БОЛА ҲУҚУҚЛАРИГА ОИД ЯНГИ ҚОНУН

Бугун, 15 майдан кучга кирди

 

 Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари халқаро ҳамжамиятни болалар меҳнатининг барча шаклларига, жумладан, қуролли тузилмаларга мажбурий жалб этишга барҳам бериш учун кечиктириб бўлмайдиган таркибий ислоҳотлар ўтказишга чақирмоқда. Куни кеча, 13 майда БМТ Бош Ассамблеясининг "Муносиб болалик даври: болалар меҳнатининг барча шаклларига барҳам бериш" мавзусида ўтказилган юқори даражадаги норасмий мулоқотида шу ҳақда сўз борди, деб маълум қилди “БМТ янгиликлари” сайти.

Бош Ассамблея раиси Филемон Янг ўзининг кириш нутқида ҳайратланарли бир рақамни келтирди: бугунги кунда 160 миллион бола, яъни дунёдаги ҳар ўнта боладан биттаси болалар меҳнатига жалб қилинган. Уларнинг деярли ярми можаролардан азият чекаётган мамлакатларда яшайди.

Можаро ҳудудларидаги ана шу ниҳоятда кўп сонли болаларнинг аччиқ тақдири ҳақида ташвиш билан гапирар экан, "Бу болалар аскар эмас. Улар қурбонлар. Улар ўзлари бошламаган можаролар қурбонлари, ўзлари танламаган қашшоқлик қурбонлари, шунингдек, бизнинг – халқаро ҳамжамиятнинг – уларнинг фаровонлигини таъминлай олмаганлигимиз қурбонларидир", – деди Ф.Янг.

Айни муаммонинг асосий сабабларни бартараф этиш юзасидан муҳим амалий таклифлар билдирилди. Хусусан, "Биз болалар меҳнатининг асосий сабабларини – қашшоқлик, мажбурий кўчиш, гендер ва бошқа турдаги тенгсизликлар, болаларни мактабдан чиқариб ишлашга мажбур қиладиган имкониятсизликларни, шунингдек, қуролли тўқнашувларда ёллаш ва фойдаланишга олиб келадиган беқарорликни бартараф этишимиз керак", – деди Бош Ассамблея раиси.

Кейинги даврда мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилгани халқаро ҳамжамият томонидан қайта-қайта эътироф этилди. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳатто “Ўзбекистоннинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича тажрибасидан бошқа давлатлар ҳам фойдаланиши мумкин”, деб айни воқеликни муносиб баҳолади.

ХМТ Бош директори Гай Райдер таъкидлаганидек, “Ўзбекистоннинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасидаги йўли тўғри ва самарали эканлиги ўз тасдиғини топди. Миллий қонунчиликни халқаро стандартларга имплементация қилишдан тортиб, бу борадаги ишларга барча идораларни жалб этиш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ўз самарасини берди”.

Ҳаётнинг туб моҳият-мазмуни – муаммоларни изчиллик билан ҳал этиш ва кейин дуч келадиган муаммоларга ҳам муносиб ечим топиш учун доимо шай ҳолда яшашдан иборат, дейди донишмандлар. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев янги чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисида болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш масаласини шахсан назоратга олишини таъкидлаб, бу мавзуга алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас.

Маълумотларга кўра, 2024 йилда Болалар омбудсмани котибиятига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши юзасидан ҳар ойда ўртача 88 та ёзма мурожаат келиб тушган бўлиб, 2023 йилда ушбу кўрсаткич ойига ўртача 37 тани ташкил этган. Шунингдек, оғзаки мурожаатлар юзасидан телефон орқали ойига ўртача 120 марта ҳуқуқий тушунчалар берилган.

Шу нуқтаи назардан, 2024 йил 14 ноябрда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилингани улкан аҳамият касб этди. Орадан 6 ой ўтиб, яъни бугун – 2025 йил 15 майда кучга кирган янги қонунда боланинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни  ва қадр қимматига тажовуз қиладиган, жисмоний ва руҳий азоб етказиши мумкин бўлган барча ҳолатларда давлат томонидан тегишли ҳуқуқий ва ижтимоий чоралар кўрилиши кўзда тутилди.

Бу ҳақда сўз борганда, бутун дунё миқёсида бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қилиш зарурати бундан анча йиллар илгари Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билл, шунингдек, болалар манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг тегишли ҳужжатларида белгилаб қўйилганлигини таъкидлаш лозим. Хусусан, 1959 йилги Бола ҳуқуқлари декларациясида ҳар бир бола учун ҳеч қандай камситиш ва чеклашларсиз бутун бошли ҳуқуқлар мажмуи мустаҳкамлангани жуда муҳим.

Ушбу Декларация асосида 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бола ҳуқуқлари соҳасидаги биринчи мажбурий халқаро ҳужжатдир. Мазкур Конвенцияда инсониятнинг узвий бўлаги сифатида тан олинган болаларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланган.

