ИЛМ БИЛАН ЮКСАЛГАН – ЮКСАЛАДИ

“Энди мамлакатимизнинг меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида – касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарур”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланган ушбу фикрларни тинглар эканман, айни шу йўналишлардаги машаққатли илмий-амалий изланишларда суяги қотган таниқли иқтисодиётчи олим – академик Қаландар ака Абдураҳмоновнинг жўшқин фаолияти хаёлимдан ўтди.

Илм билан юксалган юксалади, дейдилар. Зеро, олис тарихда улуғ аждодларимиз айнан билим ва заковат, илму фан, таълим-тарбия ва маърифат соҳаларини юксак ривожлантириш ҳисобига иккита Уйғониш даври – Биринчи Шарқ Ренессанси ва Иккинчи Темурийлар Ренессансига асос солганлар.

Учинчи Ренессанс сари дадил одимлаётган Янги Ўзбекистон учун бу борадаги ибратли намуналар ниҳоятда муҳим ва долзарб. Иқтисодиётда илмий мактаб яратган забардаст олим Қаландар Абдураҳмонов – Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор. Шу билан бир қаторда, Қаландар ака турли тармоқлар бўйича 6 та нуфузли хорижий Академиянинг академиги ҳамдир.

Муҳтарам олимимиз кўп йиллик астойдил меҳнати ва чуқур илмий изланишлари асосида иқтисодиёт бўйича жаҳон тан олган “Меҳнат иқтисодиёти ва инсон капитали” илмий мактабини яратган. Академик Қ.Абдураҳмоновнинг илмий мактабидан ҳозирга қадар 100 нафарга яқин фан доктори ва фан номзоди етишиб чиққан. Дунёнинг турли давлатларидаги шогирдлари Устоз раҳбарлигида иқтисодиётнинг долзарб муаммолари бўйича муваффақиятли илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, олимнинг янги илмий йўналишлар асосчиси эканига амалий мисоллардир.

Академик Қ.Абдураҳмонов илм-фан ва таълим-тарбия ташкилотчиси. Унинг қамровдор илмий-амалий фаолияти маҳсули бўлган дарсликлари ва ўқув қўлланмалари, монографиялари ва рисолалари нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам юксак қадрланади.

Қаландар ака ўзининг самарали фаолияти билан бутун дунёда Ўзбекистон обрўсини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи олимдир. Унинг раҳбарлигида сўнгги ўн йилда кўплаб халқаро илмий-амалий конференциялар ўтказилган.

         Олимнинг “Меҳнат иқтисодиёти” дарслиги мамлакатимиздан ташқари Буюк Британия, Россия Федерацияси, Индонезия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби хорижий давлатларда ҳам қайта-қайта нашр этилмоқда. Ушбу китобнинг камина кириш сўзи ёзган инглизча нашри иқтисодиёт йўналишидаги кўплаб хорижий давлатлар олий ўқув юртларида асосий дарслик сифатида ўқитилмоқда. Айниқса, Индонезия, Малайзия, Германия ва Россия Федерациясида нашр этилган дарсликлари халқаро экспертлар томонидан эътироф этилган.

         Академик Қ.Абдураҳмонов лидерлик қобилиятига эга ташкилотчи ва кенг кўламда фикрловчи раҳбар, моҳир педагог ва меҳрибон мураббийдир. Қаландар Ходжаевич Ўзбекистон тарихида биринчи хорижий олий таълим муассасаси – Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали очилишига бош-қош бўлган.

Хитойлик улуғ файласуф Конфуций юксак инсоний фазилатларга ҳамда лидерлик қобилиятига эга бўлганларни харизматик, яъни “феноменал инсонлар” деб атаган. Қаландар ака ҳам ана шундай феноменал инсонлар тоифасига киради.

         Академик Қ. Абдураҳмоновнинг миллий кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш ва уни ҳаётга самарали татбиқ этиш соҳасида хизматлари ғоят катта. Бу ҳақда сўз борганда, жонкуяр олимнинг бугунги кунда ҳам таълим соҳасидаги интеграция алоқаларини ривожлантириш бўйича ташкилий ва инновацион фаолиятга, иқтисодиёт фани ва амалиётини равнақ топтириш ишига салмоқли ҳисса қўшиб келаётганини  эътироф этишга бурчлимиз.

Академик Қ.Абдураҳмонов кўплаб илмий-услубий асарлар муаллифи ҳамдир. Бу асарларнинг умумий ҳажми 1600 босма табоқдан ошади. У ўзбек, рус, инглиз тилларидаги йирик илмий монографиялар, дарсликлар, ўқув қўлланмаларини чоп эттирган.

         Академик Қ.Абдураҳмоновнинг инглиз тилидаги илмий асарлари ҳақида фикр юритганда, хусусан, “Labor market and employment problems” каби китоблари чоп этилганини таъкидлаш лозим. Шунингдек, дунё мамлакатларининг турли илмий журналларида кўплаб мақолалари эълон қилинган.

Қаландар ака раҳбарлик қилаётган олий ўқув юртида ўтиладиган дарсларнинг 40 фоизи инглиз тилида олиб борилади. Буларнинг барчаси таниқли иқтисодчи олимнинг китоблари нафақат Ўзбекистон, балки АҚШ, Германия, Индонезия, Малайзия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби мамлакатларда ҳам иқтисодиёт фани амалиётининг ривожланишида муҳим саналишидан далолат беради.

         Академик Қ.Абдураҳмонов таълим, илм-фан, иқтисодиёт ва маънавият соҳаларининг том маънодаги фидойиси. Академик Қ.Абдураҳмонов юртимизнинг олис ҳудудларида мунтазам семинар ва давра суҳбатлари ўтказиш баробарида, чекка қишлоқ мактабларининг кутубхона фондини бойитиш ва илмий-услубий ёрдам тариқасида ўз маблағлари ҳисобидан 100 млн. сўмликдан ортиқ бадиий китоблар ҳам етказиб бергани диққатга лойиқ. Бинобарин, китобхонлик ва мутолаа – маънавиятни юксалтиришнинг муҳим ва синовдан ўтган самарали омилларидандир.

         Бир мисол: 2020 йилдан чиқа бошлаган “Янги Ўзбекистон” газетасининг ўзида бугунги кунгача олимнинг иқтисодий ва маънавий-маърифий мавзуларда ёзилган 27 та мақоласи чоп этилди. Ушбу мақолалар чуқур мазмуни, илмий асосланганлиги ва оммабоплиги билан эътибор қозонмоқда.

         Қаландар Абдураҳмонов зукко адиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ҳамдир. Қаландар аканинг илму ижоди ҳақида ҳали узоқ тўхталиш ва олимнинг ўзи ёзган асарлари ҳамда нашр этилишига ҳисса қўшган китобларига яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Биз эса биттагина мисол билан сўзни мухтасар қиламиз.

Гап шундаки, академик Қ.Абдураҳмонов 2020 йили нашрдан чиққан “Қадимги Шарқ цивилизацияларидан ёдгорликлар” ва 2021 йили чоп этилган “Авесто” китобларини нашрга тайёрлаган академик Оқил Умурзоқович Салимов раислигидаги нуфузли таҳрир ҳайъатининг аъзоси ҳисобланади. Ҳар икки китоб “Инсоният тафаккури жавоҳирлари” нодир асарлар тўплами туркумида нашр этилган.

Мазкур нодир асарлар кўп жилдлиги инсон цивилизациясининг энг қадимги даврларидан бошлаб бугунги кунларгача бўлган буюк тафаккур маҳсулини ўз ичига олади. Президентимиз янги туркумнинг илк китобидаги сўзбошида таъкидлаганларидек, “Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим”.

Ушбу мақолага нуқта қўйишимиз арафасида академик Қаландар Абдураҳмоновнинг халқаро нуфузи яна бир бор эътироф этилгани билан боғлиқ янги хушхабар етиб келди: машҳур ўзбек олими 2026 йилда Тожикистон Миллий фанлар академиясининг хорижий аъзоси этиб сайланди.

Ушбу ютуқ минтақамиз миқёсидаги илм-фан ривожи, қўшма тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда Қаландар аканинг тутган ўрнини янада ёрқин намоён этди. Бу эътироф Марказий Осиёда умумий илмий майдон, тажриба алмашуви ва илмий дипломатияни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим қадам ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, мавлоно Жалолиддин Румийнинг шундай ҳикматли сўзлари бор: “Яхши инсон ўзидан бахт, ёмон инсон ўзидан дарс, мукаммал инсон ўзидан яхши из қолдиради”. Шу маънода, бутун умрини илм-фан ва таълим-тарбияга бахшида этган Қаландар ака ҳаёт ва ижод, илм-фан ва таълим-тарбия йўлларида доимо ўзидан яхши из қолдириб келмоқда.

Умрингизга, илму ижодингизга барака, Устоз!

 

Акмал Саидов,

академик

«Ishonch» газетасининг 2026 йил 24 январь кунги 11-12 (5232)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech