СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТНИНГ “ДРАЙВЕРИ”ГА АЙЛАНМОҚДА

16 июль – Сунъий интеллект эътироф этилган кун

 

Ушбу санани ҳар йили дунё бўйлаб нишонлашдан мақсад – сунъий интеллект технологиясининг тарихи ва ютуқларини эътироф этишдан иборат. Шу баҳонада унинг жорий ва истиқболдаги шаклларидан инсон ҳаётида фойдаланиш борасидаги билимларни ошириш имконияти ҳам туғилади.

Сунъий интеллект тарихига назар солинса, у бир  неча ўн йиллардан буён  ривожланиб  келаётган  йўналиш экани аён бўлади.  Илк бор 1956 йилда Германиянинг Дортмунд шаҳрида ташкил этилган  конференцияда олимлар томонидан “сунъий интеллект” атамаси илгари сурилган. Кейинчалик, 1997 йилда шахмат бўйича жаҳон чемпиони Каспаров биринчи марта сунъий интеллект билан шахмат ўйнаган.

 Сўнгги  йилларда, айниқса, охирги ўн йилликда сунъий интеллект билан боғлиқ технологиялар шиддатли ривожланиб, тобора мураккаблашиб ва энг мушкул масалаларга ҳам қулай ва осон ечим топадиган даражада мукаммаллашиб бормоқда. Бугунги кунда сунъий интеллект ҳаётимизнинг, айниқса, саноат, юк ташиш, молия, таълим, соғлиқни сақлаш каби турли соҳаларида тобора кенг қўлланилмоқда.

Ер юзида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъмин этиш учун сунъий интеллектдан унумли фойдаланиш зарурлиги борасида мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар ва ривожланган демократик давлатлар билан ёндашувлари ўхшаш. Бинобарин, Ўзбекистонда Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Шунингдек, Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси амалга оширилмоқда.

Айни Стратегия Президентимизнинг 2024 йил 30 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида ишлаб чиқилган. Шу негизда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 14 октябрдаги  қарори билан Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланган.

Сунъий интеллект — инсоннинг билим ва кўникмаларига тақлид қилиш имконини берувчи, шу жумладан, мустақил равишда ўрганиш ва ечимларни излаш ҳамда аниқ вазифаларни бажаришда инсон ақлий фаолияти натижалари билан таққосланадиган натижаларни олиш имконини берадиган технологик ечимлар мажмуидир. Стратегияда сунъий интеллектга шундай таъриф берилган.

Стратегияда сунъий интеллект технологиялари ривожланишининг жорий ҳолати ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизда сунъий интеллектни кенг қўллаш, жадал ривожлантириш мақсадлари, вазифалари ва устувор йўналишлари қайд этилган. Шунингдек, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида миллий манфаатларни инобатга олган ҳолда стратегик устувор йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш, ўрта ва узоқ муддатли, шу жумладан, илмий-техникавий ривожланиш соҳасидаги вазифалар белгиланган.

Бунга қадар, 2021 йил 17 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингани муҳим аҳамият касб этди. Шу асосда юртимизда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Биринчидан, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб 15 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект технологияларининг иқтисодиёт тармоқлари ҳамда давлат бошқаруви тизимида амалий қўлланиши бўйича курслар ва фанлар жорий этилди.

Иккинчидан, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб «Сунъий интеллект» йўналишида кадрлар тайёрлаш учун 12 та олий таълим муассасасига 572 нафар талаба (510 нафар бакалавр, 62 нафар магистратура) ўқишга қабул қилинди.

Учинчидан, «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан «Сунъий интеллект» йўналиши бўйича таълим олиш истагини билдирган ёшлар етакчи хорижий олий таълим муассасаларига юборилди.

Тўртинчидан, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида ихтисослашган лабораторияларга эга Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар портали фаолияти доирасида сунъий интеллект асосидаги дастурий таъминотдан фойдаланиш учун давлат органлари маълумотлари ва бошқа маълумотлар тўпламларини олиш имкониятини тақдим этувчи рақамли маълумотлар платформаси (data.egov.uz) ишга туширилди.

Олтинчидан, Президент қарори доирасида қишлоқ хўжалиги, банк, молия, транспорт, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, энергетика, солиқ ва бошқа устувор тармоқ ва соҳаларда сунъий интеллектни жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳалари амалга оширилди.

Ўз навбатида, Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясининг мақсади ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, ҳуқуқий, технологик ва иқтисодий асосларни белгилашдир.

Стратегияни   мамлакатимизда муваффақиятли амалга ошириш доирасида яқин истиқболда, хусусан:

биринчи – сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш йўналишида:

  • миллий қонунчилик ҳужжатларини халқаро тажриба асосида ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

  • соҳадаги илмий тадқиқотлар ва инновацияларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қулай муҳит яратиш;

  • хавфсизлик ва этика талабларини жорий этиш;

иккинчи – ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда устувор лойиҳаларни амалга ошириш йўналишида:

  • сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш ҳамда ривожлантириш орқали янги ва юқори қиймат қўшилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини, хизматлар кўрсатилишини йўлга қўйиш;

учинчи – соҳада стандартларни такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўналишида:

  • миллий стандартларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш;

  • халқаро ташкилотлар ва соҳадаги илғор хорижий компаниялар билан алоқалар ўрнатиш, шунингдек, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

тўртинчи – сунъий интеллект технологиялари асосида маълумотларни қайта ишлаш учун техник инфратузилмани шакллантириш йўналишида:

  • сунъий интеллект моделларини ўқитиш, уларни синовдан ўтказиш ва ривожлантириш учун зарур инфратузилма яратиш;

  • очиқ маълумотлар ва «катта маълумотлар» тўпламларини шакллантириш;

бешинчи – аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш йўналишида:

  • сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириб бориш;

  • малакали кадрлар тайёрлаш, ходимлар малакасини ошириш, ушбу жараёнга хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда ўқитувчи ва профессорларнинг билим ва малакаларини ошириш каби муҳим ишларни бажаришга аллақачон киришилган.

БМТ Бош Ассамблеясининг сунъий интеллект бўйича дастлабки резолюциясида ҳеч ким сунъий интеллектдан тинчликка таҳдид солиш ёки инсон ҳуқуқларини поймол этиш учун фойдаланишга ҳақли эмаслиги алоҳида уқтирилган. Сунъий интеллектни тартибга солиш ва инновациялар – бир-бирини инкор қилмаслиги, аксинча, ўзаро уйғун ҳамда чамбарчас боғлиқ тушунчалар эканлиги таъкидланган.

Резолюция талабига кўра, сунъий интеллект фаолияти билан боғлиқ барча автоматлаштирилган қарорлар ва тегишли жараёнлар инсон назорати остида бўлишини амалда таъминлаш тақозо этилади. Шу нуқтаи назардан, Янги Ўзбекистоннинг Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси айни талабларга ҳар томонлама жавоб беради.

Мазкур Стратегияни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад – ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланувчи дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киришига эришишдир. Бунда, шунингдек, «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлашни ҳам ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда рақамли технология ва сунъий интеллект иқтисодиётнинг “драйвери”га айланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 10 июнда бўлиб ўтган Тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида таъкидлаганидек,  “Мамлакатимизда шу йилнинг ўзида IT экспорти 1 миллиард долларга етади. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 5 карра ошириш учун салоҳиятимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли. Бу ишларимиз халқаро даражада эътироф этилиб, Сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро индексда бир йилда 17 поғонага кўтарилдик”.

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech