ХАЛҚАРО МИГРАНТЛАР КУНИ: ТАҲЛИЛ ВА САРҲИСОБ

2000 йил 4 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 18 декабрниХалқаро мигрантлар куни деб эълон қилди. 1990 йил худди шу куни Бош Ассамблея томонидан Барча меҳнаткаш мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция қабул қилинди.

Қадим замонлардан буён одамлар бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юрган. Одамларнинг бундай ҳаракатланиши кўплаб омиллар билан белгиланади.

Баъзилар яхшироқ иш, таълим, иқтисодий манфаатлар ёки оилани бирлаштириш учун ҳаракат қилса, бошқалари можаро, терроризм ёки инсон ҳуқуқлари бузилишидан қочишга мажбур бўлади. Бугунги кунда ҳам иқлим ўзгариши, табиий офатлар ёки бошқа экологик омиллар таъсири туфайли кўплаб одамларнинг бошқа жойларга кўчишига тўғри келмоқда.

“Миграция” ва “мигрант” атамаларининг кенг қўлланишига қарамай, бугунги кунгача унинг ягона талқини мавжуд эмас. Мисол учун, Миграция бўйича халқаро ташкилот таърифича, миграция – инсонларнинг одатий яшаш жойидан халқаро чегара орқали ёки давлат чегаралари ичида кўчиб ўтишидир.

Бугунги кунда глобал фалокатга айланган COVID-19 пандемияси шароитида ишсизликнинг кескин ошиши, даромадларнинг қисқариши шундай ҳам ночор ҳолатда бўлган миллионлаб инсонларнинг, хусусан меҳнат мигрантларининг янада оғир шароитга тушишига олиб келди. Яшаш учун восита қидиришга уриниш шафқатсиз эксплуатацияга тушиб қолиш хавфини кучайтирди.

Ноқонуний мигрантлар ва мавсумий ишчилар янада хавфли иш шароитларига тўқнаш келмоқда. Бу уларнинг жиноий гуруҳлар қўлига тушиб қолиши эҳтимоли олдидаги заифлигини кучайтиради.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, “Ҳеч бир мамлакатнинг якка ўзи пандемияни ва унинг оқибатида келиб чиққан миграция инқирозини бартараф эта олмайди. Бу вазият энг ночор ҳолатда бўлган мигрантларга кучли зарба беради. Шунинг учун давлатлар миграция жараёнини тартибга соладиган чораларни ҳамкорликда кучайтиришлари керак”.

 

Миграция ва статистик маълумотлар

 

Бугунги дунёда биз мисли кўрилмаган миқёсдаги инсонлар ҳаракатланиши, яъни кўчишларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Эндиликда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ одамлар ўзлари туғилган мамлакатларидан бошқа мамлакатларда яшаши одатий ҳолга айланиб бормоқда.

2020 йилда 281 миллион нафарга яқин киши халқаро мигрант деб эътироф этилди. Бу кўрсаткич дунё аҳолисининг 3,6 фоизини ташкил қилади. Бундан 20 йил олдин, яъни 2000 йилда эса дунё бўйлаб муҳожирлар сони 173 миллионга яқин эди.

Миграция – ким учун ўз хоҳишига кўра ҳаракатланиш, бошқа кимлардир учун эса ҳаёт-мамот масаласига айланган мажбурий кўчишдир. Бугунги кунда дунё бўйлаб 70 миллион мажбурий кўчирилган мигрант, жумладан 26 миллион қочқин, 3,5 миллион бошпана изловчи ва 41 миллиондан ортиқ ички кўчирилган шахслар бор.

Аёллар мигрантлар умумий сонининг 48 фоизини ташкил этмоқда. Мигрантларнинг 38 миллионга яқини болалар, 4,4 миллион нафари халқаро талабалар ва 164 миллион нафари меҳнат муҳожирларидир.

Мигрантларнинг 75 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдаги, яъни 20-64 ёшли одамлардир. Барча муҳожирларнинг қарийб 31 фоизи – Осиёда, 30 фоизи – Европада, 26 фоизи – Америкада, 10 фоизи – Африкада ва 3 фоизи – Океания ҳудудида истиқомат қилади.

2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартиби миграциянинг барқарор ривожланишга ижобий ҳиссасини эътироф этади. БМТнинг 17 та Барқарор ривожланиш мақсадидан 11 таси миграция ва кўчувчанлик (мобиллик) учун қўлланадиган мақсад ва кўрсаткичларни ўз ичига олади. Кун тартибининг “ҳеч ким унутилмайди” деган асосий тамойили барча одамларга, шу жумладан, мигрантларга ҳам тегишлидир.

Жумладан, БМТ Кун тартибининг 10.7-мақсади тартибли, хавфсиз, қонуний ва масъулиятли миграция ва инсон ҳаракатчанлигини, шу жумладан режалаштирилган ва пухта ўйланган миграция сиёсатини амалга ошириш орқали рағбатлантиришга чақиради. Бошқа мақсадлар, ўз навбатида, одам савдосига қарши курашиш, пул ўтказмаларини амалга оширишда транзакция харажатларини камайтириш ва талабаларнинг ҳаракатчанлигини таъминлаш масалаларини ҳам ўз ичига олади.

 

Миграция бўйича халқаро ташкилот

 

Миграция бўйича халқаро ташкилот (МХТ) 1951 йилда ҳукуматлараро ташкилот сифатида ташкил этилган. МХТ ўз фаолиятида инсонпарвар ва тартибли миграция ҳам муҳожирларга, ҳам уларни қабул қилувчи жамиятга фойда келтириши керак деган тамойилга амал қилади.

МХТ ўз ҳамкорлари билан биргаликда миграция соҳасидаги тезкор муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашишга қаратилган фаолиятни амалга оширади. Миграция билан боғлиқ муаммоларга ойдинлик киритиш; миграция орқали ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш; мигрантларнинг инсоний қадр-қимматига чинакам риоя этилиши ва уларнинг фаровонлиги ҳақида қайғурилиши учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.

2016 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Миграция бўйича халқаро ташкилот ўртасида муносабатлар тўғрисидаги битим тузилган. Шу тариқа МХТ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган муассасаларидан бирига айланди.

2018 йилда Ўзбекистон Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланди ва МХТ Конституциясини ратификация қилди.

Айни вқтда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида 2021 йил 15 июнда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси билан Миграция бўйича халқаро ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2021-2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси” изчил амалга оширилмоқда.

 

Миграция ва инсон ҳуқуқлари

 

Миграция масалалари инсон ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги барча ҳужжатларда у ёки бу тарзда миграциянинг асосини ташкил этувчи ҳаракат эркинлиги масалаларига тўхталиб ўтилади.

Масалан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 13-моддасида: “ҳар ким ҳар бир давлат ичида эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга”, дейилган. Ушбу ҳуқуқнинг қоидалари Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 12 ва 13-бандларида янада батафсил берилган.

Ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш эркинлиги – туғилганидан бошлаб ҳар бир инсонга тегишли бўлган табиий ва ажралмас имкониятдир.

Кенг маънода қараганда, ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш эркинлигини шахснинг қонуний жойлашган мамлакати ҳудудида қаршиликсиз ҳаракатланиши, шунингдек унинг ўзи белгилаган вақтинча ёки доимий яшаш жойида эркин истиқомат қилиш кўринишидаги ушбу неъматдан табиий ҳосил бўладиган, дахлсиз, қонун билан мустаҳкамланган ва кафолатланган фойдаланиш имконияти, деб таърифлаш мумкин.

Миграция соҳасида амал қилаётган кўплаб халқаро шартномалар мавжуд. Бу ўринда, жумладан:

- 1990 йилги Барча меҳнатқаш мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция;

- Халқаро меҳнат ташкилотининг 1975 йилги Миграция соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ва меҳнат мигрантлари учун тенг шароит ва муомалаларни таъминлаш тўғрисидаги конвенцияси;

-  Халқаро  меҳнат  ташкилотининг  1949  йилги  Меҳнат мигрантлари  тўғрисидаги 97-сонли конвенцияси;

-  БМТнинг Трансмиллий уюшган  жиноятчиликка  қарши  конвенцияси  ва  унинг  иккита Баённомаси  –  Мигрантларни  қуруқлик,  денгиз  ва  ҳаво  орқали  ноқонуний  олиб  киришга  қарши баённома ва Одам савдосининг олдини олиш тўғрисидаги баённома;

-  1951 йилги Қочқинлар мақоми тўғрисидаги конвенция ва унинг 1967 йилги Баённомаси;

-  БМТнинг 1961 йилги Фуқаролиги йўқлиги ҳолатларини камайтириш тўғрисида конвенциясини санаб ўтиш мумкин:

2016 йил сентябрь ойида Қочқинлар ва мигрантлар бўйича Нью-Йорк декларацияси қабул қилиниб, унда хавфсиз, тартибли ва мунтазам миграция бўйича глобал келишувни ишлаб чиқишга қарор қилинди. Битим миграция жараёнларини бошқаришни такомиллаштириш, замонавий миграция муаммоларига жавоб бериш ва мигрантларнинг барқарор ривожланишга ҳиссасини кучайтириш учун ноёб имкониятни тақдим этади.

Ммиграция ва мигрантлар барча давлатлар иқтисодиёти, эркин савдо ва инновация жараёнларида сезиларли мавқеига эгадир. Айнан шу сабабли халқаро ҳамжамият 2018 йилда Марокаш шаҳрида Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномани маъқуллаган.

БМТ маълумотларига кўра, ҳозирги кунда жаҳонда 70 млн киши ноқонуний мигрант ҳисобланади. Пандемиянинг дастлабки босқичида кўрилган карантин чоралари туфайли уларнинг маълум бир қисми меҳнат қилишга борган мамлакатларда ижтимоий ҳимоясиз, истеъмол маҳсулотларисиз, турар жойсиз ва ўз Ватанига қайтиш имкониятисиз қолди.

 

Миграция ва Ўзбекистон

 

Ҳозирги  вақтда  давлат  бошқаруви  соҳасида  амалга  оширилаётган  кенг  кўламли ислоҳотлар  ва  халқаро  ҳамкорликни  ривожлантириш  доирасида  Ўзбекистонда  миграция  масалаларига муносабат тубдан ўзгарди. Юртимизда мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўналишида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик ва механизмларни такомиллаштириш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш бўйича таклифида COVID-19 пандемияси шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат мигрантлари манфаатларини ҳимоя қилиш, қашшоқликни юмшатиш масалаларида давлатларнинг ҳамкорлиги ва мажбуриятлари масаласи ўз ифодасини топган. Бу ташаббус ижобати мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўналишидаги ишлар самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. 

Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларида мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Юртимизда Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда улар учун жазолаш тўғрисидаги Палермо протоколи қабул қилинганининг 20 йиллиги кенг нишонланди.

Меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича қонунчилик ҳам такомиллаштирилмоқда. Бу ўринда Президентимизнинг:

  • 2019 йил 20 августда қабул қилинган “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони;
  • 2020 йил 14 сентябрда қабул қилинган "Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августда қабул қилинган “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни алоҳида таъкидлаш лозим.

Хусусан, давлат раҳбарининг 2019 йил 20 августда қабул қилинган “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида” фармони билан меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жумладан уларнинг турмуш шароитлари яхшилаш, уларга молиявий ёрдам бериш, тиббий хизмат кўрсатишнинг ишончли механизмлари яратилди.

Президентимизнинг 2020 йил 15 сентябрда қабул қилинган "Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан Ўзбекистонда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилинди.

Мазкур Қарор асосида меҳнат қилишга хорижга кетмоқчи бўлган фуқаролар учун янги механизм яратилди. У қуйидаги уч асосий босқични ўз ичига олган:

Биринчи босқич: хорижга ишлашга бормоқчи бўлган фуқароларни тайёрлаш ишлари ташкил қилинмоқда. Хорижга ишлашга бормоқчи бўлган фуқароларни касбий ва тил бўйича тайёрлаш ишлари мамлакатдаги 14 та “Ишга марҳамат” иш билан банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатиш мономарказида, 30 та касбий тайёргарлик марказида, 136 та маҳаллада, 24 та коллеж ва 13 та техникумда амалга оширилаётир.

Иккинчи босқич: меҳнат мигрантларига хорижда ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил қилинди. Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга хизмат кўрсатиш мақсадида Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Новосибирск, Самара ва Уфа ҳамда Жанубий Кореянинг Кванджу шаҳарларида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентликлар ташкил қилинди. Ўзбекистон Республикаси Бош консулликлари ҳузурида Меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими жорий этилди.

Учинчи босқич:  Ўзбекистонга қайтган меҳнат мигрантларининг қайта мослашувига ёрдам кўрсатилмоқда. Бандликни қўллаб-қувватлаш марказларида мамлакатга қайтган меҳнат мигрантларининг қайта мослашуви билан шуғулланадиган инспекторлар фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатга қайтиб келган ва ижтимоий ночор бўлган меҳнат мигрантларига квоталанган иш ўринлари назарда тутилган. Қайтиб келган меҳнат мигрантларининг бандлигига кўмаклашиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси воситалари ҳисобидан субсидия ва грантлар шаклида молиявий ёрдам бериш хизмати жорий этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси” ижроси доирасида мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилмоқда.

Ҳозирги вақтда «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш ва Меҳнат кодексининг янги таҳририни қабул қилишга тайёргарлик ишлари қизғин борилмоқда. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнаткаш-мигрантлар тўғрисидаги 97-сонли конвенциясини Ўзбекистонда ратификация қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Миграция бўйича халқаро ташкилот ҳамкорлигида мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Миллий марказда “Халқаро миграция ҳуқуқи” ахборот-ресурс маркази ташкил этилди, “COVID-19 пандемиясининг  мигрантлар ҳаракати ва ҳимоясига таъсири”, “Мигрантларнинг ва оила аъзоларининг пул маблағларини кўчириш ва банк маҳсулотларига доир сиёсат соҳасидаги эҳтиёжлари” мавзуларида халқаро тадбирлар ўтказилди.

Жорий йил  май ойида Ўзбекистон делегацияси Россия Федерациясига ташриф буюриб, меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиниши ҳолатини ўрганди. Ташриф давомида Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Ўзбек-Россия Форуми ўтказилди. Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларидаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказида сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

 

Мирзатилло Тиллабоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech