ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН: ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ – 2025 ЙИЛ ЯКУНЛАРИ ВА ИСТИҚБОЛЛАР
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили, деб эълон қилинган 2025 йил якунига етиб бормоқда. 2025 йил давомида ҳаётимизда юз берган оламшумул янгиланишлару энг муҳим воқеаларнинг туб мазмун-моҳиятига назар солар эканмиз, турли соҳаларда эришилган ютуқлар ҳамда забт этилган марралар шукуҳидан руҳимиз таскин топиб, дилимиз равшанлашади, тилимизда шукроналик калимаси айланади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, халқимиз учун муносиб турмуш даражасини таъминлаш, мустаҳкам ҳуқуқий тизим ва очиқ жамият барпо этиш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларимиз дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда. Масалан, 2025 йилда Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида Ўзбекистон 19 поғона юқори кўтарилиб, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг жадал ривожланаётган мамлакат сифатида қайд этилди”[1].
Инсон ҳуқуқлари – замонавий цивилизациянинг
устувор мезони
Ўзбекистон Президенти 2025 йил сентябрида Нью-Йоркда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдоридир. Биз халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссамизни қўшишга доим тайёрмиз”[2].
2025 йилда жаҳон ҳамжамияти БМТнинг 80 йиллиги тантаналари билан бир қаторда инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи мажбурий юридик шартнома – Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг 60 йиллигини, шунингдек, замонавий ижтимоий ва сиёсий ҳаётнинг гендер мезонини бошлаб берган Аёлларга нисбатан Пекин платформаси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигини нишонлади. Мамлакатимизда ушбу саналарни нишонлаш бўйича фуқаролик жамияти институтлари ва таълим муассасаларини кенг жалб этган ҳолда кенг қамровли тадбирлар дастурлари амалга оширилди.
Шунингдек, бу йил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги кўплаб минтақавий воситаларнинг юбилей саналари, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 75 йиллиги, EХҲТ Хельсинки битимининг 50 йиллиги, МДҲ Инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги конвенциясининг 30 йиллиги нишонланди. Ушбу ҳужжатлар ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий халқаро тизими учун таянч устунлар ҳисобланади.
Қолаверса, замонавий халқаро ҳуқуқ асосини яратган Нюрнберг трибунали ўз ишини бошлаган санага 80 йил тўлгани ҳам эътибордан четда қолмади. Ҳозирги замон инсон ҳуқуқлари даври, шубҳасиз, Нюрнберг жараёнидан бошланган. Гарчи, ХХ асрда кўплаб халқаро ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, Нюрнбергдаги Ҳарбий трибунал инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муҳим воқеа ҳисобланади.
Янги Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича минтақавий тузилмаларда фаол иштирок этмоқда. 2025 йилда янги ташкил этилган МДҲнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўзбекистон вакили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессиясида ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси таркибига 2025-2028 йилларга мўлжалланган давр учун сайланди.
Брюсселда июнь ойида Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва улар билан боғлиқ масалалар бўйича "Ўзбекистон – Европа Иттифоқи" кичик қўмитасининг 21-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш, гендер тенглик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Инсон ҳуқуқлари – замонавий цивилизация тараққиёти даражасини кўрсатиб турувчи мезондир. Афсуски, дунёда содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий инқирозлар, геосиёсий ўзгаришлар ва қуролли можаролар инсон ҳуқуқлари масалаларига ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Маълумки, Вена декларацияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳаракатлар дастури ҳар бир давлатга инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаларини қабул қилишни тавсия этган.
Бугунги кунда дунёнинг 80 та мамлакатида инсон ҳуқуқлари соҳасида 150 дан ортиқ миллий режа (стратегия) қабул қилинган. Улар турли даражаларда: президентлар, парламентлар, ҳукуматлар томонидан тасдиқланган бўлиб, амал қилиш муддати ҳам қисқа, ўрта ёки узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган.
Марказий Осиё мамлакатларининг бу борадаги тажрибаси жуда эътиборга лойиқ. Марказий Осиё мамлакатлари Конституцияларида "Давлат инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилади ва таъминлайди" тамойили аниқ белгилаб қўйилган. Қозоғистонда 2023 йилда Президент томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳасидаги учинчи ҳаракатлар режаси амалга оширилмоқда. Қирғизистон ҳукумати 2022-2024 йиллар учун Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳаракатлар режасини қабул қилди ва амалга оширди. Тожикистон ҳукумати 2023 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни қабул қилди. Туркманистон Президенти томонидан 2021-2025 йилларга мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
Мамлакатимизда 2025 йилги Давлат дастури доирасида 2030 йилгача мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича янги Миллий стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу иккинчи Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлашда илғор халқаро тажриба, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари, шунингдек, ўтган давр мобайнида шаклланган миллий амалиёт инобатга олинди. Ҳужжатда Ўзбекистоннинг миллий маърузаларини кўриб чиқиш доирасида тақдим этилган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органлари тавсиялари ҳам ўз аксини топди.
Инсон ҳуқуқлари таълими – конституциявий ватанпарварликни шакллантириш омили
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури ва Миллий таълим дастурини амалга ошириш доирасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, таълим жараёнининг барча босқичларида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курсларини жорий этиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари 2025 йил давомида мунтазам ташкил этилди. Жумладан, Миллий марказ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган режа асосида:
· Жиззах (24–25 февраль);
· Сирдарё (26–27 февраль);
· Навоий (22–23 май);
· Тошкент (3-4 июль);
· Фарғона, Андижон (15-16 сентябрь) вилоятларида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида онлайн ва офлайн форматда ўқув курслари ташкил этилди.
Ушбу ўқув курсларида ҳар бир ҳудуддан судьялар, ички ишлар, прокуратура тизимидаги терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 444 нафар ходими иштирок этди. Машғулотларга миллий ва халқаро экспертлар жалб қилинди.
Олий судда 28 февралда уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш соҳасида суд амалиётини такомиллаштириш, шу жумладан мажбурий кўчириш билан боғлиқ жиҳатларга бағишланган давра суҳбати гибрид форматда бўлиб ўтди.
Миллий марказ томонидан Олий суд билан ҳамкорликда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси кўмагида ташкил этилган тадбирда
50 нафардан ортиқ судья, жумладан, Олий суд, туман ва вилоят судлари вакиллари иштирок этди.
Термиз шаҳрида 21-22 апрель кунлари ва Фарғона шаҳрида 24-25 апрель кунлари Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тиббиёт ходимлари ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази суд-тиббий экспертлари учун “Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва шафқатсиз муомалаларни суд-тиббий ҳужжатлаштириш” мавзусида икки кунлик тренинг ўтказилди. Мазкур ўқув машғулотлари Миллий марказ билан EХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Тошкент шаҳрида 2025 йил 29 апрелдан – 2 майгача “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусида тўрт кунлик ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Бу ўқув курси Миллий марказ томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида фаолият юритаётган давлат органлари ва идоралари мутахассислари учун ўтказилди.
Машғулотларда асосий эътибор инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва миллий нормалар, БМТ механизмлари, ҳисобот бериш жараёнлари, таълим ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлашга қаратилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга оширишда бевосита иштирок этаётган вазирлик ва идоралар вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутахассисларидан иборат 27 нафар тингловчи иштирок этди.
Хусусан, Миллий марказ томонидан мамлакатимиз бўйлаб, жумладан, барча вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув семинарлари ўтказилди. Ушбу машғулотларда 3 мингга яқин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими – терговчилар, прокурорлар, судьялар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўқув салоҳиятини ошириш мақсадида Миллий марказ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. 2025 йилда айни меморандумлар доирасида фаол ҳамкорликда иш олиб борилди.
Бу ҳақда фикр юритганда, 15–19 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида Халқаро юристлар комиссияси (Интернатионал Commission of Jurists — ICJ) томонидан халқаро инсон ҳуқуқлари ҳуқуқига бағишланган “Қишки мактаб” тадбири ўтказилганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Тадбир Тараққиёт стратегияси маркази, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича Минтақавий офиси ҳамкорликда ташкил этилди.
Мазкур ўқув дастурида суд ҳокимияти мустақиллиги, адолатли судлов ҳуқуқи, камситилмаслик, қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани тақиқлаш каби фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар, шунингдек таълим, соғлиқни сақлаш ва муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқлар каби иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар ҳам батафсил кўриб чиқилди. Аёллар, болалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг моҳияти ва аҳамияти чуқур таҳлил этилди.
“Қишки мактаб” дастури 19 декабрь куни миллий суд жараёнларини моделлаштириш бўйича “моот cоурт”, яъни саҳналаштирилган юридик машғулот билан якунланди. Иштирокчилар фикрича, ушбу машғулот иштирокчиларнинг халқаро стандартларни аниқлаш ва уларни миллий даражадаги суд амалиётида қўллаш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари маданиятини ошириш йўлида
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим, ахборот тарқатиш, ҳуқуқий маданиятни оширишда ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази — Инсон ҳуқуқлари уйи муҳим платформа вазифасини бажармоқда. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари уйида турли мавзуларда 30 тадан ортиқ тадбир ўтказилди.
2025 йилда Инсон ҳуқуқлари уйи томонидан жами 2 минг 968 нусха инсон ҳуқуқларига оид адабиёт кутубхоналар, турли идора ва ташкилотларга беғараз тақдим этилди. Миллий марказ нашр эттирган инсон ҳуқуқларига оид ушбу адабиётлар, жумладан. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларига, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти, Тошкент давлат юридик университети, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Наманган давлат университетига етказиб берилди.
Шунингдек, Миллий марказ томонидан 2025 йилда 10 дан зиёд китоб чоп этилди. Йил давомида Миллий марказ фаолиятини тарғиб этишга қаратилган 6 мингта ахборот расмий сайтга жойлаштирилди.
Миллий марказ матбуот хизматининг ахборотлари, шунингдек, Ўзбекистон теле-радио каналлари, газеталар, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва веб-сайтларда эълон қилинди. Инглиз ва рус тилларига таржима қилинган 163 та ахборот оммавий ахборот воситаларида тарқатилди.
Миллий марказ ходимлари томонидан 2025 йилда 246 та мақола, интервью ва кўрсатувлар тайёрланиб, ОАВда эълон қилинди. Бундан ташқари, Миллий марказда 30 дан ортиқ халқаро ташкилот ва хорижий давлатлар делегациялари билан учрашувлар ўтказилди. Ушбу жараёнларнинг барчаси ҳақида жамоатчиликка ўз вақтида ахборот етказиб турилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик
самаралари
2025 йилда мамлакатимиз БМТнинг фуқаросизликни бартараф этиш бўйича тавсияларини бажариш борасида тарихий ютуққа эришди. Гап шундаки, 1991 йилдан 2016 йилгача бор-йўғи 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2017 йилдан 2025 йилгача 85 мингдан ортиқ киши Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди. Бу мамлакатимиздаги инсонпарвар сиёсат жамиятнинг ҳамма қатламларини қамраб олишга ва инсон қадр-қимматини том маънода ҳурмат қилишга қаратилганини баралла намоён этади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва унинг махсус тартиб-таомиллари билан фаол ҳамкорлик давом этмоқда. Ўзбекистон БМТнинг турли органлари тавсиялари асосида еттита миллий ҳаракат режасини ишлаб чиқди ва амалга оширмоқда. Булар, жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги 1325-сонли резолюциясини амалга ошириш; аёлларга нисбатан камситишларга қарши курашиш; иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар; ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари; Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар тавсияларини амалга ошириш; терроризмга қарши курашиш ва бола ҳуқуқлари бўйича режалардир.
Бундан ташқари, БМТнинг Муносиб уй-жой масаласи бўйича махсус маърузачиси Б.Раджагопалнинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича тавсияларини амалга ошириш учун "Йўл харитаси" лойиҳаси тайёрланди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТ тизимидаги дастурлар, фондлар ва ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида жами 5 та тадбир ташкил этилди. Тадбирларда 100 дан ортиқ Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари вакиллари, БМТ тизимига кирувчи турли дастурлар, фондлар ва ихтисослаштирилган муассасалар, халқаро нодавлат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий давлатларнинг элчихоналари, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг ваколатхоналари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ хорижий эксперт ушбу тадбирларнинг фаол иштирокчисига айланди.
Йил давомида Миллий марказда бир қатор хорижий ва халқаро делегациялар билан самарали учрашувлар ўтказилди. Жумладан, 19 августда Миллий марказ директори 14-чақириқ Умумхитой қўмитаси Халқ сиёсий маслаҳатлашув кенгашининг доимий аъзоси, Миллий ва диний ишлар бўйича комиссия бошлиғининг ўринбосари, Хитой инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича жамиятининг ижрочи вице-президенти Цзян Цзяньго билан учрашди. Учрашув ХХР делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
Цзян Цзяньго Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган тараққиётини юқори баҳолар экан, бу борадаги шиддатли ва қамровдор ислоҳотларни – беқиёс янгиланишлар, деб таърифлади. Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташаббуслари асосида, хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилингани эътироф этилди.
Бу борадаги натижадор қадамлар, ўз навбатида, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси тобора ошиб бораётганини яққол кўрсатмоқда. Айниқса, Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳамкорликда ишлаб чиққан "Цивилизациялараро мулоқот халқаро куни" номли резолюциянинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон билан Хитойнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ўртасидаги икки томонлама алоқалар изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида бир қатор аниқ режалар келишиб олинди.
Худди шу санада Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ўзбек тилида илк бор нашр этилган «Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида» номли китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Тадбир Миллий марказ томонидан Хитой Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича жамияти, ХХР Адабиётларни хорижий тилларда нашр этиш ва тарқатиш ишлари бўйича бошқармаси, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тақдимотда китоб Хитойнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига оид концептуал ёндашувларини очиб берувчи манба сифатида муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ушбу китобнинг ўзбек тилида нашр этилиши илмий маърифат алмашиш, давлатлараро мулоқотни чуқурлаштириш ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар эшигини очиши эътироф этилди.
Шунингдек, 30 июлда Миллий марказда “Замонавий дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси” мавзусида ҳуқуқий коллоквиум бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Татьяна Москалькованинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.
Тадбир давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритилди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий тажриба, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини янада ривожлантириш истиқболлари, соҳага оид қонунчиликдаги янгиликлар ва Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, 12 сентябрда Миллий марказда Марказий Осиё мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон бола ҳуқуқлари бўйича вакиллари – болалар омбудсманлари билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида болалар ҳуқуқларини таъминлашда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишда ва уларнинг тавсиялари асосида амалий ишларни жорий этишда парламент ҳамда барча давлат ва нодавлат ташкилотларнинг фаол иштироки муҳим эканлиги таъкидланди.
Миллий марказ вакиллари 2025 йилда кўплаб мамлакатларда хизмат сафарида бўлиб, муҳим тадбирларда иштирок этдилар. Хусусан, 21-22 июнь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Ислом ҳамкорлик ташкилоти дунё ўзгариши шароитида” шиори остида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессияси шулар сирасига киради.
Тадбирда ИҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари, ИҲТ раҳбарияти ва тузилмалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди. Саммит давомида ИҲТ кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди, Истанбул декларацияси қабул қилинди.
Сессиянинг асосий натижаларидан бири 2025-2028 йилларга мўлжалланган муддатга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг тўққиз нафар янги аъзоси сайлови ўтказилганидир. Овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон вакили – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, профессор Мирзатилло Тиллабоев уч йил муддатга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясига аъзо этиб сайланди.
Ушбу воқеа Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро дипломатияда эгаллаган мавқеи тобора ўсиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди ва мамлакатимизнинг кўп томонлама ҳамкорлик, исломий бирдамлик ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш принципларига содиқлигини намойиш этади. Бундан ташқари, бу натижа Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро институтлар билан ўзаро ҳамкорлигидаги муҳим босқич бўлиб, ИҲТга аъзо давлатларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончидан далолат беради.
Миллий марказ 2025 йилда халқаро ва хорижий манбаларда инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистонга доир эълон қилинган маълумот ва ҳисоботларга муносабат билдириш амалиётини давом эттирди. Жумладан, 3 та манба — АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF), “Human Rights Watch” халқаро ноҳукумат ташкилоти ва Европа Иттифоқи Комиссияси ҳисоботларида баён этилган масалалар юзасидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда асослантирилган шарҳлар ва маълумотлар тайёрланди.
Миллий марказга 2025 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши махсус маърузачиларнинг ҳамда якка тартибдаги мурожаатлар бўйича жами 74 та ҳужжат келиб тушди. Шулардан 50 та ҳужжат бўйича Махсус маърузачилар ҳамда якка тартибдаги мурожаатларда келтирилган масалалар юзасидан вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида жавоб хати тайёрланиб, тегишли тартибда тақдим этилди.
Марказ томонидан хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, энг яхши амалиёт ва ахборотлар, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари тўғрисида маълумотлар алмашиш мақсадида меморандум имзолаш масаласи ҳам эътибор марказида бўлди. Хусусан, 2025 йил 27 февралда Миллий марказ ва Венгриянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиб, шу соҳада қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни кўзда тутади.
Бундан ташқари, Миллий марказ билан Тараққиёт ва одил судлов халқаро маркази (CDJI) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатни имзолаш маросими Ўзбекистон делегациясининг Испанияга ташрифи давомида мамлакатимиз делегациясининг Испания Адлия вазирлигига ташрифи доирасида бўлиб ўтган учрашув сўнггида бўлиб ўтди.
Ушбу Меморандум инсон ҳуқуқлари соҳасида ихтисослашаётган магистратура ва докторантура талабалари орасида тадқиқот ҳамда таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантириш, адолат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқларининг долзарб масалалари юзасидан таҳлилий ва услубий материаллар тайёрлашда ҳамкорлик қилиш,жазони ижро этиши тизимини ривожлантиришда халқаро стандартларни тарғиб қилишга қаратилган.
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш: мониторинг ва жамоатчилик назорати
Миллий марказ ҳузурида Жамоатчилик кенгаши иш олиб бормоқда. Бу борадаги фаолиятни таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августда қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони катта аҳамият касб этди.
Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати, шу жумладан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар бажарилишини мониторинг қилишда жамоатчилик назорати ролини ошириш мақсадида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ҳам БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари қарорларининг ижросини таъминлаш юзасидан доимий мониторинг ва маслаҳатлашувлар амалга ошириб келинмоқда. Айрим мисолларга тўхталамиз.
Биринчи мисол. 12-13 май кунлари “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режаси”да белгиланган вазифага мувофиқ, Бухоро вилоятидаги ҳудудларда ер участкаларини компенсация эвазига жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартибига риоя қилиш ҳамда аҳолининг етарли уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи масалалари бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Тадбир Миллий марказ ташаббуси билан ташкил этилди.
Тузилган ишчи гуруҳ томонидан “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун ижроси ва фуқароларга тўлаб берилган компенсацияларга оид тегишли ҳужжатлар ўрганилди. Шунингдек, фуқароларни мажбурий кўчиришдан ҳимоялаш ва уларнинг муносиб уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш ҳолатини ўрганиш мақсадида ҳудудларда мониторинг ишлари олиб борилди.
Иккинчи мисол. 23 майда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қоидаларининг бажарилиши юзасидан Миллий марказ Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда Навоий шаҳридаги “Ўзбекистон” ва “Бунёдкор” маҳаллаларида аҳоли ўртасида оилада маиший зўравонлик ҳолатлари бўйича хабардорлик даражасини ўрганиш мақсадида жамоатчилик мониторингини ўтказди.
Бундан мақсад Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларининг амалга оширилишидаги муаммоларни аниқлаш, уларнинг одил судловдан фойдаланиши ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларни ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг самарадорлиги даражасини ўрганишдир. Сўровномада қарийб 30 га яқин респондент иштирок этиб, турли масалаларга бағишланган 17 та саволдан иборат анкеталарни тўлдирди. Шунингдек, фуқароларнинг айни масалага ёндашуви таҳлил этилди ҳамда бу борадаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалари ўрганилди.
Учинчи мисол. 17–18 сентябрь кунлари хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳаётда тўлақонли иштирокини таъминлаш ва оиладаги маиший зўравонликка қарши курашиш ҳолати ўрганиш мақсадида Фарғона шаҳридаги “Илтифот” ва “Шодиёна” ҳамда Андижон вилояти Қўғонтепа шаҳридаги “Юксалиш” ва Абдураҳмон Жомий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг қамровли мониторинг тадбирлари амалга оширилди.
Тадбир Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг 30 йиллиги доирасида амалга оширилди. Унда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маиший зўравонликка қарши ҳуқуқий ҳимоя ва ёрдам механизмларини баҳолаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мониторингнинг асосий мақсади – жамият ва оилада хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига қарши курашишда халқаро меъёрларга асосланган Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (CEDAW) талаблари бажарилиши устидан назоратни мустаҳкамлашдир. Шунингдек, хотин-қизларга нисбатан маиший зўравонлик, гендер тенглик ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Тўртинчи мисол. 18 сентябрь куни Андижон вилоятидаги давлат олий таълим муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” фанларини ўқитиш ҳолати бўйича мониторинг ўтказилди. Унда Миллий марказ ва вазирлик мутахассислари иштирок этди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Андижон давлат университети, Андижон давлат педагогика институти ва Андижон давлат тиббиёт университетида дарс жараёнларини кузатиб, талабалар ва ўқитувчилар ўртасида сўровнома ўтказди. Мониторинг натижалари асосида таълим сифати юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди ва тегишли олий ўқув юртлари маъмуриятларига тақдим этилди.
Тадбир доирасида талабаларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича билимларини ошириш, ҳуқуқий саводхонликни кучайтириш ва таълим жараёнини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Миллий ва халқаро маслаҳатлашувлар
Миллий марказ фаолиятида миллий ва халқаро ҳамкорлар билан маслаҳатлашувлар ўтказиш тажрибаси алоҳида ўрин тутади. Бунга яққол мисол сифатида 2025 йил 6 октябрда Нукус шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” тўғрисидаги 1325-сонли резолюцияси қоидаларини амалга ошириш бўйича 2026–2030 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган миллий маслаҳатлашувларни келтириш мумкин.
Мазкур тадбир Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари бўйича мувофиқлаштирувчиси, шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Муҳокамаларда 2022–2025 йилларда амалга оширилган Миллий ҳаракатлар режаси доирасида эришилган ютуқлар сарҳисоб қилиниб, янги давр учун устувор вазифалар белгиланди. Янги ҳужжат аёлларнинг тинчлик жараёнларида фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, гендер тенгликни чуқурлаштиришга қаратилган.
Шунингдек, 2025 йил 3 июлда Миллий марказ томонидан “БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини Ўзбекистон Республикасида амалга ошириш бўйича 2026-2030 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси” лойиҳасини ишлаб чиқишга бағишланган семинар ўтказилди. Тадбир ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Семинарда давлат органлари ходимлари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари хамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш доирасида 2025 йил 4-5 сентябрь кунлари БМТ шартномавий органлари ва алоҳида ҳолатлар бўйича махсус тартиб-қоидалари тавсияларини жорий этиш масалаларига бағишланган икки кунлик семинар бўлиб ўтди. Тадбир Миллий марказ томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё минтақавий бўлинмаси ва Халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинар Конституциявий суд ва Олий суд судьялари, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Омбудсман институти, Адвокатлар палатаси, "Тараққиёт стратегияси" маркази, илмий доиралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилди.
Тадбир доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Женевада бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида баён этилган позициясига алоҳида урғу берилди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш марказий ўрин тутишини таъкидлаганига эътибор қаратилди.
Семинарда БМТ шартномавий органлари мулоҳазаларининг юридик мақоми ва ҳуқуқий табиати, уларни миллий ҳуқуқий тизимга имплементация қилиш йўллари, шунингдек, тегишли халқаро мажбуриятларни бажаришда Ўзбекистон олдидаги амалий масалалар ва имкониятлар батафсил кўриб чиқилди. БМТнинг Махсус тартиб-таомиллари механизмлари, шу жумладан махсус маърузачиларнинг тавсиялари ва уларни бошқа мамлакатларда муваффақиятли жорий этишга оид мисоллар келтирилди.
Муҳокамалар якунида бир қатор амалий тавсиялар, жумладан, қисқа ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган устувор йўналишларни белгилаш бўйича таклифлар тайёрланди. Бу ўринда, жумладан, ҳуқуқий хабардорликни ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий механизмларни институционал мустаҳкамлаш, жамоатчилик назорати механизмларини кенгайтириш ва халқаро мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилишини таъминлаш бўйича тадбирлар ҳақида сўз бормоқда.
Хулоса қилиб айтганда, 2025 йилда мамлакатимиз, минтақамиз, бутун сайёрамиз миқёсида тинчликни сақлаш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, маънавият ва маърифатни ривожлантириш, экологияни муҳофаза қилиш, шунингдек, илғор инновациялар, замонавий технологиялар ва “яшил иқтисодиёт”ни чуқур татбиқ этиш орқали барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида том маънода бемисл самараларга эришилди. Ушбу натижаларнинг барчаси мукаррам зот – инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2026 йил 17 январь кунги 11 (1610)-сони
Ўзбекча
English
Русский