«Ўзбек журналистикаси антологияси»нинг 1- ва 2 - жилд китоблари тақдимоти бўлиб ўтди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Ўзбек журналистикаси антологияси»нинг 1- ва 2 - жилд китоблари тақдимоти ўтказилди.

Ўзбек журналистикаси узоқ ва бой тарихга эга. Бу тарихни тадқиқ этиш, миллий журналистикамизнинг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари ҳақида кенгроқ маълумотларга эга бўлиш, ҳар бир даврнинг энг яхши журналистик материаллари – асарларини ёшларга, келгуси авлодларга етказиш муҳим масала.  

Шу пайтгача медиа соҳасига доир кўплаб дарслик ва қўлланмалар, миллий журналистикамиз шаклланиши ва унинг ривожланиш босқичларига оид маълумотлар ўрин олган китоблар нашр этилган бўлса-да, “Ўзбек журналистикаси антологияси” яхлит ҳолатда яратилмаган эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Ўзбек журналистикаси антологияси” китобини нашрга тайёрлаш белгилангани, бунинг учун зарур маблағ ажратилгани миллий журналистикамиз антологиясини яратиш имконини берди.

                            

–  Давлатимиз раҳбари 27 июнь – Матбуот ва оммвий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табриги медиа соҳа вакиллари учун муҳим дастуриламал бўлмоқда, – деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов. –  Унда мамлакатимиз етакчиси атоқли жадид бобомиз Ҳожи Муиннинг “Матбуот тарихи – Уйғониш даври тарихининг бир бўлагидир”, деган сўзларидан иқтибос келтирганлар. Дарҳақиқат, кейинги йилларда улуғ аждодларимиз бошлаб берган ибратли анъаналарни давом эттириб, демократик жамиятнинг муҳим шарти ва тамойили бўлган оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантиришга мамлакатимизда устувор эътибор қаратилмоқда. «Ўзбек журналистикаси антологияси»нинг 1- ва 2 - жилд китобларининг тайёрланиб, нашр этилиши ҳам медиа соҳа тарихини мукаммал тадқиқ этиш, унинг тарғиботини кучайтириш борасидаги тизимли ишларнинг амалий натижасидир.  

Макур китоб Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бош ташкилотчилигида, ижодий масъуллигида яратилди. Унинг яратилишига Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси масъуллари, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университети журналистика йўналиши, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети ва бошқа журналист кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари катта ҳисса қўшди.  

Айтиш керакки, ушбу китобни нашрга тайёрлашдан аввал соҳа олимлари, устоз ва тажрибали журналистлар, медиа учун кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирокида “Ўзбек журналистикаси антологияси”ни яратиш бўйича маслаҳатлашув-муҳокама учрашуви ўтказилиб, ишга киришилди, ишчи ва ижодий гуруҳлар шакллантирилди.  

Ушбу 2 жилдли “Ўзбек журналистикаси антологияси” китоби “Қадимги давр журналистикасидан лавҳалар”, “Миллий журналистика шаклланиши ва такомилининг асоси (ўрта асрлар)”, “Жадид журналистикаси (ХIХ аср охири – ХХ аср бошлари)”, “Иккинчи жаҳон уруши даври журналистикаси”, “Турғунлик даври журналистикаси: мураккаб сиёсий жараён ва матбуотдаги эврилишлар”, “Қайта қуриш ва ошкоралик даври журналистикаси”, “Мустақиллик даври ўзбек матбуоти” даврларини ўз ичига олади.

Иш жараёнида архив ва кутубхона фондларида сақланаётган тарихий ҳужжат ва газеталардан фотонусхалар, турли даврларда чоп этилган энг сара публицистик мақолалар, очерк ва фельетонлардан намуна ва парчалар олишга тўғри келди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси масъуллари бу борада ёрдамини аямади.

Узоқ вақт изланиш ва ҳамкорликда қилинган меҳнат натижасида ушбу 2 жилдлик “Ўзбек журналистикаси антологияси” китоби нашрга тайёрланди. Мазкур антологияга миллий журналистикамиз шаклланиш босқичларига доир энг муҳим маълумотларни киритишга ҳаракат қилинди.  

Миллий журналистикамизнинг ривожланиш босқичлари билан боғлиқ муҳим ва қимматли маълумотлар жамланган “Ўзбек журналистикаси антологияси” юртимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижодкорлар, тадқиқотчилар, журналист кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари ўқитувчи-талабалари, соҳага қизиққан барча китобхонлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилиши аниқ.  

Назокат Усмонова,  

Алимурод Мамадаминов (сурат),  

ЎзА мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech