Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ҳамда ижтимоий-иқтисодий модернизация жараёнларининг марказида инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ғояси устувор аҳамият касб этади. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолият босқичма-босқич янги, янада юқори поғоналарга кўтарилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият”[1].
2030 йилгача инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия: янги лойиҳа тайёр, олдинги ҳужжат бажарилди
Юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили, деб эълон қилинган 2025 йилнинг ярми ортда қолди. Айни даврда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга доир давлат дастури доирасида ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида кенг кўламли янгиланишлар амалга оширилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Янги Миллий стратегия лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида ўндан ортиқ тадбир – миллий ва халқаро даражадаги маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Битта мисол: 30 апрель куни Миллий стратегия лойиҳаси бўйича ўтказилган миллий маслаҳатлашувларда 50 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, вазирлик ва идоралар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, илмий-ўқув муассасалари вакиллари, шунингдек, ишчи гуруҳ ҳамда Миллий марказ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари қатнашди. Муҳокамаларда лойиҳани такомиллаштириш юзасидан билдирилган бир қатор амалий таклифлар инобатга олинди.
Аввалги Миллий стратегия – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг ижроси якунланмоқда. Миллий марказ томонидан ушбу ҳужжатнинг бажарилиши ҳар чоракда мониторинг қилиб борилди.
Миллий стратегия доирасида, жумладан, 33 та қонун ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилганди. Ушбу ҳужжатлар лойиҳаларининг 2020 йилда – 20 таси, 2021 йилда – 8 таси, 2022 йилда – 3 таси, 2023 йилда – 2 таси ишлаб чиқилди. Ўз навбатида, 2025 йилнинг биринчи ярмида 8 та қонун, Президентнинг 11 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 6 та қарори қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича янги Миллий стратегия нима учун ишлаб чиқилди, деган савол туғилиши табиий. Гап шундаки, 2020 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласининг давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этишини кўрсатиб берди, шунингдек, мамлакатимизнинг ушбу соҳада ривожланишига улкан ҳисса қўшди. Жумладан, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 58 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 57 та фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 29 та қарори қабул қилинди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларига тааллуқли нормалар такомиллаштирилиб, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга конституциявий мақом берилди. Ўзбекистон 2021 – 2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида ушбу халқаро тузилма фаолиятида фаол иштирок этди.
Ўз навбатида, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш ва фуқаролик жамияти институтларининг ушбу соҳадаги иштирокини кенгайтириш тақозо этилмоқда. Бу долзарб талаб, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берадиган ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинишини кун тартибига қўймоқда, деб ҳисоблаймиз.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва малака ошириш
Бугунги глобаллашув ва рақамли трансформация жараёнлари фонида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммолар янада мураккаб тус олмоқда. Янги ижтимоий муносабатларнинг шаклланиши, ахборот оқимининг кескин ортиши, технологиялар таъсирининг кучайиши инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсат ва амалиётни қайта кўриб чиқиш, замонавий ёндашувларни жорий этишни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Миллий марказнинг илмий-тадқиқот ишлари жаҳон андозалари ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида олиб борилмоқда.
Айниқса, таълим ва малака ошириш соҳаларида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда соҳанинг бошқа манфаатдор субъектлари учун мақсадли ўқув курслари, семинар-тренинглар ва малака ошириш дастурлари ташкил этилмоқда. Бу маърифий тадбирлар иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро амалиёт билан танишиш имконини беради.
Миллий марказ томонидан 2025 йилнинг биринчи ярмида Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратура билан ҳамкорликда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курслари республика миқёсида 4 та ҳудудда амалга оширилди.
Жиззах, Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида ўтказилган машғулотларда тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар, шунингдек вилоят, туман (шаҳар) суди судьялари ҳамда суд аппарати ходимларидан иборат жами 274 нафар тингловчи иштирок этди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси принцип ва нормалари тўғрисидаги билимларини ошириш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда. Янада эътиборлиси, жорий йилда халқаро ҳамжамият Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенциянинг 60 йиллиги ҳамда Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг 30 йиллигини кенг нишонламоқда.
Шу муносабат билан мазкур халқаро шартномаларнинг асосий аҳамиятини таъкидлаш ҳамда бугунги кунда юзага келаётган камситишларнинг олдини олиш учун самарали ва инновацион амалиётлар бўйича кенг қамровли кампания олиб бориш мақсадида ҳамкор вазирлик, идора ва ташкилотлар иштирокида Тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва изчил амалга оширилмоқда.
Миллий марказ томонидан БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси матни ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида нашр этилди. Шу йил 29 январда Инсон ҳуқуқлари уйида ушбу китобнинг тақдимоти ўтказилди.
Миллий марказ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ушбу соҳада илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришни ташкил этиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 3 та олий таълим муассасаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Бу ўринда Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси тимсолидаги ҳамкорларимиз ҳақида сўз бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари соҳаси: мониторинг ва экспертиза
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий тузилмалар томонидан берилган тавсиялар мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро стандартларга мослашувида муҳим ўрин тутади. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар доирасида Ўзбекистон Республикаси томонидан тавсияларнинг бажарилиши ҳолати мунтазам равишда мониторинг қилиб борилмоқда.
Ўтган олти ойда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича БМТнинг устав ва шартномавий органлари ҳамда бошқа механизмларининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида 4 та Миллий ҳаракатлар режасининг ижроси ўрганилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этилиши изчил амалга оширилмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари инсон ҳуқуқлари бўйича экспертизадан ўтказилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида 30 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат мазкур экспертизадан ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар доирасида Ўзбекистон Республикаси томонидан тавсияларнинг бажарилиши ҳолати мунтазам равишда мониторинг қилиб борилмоқда. Кейинги олти ойда халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилиши ҳолати юзасидан 3 та мониторинг ўтказилди.
Хусусан, Миллий марказ томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда Навоий вилоятида хотин-қизлар ҳуқуқлари амалга оширилиши билан боғлиқ муаммолар аниқланиб, уларнинг одил судловдан фойдаланиши ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг самарадорлиги даражаси ўрганилди.
Бундан ташқари, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларининг бажарилиши, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда компенсация бериш тартиби ижроси устидан Бухоро вилоятида мониторинг ўтказилди.
Ўтган олти ойда Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ижроси ҳам мониторинг қилинди. Миллий марказ томонидан Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги таълим муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” ўқитилиши сифати ўрганилди.
Бундай мониторинглар жараёнида, бир томондан, амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлилий асосда атрофлича ўрганилса, иккинчи томондан, ижро билан боғлиқ муаммоли масалалар, таклиф ва тавсиялар ҳам алоҳида қайд этилади. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларнинг шаффофлиги ва натижадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Давлат ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасида самарали фаолият юритиш мақсадида давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Миллий марказ ушбу жараёнда марказий боғловчи бўғин сифатида фаолият юритиб, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйган.
Ушбу ҳамкорлик ҳуқуқий таълимни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг ўтказиш, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш каби йўналишларда амалга оширилмоқда. Жумладан, турли давлат идоралари вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ва халқаро экспертлар инсон ҳуқуқларига оид миллий ҳаракатлар режалари ва дастурларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида бир қатор халқаро шартномаларга қўшилган бўлиб, улардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада Миллий марказ муҳим мувофиқлаштирувчи орган сифатида фаолият юритади ҳамда ушбу мажбуриятларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган.
Шу йил бошида Миллий марказ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши низоми тасдиқланиб, унинг фаолияти қайта ташкил этилди. Жамоатчилик кенгаши таркиби шакллантирилди ва 27 февралда Кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари мулоҳаза ва тавсиялари амалга оширилишини ўрганиш бўйича ташкил этилган мониторингларда ҳам Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари фаол иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари маданияти: маърифат, тарғибот, ахборот сиёсати
Миллий марказнинг «Инсон ҳуқуқлари уйи» ўтган йилнинг 3 декабрида расман очилди. Ушбу маърифат маскани инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим, ахборот тарқатиш, ҳуқуқий маданиятни оширишда ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим платформа вазифасини бажармоқда.
Бу ерда шу вақтгача 25 та тадбир ўтказилди. Миллий марказ томонидан янги чоп этилган адабиётларнинг тақдимотлари, китоблар туҳфа этиш тадбирлари, инсон ҳуқуқларига оид ўқув машғулотлари, турли мавзуларга оид маҳорат дарслари, учрашувлар, давра суҳбати ва маънавий-маърифий тадбирлар шулар жумласидандир.
Ўтган олти ойда “Инсон ҳуқуқлари уйи” томонидан ҳудудлардаги ахборот-кутубхона марказлари ҳамда турли идора ва ташкилотларга 380 номдаги 1 минг 414 та инсон ҳуқуқларига оид адабиёт беғараз тақдим этилди. Шунингдек, 2 минг 440 номдаги 4 минг 221 нусха адабиёт IRBIS дастурига киритилиб, уларнинг электрон каталоги яратилди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни тарғиб этишда ахборот сиёсати ҳамда маданий-маърифий ишлар муҳим ўрин тутади. Бу йўналишларда жамоатчиликнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида холис ва ишончли маълумотлар тарқатиш, шунингдек, ижтимоий адолат ва бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлаш Миллий марказ фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир.
Миллий марказ оммавий ахборот воситалари, интернет платформалари ва ижтимоий тармоқлар орқали инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муҳим мавзуларда мақолалар, интервьюлар, видеороликлар ва таҳлилий материаллар тайёрлаб, аҳолига етказиб келмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида 2 минг 782 та ахборот Миллий марказ расмий сайтига жойлаштирилгани ҳам бу фикримизнинг амалий тасдиғидир.
Миллий марказ жамиятда ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш маданиятини ривожлантиришга қаратилган адабиётларни тайёрлаш ва чоп этиш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда.
Кейинги олти ойда 13 та номда босма ва электрон нашрлар чиқарилди. Бунда учта асосий йўналиш – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар тўпламларини давлат тилида нашр этиш, ўқув адабиётларини тайёрлаш, шунингдек, маърифий материалларни нашр этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари Миллий марказ муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг 2 та сони нашр этилди. Журналнинг 1-сони 2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилига бағишланган бўлса, 2-сонида Гендер тенглик бўйича Пекин декларацияси қабул қилинганининг 30 йиллигига оид мақолалар эълон қилинди. Шунингдек, Миллий марказ ҳаммуассислигидаги “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” журналининг ҳам икки сони нашрдан чиқди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик самаралари
Ўзбекистон БМТнинг асосий инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларига қўшилган. Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Жорий йил бошидан Миллий марказ директори БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасида сайланган аъзо сифатида ўз фаолиятига киришган бўлса, директорнинг биринчи ўринбосари 2025-2028 йилларга Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясига аъзо этиб сайланди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, БМТ тизимидаги дастурлар, фондлар ва ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ярим йил ичида 6 та тадбир ташкил этилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг махсус тартиб-таомиллари (процедуралари) билан амалий ҳамкорлик изчил давом эттирилмоқда.
Шунингдек, 2025 йилнинг биринчи ярмида Миллий марказга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши махсус маърузачиларидан ҳамда якка тартибдаги мурожаатлар бўйича жами 60 та ҳужжат келиб тушди. Шулардан 53 та ҳужжат Махсус маърузачилар ҳамда якка тартибдаги мурожаатларда келтирилган масалалар юзасидан вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Миллий марказ томонидан жавоб хати тайёрланиб, махсус маърузачига тақдим этилди.
Қолган мурожаатлар юзасидан жавоблар тайёрланмоқда ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Ушбу жараёнда мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг ҳуқуқий ва амалий жиҳатлари пухта таҳлил қилиниб, халқаро мажбуриятлар ҳамда миллий қонунчилик талабларига мувофиқ равишда муносабат билдирилиши таъминланмоқда.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) билан ҳамкорлик доирасида Термиз ва Фарғона шаҳарларида Жазони ижро этиш департаменти тиббиёт ходимлари ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази суд-тиббий экспертлари учун семинар-тренинг ўтказилди.
Ўтган даврда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида Миллий марказ вакиллари Америка Қўшма Штатлари, Озарбайжон, Қатар, Бельгия, Швейцария, Россия, Қозоғистон ва Туркманистон каби 9 та давлатга ташриф буюрдилар.
Ҳисобот даврида инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро тажриба алмашиш ҳамда самарали алоқаларни давом эттириш мақсадида Миллий марказга халқаро ҳамкорларнинг 16 та ташрифи амалга оширилди.
Миллий марказ билан Венгрия Асосий ҳуқуқлар бўйича вакили ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бундан мақсад хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, энг яхши амалиёт ва ахборотлар, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари тўғрисида маълумотлар алмашишдан иборат эканини таъкидлаш лозим.
Мухтасар айтганда, жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. Ушбу соҳадаги институционал механизмлар такомиллаштирилди ва халқаро стандартларга мос равишда самарали амалиётлар жорий этилди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий стратегик ҳужжатлар ижроси, жумладан, миллий ҳаракат режалари ва соҳавий дастурларнинг амалиётга татбиқ этилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2025 йил 17 июль кунги 145 (1471)-сони
[1] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Халқчил ислоҳотлар халқимиз манфаатларига хизмат қилади. 7-жилд. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2023. – Б. 224.
- Қўшилди: 17.07.2025
- Кўришлар: 570
- Чоп этиш