Ўзбекистон Республикаси 1992 йилда  БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиши натижасида унинг қоидаларини бажариш мажбуриятини зиммасига олган. Болаларнинг Конвенцияда кўрсатилган ҳуқуқларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар ва кафолатлар яратиш мамлакатимиз давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Яна бир эътиборли жиҳат: янги таҳрирдаги Конституциямизда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига алоҳида эътибор қаратилган. Бинобарин, Асосий қонунимиз кенг жамоатчилик муҳокамаси асносида янги нормалар билан тўлдирилиб, бола тарбиясида ота-оналарнинг масъулияти янада оширилди.

Манбаларга қараганда, бугунги кунда миллий қонунчиликда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ қонун ҳужжатлари сони қирқтадан, қонуности ҳужжатлар эса 500 тадан ортиқни ташкил этади. Эндиликда ушбу рўйхат “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳисобига бойиди.

Янги қонуннинг асосий мақсади нафақат тажовузкорларга нисбатан жазони кучайтириш, балки зўравонлик ҳолатларининг олдини олишнинг самарали тизимини яратишдир. Шунинг учун қонунга илк бор зўравонликнинг жисмоний, жинсий ва психологик зўравонлик кўринишидаги анъанавий тушунчалари билан бир қаторда – ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация ва зўравонлик каби тушунчалар ҳам киритилди.

Ғамхўрлик кўрсатмаслик дегани нимани англатади? Бу – зарур имкониятлар, билимлар ва кўникмаларга, шу жумладан бунинг учун тегишли хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлган ота-она ё улар ўрнини босувчи ёки болага қараб турган шахслар томонидан боланинг асосий эҳтиёжларини қаноатлантирмаслик, деганидир.

Болаларни эксплуатация қилиш – боладан иқтисодий, жинсий ва бошқа мақсадларда фойдаланиш, шу жумладан одам савдоси, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга ва тиланчилик қилишга жалб этиш, демакдир.

Бундан ташқари, буллинг – камситиш, ҳақоратлар, шунингдек, жисмоний зўравонлик ва кибербуллинг тушунчалари болалар ҳимоясини ҳар томонлама қамраб олади.

Янги қонунга кўра, ўз болаларига нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай шаклига йўл қўйган ота-оналарга жавобгарлик чоралари қўлланилади. Бундай зўравонлик даражаси аниқлангач, энг охирги чора сифатида ҳатто бола улардан олиб қўйилиши ҳам мумкин.

Қонунда жабрланган болаларнинг, жумладан:

  • бепул юридик маслаҳатлар олиш;

  • тиббий ва психологик ёрдам олиш;

  • ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда моддий ва маънавий зарар қопланиши каби муҳим ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган. 

Илгари болалар ҳимояси учун турли идоралар масъул бўлган. Янги қонун билан барча функцияларни бир органда бирлаштирган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Бу таҳдидларга жавоб бериш самарадорлиги ва тезлигини оширади, болалар муаммоларини марказлаштирилган ҳолда ҳал қилиш имконини беради.

Энди ҳар қандай бола ҳимоя ордерини олишга ҳақли. Ҳужжат ички ишлар органлари томонидан зўравонлик ҳолати акс этган пайтдан 24 соат ичида 30 кун муддатга берилади ва суд томонидан узайтирилиши мумкин.

Аввал бундай чора фақат аёлларга нисбатан ишлар эди, аммо янги қонун айни ҳимояни барча болаларга тақдим этмоқда. Шу билан бирга, болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликнинг олдини олишда мутасадди идоралар ва ҳуқуқ-тартибот органларининг махсус фаолияти механизми белгилаб берилди.  

Қонун мактабларда, болалар боғчаларида ва бошқа таълим муассасаларида зўравонлик усулларини бевосита тақиқлайди. Бу болалар учун хавфсиз муҳитни яратишга ёрдам берадиган таълим ва тарбияга инсоний ёндашувни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир.

Қонун доирасида болалар зўравонлик ёки бошқа таҳдидлар ҳақида хабар беришлари мумкин бўлган махсус қисқа рақам жорий этилмоқда. Ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам ёрдам берилишини таъминлайдиган бу ишонч телефони, бир томондан, кеча-кундуз ишласа, иккинчи томондан, бепул ва махфийдир.

Қонунда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ота-оналар, ўқитувчилар ва бошқа катталар учун таълим дастурлари кўзда тутилган. Бу ўринда:

  • зўравонликни истисно қилувчи ижобий тарбия усулларига ўргатиш;

  • бола ҳуқуқлари ва ҳимоя механизмлари ҳақида хабардорликни ошириш;

  • ўқитувчиларда зўравонлик ва тазйиқ белгиларини тан олиш кўникмаларини шакллантириш каби дастурлар ҳақида сўз бормоқда. Ушбу чора-тадбирлар болалар ривожланиши учун янада қулай муҳит яратишга ёрдам бериши тайин.

Мухтасар айтганда, соҳа экспертлари “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун Янги Ўзбекистон қонунчилиги ривожида муҳим босқич эканлигини эътироф этмоқда. Чунки ушбу қонун билан нафақат зўравонликнинг олдини олиш учун шароитлар яратиш, балки жабрланган болаларни қўллаб-қувватлаш ва реабилитация қилишнинг комплекс тизими яратилмоқда.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech