20 август – Тадбиркорлар куни
Мамлакатимизда ушбу сана тўрт йилдан буён кенг нишонланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур касб байрамини таъсис этиш ташаббусини 2021 йил 20 августда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтган учрашувда илгари сурганди. Ўша йили 23 декабрда “Тадбиркорлар кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун ҳам қабул қилинган.
Шундан бери ҳар йили айнан шу куни давлатимиз раҳбарининг бизнес ва ишбилармон доиралар вакиллари билан очиқ мулоқоти ўтказилиши анъанага айланган. Бундай учрашувларда тадбиркорларни ўйлантираётган масалалар муҳокама этилиб, улар билан маслаҳатлашган ҳолда қарорлар қабул қилинаётгани Президентимизнинг тадбиркорлик соҳасига алоҳида эътиборининг ёрқин ифодаси бўлиб келмоқда.
Шу кунгача очиқ мулоқотларда тадбиркорлар томонидан билдирилган 1 мингга яқин таклиф ва ташаббуслар қонун ва қарорларда ўз аксини топди. Янада муҳими, бунинг натижаларини нафақат тадбиркорлар, балки бутун аҳоли ўзининг кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда.
Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, бугунги очиқ мулоқотга тайёргарлик давомида 26 та соҳанинг 7 мингга яқин вакили билан учрашувлар ўтказилган. Қолаверса, “Колл-марказ” орқали 13 мингдан зиёд мурожаат ва ташаббуслар келиб тушган.
Давлатимиз раҳбари ушбу мурожаатларни ўрганиш асосида ишлаб чиқилган ҳамда тадбиркорлик фаолиятига янада кўп қулайлик яратишга қаратилган янги ечимларни илгари сурди. Ўзбекистон Президенти тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошланишида таъкидлаганидек, “Бугунги тадбир шунчаки анжуман эмас, давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган жонли ва самимий мулоқот майдонидир”.
Бинобарин, шиддатли ва қамровдор ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ тадбиркорлар билан ҳамфикр бўлиб, иқтисоди қудратли, саноати рақобатбардош, молиявий тизими барқарор, барча соҳалари инвесторлар учун жозибадор бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришилди. Натижада ўтган саккиз йилда миллий иқтисодиётнинг кўплаб тармоқлари янгидан ташкил этилди.
Бу даврда 230 миллиард доллар инвестиция кириб келди, шундан 120 миллиарддан ортиғи – хорижий сармоя. Янада эътиборлиси: турли низо ва зиддиятлар туфайли жаҳон иқтисодиёти ғоят мураккаб даврни бошидан ўтказаётган бир вақтда прагматик ва проактив сиёсат туфайли биринчи ярим йилликда иқтисодиётимиз 7,2 фоиз ўсди.
Давлатимиз раҳбари учрашув давомида тадбиркорликнинг турли йўналишлари бўйича мутлақо янги ташаббусларни илгари сурди. Уларнинг барчаси бугунданоқ кучга кириши алоҳида диққатга лойиқ.
Президентимиз бизнесни қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим инструменти молиявий хизматлар эканини таъкидлади. Шунинг учун эндиликда лойиҳага соддалашган тартибда маблағ жалб қилиш бўйича инвестиция платформаси ишга туширилади. Бунда барча корхоналар ўзининг лойиҳасини бу платформага жойлаштиради, потенциал инвесторлар эса исталган лойиҳани танлаб, сармоя киритиши мумкин бўлади.
Тадбиркор ва ҳунармандлар ўз маҳсулотларини рақамли платформалар орқали экспорт қилишга ўрганди. Улар анъанавий экспортдаги каби миллий ва хорижий маркетплейсларда четга сотган товари учун ҚҚСни қайтаришни сўраган. Мутасаддиларга бунинг тартибини тасдиқлаб, амалиётга жорий қилиш топширилди.
Ижобий ечим топилган яна бир муаммо – тадбиркорлардан солиқ маъмурчилиги бўйича тушаётган ўринли саволлар билан боғлиқ. Гап шундаки, амалдаги тартибга кўра, йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошган корхоналар фойда солиғи бўйича аванс тўлагани учун айланма маблағдан қийинчилик юзага келмоқда. Шу боис, энди ушбу тартиб фақатгина йилига 20 миллиард сўмдан юқори айланма қиладиган корхоналар учун амал қилади.
Келгуси йилдан ер, мол-мулк, ижтимоий ва даромад солиқлари ҳисоботларини шакллантириш бўйича тадбиркорлар мажбурияти бекор қилинади. Ушбу ҳисоботларни солиқчиларнинг ўзи бепул тўлдириб беради. Тадбиркорлар эса 5 кунда ҳисоботга тузатиш киритиши мумкин бўлади.
Ҳисоботни кечиктиргани учун кичик ва йирик бизнес бир хил жарима тўлаяпти, энг ёмони – ҳар бир ҳисобот тури учун алоҳида-алоҳида жарима бор. Солиқ қўмитасига 1 ноябрдан бошлаб тақдим этилмаган ёки кечиктирилган солиқ ҳисоботлари нечта бўлишидан қатъи назар, ягона жарима қўллайдиган тизим яратиш топширилди. Бунда кичик бизнес учун жарималар миқдори 3 карра камайтирилади.
Сўнгги йилларда аҳоли ва тадбиркорлардан 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор бўлди, яна шунча лицензия рақамлашди. Биргина ўтган йили 16 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилингани натижасида тадбиркорларнинг 350 миллиард сўмлик харажатлари тежалди.
Келгуси 2026 йилдан яна 10 турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилиниши белгиланди. Хусусан, аудиторлик ташкилотлари, туризм соҳасидаги ҳунармандлар, туристик ахборот марказлари, транспорт техник кўригини амалга оширадиган тадбиркорлар хабардор қилиш тартибига ўтказилади.
Президентимиз яна бир муҳим янгиликни эълон қилди – 2026 йилдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш мумкин бўлади. Натижада тадбиркорни рўйхатдан ўтказишга оид бир неча жараён учун талаб этиладиган муддат ҳозирги 1 ҳафтадан 15 дақиқага қисқаради.
Эндиликда тадбиркорлар иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бинобарин, Президентимиз билан тадбиркорлар мулоқоти чоғида судларнинг моддий зарарни ундириш бўйича қарорлари ижроси кечикаётган ҳолатлар борлигига эътибор қаратилди.
Аслида, ундирилиши керак бўлган қарздорликнинг ҳар бир кечиккан куни тадбиркорнинг зарарига ишламоқда. Шунинг учун халқаро тажриба асосида “астрент” тизими жорий қилинади. Бунда моддий зарарни қоплаш кечиктирилган ҳар бир кун учун қарздор ҳисобидан пеня ундириш суд қарорида аниқ белгилаб қўйилади.
Президентимиз қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда бизнес ривожланиши, инвестиция муҳити жозибадор бўлишини таъкидлади. Давлат раҳбари уқтирганидек, “Тўғри, бизда инвестициявий муносабатларни тартибга солиш, сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга шароитлар яратиш бўйича юзлаб ҳужжатлар бор. Буларни ҳаммасини тўғридан-тўғри амал қиладиган ягона қонунга бирлаштириб, Инвестиция кодексини қабул қилиш вақти келди. Бу ҳужжат инвестиция соҳасидаги барча қоида, кафолат ва тартиб-таомилларни бир тизимга солиб, инвестицияларни рағбатлантиришга хизмат қилади”.
Бизнес уюшмалари қанча кўп бўлса, тадбиркорларни овози шунча баланд эшитилади. Шу боис, Президентимиз таъбири билан айтганда, ўз соҳасининг жонкуяри бўлган энг илғор 10 нафар бизнес эгалари бирлашиб, атрофига ёш тадбиркорларни тўплаб, ортидан эргаштирса, уларга бизнес сирларини ўргатса, янги билим ва технологиялар олиб кирса, тадбиркорликдаги кўп муаммоларни бизнес ҳамжамиятни ўзи ҳал қила оладиган бўлади.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан бевосита мулоқот якунида уларнинг қўшимча таклифлари ва фикрларини тинглади. Шу асосда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди.
Фармоннинг мақсади 2025 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ҳамда уни ташкил қилиш доирасида ўтказилган 20 та учрашувда келиб тушган 15 мингта мурожаатда кўтарилган тизимли муаммоларнинг ечимига қаратилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш ҳамда очиқ мулоқотда белгиланган устувор вазифаларни бажаришдир.
Анъанага кўра, кичик бизнес вакилларидан тортиб йирик корхоналар раҳбарларигача – энг илғор ва фидойи тадбиркорлардан 49 нафари давлат мукофотлари, 112 нафари эса “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида илми билан бизнес ривожига катта ҳисса қўшаётган олимлар ҳам бор.
Ўтган бир йилда яна 52 нафар ишбилармон тадбиркорлар, миришкор деҳқон ва фермерлар, ташаббускор инвесторлар орден ва медаллар соҳибига айланди. Айниқса, Президентимиз алоҳида эътироф этганидек, “ҳомийлик қилиб боғча ва мактаб, шифохоналар қураётган, эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашаётган, ёшларни қўллаб-қувватлаётган саховатпеша тадбиркорларимиз кўпайиб бораётгани бизни қувонтиради”.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.08.2025
- Кўришлар: 175
- Чоп этиш