ВАШИНГТОН, 1 июль. /"Дунё" АА/. АҚШнинг "The Times of Central Asia" ва "The Diplomatic Watch" журналларида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Парламентлараро иттифоқ вице-президенти, академик Акмал Саидовнинг "Халқаро парламентаризм куни: глобал демократик кун тартибининг аҳамияти, муаммолар ва истиқболлар" сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Ҳар йили 30 июнь куни нишонланадиган Халқаро парламентаризм куни нафақат рамзий, балки амалий аҳамиятга эга, – деб ёзилган мақола муқаддимасида. – Унда парламентларнинг демократик ўзгаришларнинг асосий таянчлари сифатидаги роли алоҳида таъкидланади ва айни пайтда жорий муаммоларни муҳокама қилиш, институционал ислоҳотларни илгари суриш, XXI асрнинг сиёсий ва ижтимоий воқелигига мос келадиган вакилликнинг инновацион моделларини ишлаб чиқиш учун глобал платформа бўлиб хизмат қилади".
Академик Акмал Саидовга кўра, замонавий парламентлар маҳаллий тартибга солиш институтлари доирасидан чиқиб, глобал сиёсий ва ҳуқуқий архитектуранинг фаол иштирокчисига айланиб, иқлим ўзгариши, рақамли трансформация, миграция инқирозлари, аҳоли саломатлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби трансмиллий муаммоларни ҳал қилишда иштирок этади. Шу нуқтаи назардан, парламент дипломатияси, ошкоралик ва инклюзивлик янги жиҳат касб этмоқда.
Муаллиф 2025 йил апрель ойида Ўзбекистон пойтахтида илк бор Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси бўлиб ўтганигани эътибор қаратган. Бу Марказий Осиё учун тарихий аҳамиятга эга воқеа. "Ижтимоий ривожланиш ва адолат йўлида парламент ҳаракати" мавзусида ўтказилган форумда 130 га яқин давлатдан 1400 га яқин делегатлар, жумладан, 100 дан ортиқ миллий парламентлар спикерлари ва спикер ўринбосарлари иштирок этди.
Материлда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясининг очилиш маросимидаги нутқидан иқтибос келтирилган: "Сизлар – бамисоли халқларни бир-бирига боғловчи мустаҳкам дўстлик кўпригисиз. Сизлар – одамларнинг дарду ташвиши ва муаммоларини энг қуйи тизимдан бошлаб, керак бўлса, минтақавий ва халқаро миқёсга олиб чиқишга, уларга самарали ечим топишга қодир бўлган қудратли кучсизлар".
Давлат раҳбари Парламентлараро иттифоқдаги иштирок демократик ислоҳотлар ва парламент ваколатларини кенгайтириш соҳасидаги саъй-ҳаракатларга ишончни ифодалашини таъкидлади, шунингдек, парламентларнинг тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашнинг асосий механизми сифатидаги ролига ишонч билдирди.
Муаллифнинг ёзишича, халқаро парламентаризм куни шунчаки унутилмас сана эмас, балки замонавий демократик жамият архитектурасида парламентларнинг ролини қайта кўриб чиқиш учун муҳим воқеадир. Мазкур тадбир фуқароларнинг парламентларга бўлган ишончини мустаҳкамлайдиган ҳамда тез ўзгариб бораётган дунёга мослашиш қобилиятини оширадиган инклюзивлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойилларини илгари суриш катализатори бўлиб хизмат қилади.
Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг таъкидлаганидек, Иттифоқнинг мақсади кунига камида бир кишига таъсир кўрсатиш ва бунинг йўли мулоқот, инклюзивлик ва жавобгарликка содиқликдир.
Шунингдек, мақолада рақамли тенгсизликдан тортиб сиёсий тарқоқликгача бўлган глобал муаммолар шароитида парламентлар барқарор, қонуний ва адолатли ривожланишни таъминлашга қодир асосий институтлар бўлиб қолаётгани урғуланган. Уларнинг ХХI аср чақириқларига жавоб бериш қобилияти нафақат ҳуқуқий ваколатлар, балки жамият билан чуқур алоқадорлиги, ислоҳотларга очиқлиги ва ўз-ўзини баҳолашга тайёрлиги билан ҳам белгиланади.
Нашрда ёзилишича, 2025 йилда Парламентаризм кунининг асосий урғулари айниқса долзарб бўлиб турибди. Халқаро саъй-ҳаракатлар ва тараққиётга қарамай, сиёсатда гендер тенглиги кўпчилик мамлакатлар учун қийин мақсад бўлиб қолмоқда.
"Гендер тенглиги сари босқичма-босқич" кампанияси бу мавҳум формула эмас, балки изчил қонунчилик, институционал ва маданий ўзгаришларни талаб қилувчи амалий стратегия эканлигини таъкидлайди. Фақат жинси, ёши, этник мансублиги ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, барча фуқароларнинг тенг иштирокини таъминлаш орқалигина парламентлар чинакам демократик ва ҳаётий институтларга айланиши мумкин. Уларнинг жамият хилма-хиллигини акс эттириш, инқирозларга жавоб бериш ва барқарор ечимларни ишлаб чиқиш қобилияти ХХI асрда муваффақиятли парламентаризмнинг асосий мезони бўлади", – дея урғуланган мақола якунида.
- Қўшилди: 03.07.2025
- Кўришлар: 676
- Чоп этиш