Конституциявий ислоҳотларда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақоми

Пойтахтимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда АҚШ Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури (LRP) кўмагида “Конституциявий ислоҳотлар: фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақоми” мавзуида халқаро анжуман ташкил этилди.

Тадбирда “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини амалга ошириш, барқарор ривожланишнинг муҳим масалаларини ҳал этишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ҳамда аҳамиятини ошириш, улар фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш соҳасидаги миллий ва халқаро тажриба юзасидан фикр алмашилди.

Офлайн ва онлайн форматда ташкил этилган халқаро анжуманда миллий ҳамда хорижий экспертлар, давлат идоралари, илмий муассасалар ва олий ўқув юртлари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар, Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари қатнашди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, шунингдек, мазкур нуфузли анжуманнинг ялпи сессияларида сўзга чиққан маърузачилар томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш, аҳоли ҳамда жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилганлиги алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, давлат бюджетидан ННТлар фаолиятини ҳамда уларнинг ижтимоий ва жамоавий аҳамиятга молик лойиҳалари амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган маблағлар (субсидиялар, ижтимоий буюртмалар ва грантлар) миқдори беш баробардан ошди. Шунингдек, соҳа экспертлари томонидан биргина 2022 йилнинг ўзида 700 дан ортиқ дастур ва лойиҳалар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш таъминланади, уларни амалга оширишда 3 мингдан ортиқ жамоат ташкилотлари иштирок этади.

Форум якуни бўйича конференциянинг Тошкент декларацияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат БМТ, ЕХҲТ, ЕИ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида фуқаролик жамияти институтларининг роли ҳамда аҳамиятини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқаруви жараёнларига жалб этиш бўйича қабул қилинган халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган. Шунингдек, тақдим этилган таҳлилий материаллар ва тадбир маърузалари тўплам сифатида чоп этилиши назарда тутилган.

***

Сўз — халқаро анжуман иштирокчиларига

Наталья БОРЖЕЛЛИ,

ICNLнинг Евроосиё бўйича вице-президенти:

— Мамлакатингизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз. Хусусан, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш борасидаги муҳим ислоҳотлар таҳлилидан келиб чиқиб ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Мазкур соҳа ҳуқуқий жиҳатдан ҳам мустаҳкамланган.

Албатта, замон шиддати ушбу йўналишда халқаро экспертлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришни талаб этади. Бугунги форум ана шундай имкониятни яратиб бергани билан эътиборга молик. Ва бу ҳар жиҳатдан фойдали, деб ҳисоблайман.

Ҳошимжон МУРОДОВ,

Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи:

— Таҳлилларга кўра, сўнгги беш йилда соҳада Ўзбекистон Президенти ҳамда Ҳукуматнинг 200 дан ортиқ актлари, хусусан, 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида салмоқли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Натижада нодавлат нотижорат ташкилотлар сони 22 фоизга ошди, республика бўйича 200 га яқин йирик ННТлар ўз фаолиятини бошлади. Бугунги кунда ушбу фуқаролик институтлари инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларига доир маданиятни шакллантириш, барқарор ривожланишнинг энг муҳим вазифаларини амалга оширишда муҳим роль ўйнамоқда.

Муроджон ТУРҒУНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори:

— Фуқаролик жамияти мавжуд бўлган макон ҳамда замондагина ҳуқуқий давлат қарор топиши мумкин. Бу халқаро анжуманда ҳам алоҳида таъкидланди.

Дарҳақиқат, фуқаролик жамиятини инсон эркинлиги ва қадр-қимматисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Шу боис янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ҳамда изчил демократик ислоҳотлар инсон қадр-қиммати борасида ғамхўрлик қиладиган, ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаатлари ва фаровонлигини таъминлайдиган, эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга асосланган давлат қуришга йўналтирилган.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ(“Халқ сўзи”).

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech