ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ТАЪЛИМИДАН – ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ МАДАНИЯТИ САРИ

Янги Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги

жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини

амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди

 

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият”.

 

Инсон ҳуқуқлари таълими нима?

 

Янги Ўзбекистонни барпо этиш билан боғлиқ янгича ислоҳотлар шароитида “инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри – энг муҳим қадрият” деган тамойил эътироф этилмоқда. Шу муносабат билан йиллар давомида амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойили янги таҳрирдаги Конституциямиз ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияларида “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартирилди.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, таълимнинг ўзига хос йўналиши ҳисобланувчи инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни изчил ривожлантиришни тақозо қилмоқда. Бундай таълим барчанинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда бирламчи аҳамият касб этади.

Бундан ташқари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман, ўз ҳаётига дахлдор бўлган қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳимдир.

Маълумки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эълон қилингандан сўнг халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олди ва уларга риоя этилишини халқаро инсон ҳуқуқлари нормалари ва механизмлари орқали тарғиб қилишни бошлади. Ушбу ҳуқуқлардан бири – таълим олиш ҳуқуқи – инсоннинг барча ҳуқуқларидан фойдаланиш учун бошланғич нуқта ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим – узоқ муддатли ва умрбод давом этадиган жараён. Бу соҳадаги таълим доирасида ҳар бир киши бошқаларнинг қадр-қимматига ва ҳурматига нисбатан тоқатли бўлишни ҳамда барча жамиятларда мазкур ҳурматни таъминлашнинг воситалари ҳамда услубларидан фойдаланишни ўрганади. Шу маънода, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим барчанинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда фундаментал аҳамият касб этади.

 

“Инсон ҳуқуқлари маданияти” нима дегани?

 

Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари таълими ва инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Бошқа ҳар қандай маданиятлар қатори инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, ривожлантириш ва юксалтириш учун, ўз навбатида, айни соҳада таълим ва тарбия бериш, билим ва кўникмаларни ошириш, тегишли ахборот ҳамда маълумотларни тақдим этишни тизимли йўлга қўйиш керак бўлади. Негаки, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга:

  • инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия;
  • ушбу ҳуқуқлар тўғрисида билиш ҳуқуқи;
  • жамият ва ҳамжамиятларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилишнинг усуллари ва воситалари киради. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим барча ёшдаги инсонларни қамраб оладиган ҳаётий маърифат жараёнидир.

Таълим – адолатсизликка барҳам бериш усули бўлса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим – бу соҳадаги энг мақбул усулдир. У демократик жамият қуриш мақсадида ҳуқуқлар, эркинликларни англаб етиш ва улардан фаол фойдаланиш, мажбуриятларга амал қилишни назарда тутувчи инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари маданияти, айнан олганда, ҳуқуқий маданият, дегани эмас, балки бир қадар аниқ йўналишли экани, яъни шахсга йўналтирилганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Инсон ҳуқуқлари маданияти қуйидаги 4 та унсурдан иборат:

биринчиси – инсоннинг ўз ҳуқуқларини билиши;

иккинчиси – шу ҳуқуқларини рўёбга чиқариши;

учинчиси – бу жараёнда ўзгаларнинг ҳуқуқларини бузмаслиги;

тўртинчиси – бошқаларга ҳам ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда ёрдам бериши.

Инсон ҳуқуқлари маданияти – ҳар бир жамиятда барқарор тараққиёт, тинчлик ва фаровонликнинг муҳим пойдевори, инсонни қадрлаш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий мезонидир. Жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидандир.

Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “Конституция ва қонун устуворлиги ҳамда қонунийлик тамойилларининг сўзсиз таъминланиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолатидир. Биз бу фикрни янада теран англаб олишимиз керак. Шу нуқтаи назардан, Конституция ҳамда қонун талабларига оғишмай амал қилиш маънавий савиямиз, маданиятимизнинг асосий мезонига айланиши шарт”.

Шу боис сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш, уни миллий ва халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Айни чоғда, жамиятимизда конституциявий маданиятни шакллантириш долзарб ва устувор вазифалар сирасига киради. 

Давлатимиз раҳбари уқтирганидек, Ислоҳотларимиз ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги кунда биз Конституциямизнинг ҳар бир нормасини давлат ва жамият ҳаётида амалий фаолият мезонига айлантиришимиз зарур. Айниқса, ёшларимизга Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўргатиш, уларни конституциявий қадриятлар асосида юксак онгли ва ватанпарвар фуқаролар, сиёсий тафаккур ва ҳуқуқий маданият эгалари этиб тарбиялаш олдимизда турган ғоят муҳим вазифадир”.

 

Нима учун БМТ инсон ҳуқуқлари таълимига

алоҳида эътибор беради?

 

БМТ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга катта эътибор бериб келаётгани бежиз эмас. Чунки инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсон ҳуқуқлари ва асосий ҳуқуқларини амалга ошириш учун муҳим аҳамиятга эга.

 Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тенгликни таъминлашга сезиларли даражада кўмак бериш, низолар ҳамда инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолатларининг олдини олиш ва демократик жараёнларда иштирок этишни кучайтиришга ҳисса қўшишга қаратилган.

Яъни, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим турли жамиятларда тили, танасининг ранги, жинси, дини, сиёсий ва бошқа эътиқодлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, туғилиши ёхуд бошқа ҳолатларидан қатъи назар, ҳеч қандай камситилишига йўл қўймасдан барча инсонларни қадрлаш ва ҳурмат қилишга ўргатади.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим нормалари кўплаб халқаро ҳужжатларга киритилган. Даставвал, 2011 йил 19 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганини қайд этиш лозим.

Мазкур Декларацияда белгиланганидек:

биринчидан, ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси таълим олиш ва ўқитиш орқали инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишга кўмаклашиши лозим;

иккинчидан, ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга ва таълим инсон шахсини ҳар томонлама ривожлантиришга, қадр-қимматини ҳис этишга, барча кишиларга эркин жамиятнинг фойдали иштирокчилари бўлишига, барча миллатлар, ирқий, этник ёки диний гуруҳлар ўртасида ўзаро тушуниш, бағрикенглик ва дўстликни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиши керак.

Декларация БМТга аъзо давлатларга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияни таъминлаш ҳамда рағбатлантириш юзасидан аниқ мажбуриятлар юклайди. Финляндия, Германия, Корея Республикаси, Туркия, Озарбайжон каби 60 га яқин давлат ушбу Декларация асосида ўз миллий дастурларини қабул қилган бўлиб, улар сафида Ўзбекистон ҳам бор.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тўғрисидаги декларацияси қабул қилингунига қадар, яъни 2004 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастури эълон қилинган. Бундан мақсад – барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бизнес секторида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурларини амалга оширишга кўмаклашишдир.

Ҳозирги вақтгача Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг қуйидаги 4 та босқичи амалга оширилди:

биринчи босқич: 2005-2009 йиллар – мактабларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим жараёнларини қамради;

 иккинчи босқич: 2010-2014 йиллар – олий таълим тизими, шунингдек ўқитувчи-мураббийлар ва давлат хизматчилари учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга бағишланди;

учинчи босқич: 2015-2019 йиллар – оммавий ахборот воситалари вакилларига инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим берилди;

тўртинчи босқич: 2020-2024 йиллар – таълим тизими орқали ёшларда тенглик, камситмаслик, бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиш каби муҳим принципларни мустаҳкамлаш, шу орқали инклюзив, тинч ва адолатли жамиятни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

БМТ томонидан 2025–2029 йиллар Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш даври сифатида эълон қилинди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 2024 йил 9 октябрда “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастури: бешинчи босқич учун ҳаракатлар режаси” бўйича резолюциясини қабул қилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тўғрисидаги

декларацияни амалга оширишда Ўзбекистоннинг иштироки қандай?

 

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш билан боғлиқ ушбу глобал жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни ва иштироки айнан нималарда намоён бўлмоқда, деган савол туғилиши табиий.

Бу ҳақда фикр юритганда, даставвал, Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, бу жараёнда фаол иштирокчи сифатида қатнашиб келаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тўғрисидаги декларациясини ишлаб чиқиш юзасидан  мамлакатимиз 2004 йилдаёқ ўз таклифларини тақдим этган.

Бошқача айтганда, бу борадаги фаол иштирокимиз, бир томондан, тегишли халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича Ўзбекистонинг ташаббускорлиги мисолида яққол кўзга ташланса, иккинчи томондан, соҳага оид халқаро ҳужжатларни рўёбга чиқаришга қаратилган миллий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳамда тизимли асосда амалга оширишимизда кўринади. 

Айниқса, кейинги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида, жумладан ушбу йўналишдаги таълимни такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Фикримни бир қатор амалий мисоллар билан изоҳлашга ҳаракат қиламан. 

Биринчидан, мамлакатимиз парламенти томонидан 2019 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури қабул қилинди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси тасдиқланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг ижросини таъминлашга қаратилган “Йўл харитаси” 78 та банддан иборат бўлиб, 2020-2025 йилларда амалга оширилди. Миллий стратегия ижроси доирасида, жумладан, олий ўқув юртлари учун инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учинчидан, 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми ўтказилди. Ушбу форум Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида илгари сурган ташаббуслари асосида ташкил этилди ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни янада ривожлантириш масалалари муҳокамасига бағишланди.

Самарқанд Форуми доирасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва талабалари, давлат органлари ва ННТ вакиллари учун жами 7 мингдан зиёд иштирокчи қамраб олинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича маҳорат дарслари” ташкил этилди. Форумнинг муҳим натижаларидан бири – “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича Самарқанд ҳаракатлар режаси” қабул қилингани бўлди.

Самарқанд ҳаракатлар режаси минтақамизда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни янада мустаҳкамлашга қаратилган амалий дастурдир. Ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни минтақавий даражада янада мустаҳкамлашга қаратилган амалий дастур сифатида хизмат қилиши баробарида, жаҳон тажрибасидан илҳомланган ҳолда бу соҳадаги ишлар кўламини кенгайтириш ва ислоҳотларни янада жадаллаштириш зарурлигини яққол намоён этди.

 

Инсон ҳуқуқлари таълимининг миллий-ҳуқуқий асослари: Янги Ўзбекистон тажрибаси

 

Янги Ўзбекистоннинг давлат сиёсати доирасида қабул қилинган муҳим қарорлар, халқаро ташаббуслар ва амалий чора-тадбирлар бошқа соҳалар қатори инсон ҳуқуқлари таълими соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Бу жараён дунё ҳамжамиятидаги илғор тажрибалар, хусусан, БМТнинг ушбу йўналишдаги ҳужжатлари ва тавсияларига асосланиб амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастури доирасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, таълим жараёнининг барча босқичларида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курсларини жорий этиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунга биргина мисол: 2020–2024 йилларда бутун дунёда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи доирасида:

биринчидан, инклюзив, тинч жамиятни яратишга имкон берадиган тенг ҳуқуқлилик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва камситмаслик руҳида ёшларни ўқитиш ва тарбиялаш;

иккинчидан, хотин-қизлар ва болаларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибидаги “ҳеч кимни ёддан чиқармаслик” мақсадига мувофиқ аҳолининг заиф қатламлари билан ўзаро алоқалар ўрнатиш;

учинчидан, педагог кадрлар, шу жумладан, болалар ва ёшлар билан ишловчи тарбиячилар учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ташкил этиш;

тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича тегишли тадқиқотлар ўтказиш, баҳолаш, илғор тажриба ва олинган сабоқлар билан ўртоқлашишга қаратилган амалий ишлар бажарилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 7 июндаги фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ташкил этилгани бу борада долзарб ва тарихий аҳамият касб этди.

Президент Фармойишида Миллий комиссияни тузишдан кўзланган асосий мақсад – барча учун универсал бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш нормалари ва принциплари, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишнинг халқаро кафолатлари тўғрисидаги хабардорликни, шунингдек ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборат эканлиги таъкидланиб, унинг вазифа ва ваколатлари аниқ белгилаб берилди. Жумладан, халқаро шартномалар нормалари ва стандартлари, БМТнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмалари тавсиялари ҳамда Ўзбекистон жамиятининг тарихий, миллий ва маданий қадриятларини инобатга олган ҳолда, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш масаласи кун тартибига қўйилди.

Шу тариқа, дунё тажрибасидан андоза олган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тизимидаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланди. Ушбу муҳим ҳужжат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш бўйича бутун дунё миқёсидаги кампания даврида қабул қилингани улкан аҳамиятга молик бўлди.

Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурида белгиланган ахборот бериш, маърифат ва ўқитиш тизимини босқичма-босқич кенгайтириш ҳамда такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш тизимини миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар талаблари асосида янги босқичга олиб чиқиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишнинг устувор йўналишлари ва асосий вазифалари ижроси таъминланди.

 

Янги Ўзбекистонда нима учун инсон ҳуқуқлари таълимига устувор эътибор қаратилмоқда?

 

Мамлакатимизда кейинги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга устувор эътибор берилмоқда. Нега деганда, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ривожлантириш бу борада зарур билим ва тушунчаларга эга бўлишни тақозо этади. Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилганидек, Ўзбекистон ҳуқуқий давлатдир.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб, уни миллий таълим тизимига тўлиқ интеграция қилиш, барча бўғинларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишни мақсад қилган кенг қамровли дастурни ҳаётга татбиқ этишга йўл очди.

Шу билан бирга, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ахборот бериш, маърифат ва ўқитиш тизимини босқичма-босқич кенгайтириш ва такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш тизимини миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар талаблари асосида янги босқичга олиб чиқиш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб беради.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури 7 та устувор йўналишдан иборат. Яъни:

биринчиси – ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш;

иккинчиси – давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш;

учинчиси – инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;

тўртинчиси – аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш;

бешинчиси – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш;

олтинчиси – замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бериш тизимининг самарадорлигини ошириш;

еттинчиси – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Айни устувор йўналишлар доирасида мамлакатимиз ҳудудларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун тизимли асосда ўқув курслари ўтказилди. Ёшлар ўртасида ҳуқуқий машғулотлар,“ёзги мактаб”лар, ижтимоий тадқиқотлар ва турли танловлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг “Адолат” ўқув залида ҳамда барча ҳудудий ахборот-ресурс марказларида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” номли адабиётлар бурчаги (ўқув, илмий-услубий, халқаро нашрлар ва бошқалар) ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларида ҳам шундай адабиёт бурчаклари очилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва унинг ҳудудий кутубхоналари – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларига жами 6 минг 442 нусхада (2023 йил – 2620 нусха, 2024 йил – 824 нусха, 2025 йил – 2968 нусха) инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар тақдим этилди. 

Бугунги кунга қадар Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 30 бандидан
17 
та банди бўйича ишлар тўлиқ бажарилган бўлиб, бу кўрсаткич қарийб 57 фоизни ташкил этади. Қолган бандлар ижроси бўйича  ишлар изчил давом этмоқда.

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати, шу жумладан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар бажарилишини мониторинг қилишда жамоатчилик назорати ролини ошириш мақсадида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.  Бу борада ҳам БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари қарорларининг ижросини таъминлаш юзасидан доимий мониторинг ва маслаҳатлашувлар амалга ошириб келинмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2025 йил 15 январда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2024 йил 9 октябрдаги “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастури: бешинчи босқич учун ҳаракатлар режаси” номли 57/10-сонли резолюцияси ижроси юзасидан тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳисоботи БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасига тақдим этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тайёрлаган ушбу маълумот “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга оширишни баҳолаш” мавзусида бўйича БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари маърузасида ўз аксини топди. Мазкур ҳужжат 2025 йил 8 сентябрдан – 3 октябргача Женевада бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг олтмишинчи сессиясида кўриб чиқилди.

Ҳисоботда Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича миллий комиссиянинг фаолияти, Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ва унинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг, инсон ҳуқуқлари бўйича асосий конференциялар хусусида ижобий фикрлар билдирилди.

 

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичи: қандай янги вазифалар белгиланди?

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия таркиби ҳам тасдиқланди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 24 та банддан иборат. Унда инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари маданиятни шакллантириш, ёшларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш ишлари назарда тутилмоқда.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва рақамли технологиялар, гендер тенгликка алоҳида эътибор қаратиш, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари тўғрисидаги хабардорликни ошириш ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш каби долзарб мақсадларга эришиш чора-тадбирлари белгиланди.

Жумладан, ҳар йили декабрь ойида «Инсон ҳуқуқлари» ҳафталигини ташкил этиш, мактабларда «Келажак соати» дарслари мавзуларига инсон ҳуқуқларига оид мавзуларни киритиш, Аҳоли ўртасида экологик ҳуқуқлар бўйича ахборот-тарғибот кампанияларини ўтказиш каби тадбирлар ҳам кўзда тутилган. Қарорда бу борада бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар зиммасига тегишли вазифалар юклатилди.

Қарорда бу борада бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар зиммасига тегишли вазифалар юклатилди. Хусусан:

  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига – инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим билан боғлиқ муаммоли йўналишларга қаратилган мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалар танловини эълон қилиш;
  • Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига – педагог кадрлар учун “Атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши бўйича ҳуқуқий билимлар” мавзусида тематик малака ошириш курслари ташкил этиш;
  • Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказга – “Болалар ва ёшлар учун инсон ҳуқуқлари таълими: гендер тенглик, иқлим ўзгариши ва рақамли инклюзия” миллий инновацион ташаббуслар танловини ўтказиш;
  • Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига – ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бўйича семинар-тренинглар ўтказиш;
  • “Эл-юрт умиди” жамғармасига – инсон ҳуқуқларининг долзарб масалалари бўйича хорижий олий таълим ва илмий ташкилотларида малака оширишни ташкил этиш ишлари билан шуғулланади.

Жорий йилда, бир томондан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тўғрисидаги декларациясининг 15 йиллиги, иккинчи томондан, ушбу Декларация талабларининг мамлакатимизда рўёбга чиқарилиши учун асосий масъул ташкилот – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил топганининг 30 йиллиги нишонланади.

Шунингдек, 2026 йилда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қабул қилинганининг 60 йиллиги, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларация қабул қилинганининг 40 йиллиги, шунингдек, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 20 йиллиги халқаро ҳамжамият томонидан кенг тантана қилинади.

Бу муҳим саналарни муносиб кутиб олиш, шубҳасиз, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия, шунингдек,  Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастури ижросига жалб этилган барча давлат ташкилотлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, олий таълим ва илмий ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари – замонавий цивилизация тараққиёти даражасини кўрсатиб турувчи мезондир. Афсуски, дунёда содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий инқирозлар, геосиёсий ўзгаришлар ва қуролли можаролар инсон ҳуқуқлари масалаларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Глобал миқёсдаги шундай қалтис ҳамда мураккаб шароитларда Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ўқитиш ва тарғиб этиш, ҳимоя қилиш ва таъминлаш борасида амалга оширган ишларимиздан кўра, олдимизда турган вазифалар кўп экани ҳам яққол ҳақиқат. Президентимиз таъкидлаганидек, “бу олий қадриятни том маънода қарор топтириш – бирон-бир манзилга етиб бориб тўхташ, дегани эмас. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш узлуксиз давом этадиган жараён эканини барчамиз чуқур англаймиз. Жаҳон тарихи ва демократик давлатлар тажрибаси ҳам шундан далолат беради”.

 

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори, академик;

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2026 йил 4 апрель кунги 65 (1664)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech