисхонадан иборат кичик карвонсарой ё работлар бунёд этилган. Бунда меҳмонхоналар – карвон аҳли овқатланиши ва ҳордиқ чиқаришига хизмат қилган; зинхоналар – уловларнинг эгари ва юкларини сақлаш учун мўлжалланган; сайисхоналар – туя, от, хачирлар парвариши учун зарур бўлган.
«Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «зинхона» атамаси зиндон маъносини беришининг тасдиғи сифатида атоқли ёзувчи Садриддин Айнийнинг «Қуллар» романидан қуйидаги парча келтирилган: «Беш минутдан кейин бойнинг зинхонасида «вой жоним» деб ётганлар устига яна икки банди ортган эди».
Айний домланинг ушбу романида қарийб ўн саҳифада «зинхона» атамаси қайд этилган. Лекин барча ҳолларда зиндон эмас, балки айнан зинхона ҳақида сўз борган.
Мисол учун, романнинг 188-бетида шундай жумлалар бор: «Бойнинг ўттиз беш болорлик кенг ва узун сайисхонаси эгарлари олиниб, бостириқ билан ёпилиб хўракка қўйилган отлар билан тўла эди. Сайисхонанинг ўрта белидаги зинхона устида гуруллаб ёнаётган гулхан теварагида еттинчи лампа остида гурунглаб, чой ичишиб, чилим чекишиб сайислар ўтирмоқда эдилар. Зинхона ичидан «вой жоним, шундай совуқ ҳавода зах уйчага одамни шунча қамар эканлар-да», «бундан кўра тезроқ ўлдирсалар яхшироқ эди ва биз бу азобдан қутулар эдик»... деган товушлар чиқмоқда эди».
Романнинг зинхонага банди этилган инсонлар ҳақидаги тафсилотлари ўша даврнинг ижтимоий-сиёсий воқелиги билан боғлиқ муваққат ҳолатга алоқадор, деб ўйлаймиз. Бунда XX аср бошларида юзага келган қалтис халқаро вазият, чор подшолиги ва кейинчалик большевикларнинг Туркистон заминида олиб борган мустамлакачилик сиёсати, шунингдек, ўлкамизда амиру хонлар, уламо ва жадидлар ўртасидаги зиддиятлар муайян ўрин тутгани тайин. Натижада ўлкамизнинг ташқи савдо алоқалари деярли тўхташи ҳисобига карвонсаройлар бўшаб қолган, уларнинг соҳиблари мўмай даромаддан маҳрум бўлган. Бошқа томондан, бойлар, яъни иш берувчилар билан ишчи-деҳқонлар ўртасида келишмовчиликлар кучайиши бўм-бўш турган зинхоналарнинг норози камбағаллар учун вақтинчалик ҳибсхона ўрнини ўташига туртки берган бўлса ажаб эмас.
Дарвоқе, устоз адибнинг 2010 йили Тожикистонда нашр этилган «Судхўрнинг ўлими» асари иловасидаги мухтасар луғатда «зинхона» сўзига шундай таъриф берилган:
«Зинхона – хонаест, ки дар даруни саисхона меандозанд. Дар Бухорои амирй маҳбусони муваққатиро дар зинхона хабе мекарданд».
Таржимаси: «Зинхона – сайисхона ичида қурилган хона. Бухоро амирлигида ҳибсга олинган маҳбуслар баъзан зинхоналарга вақтинча қамаб қўйилган».
Бу изоҳнинг нечоғлик тўғрилигини «Қуллар» романидаги ушбу манзара ҳам аниқ-тиниқ тасдиқлайди:
«Эрта билан офтоб чиқмасдан бурун бойнинг ҳовлисида икки арава тайёр бўлди. Миршаб, амлокдор, қози ва раис одамларидан бир даста отлиқ араваларга қоровуллик қилиб Бухорога боришга ҳозирландилар. Миршаб сайисхона олдига бориб чўнтагидан калид олиб зинхонанинг эшикчасига солинган катта қулфни оча бошлади. Полвон араб Бухоро зиндонига жўнатилаётган «кўрнамак» одамларини ёшлигидан ўрганиб қолган қабиҳ ва заҳарли сўзлар билан сўкишга тайёрланмоқда эди».
Яна бир муҳим далил: Садриддин Айний «Дохунда» қиссасида агрономхона, аробахона, фойтунхона, канахона, самовархона, зинхона, гўрхона каби қўшма сўзлар асосида 81 та янги атамани қўллаган. Адабиётшунос олимлар фикрича, машҳур ёзувчи қизғин ижодий жараёнда нафақат «зинхона» атамасини баъзан «зиндон» тушунчаси маъносида талқин этгани, балки «кундахона», «регхона», «обхона» сингари қатор архаик сўзларни ҳам амирлик замонидаги жазо маҳкамаси ва маҳбусхоналарга боғлаб қўллагани кузатилади.
Кўринадики, Садриддин Айнийнинг романидан луғатшуносларимиз мисол келтирган жумлада «зинхона»нинг «зиндон» эканлигини исботлайдиган ҳеч қандай асос йўқ. Зеро, зиндон билан боғлиқ ишларга бойлар эмас, фақат ҳукмдорларгина ваколатли бўлган.
Луғатда, шунингдек, ёзувчи Абдулла Ҳакимовнинг «Илон изидан» асаридаги: «Катта бинонинг ўнг тарафида хонақоҳ ва чап томонида икки қаватли иморат, унинг ости зинхона ва устки қисмида қатор ҳужралар», деган жумлага ҳавола қилинган. Лекин бу мисол ҳам «зинхона» атамаси зиндон маъносини беришини тасдиқламаяпти, чунки масжид ва мадраса, хонақоҳ ва ҳужралар жойлашган ибодату маърифат маскани ҳудудида зиндон бўлишига ҳеч ким ишонмайди.
Луғатда «зинхона» сўзининг гўёки фаҳш, гуноҳ ишлар билан шуғулланадиган жой маъносини ҳам билдиришига мисол сифатида таниқли ёзувчи Неъмат Аминовнинг «Ёлғончи фаришталар» асаридан қуйидаги жумла келтирилган: «Ишдан кетсам кетаманки, бу идорани – бу пирхонани зинохона қилишингизга йўл қўймайман».
Кўриниб турибдики, Неъмат Аминовнинг романидаги айни жумлада биз ўрганаётган «зинхона» сўзи йўқ, романда «зинохона» деб ёзилган. Кулгили, аниқроғи, ачинарли томони шундаки, луғатда Н.Аминов жумласидаги «зинохона» сўзини бузиб, «зинхона» деб ёзишган.
Қиссадан ҳисса шуки, биринчидан, зинхона ва зиндон ўзаро муқобил, айнан тушунчалар эмас. Чунки зинхона – от-улов ва уларнинг анжомларига мўлжалланган жой бўлса, зиндон – маҳбуслар сақланадиган ер остидаги зах ва қоронғи жой, яъни қамоқхона, дегани.
Зинхона асло зинохона, деган маънони ҳам англатмайди. Зеро, «зинхона» атамасининг ўзаги – «зин» сўзи форсий тилдан олинган бўлса, бузуқлик ва фаҳш маъноларида келадиган «зино» сўзи арабча.
...Яқинда туғилиб-ўсган қишлоғимни зиёрат қилиб, эл маъракасида қатнашдим. Ёши улуғларимиз «Фалончибой қурган меҳмонхонали-зинхонали баҳаво ҳовли-жой қишлоққа кўрк қўшди», деб маҳаллий тадбиркорни дуо қилишди.
Ғулом МИРЗО,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
“Гулистон” журнали,
2025 йил 2-сон, 38-39-бетлар
- Қўшилди: 13.05.2025
- Кўришлар: 176
- Чоп этиш