5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни
БМТ Бош Ассамблеясининг 1972 йил 15 декабрдаги 27-сессиясида таъсис этилган ушбу халқаро сана халқ орасида “Экологлар байрами” сифатида эътироф этилишининг ўзиёқ унинг экологик тақвимдаги бош байрам эканини тасдиқлайди. Бу байрам учун айнан 5 июнь танланганининг сабабига келсак, худди шу куни Швеция пойтахти Стокгольмда ўтказилган атроф-муҳит масалалари бўйича БМТ конференциясида мазкур халқаро санани белгилашга доир резолюция қабул қилинган.
Ўз навбатида, 1972 йил 15 декабрда янги ташкилий тузилма — БМТнинг Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича дастури — ЮНЕПга асос солинган. Шундан буён Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни ЮНЕП раҳбарлигида ҳар йили бутун дунёда нишонланади.
Бугунги кунда экологик таҳдидлар – бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз тарихида илк бор мусаффо, соғлом ва барқарор атроф-муҳит – инсон ҳуқуқларининг узвий қисми, деб эътироф этгани ҳамда бу соҳада Махсус маърузачи мақомини таъсис қилгани худди шу омиллар билан изоҳланади.
Глобал офат – COVID-19 пандемияси дунё давлатларининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги кўп томонлама шартнома ва битимлар, жумладан, 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари, Париж битими каби ўзаро келишувларда зиммасига олган мажбуриятлари бажарилишига жиддий халал бергани сир эмас. Аксарият мамлакатларда ушбу йўналишдаги вазифаларнинг молиялаштирилиши ва ижроси зарур даражада таъминланмаяпти.
Она заминимизнинг сув захираларини ўйловсизлик ва исрофгарчилик билан сарфлаш, табиат ва биохилма-хилликка мунтазам зиён-заҳмат етказиш, Ер ва коинотни чиқиндихонага айлантириш, ана шу салбий жараёнлар асносида кутилажак турли офатларга қарши кураш имкониятларининг чекланишига бевосита сабабчи бўлиш – буларнинг барчаси инсоният бошига янгидан-янги балолар ёғдирмоқда. Боз устига экологик офатлар мавжуд таҳдиду хатарларнинг янада кучайишига туртки бўлмоқда.
Марказий Осиё минтақаси ҳам иқлим ўзгаришлари ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари олдида заиф экани сезилди. Ҳозирги вақтда минтақа мамлакатларида кузатилаётган сув тақчиллиги экинларни суғориш имкониятларини чекламоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асраб-авайлаш ишларига мунтазам эътибор қаратилаётгани жуда муҳим.
Янги Ўзбекистонда экология соҳасининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Янги таҳрирдаги Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талаблар мустаҳкамланди.
Асосий қонунимиз Муқаддимасида эътироф этилганидек, биз «мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб», ушбу Конституцияни қабул қилганмиз. Бош қомусимизнинг 49-моддаси тўлалигича экология ва атроф-муҳит ҳимоясига оид нормалардан иборат. Хусусан, ушбу модданинг биринчи бандида: «Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга», деб қайд этилган.
Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистоннинг учта стратегик дастури – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ишлаб чиқилди. Биринчиси тўла бажарилган ва қолган иккитаси ҳаётга теран татбиқ этилаётган ушбу дастуриламал стратегияларда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига ҳар доимгидан кўра юз карра кўпроқ эътибор берилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил юртимизда – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили, деб эълон қилингани бу борада ғоят муҳим қадам бўлди. Президентимизнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури доирасида юртимизда экологик барқарорликка эришиш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш ҳамда иқтисодий ўсишнинг янги, “яшил ривожланиш” моделини татбиқ этиш бўйича қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди ҳамда изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Президенти 2025 йил 4 апрель куни ўтказилган Самарқанд халқаро иқлим форумидаги нутқида Ўзбекистон Париж битими доирасида буғ газлари чиқаришни 35 фоизга камайтириш бўйича олган мажбуриятини муддатидан олдин бажариш учун барча саъй-ҳаракатларини ишга солишини қайд этди. Бу ҳақда сўз борганда, даставвал, Париж битими иқлим ўзгариши билан боғлиқ ортиб бораётган глобал таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида 2015 йил 12 декабрда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси томонларининг 21-конференцияси доирасида қабул қилингани ва 2016 йил 4 ноябрда кучга кирганини таъкидлаш лозим.
Ҳозирги вақтда Париж битимини имзолаган 195 мамлакатнинг 180 таси мазкур ҳужжат иштирокчиси ҳисобланади. Битимни ратификация қилмаган мамлакатлар кузатувчи мақомига эга бўлиб, улар учун халқаро ташкилотлар томонидан иқлимга доир дастур ва лойиҳаларни молиялаштиришда чекловлар қўлланилади.
Париж битими – атмосферага ис газлари чиқиндиларини камайтириш ва глобал ўртача ҳарорат даражаси ўсишини чеклаш орқали иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасидаги жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга йўналтирилган халқаро келишув.
Мазкур битимнинг мақсади сайёрамизда глобал исишни индустриал ривожланиш давридаги ўртача ҳароратга нисбатан Цельсий шкаласи бўйича 2°С да сақлаб туриш ҳамда ҳароратнинг 1,5°С гача ўсишини чеклашга ҳаракат қилишдан иборат. Париж битими шартлари иссиқхона газларининг глобал ажратмаларини 2050 йилга бориб 40-70 фоизга камайтиришни, 2100 йилгача эса унинг 0 ёки манфий кўрсаткичга етказишни талаб этади.
Ўзбекистон бундан 8 йил олдин, 2017 йил 19 апрель куни – БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Париж битимини имзолади. Битимни имзолаш учун БМТ Иқлим ўзгаришлари бўйича конвенцияси котибиятига иссиқхона газлари ташланмаларидаги миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссани камайтириш тўғрисида ҳужжат тақдим этилди. Мазкур битим 2018 йил 3 октябрда ратификация қилинди.
Экспертларнинг фикрича, Париж битими Ўзбекистон учун қатор имкониятларни тақдим этади. Хусусан, энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурсларини жалб қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, салбий экологик оқибатларга қарши курашиш шулар жумласидандир.
Париж битимида қатнашиш инвестиция ресурсларини жалб қилиш ҳамда халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг кредитларини олиш учун индикатор ҳисобланади. Шу жиҳатларни, янада муҳими, халқимиз манфаатларини, экологик хавфсизликни таъминлаш мақсади устувор эканини инобатга олган ҳолда, Париж битимини ратификация қилгани – Ўзбекистоннинг умуминсоний қадриятлар, битимда акс эттирилган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ғояларига содиқлигини яна бир бор амалда намоён этди.
БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси бугунги кунда БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси, Киото протоколи ва Париж битими қоидаларини амалга ошириш бўйича музокаралар жараёнининг олий органи ҳисобланади. Томонлар конференцияси ҳар йили ўтказилади ва унда раислик БМТ томонидан тан олинган бешта ҳудуддан бирига навбатма-навбат ўтади. Ўзбекистон БМТнинг ушбу конференцияси ишида фаол қатнашиб келмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурганини таъкидлаш ўринлидир. Шу янгиланишлар талабидан келиб чиққан ҳолда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланадиган фаоллар сафини “Экология ҳуқуқи ҳимоячиси” номинацияси ғолиблари ҳисобига кенгайтириш чоралари кўрилди.
Яқинда БМТ Бош Ассамблеяси "Ўрмонлардан барқарор фойдаланиш тамойилларига мувофиқ ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўн йиллиги" резолюциясини қабул қилди. Ўзбекистон ва Конго ташаббуси билан тасдиқланган ушбу резолюцияга мувофиқ, “2027-2036 йиллар – Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш ўн йиллиги”, деб эълон қилинди.
Бош Ассамблея, 80 та давлат ҳаммуаллифлик қилган мазкур ҳужжатга асосан, 2027-2036 йилларни – Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш ўн йиллиги”, деб белгилашга қарор қилди. Аъзо давлатлар БМТнинг Атроф-муҳит дастури (ЮНЕП), Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда БМТнинг Ўрмонлар форуми котибиятига мазкур ўн йилликни ўтказишда кўмаклашишни таклиф этди.
БМТ янгиликлари сайтида қайд этилганидек, Ўзбекистон дарахт экиш ва кўкаламзорлаштириш масалаларини миллий, минтақавий ва глобал миқёсда фаол илгари суриб келмоқда. Жумладан, 2024 йил август ойида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси "Экологик муаммоларнинг самарали ечими сифатида деградацияга учраган ерларда, шунингдек, қурғоқчил ҳудудларда ўрмонлардан барқарор фойдаланишни, жумладан ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклашни рағбатлантириш" резолюциясини қабул қилганди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда беш йил ичида бир миллиард туп дарахт экишни кўзда тутувчи кенг кўламли "Яшил макон" умуммиллий дастури амалга оширилмоқда. Бу мақсадлар учун 2025 йилда қўшимча 7,7 миллион доллар ажратилади.
Ўзбекистонда Орол денгизининг қуриган тубида экологик офат оқибатларини юмшатиш доирасида икки миллион гектар майдонда ўрмонзор барпо этилди. Экилган дарахтлар қум бўронларини тўхтатишга, экотизимни яхшилашга ва маҳаллий аҳоли учун даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда.
Аслида ҳам, халқаро ҳамжамият медиа минбаридан янграган бу эътирофлар бежиз эмас. Президентимиз қайд этганидек, бугун нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қилаётир. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда.
Бундай хатарларга жавобан Ўзбекистонда уч йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланган ва қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга ҳам киришилган. Тошкентда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилгани айни йўналишдаги муҳим натижалардандир.
Янада эътиборлиси, қисқа вақт ичида Ўзбекистон БМТ томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори бўлди. Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиёт драйверларидан бирига айланмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бутун дунёда, жумладан, мамлакатимизда ҳам 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни тантаналари ҳамоҳанг тарзда 5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни тадбирларига уланиб кетди. Зеро, сайёрамиздаги ҳар бир бола ва ўсмир тоза, соғлом, барқарор атроф-муҳитда яшашга ҳақли.
Бугунги кунда ифлосланган ҳаво ҳар йили 600 мингдан зиёд боланинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Шунингдек, юз миллионлаб бола хавфсиз ичимлик суви ва тўйиб овқатланиш имкониятидан баҳраманд бўла олмаяпти. Болалар уларнинг ривожланиш жараёнларига зиён етказиши ва ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қўрғошин ва симоб каби заҳарли кимёвий моддалар таъсирига дуч келмоқда.
Тадқиқотларга кўра, 2021 йилда туғилган болалар уларнинг 60 йил аввал туғилган бобо ва момоларига нисбатан 7 марта кўп аномал иссиқлик тўлқинларини, икки баробар кўп ўрмон ёнғинларини ва қарийб уч баробар кўп қурғоқчилик ҳолатларини бошидан кечирмоқда. Бу очиқ ва аччиқ ҳақиқат, ўз навбатида, болалар иқлим ўзгаришининг кенг кўламли оқибатлари олдида заиф эканини яна бир бор тасдиқлайди.
БМТ барча давлатларни иқлим ўзгариши таъсиридан болаларимизни ҳимоялашга чақиргани бежиз эмас. Бошқача айтганда, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси биринчи марта Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга биноан аъзо давлатларнинг мажбуриятларини ҳар томонлама ифода этиш орқали болаларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳитга бўлган ҳуқуқини бевосита тасдиқлади.
Ўз навбатида, сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш ва унга мослашиш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш чораларини жадаллаштириш, «яшил» ва инклюзив иқтисодий ўсиш моделини тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада, жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 5 октябрдаги қарори билан 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланган. Стратегиянинг мақсади мамлакатимизда «яшил» иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, «яшил» инвестицияларни жалб қилиш, экологик инқирознинг салбий таъсирини юмшатишдир.
Яна бир муҳим қадам: Президентимиз 2022 йил 2 декабрда “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бундан кўзланган мақсад 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишдир.
Бунда, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси доирасида «яшил» ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурсларни тежашни янада кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда.
Қарор асосида унда белгиланган стратегик мақсадларга эришиш учун, биринчидан, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастури; иккинчидан, Саноат тармоқларида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича концепция; учинчидан, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
Ушбу ҳужжатларда болаларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш масаласи қай даражада ўз аксини топган, деган савол туғилиши табиий. Бунга жавобан биргина ҳужжат – 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастуридан мисол келтирамиз.
Дастурда, жумладан, «Яшил» иқтисодиётга ўтиш даврида катта таъсир остида бўлиши мумкин бўлган аҳоли ва уларнинг яшаш жойларини қўллаб-қувватлашнинг устувор йўналишлари кўрсатилган бўлиб, ушбу йўналишлар таълим сифати ва натижадорлигини оширишни ҳам ўзида қамрайди. Бу ўринда болалар, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг инклюзив таълимини таъминлаш, сифати ва қамровини ошириш ҳақида сўз бормоқда.
Ўз навбатида, мазкур Дастурнинг «яшил» ўсиш бўйича салоҳиятни ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришга оид устувор йўналишлари қаторида таълим ташкилотларининг тегишли ўқув режаларига «яшил» иқтисодиёт мавзуларини киритиш кўзда тутилмоқда. Бунда тегишли таълим ташкилотларида мавжуд фанлар доирасида «яшил» иқтисодиёт амалиёти ва тамойилларига оид мавзуларини киритиш вазифаси ҳам санаб ўтилганини таъкидлаш даркор.
Бу борада Ўзбекистон болалари ва ёшларини иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича ҳужжат имзолангани ҳам долзарб аҳамиятга эга. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан имзоланган ушбу ҳужжат – “Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ва Ўзбекистон болалари ва ёшларини иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича Миллий стратегия” ҳамда унинг “Йўл харитаси”дир.
Мухтасар айтганда, юртдошларимиз иқлим ўзгариши замонамизнинг асосий таҳдидларидан бири экани, одамлар, айниқса ёшлар ва болаларнинг ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатаётгани борасида якдил фикрда экани эътиборга лойиқ. Давлатимиз раҳбари уқтирганидек, “атроф-муҳитни асраб-авайлашда масъулият барчамизнинг зиммамизда”.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 04.06.2025
- Кўришлар: 196
- Чоп этиш