Маърифат ва бағрикенглик – тинчлик ва тараққиёт калити

Жамиятда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкам қарор топтиришнинг энг муҳим тамойилларидан бири ижтимоий ва диний бағрикенгликдир. Юртимизда турли конфессиялар вакиллари ягона оила бўлиб, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитида яшаётгани, жонажон Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани бизнинг энг катта бойлигимиздир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шарқ цивилизациясининг кўҳна бешикларидан бири — Она-Ватанимиз Ўзбекистонда кўплаб мутафаккирлар, алломалар, муҳаддису муршидлар, фақиҳлар ва мутасаввуфлар камол топган. Ота-боболаримиз Бухородаги Мирзо Улуғбек мадрасаси пештоқига “Илм эгаллаш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” ёки Навоий вилоятида жойлашган Шоҳимардон меъморий мажмуаси деворига “Бешикдан қабргача илм изла”, деган ҳадисларни битган даврлардаёқ юртимизда илм-фан ва маърифат равнақ топган.

 Буюк файласуф Абу Наср Форобий “Агар инсон эзгуликка интилиб яшаса, унинг умри қувончли ва гўзал кечади, гўзал ҳаёт эса халқ назарида ҳам, Аллоҳ таоло наздида ҳам юксакдир”, дея таълим берган бўлса, калом илмининг етук намояндаси Абу Муин Насафий “Илм инсонни ҳеч вақт гуноҳга ундамайди”, деган ғояни тарғиб қилган.

 Маънавият ва маърифат, дину диёнат ва илму урфон ўчоғи бўлган диёримизда истиқлол шарофати билан миллий қадриятларимиз қайта тикланди, халқимиз ўзлигини таниди. Ислом динининг инсонларни эзгулик, маърифат ва покликка йўлловчи асл моҳиятини тадқиқ ва тарғиб қилиш, улуғ аждодларимизнинг бой ва беназир маънавий меросини ўрганиш, ёш авлодга ўргатиш учун кенг йўл очилди.

 Айниқса, Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда Учинчи Ренессанснинг илмий­маънавий пойдеворини қарор топтириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий­диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизнинг ислом цивилизациясини ривожлантиришдаги ролини янада ошириш ҳамда буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини миллий ва халқаро миқёсда оммалаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

 Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Ҳадис илми ва Калом илми, Қашқадарёда Ақида илми, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илми ҳамда Ислом ҳуқуқи мактаблари ташкил этилди. Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу эзгу саъй­-ҳаракатлар “жаҳолатга қарши маърифат” ғоясининг амалий ифодаси бўлди.

 Мамлакатимизда эътиқод ва диний эркинликни таъминлашда амалга оширилаётган ишлар Бухорои шарифда якунига етган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумида ҳам эътироф этилди.

 Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан қатор давлат органлари ва миллий ташкилотлар, шунингдек, АҚШнинг Глобал ҳамкорлик институти билан ҳамкорликда ташкил этилган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумида жаҳон ҳамжамиятининг нуфузли ташкилотлари раҳбарлари, АҚШ, Саудия Арабистони, Индонезия, Бирлашган Араб Амирликлари, Австрия, Покистон, Гана, Нигерия ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган таниқли экспертлар иштирок этгани ҳам дин эркинлиги масаласининг халқаро миқёсда нақадар долзарблигини англатади.

 “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми жаҳон ҳамжамиятига халқимизнинг кўп асрлик маънавий­-маданий, диний­-маърифий ва тарихий­-фалсафий мероси, шунингдек, Ўзбекистоннинг динлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича тўплаган сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий тажрибаси билан танишиш имконини берувчи муҳим воқеа бўлди.

 Халқаро форумнинг якуний анжумани учун кўҳна ва навқирон Бухоро шаҳри танланганида ҳам рамзий маъно бор. Бухоро — ислом оламида Қуръондан кейинги энг мўътабар манба ҳисобланадиган “Саҳиҳи Бухорий”ни ёзган муҳаддислар султони Имом Бухорий таваллуд топган замин, кўплаб азиз­ авлиёлар ва пирлар юрти. Бухорода азал­-азалдан турли дин ва миллат вакиллари дўстлик ва бирдамликда яшаб келган. Тарихдан бу фикрни исботловчи кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

 Бухорои шарифда ўтказилган халқаро форумда мамлакатимиз ва жаҳон ҳамжамияти учун долзарб бўлган фикрлар билдирилди ҳамда улар асосида ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари биргаликда белгилаб олинди.

 “Сўнгги уч йилда Ўзбекистон ҳар томонлама ўзгарди, мамлакат раҳбари эса жаҳон даражасидаги ислоҳотчи ҳисобланади, — деди халқаро форум иштирокчиси, Глобал ҳамкорлик институти фахрий президенти Крис Сайпл. — Бугунги кунда Ўзбекистонда фикр эркинлиги, виждон эркинлиги, иқтисодиёт эркинлиги амалда тўлиқ таъминланган. Республикада барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, энг муҳими, барча диний ташкилотларга тенг имкониятлар тақдим этилган. Буларнинг барчаси конфессиялараро ишончни ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ёрдам беради”.

 Шимолий Америка мусулмонлари жамиятининг таниқли арбобларидан бири имом Муҳаммад Мажиднинг фикрлари ҳам диққатга сазовор: “Мусулмон олами турли миллат ва дин вакиллари бир-бирларини ҳурмат қилиб, қадрлаб ва қўллаб-қувватлаб яшаётган Ўзбекистондан ибрат олиб, бағрикенглик муҳитини яратиши зарур. Пайғамбаримиз айтганларидек, “Мусулмонларнинг энг яхшиси — тили ва қўли билан бировга зиён етказмайдиганидир”.

 Халқаро форумда иштирок этиш учун АҚШдан ташриф буюрган черков роҳиби Боб Робертс эса, “Ўзбекистон — турли дин вакиллари тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшаётганининг ёрқин намунасидир”, дея таъкидлади.

 Анжуман орқали қатор эътиборли ва аҳамиятли натижаларга эришилди.

 • Халқаро ҳамжамият Ўзбекистонда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништирилди.

 • Жамиятда динлар ва миллатлараро тотувлик ҳамда бағрикенгликни таъминлаш бўйича мамлакатимизда тўпланган узоқ йиллик самарали тажриба тарғиб қилинди.

 • Форум кўп миллатли жамиятларда диний эркинликлар ва динлараро тотувликни таъминлаш бўйича фикр алмашиш ҳамда халқаро тажрибани муҳокама қилиш майдони бўла олди.

 • Халқаро форум якунида маърифат ва бағрикенглик маданияти ғояларини тарғиб этиш, турли дин вакилларининг қадрият, анъана ва нуқтаи назарларини ҳурмат қилиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган “Бухоро декларацияси” қабул қилинди.

 Ушбу ҳужжат Марокаш (2016 йил), Жакарта (2017 йил), Потомак (2018 йил), Пунто­дел­ Эсте (2018 йил) ҳамда Маккада (2019 йил) қабул қилинган декларацияларнинг мантиқий давоми бўлди. Шунингдек, “Бухоро декларацияси” Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро миқёсда қарор топтиришга қўшган муҳим ҳиссасидан ҳам далолат беради.

 

“Бухоро декларацияси”да:

 

 биринчидан, мамлакатимизда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар эътироф этилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 та конфессия вакиллари тинч­ тотувликда ва бирдамликда яшаб келмоқда;

 иккинчидан, эътиқод эркинлиги, диний ва миллий бағрикенгликка доир халқаро ҳужжатлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюциянинг аҳамияти алоҳида қайд этилди;

 учинчидан, жаҳон ҳамжамияти ҳар бир инсоннинг энг асосий ҳуқуқларидан бири — виждон эркинлиги ҳуқуқини ҳурмат қилишга ва ҳимоя қилишга чақирилди;

 тўртинчидан, диний бағрикенглик ва миллатлараро дўстлик мавзусидаги мулоқотларни мунтазам равишда ўтказиб бориш тавсия этилди.

 Албатта, бугунги кунда диний эркинлик соҳасидаги ислоҳотлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий-­ҳуқуқий ислоҳотларнинг таркибий қисмини ташкил этади.

 Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

 Бугунги кунда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, Ўзбекистоннинг бирлиги ва яхлитлигини мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати концепцияси ҳаётга татбиқ этилмоқда.

 Жамиятни маънавий-­ахлоқий янгилашнинг муҳим омили — диний таълим ва маърифат. Шу билан бирга, кўп миллатлилик шароитида маънавий-­диний тикланиш соҳасидаги энг муҳим муаммолардан бири диний таълим жараёнини йўлга қўйиш, имом­-хатиблар ва диний соҳа вакиллари малакасини оширишдан иборат.

 Мамлакатимизнинг диний­-маърифий соҳада эришаётган салмоқли ютуқлари, бир томондан, халқимизни мамнун қилаётган бўлса, иккинчи томондан, халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда. Дунё аҳолисининг 83 фоизи эътиқод эркинлиги чекланаётган ёки хавф остида қолган мамлакатларда истиқомат қилаётган ҳозирги қалтис замонда давлатимиз раҳбарининг маърифатли ислом ғояларини тарғиб қилиш борасидаги ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан қизғин кутиб олинмоқда.

 Хусусан, 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюция қабул қилинди. Ушбу резолюциянинг асосий мақсади — барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.

 Диний эътиқод эркинлигини мустаҳкамлаш соҳасидаги халқаро норма ва талабларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунини тайёрлашда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт нормалари, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг фикрлари диққат билан ўрганилди ва ҳисобга олинди.

 Қонун экспертизасини ўтказишда БМТ ва унинг тузилмалари, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси каби халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилинди.

 Аёнки, ХХI аср — турли ғоялар кураши ўта фаол лашган глобаллашув асри. Ҳозирда жаҳонда тинчлик ўрнатишнинг энг муҳим тамойилларидан бири, шубҳасиз, диний бағрикенгликдир. Бу, ўз навбатида, ҳар бир инсондан эътиқодида мустаҳкам бўлган ҳолда бошқа динлар, эътиқод ва анъаналарни ҳам ўрганишни тақозо этади.

 Шу нуқтаи назардан, инсон онги ва қалби учун кураш кескин тус олаётган бир пайтда, диндан ғаразли мақсадларда фойдаланаётган турли оқимлар фаолиятига муносиб баҳо бериш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан саналади.

 Бир сўз билан айтганда, фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда, Имом Бухорий тўплаган саҳиҳ ҳадислар, Нақшбандия таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ва Занги ота ҳикматлари, Имом Мотуридий ва Имом Абу Муин Насафий ақоидлари асосида тарбияласак, уларнинг билими ўткир, диёнати мустаҳкам, ахлоқи гўзал бўлади. Зеро, мамлакатимиз истиқболини тинчлик, инсонпарварлик ва барқарор тараққиёт сари етакловчи йўлнинг дарвозасини маърифат ва бағрикенглик калити билан оча оламиз.

  

 

Акмал Саидов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг биринчи ўринбосари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

«Янги Ўзбекистон» газетаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech