Яхши китоб инсоннинг кўнгил кўзгусини поклайди

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан китоб мутолааси муҳимлиги, ёшлар, раҳбарлар орасида бу фазилатни тарғиб қилиш ҳақида кўп бора таъкидланмоқда. Амалга оширилаётган маънавий-маърифий изчил ислоҳотлар жараёнида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аслида ҳам, китоб ва китобхонлик инсонлар онг-тафаккурини теранлаштириб, қалбига энг гўзал эзгу ниятларни жойлайдиган, уларни яхшиликлар оламига етаклайдиган маънавият сарчашмасидир. Шунинг учун ҳар доим китоб ўқишга эҳтиёжимиз бор.

Баъзан одам моддий манфаатлар, замон янгиликлари, интернет тизими ичра куни ва туни қандай ўтганини ҳам билмай қолади. Бундай яшаш тарзидан зерикади. Ниманидир соғингандай, излаб топа олмаётгандай бўлаверади. Юраги сиқилиб, гўёки ўзига сиғмайди. Кўнгил бир оғиз ширин сўз, бир таскин, малҳам истайди.

Шундай пайтда биз, албатта, китоб варақлашга тушамиз. Кўнглимизга ёққан шеърми, ҳикоями – хоҳ у қатра бўлсин ёки салмоқли қисса ва романми – туйқус ўқий бошлаймиз, ўқийверамиз. Нафақат ўқиймиз, балки асардаги воқеалар ривожига кириб кетамиз ва ўша ерда яшаймиз...

Ниҳоят кўнгил ором олиб, қалб таскин топгандай бўлади. Шундагина адабиётнинг кучини, унинг заруратини чуқур ҳис қиламиз. Зеро, яхши китоб инсоннинг кўнгил кўзгусини поклайди, ширин хаёллар суришга, энг асосийси, одамларни тушунишга, кечиришга, эзгулик сари интилиб яшашга ундайди.

Китоблар қалбимизни илитади, кўнглимизни ёритади, бахтли ва саодатли, нурли кунларга бошлайди. Дунёни фақатгина илм билан забт этиш мумкин эканлиги ҳақидаги асл ҳақиқат бугун ҳеч кимга сир эмас. Илмни мустаҳкам эгаллашнинг йўли эса битта, яъни – китоб ўқиш.

Мамлакатимизда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, аҳолининг китобхонлик кўникмасини юксалтириш, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини интернет тармоқларига жойлаштириш ва кенг тарғиб қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, келажак авлод учун, болалар адабиётини ривожлантириш, ўқув адабиётлари ва дарсликларнинг савиясини кўтариш учун зарур бўлган барча маънавий, ҳуқуқий ва моддий асослар яратилди.

Бу ўринда нашриётлар томонидан “Болалар адабиёти” рукнида жаҳон адиблари ва ўзбек ёзувчиларининг сара асарлари босқичма-босқич нашр қилинаётгани таҳсинга лойиқ. Чунки ушбу китоблар мунтазам равишда ўқувчилар қўлига етиб бормоқда.

Болалар адабиёти ҳақида сўз борар экан, 2 апрель – Халқаро болалар китоби куни сифатида ҳар йили нишонланишини таъкидлаш зарур. Ушбу сана 1967 йилда Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгаши ташаббуси билан таъсис этилган. Бунда 1805 йил 2 апрелда туғилган даниялик машҳур болалар ёзувчиси Ҳанс Кристиан Андерсеннинг таваллуд санаси асос қилиб олинган.

Шу муносабат билан жаҳон миқёсида кўплаб янги болалар адабиёти нашрлари чоп этилади. Йирик китоб ярмаркалари ўтказилиши ҳам анъана тусига кирган. Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган “Болалар китоблари куни” фестивалида болалар ёзувчилари ва рассомлари ушбу адабий соҳадаги асосий мукофот – Ҳанс Кристиан Андерсен номидаги Халқаро мукофотга сазовор бўладилар.

Ўзбекистонда ҳам бу кун кенг нишонланади. Жорий йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Республика болалар кутубхонаси, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси иштирокида Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгашида Ўзбекистон Республикасининг Миллий шўъбаси ташкил этилгани айни санага муносиб туҳфа бўлди.

Бундай Миллий шўъбалар Халқаро болалар китоби кунининг халқаро ташкилотчиси ё ҳомийси бўлиш имкониятига эга. Ташкилотчи давлат – Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгаши ижроия қўмитаси томонидан танлов асосида аниқланади.

Ташкилотчи мавзуни белгилаш, бутун дунё болаларига мурожаат ёзиш учун мезбон мамлакатнинг таниқли муаллифини ва махсус афишани лойиҳалаш учун таниқли рассомни таклиф қилиш ҳуқуқидан фойдаланади. Ушбу материаллар китоб ва китобхонликни тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизда болаларга сифатли китоблар етказиб бериш борасида ҳам бир қанча янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Натижада болалар кўнглига тез ва осон кириб борадиган китоблар кун сайин кўпаймоқда.

Янги Ўзбекистон болаларига аталган китоблар ҳаёт майдонининг энг юксак чўққисига чорлаб турадиган порлоқ машъалага ўхшайди. Уларнинг ҳар бир саҳифаси фарзандларимизни изланишга, интилишга, янгиликлар яратишга чорлаб ва ҳамиша илҳомлантириб туради.

Ойдин ИБРОҲИМОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази масъул ходими.

ЎзА

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech