ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ КАФОЛАТЛАРИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНДИ

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили деб эълон қилинган 2025 йил якунига етди. Ўтган йил Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ривожлантириш соҳасида, бир томондан, дастлабки Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси якунлангани, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари бўйича навбатдаги Миллий стратегия ишлаб чиқилгани билан алоҳида аҳамият касб этди.

 

Янги Ўзбекистон: Президент – инсон ҳуқуқларининг конституциявий кафили

 

Президентимиз 2025 йил 26 декабрь куни тақдим этилган Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш ташаббусини илгари сурар экан, ушбу амалий таклифни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб бергани жуда муҳим аҳамият касб этди. Стратегиянинг кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган янги таҳрирдаги лойиҳасида, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган миллий стратегиясини янги йил бошида ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси кўзда тутилмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2020 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси айни соҳадаги илк ҳужжат ҳисобланишини таъкидлаш лозим. Миллий стратегияда жами 33 та қонун ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Ушбу қонун ҳужжатлари лойиҳаларининг 2020 йилда 20 таси, 2021 йилда 8 таси, 2022 йилда 3 таси, 2023 йилда 2 таси ишлаб чиқилди. Ўз навбатида, 2025 йилда  Миллий стратегия доирасида 10 та қонун, Президентнинг 14 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 14 та қарори қабул қилинди.

Миллий стратегияни амалга ошириш доирасида 2025 йил бошидан буён одам савдоси жинояти учун жазони кучайтириш, оила ва аёлларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ушлаб турилган шахсларга нисбатан қийноқларнинг олдини олиш билан боғлиқ бир қатор қонунлар қабул қилинди.

Якун топган йилда, шунингдек, Дин соҳасидаги давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонунчилик асослари яратилди, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати бартараф этилди. Буларнинг барчаси ислоҳотларни тизимлаштириш ва халқаро мажбуриятларни, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини, айниқса, тинчлик, адолат ва самарали институтларга доир 16-мақсадни амалга оширишга йўлида муҳим қадамлар бўлди.

 

«Ўзбекистон — 2030» стратегияси: инсон ҳуқуқлари, Конституция устуворлиги ва одил судлов

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 февралдаги фармони билан қабул қилинган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури»да бир қатор устувор вазифалар қамраб олинди. Жумладан:

биринчи вазифа: инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш;

иккинчи вазифа: суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни юқори даражага олиб чиқиш;

учинчи вазифа: адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш;

тўртинчи вазифа: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш;

бешинчи вазифа: давлат органлари ва мансабдор шахслар устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ва суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш вазифалари шулар қаторига киради.

Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган:

  • “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”;

  • “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари суд тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан алоҳида эътиборга сазоворлигини таъкидлаш лозим.

Президентимиз ташаббуси билан суд соҳасини рақамлаштириш асосида “Рақамли суд” концепцияси ишлаб чиқилди. У фуқаролар ва тадбиркорларга “контактсиз суд” орқали адолатли ва қулай хизмат кўрсатишни кўзлайди.

Шунингдек, судларнинг иш юкламасини камайтириш мақсадида майда қарздорликлар, коммунал тўловлар каби низосиз ишлар нотариуслар ваколатига ўтказилиши режалаштирилган. Бу судлар эътиборини мураккаб низоларни ҳал этишга қаратишга имкон беради. Маъмурий ва иқтисодий ишларда экстерриториал судлов тизимижорий этилиб, фуқароларга истаган ҳудуд судига мурожаат қилиш имкони яратилмоқда.

Судьялар олий кенгаши фаолияти ҳам такомиллаштирилди. Яъни, судьяларни муддатсиз тайинлаш, танлов жараёнига судьялар ҳамжамиятини жалб этиш, холислик ва мустақилликни таъминлаш чоралари кучайтирилди.

Кадрлар тайёрлаш соҳасида Президент фармонига кўра, Судьялар олий мактаби негизида Одил судлов академияси ташкил этилди. Академия “устоз-шогирд” анъанаси асосида таълим бериб, бўлажак судьяларни назария ва амалиёт уйғунлигида тайёрлайди. Судьяликка номзодлар олти ойлик касбий тайёргарлик курсларида давлат гранти асосида ўқитилмоқда.

Яна бир муҳим қадам: Президентимиз 18 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишидан мақсад мамлакатимизда конституциявий назорат самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш, Конституциявий суд фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш, конституциявий одил судловга эришиш кафолатларини кучайтириш ҳамда Конституциявий суднинг қонун устуворлигини таъминлашдаги ролини янада оширишдир.

Шундай қилиб, 2025 йилда амалга оширилган айни ислоҳотлар самаралари Янги Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг мустақиллиги, холислиги ва фуқаролар ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Конституция нормалари тўғридан-тўғри амалга оширилмоқда

 

Мамлакатимизда 2025 йил давомида болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бор шахслар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди.

Хусусан, 2025 йил 16 сентябрда “Ногиронликни белгилаш тизими рақамлаштирилиши муносабати билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Унга кўра, эндиликда беморнинг маълумотлари асосида ногиронлик гуруҳи ва муддати, ўзгалар парвариши, тиббий реабилитация ҳамда протез мосламаси ёки реабилитация воситасига муҳтожлигига оид маълумотлар автоматик равишда инсон омилисиз “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида шакллантирилади.

Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар тизимли давом эттирилди. Хусусан, 2025 йил 9 апрелда “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Қонун билан Оила кодекси, Уй-жой кодекси, шунингдек, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қонунда оилавий (маиший) зўравонликдан жабр кўрганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ҳамда бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга қаратилган нормалар назарда тутилди.

Жумладан, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда суд оилавий (маиший) зўравонлик жиноятидан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламаслиги белгиланди.

Шунингдек, оила ва хотин-қизларни ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йил 14 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан 2025 йилда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари аниқ белгилаб қўйилди.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, 2025 йил 13 январда “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Эндиликда давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатга оид муносабатларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинмаган қисми бўйича татбиқ этилади.

Шунингдек, ҳомиладорлик ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ходимни ишдан бўшатиш тақиқланди. Бундан ташқари, меҳнат шартномасини электрон шаклда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат мажмуида расмийлаштириш тартиби жорий этилади.

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 4 августда имзоланган “Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатда меҳнат муносабатларини самарали, адолатли ва ўзаро манфаатли тарзда ташкил этиш, хусусий сектор иштирокида касбий тайёрлов ва малака оширишни йўлга қўйиш, иш берувчиларни эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда малакали кадрлар билан таъминлаш, инсон ресурсларини бошқариш ва меҳнат муҳофазасини ривожлантиришни назарда тутади.

Президент Фармони билан Ўзбекистонда иш берувчилар учун белгиланган айрим талаблар бекор қилинди. Хусусан, бўш иш ўринларига бандлик органлари юборадиган шахсларни ишга қабул қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик ҳамда бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги ҳисоботларни мажбурий тақдим этиш бекор бўлди.

 

Қийноқларга йўл йўқ – Конституция талаби шу!

 

Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Қийноқларнинг олдини олиш бўйича институционал механизмларни такомиллаштириш ишлари 2025 йилда ҳам изчил давом эттирилди. Бу борадаги муҳим вазифалар ижросини  таъминлаш доирасида 2025 йил 26 июнда “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.

Янги қонун талабига кўра, қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин, тергов ҳибсхонасига олиб келинган пайтдан эътиборан 2 соат ичида ҳибсхонанинг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу жараёнда қамоққа олинганнинг розилиги билан унинг адвокати ҳам иштирок этиши мумкин.

Мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича белгиланган намунадаги тиббий маълумотнома расмийлаштирилади. Тиббий кўрик чоғида қамоққа олинганнинг танасида жароҳат, шикастланиш ва яралар аниқланганда, улар белгиланган тартибда қайд этилиб, бу ҳақда қамоққа олинганга маълум қилинади ва зудлик билан прокурорга хабар берилади.

Миллий қонунчиликдаги ушбу янгилик – миллий превентив механизм гумон қилинувчи ва айбланувчиларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаш ҳолатларининг олдини олади.

Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатлари янада мустаҳкамланишига, давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари таъминланиши бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги нуфузи ошишига хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари таълими – конституциявий ватанпарварликни шакллантириш омили

 

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури ва Миллий таълим дастурини амалга ошириш доирасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, таълим жараёнининг барча босқичларида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курсларини жорий этиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари 2025 йил давомида мунтазам ташкил этилди. Ушбу ўқув курсларида ҳар бир ҳудуддан судьялар, ички ишлар, прокуратура тизимидаги терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 444 нафар ходими иштирок этди. Машғулотларга миллий ва халқаро экспертлар жалб қилинди.

Олий судда 28 февралда уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш соҳасида суд амалиётини такомиллаштириш, шу жумладан мажбурий кўчириш билан боғлиқ жиҳатларга бағишланган давра суҳбати гибрид форматда бўлиб ўтди. Миллий марказ томонидан Олий суд билан ҳамкорликда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси кўмагида ташкил этилган тадбирда 50 нафардан ортиқ судья, жумладан, Олий суд, туман ва вилоят судлари вакиллари иштирок этди.

Термиз шаҳрида 21-22 апрель кунлари ва Фарғона шаҳрида 24-25 апрель кунлари Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тиббиёт ходимлари ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази суд-тиббий экспертлари учун “Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва шафқатсиз муомалаларни суд-тиббий ҳужжатлаштириш” мавзусида икки кунлик тренинг ўтказилди. Мазкур ўқув машғулотлари Миллий марказ билан EХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Тошкент шаҳрида 2025 йил 29 апрелдан – 2 майгача “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусида тўрт кунлик ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Бу ўқув курси Миллий марказ томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида фаолият юритаётган давлат органлари ва идоралари мутахассислари учун ўтказилди.

Миллий марказ томонидан мамлакатимиз бўйлаб, жумладан, барча вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув семинарлари ташкил этилди. Ушбу машғулотларда 3 мингга яқин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими – терговчилар, прокурорлар, судьялар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўқув салоҳиятини ошириш мақсадида Миллий марказ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. 2025 йилда айни меморандумлар доирасида фаол ҳамкорликда иш олиб борилди.

Миллий ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликдаги фаолиятимиз ҳақида фикр юритганда, ўтган йил 15–19 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида халқаро инсон ҳуқуқлари ҳуқуқига бағишланган “Қишки мактаб” тадбири ўтказилганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Мазкур ўқув дастурида суд ҳокимияти мустақиллиги, адолатли судлов ҳуқуқи, камситилмаслик, қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани тақиқлаш каби фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар, шунингдек таълим, соғлиқни сақлаш ва муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқлар каби иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар ҳам батафсил кўриб чиқилди.

Хулоса қилиб айтганда, 2025 йилда мамлакатимиз, минтақамиз, бутун сайёрамиз миқёсида тинчликни сақлаш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, маънавият ва маърифатни ривожлантириш, экологияни муҳофаза қилиш, шунингдек, илғор инновациялар, замонавий технологиялар ва “яшил” иқтисодиётни чуқур татбиқ этиш орқали барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида том маънода бемисл самараларга эришилди. Ушбу натижаларнинг барчаси мукаррам зот – инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

 

 

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори,

академик

«Куч – адолатда» газетасининг 2025 йил 23 январь кунги 3 (1089)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech